ОХИРАТ ҲИСОБИ

question-mark-1872634_1280-370x259@2xИнсон умрини яшаб ўтганидан кейин, вақти келиб яна қабридан тиргизилади ва ҳаёти давомида қилган ҳамма, катаю кичик ишларини унга амал дафтарлари орқали кўрсатилиб ҳисоби сўралади. Бу масала ҳақ ва иймон билан боғлиқ бўлиб, охират ҳисобига ишонмаган кишига мўмин дейилмайди. Ҳар бир мўминга охират куни ва амаллар ҳисобига иймон келтириш вожиб бўлади.

Амаллар ҳисобининг ҳақлиги Китоб, суннат ва ижмоъдан иборат далиллар билан очиқ-ойдин исбот этилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади:

يَوْمَئِذٍ يَصْدُرُ النَّاسُ أَشْتَاتاً لِّيُرَوْا أَعْمَالَهُمْ * فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْراً يَرَهُ * وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرّاً يَرَهُ

Ўша кунда одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, амалларини кўриш учун жойларидан қўзғаладир. Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир. (Залзала сураси 6-7-8 оятлар).

Яна бошқа оятда бундай дейилади:

إِنَّ إِلَيْنَا إِيَابَهُمْ * ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا حِسَابَهُمْ

Албатта уларнинг қайтиши Бизгадир. Сўнгра, албатта, уларнинг ҳисоб-китоби ҳам Биздадир. (Ғошия сураси 25-26 оятлар).

Суннати набавиядан охират ҳисобига ёрқин далил сифатида қуйидаги ҳадисни олиш мумкин:

عن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلَاتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ…

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, Ул зот айтар эдилар: қиёмат куни банданинг амаллари ичида биринчи бўлиб ҳисоб сўраладиган бу—намоздир. Агар намози яроқли бўлса зафар топади. Мабодо яроқсиз бўлса муваффақиятсизликка учрайди ва зиёнга гирифтор бўлади…(Имом Термизий 413).

Амаллари эгасига кўрсатилган чоғ баъзи одамлар ўз қилмишларини тан олмасдан инкор этиши мумкин, худди шу чоғда ер унга қарши гувоҳлик беради. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят бор: Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам “Залзала” сурасидан қуйидаги оятни тиловат қилдилар: “يَوْمَئِذٍ تُحَدِّثُ أَخْبَارَهَا” (Ўша кунда у(ер) ўз хабарини айтадир) ва дедилар: Биласизларми, ернинг хабари нима? Саҳобалар: Аллоҳ ва Расули билгувчироқ—дейишди. Расулуллоҳ: Ҳар бир эркагу аёлга ўзининг устида нима иш қилганларини айтиб гувоҳлик беришидир. Ер айтади: Фалон куни фалон жойда шундай-шундай ишларни қилган—дейди. Шу ернинг хабаридир—дедилар. (Имом Аҳмад, Термизий ва Насоий ривоятлари).

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг ҳаммаси қиёмат куни ҳисобга тортилади. Магар Расулуллоҳ ўзлари айтган етмиш минг нафар уммат беҳисоб жаннатга киритиладилар. Икки саҳиҳ тўпламда келтирилишича Укоша розияллоҳу анҳу ўша етмиш минг нафар орасида бўлишини Аллоҳдан тилаб Расулуллоҳдан дуо сўраган. Жанобимиз унинг ҳаққига дуо қилганлар. Аллоҳ таоло барчамизни охиратдаги ҳисобимизни енгил қилсин!

Лутфуллоҳ ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Андижон тумани “Қилич Бурҳонуддин ота” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *