АЛЛОҲНИНГ АДАШТИРУВИ НИМА?

695-1Кексаларимиз кўпинча “Аллоҳ адаштирмасин” деб дуо қиладилар. Кимдир хато йўлга кириб қолган бўлса, “Уни Аллоҳ адаштириб қўйибди” деб ачинадилар. Хўп, Аллоҳнинг адаштируви қай маънода? Бандани Шайтон адаштирадику?! “Шайтон йўлдан урибди” деган гаплар бор. Аллоҳнинг адаштируви билан Шайтонники бир хилми?

Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг адаштирувига шундай тушунтириш берганлар:

إضلاله خذلانه. و تفسير الخذلان ان لا يوفق العبد الى ما يرضاه عنه و هو عدل منه و كذا عقوبة المخذول على المعصية

Аллоҳнинг адаштируви бу – хизлонидир. Хизлон деганда Аллоҳ бандасини Ўзи рози бўладиган ишга муваффақ қилмаслиги тушунилади. Бу Аллоҳдан бандага нисбатан адолатдир. Шунингдек, адашганларнинг гуноҳига яраша жазо олишлари ҳам Аллоҳнинг адолати биландир. (Ал-фиқҳ ал-акбар).

Банда Шайтоннинг васавасага учиб ноҳақ йўлни танласа Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Натижада банда Раббисини рози қиладиган ишлардан йироқлашади. Ва охир оқибат ҳисоб куни шу ишлари учун жавобгарликка тортилади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг адолати билан содир бўлади. Асло зулм йўли билан эмас. Банда шайтоннинг васвасасига учгани учун, шайтон кўрсатган йўлни ихтиёр этгани учун жазоланади.

Бундай одамга нисбатан “Аллоҳ адаштирибди”, дейиш мумкин. Бу “Аллоҳ шу бандасини ўз ҳолига ташлаб қўйибди, Шайтоннинг йўлига юргани учун Аллоҳ у бандасини яхши ишларга муваффақ қилмапти”, дегани бўлади.

Шунингдек, бу инсонга “Шайтон адаштирибди” дейиш ҳам мумкин. Бу “Шайтон васваса қилиб, жаҳаннам йўлига бошлабди. Ҳақ йўлдан урибди. Банда ўз ихтиёри билан Аллоҳнинг йўлидан юз ўгириб Шайтоннинг сўзига қулоқ тутибди”, дегани бўлади.

Шайтон ҳеч қачон банданинг қалбидаги иймонини суғуриб ололмайди. Балки васваса қилади. Банда ўз ихтиёри билан иймондан воз кечишни ихтиёр этса, худди шу чоқда Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Мана шу Аллоҳнинг адаштириши, хор қилгани бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бандани адаштирмасин, ўз ҳолига ташлаб қўймасин, хор қилмасин!

Мусабоев ШАРОБИДИН

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *