Вафот қилганларга қироат қилиш ёки хайр-эҳсон қилиш

Lotin alifbosida

Инсон вафот этганидан сўнг уни йўқлаб туриш, унинг хайрли амалларидан ўрнак олиш, хатоларидан ибрат олиб такрорламасликка ҳаракат қилиш мусулмонликнинг ажойиб кўринишларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўлганларингизнинг яхши хислатларини эсланглар, уларнинг ёмонликларини гапиришдан тилингизни тийинг!”, деб марҳамат қилганлар (Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Дунёдан ўтиб кетганларни йўқлаб туришнинг бир воситаси улар номидан хайр-эҳсонлар қилиш, Қуръон тиловат қилиб, руҳларига бағишлашдир. Аҳли суннат ва жамоат таълимоти шуки, ўтганлар руҳига бағишланган тиловатлар ва хайр-эҳсонлар уларга фойда беради ва савоблар етиб боради. Бунга Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақоид ан-насафия” асаридаги: “Тирикларнинг ўликлар учун қилган дуо ва садақаларида улар учун фойда бордир. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади ва ҳожатларни раво қилади”, деган қоидани келтириш мумкин. Таниқли ҳанафий олими Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъ ул-амолий” номли мотуридийлик ақидасига бағишланган қасидасида бундай дейилган:

و للدعوات تأثير بليغ، و قد ينفيه أصحاب الضلال

“Дуоларда етук таъсир бор, уни залолатдаги одамларгина инкор қиладилар”.

Хуллас, аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган уламоларнинг барчаси ўтганларга бағишлаб қилинган хайр-эҳсон ва дуолар уларга етиб бориши борасида иттифоқ қилганлар. Бу борада Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ бобомиз ўзларининг дунёга машҳур “ал-Ҳидоя” асарларида аҳли суннат ва жамоатнинг фикрини бундай ифода қилганлар:

الأصل فى هذا الباب أنّ الإنسان له أن يجعل ثواب عمله لغيره صلوة او صوما او صدقة او غيرها عند أهل السنة و الجماعة

“Бу бобдаги асл қоида шуки, албатта, инсонга ўз амалининг савобини – у намоз бўлсин ёки рўза ёки садақа ёхуд бошқа амал бўлсин – уни ўзидан бошқаси учун адо қилиши аҳли суннат ва жамоат фикрига кўра жоиздир”.

Демак, Қуръон қироатининг ва бошқа хайрли амалларнинг савобини ўтганларга етиб бормайди, дейиш аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифаларнинг фикри экан. Шунинг учун, ушбу мавзуни алоҳида кўриб чиқишга эҳтиёж бор.

“Вафот этиб кетганларга Қуръон ўқиш ҳам, улар номидан хайр-эҳсон қилиш ҳам жоиз эмас, савоб уларга етиб бормайди”, деган фикрни айтувчилар Қуръони каримдаги қуйидаги оятни далил қиладилар:

وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَى

“Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур” (Нажм, 39).

Яъни, инкор қилувчилар бировнинг қилган савобли иши бировга мансуб бўлмайди, дейдилар. Биринчидан, Хатиб аш-Ширбиний раҳимаҳуллоҳ мазкур оятни мансух – ҳукми “Тур сураси”нинг 21-ояти билан бекор қилинган, деганлар. Агар бундай бўлмаган тақдирда ҳам, Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган шарҳида бу оят инкор қилувчиларнинг эмас, балки бизнинг далилимиз эканини таъкидлаганлар. Чунки, оятда ҳар кимнинг ўз иши ўзига шаксиз берилиши айтилган экан, демак, унда Қуръон ўқиб, савобини дуо қилиб бировга бағишлаётган мусулмонга дуоси мақбул қилиниб, ўзининг ушбу бағишлови албатта амалга ошиши маълум бўлади. Зотан, Қуръон ўқувчи ўқиган оятларининг савоби бошқа бировга етиб боришига саъй-ҳаракат қилган. Демак, унинг саъй-ҳаракати ушбу оятга кўра бесамар қолмайди. Иккинчидан, вафот этган инсонга ўз саъй-ҳаракати берилар экан, демак, у ўз тириклигида менинг ортимдан дуои хайрлар ва садақалар қилиб туришсин, деб солиҳ фарзандлар, дўсту ёрлар қолдиришга саъй-ҳаракат қилгани шубҳасиз. Ана шу ишига муносиб тарзда у вафотидан кейин ҳам савоблар олиб туришга ҳақлидир.

Машҳур ҳадисшунос олим, ҳофиз, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган “Фатҳ ал-Борий” номли кўп жилдлик шарҳи билан шуҳрат қозонган аллома Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур “Нажм” сурасининг 39-ояти борасида саккизта фикрни келтирганлар. 1) Мазкур оят “Тур” сурасининг 21-ояти билан мансух бўлган, ҳукми бекор қилинган; 2) Бу оятдаги гап Иброҳим алайҳиссалом ва Мусо алайҳиссаломнинг қавми учун айтилган. Мусулмон уммати учун эса бошқаларнинг саъй-ҳаракатларидан фойда олиш фазилати мавжуд. Бунга гўдакнинг ҳажи тўғрисидаги ҳадис далил бўлади. Унда: “Ажр-савоби сен учундир!”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса “Онам вафот қилди. Унинг номидан садақа қилсам, ажр унга етадими?”, деб сўралганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, ажр-савоб сенга ҳам етади”, деганлар. Бу икки ҳадис ҳам саҳиҳдир; 3) Оятдаги инсондан мурод кофирдир. у дунёда қилган хайрли амалларига мукофот олади, лекин бошқа бировнинг қилган ишининг савоби унга асло етиб бормайди; 4) Бу оят одамларнинг ичидаги махсус кимсалар учун нозил қилинган. У мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай бўлиб, у вафот қилганида, уни кафанлаш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз кўйлакларини унинг ўғлига берганлар. Бу унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос разийаллоҳу анҳуга кўйлак кийдиргани эвазига эди; 5) Одамзот учун адолат юзасидан фақат ўзи саъй-ҳаракат қилган нарсаси бўлади. Аммо-лекин-бироқ, фазлу ато юзасидан эса Аллоҳ таоло ўзи истаган кимсасига хоҳлаган савобларни етказиб бераверади; 6) Оятдаги “ли” қўшимчаси “ъала” маъносида. Яъни, бошқа бировнинг жиноятига бу жазо олмайди, бироқ, бировнинг савобига эгаси рози бўлганда, шерик бўла олади; 7) Оятнинг зоҳири шундай. Бироқ, саъй-ҳаракат дегани ўзи билан ҳам бўлади, бошқа биров ёрдами билан ҳам бўлади. Бу бир сабабдир. Диний ишларни барпо қилишда саъй-ҳаракат қилгани каби, дин аҳли уни яхши кўриб уни дуо қилгани каби ишларда муҳаббат сабаби ҳосил бўлади. Ушбу саъй-ҳаракатлар тириклар ёрдамида бевосита ҳам бўлиши мумкин, ўлганлар томонидан восита билан ҳам бўлиши мумкин; 8) Оятдаги саъй-ҳаракат бу ерда “ният” маъносидадир. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу жавоблардан бешинчисини энг мақбули деб ҳисоблаганлар.

Савоб вафот этганларга етиб боришини инкор қилувчиларнинг ҳадисдан келтирадиган далиллари ҳам бор. У ушбу саҳиҳ ҳадиси шарифдир:

إذا مات الإنسان إنقطع عنه عمله إلا من ثلاثة الا من صدقة جارية او علم ينتفع به او ولد صالح يدعو له

“Қачон инсон вафот этса, унинг амали тўхтайди. Фақат учта ҳолат бундан мустасно. Садақаи жория – ватандошларига аталган савобли ишлар, унга фойда берадиган илм ва унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Бироқ, мазкур ҳадис ҳам инкор қилувчилар фикрларининг аксини исботлайди. Чунки, солиҳ фарзанд Қуръон ўқиб, унинг савобини ўтган ота-онасига етишини дуо қилса-чи? Мазкур ҳадисга кўра, солиҳ фарзанднинг бу дуоси албатта ижобат бўлиб, вафот этган инсонга етиб боради. Шунинг учун, “Шарҳ ал-Ақидат ат-Таҳовия”да вафот этганлар тирикларнинг саъй-ҳаракатларидан манфаат олишининг иккита ақлий далили бор, дейилган. Уларнинг биринчиси, вафот этиб кетган одамнинг ўзи шунга сабабчи бўлганидир. Яъни, солиҳ фарзандлар қолдиргани, хайрли ишларни кўп қилгани сабабли одамларнинг кўнглида қолганидир. Иккинчиси, тирикларнинг ўз ихтиёрлари билан қилган саъй-ҳаракатларидир. Чунки, бу ҳадисда вафот этган инсоннинг ўз амали борасида сўз юритилган. Тирик инсоннинг эса амали кесилиб тўхтатилмас экан, демак, савобли ишларни ўтганлар руҳига бағишлаш иши ҳам кесилиб тўхталилмайди.

Ҳаётдаги инсонларнинг савобли ишлари ўтганлар руҳига бағишланганда, савоб етиб бормайди, дегувчиларнинг ақлий далиллари дуо қазони, яъни тақдирни ўзгартира олмайди, дейишларидир. Ҳолбуки, тақдирга мувофиқ қилинган дуо қазо-қадарни ўзгартириши, умрни узайтириши, бало-офатларни ҳам қайтара олиши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ томонидан “ал-Жомеъ ас-сағир” асарларида: الدعاء يردّ البلاء – “Дуо балони қайтаради”, деган ҳадис ривоят қилинган. Айнан ўтганлар руҳига атаб дуо қилишни эса бизга Қуръони карим ўргатган. Унда қуйидаги ояти карима мавжуд:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр, 10).

Вафот этган мусулмонларга жаноза намозини ўқиш фарз амал бўлиб, унинг асл маъноси дуодир. Жаноза намозида эркакларга, аёлларга ва ёш болаларга алоҳида-алоҳида дуолар муқаррар қилинганидан бу дуолардан вафот этганларга манфаат борлигини кўрсатади.

Шунингдек, биз қабр зиёрати одобларидан қабр олдида ўтганлар ҳаққига дуо қилиш суннат эканлигини ҳам биламиз. Бу борадаги ҳар хил дуоларни бизга шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўргатганлар. Агар бу дуоларда ўликлар учун манфаат бўлмаганда эди, қабр бошида туриб дуо қилишдан фойда бўлмасди.

 Ўтганлар руҳига атаб хайр-эҳсонлар ва савобли ишларни қилиш жоиз эканига энг катта далилни Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ бобомиз ўзларининг “ал-Ҳидоя” асарларида келтирганлар. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита семиз, шохдор ва бичилган (ахта) ола-була қўчқорни ўз қўллари билан қурбонлик қилиб, унинг бирини ўзлари учун, иккинчисини умматлари учун сўйганлиги ҳақидаги саҳиҳ ривоятдир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур қўчқорларни сўяётиб, бундай дуо қилганлар:

اللهم هذا عن أمّتى جميعا من شهد لك بالتوحيد و شهد لى بالبلاغ

“Эй, Аллоҳ! Буниси Сенга тавҳид (калимаи шаҳодат) билан борган ва менга етказганларим билан йўлиққан жами умматларим номидандир”.

Мазкур ривоятни муҳаддис Ҳоким раҳимаҳуллоҳ нақл қилар экан, унинг саҳиҳлигини айтиб ўтганлар. Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятларида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қўчқорни сўяётиб, “Буниси қурбонлик қила олмайдиган умматларим номидан”, деб қурбонлик қилганлари зикр этилган. Шунинг учун ҳозирда, ихлосли мусулмонлардан айримлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан ҳам қурбонлик қиладилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда ўлганлар номидан садақа қилишнинг жоизлиги ва бундан ўтганларга манфаат борлиги маълум бўлади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, “Онам тўсатдан вафот қилиб қолди. Васият ҳам қила олмади. Ўйлашимча, агар гапиролганда эди, албатта садақа қилар эди. Агар унинг номидан садақа қилсам, унга ажри – савоби бўладими?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа!”, дедилар.

Таниқли саҳоба Саъд ибн Убода разийаллоҳу анҳунинг онаси у сафардалигида вафот қилади. У келганидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, “Ё, Расулуллоҳ! Онам мен йўқлигимда вафот қилди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга фойда берадими?”, деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа!”, деб жавоб берганлар. У: “Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим унинг номидан садақадир!”, дейди (Бухорий ривояти).

Вафот этган мусулмонларнинг номидан рўза тутилса, савоби етишига далилни ҳам қарийб барча муҳаддислар томонидан ривоят қилинган аъло даражадаги: من مات و عليه صيام صام عنه وليّه – “Кимки зиммасида рўза тутиш лозим бўлган ҳолда вафот этса, унинг номидан валийси рўза тутади!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтириш мумкин.

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, “Онам ҳаж қилмасдан вафот қилиб кетди. Унинг номидан ҳаж қилсам, бўладими?”, деб сўради. У зоти шариф: “Ҳа!”, дедилар. У яна “Онамнинг гарданида рўзаси ҳам бор эди. Унинг номидан рўза тутсам, бўладими?”, деди. У зоти шариф: “Ҳа!”, дедилар.

Ўтиб кетган ёки умуман ҳаж қилишга ярамай қолган отаси ёки онаси номидан ҳаж қилиш масаласини бир неча саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганлар. Барча сўровларга у зот бунинг жоиз эканлигини айтганлар. Бир ривоятда: “Онангнинг қарзи бўлганида уни адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлироқдир!”, дейилган. Шунинг учун мусулмонлар ўлган одамнинг қарзини, ҳато бошқа биров ҳам тўлаб қўйиши мумкин эканига ижмоъ қилганлар.

Ҳаётдаги инсонларнинг савобли ишлари ўтганлар руҳига бағишланганда, савоб етиб бормайди, дегувчиларнинг айримлари юқоридаги далиллар олдида ожиз қолишиб, дуо, садақа, ҳаж, рўза ва қарз адосини вафот этганлар номидан қилишни жоиз санашса-да, лекин, айнан Қуръон тиловатининг савобини ўлганлар руҳига бағишлашни инкор қилиб келишади. Бу инкорларига уларнинг ҳеч қандай нақлий далиллари йўқ, албатта. Бироқ, улар ўзларининг “ақл”ларини ишга солишиб, “Вафот этиб кетганларга Қуръон ўқиш ўтган уламолар даврида маълум бўлмаган. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатма бермаганлар”, дейишади. Аслида, вафот этганлар номидан дуо, садақа, ҳаж, рўза ва қарз адоси жоиз бўлиши ва ушбу ишларнинг савоблари уларга етиб бориши борасидаги далиллар етарли бўлиши керак. Чунки, барчасининг сабаблари битта: савобли ишни вафот қилганлар руҳига бағишлаш. Чунки, ушбу савобли ишлар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ўтган уламолар бу ишни қилмагани эса савобнинг вафот этганларга етиб бормаслигини билдирмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларга Қуръон тиловатини бағишлашни айтмаганларининг сабаби эса у зотдан бу борада сўралмаганидандир. У зот сўралган нарсаларнинг барчасини айтдилар, қолган ишларни ўша нарсаларга қиёс қилиб олинаверади.  Бироқ, ҳақиқат инкор қилувчилар айтганидек эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан вафот қилганларга атаб Қуръон ўқишнинг манфаати борлиги борасида бир эмас, бир қанча ҳадиси шарифлар етиб келган.

Ўтган маййитларга Қуръон ўқиш мумкинлиги борасидаги ибораси аниқ ва ишончли ҳадиси шариф: إقرأوا يس على موتاكم – “Ўликларингизга “Ёсин” ўқинглар!”, дейилган мавзуда бўлиб, уни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ каби бир қанча муҳаддислар рвиоят қилганлар. Одатда уни мажозий маънога буриб, ўлим тўшагида ётган бемор олдида “Ёсин” ўқилади, дейилган бўлса-да, бироқ ҳадисни ҳақиқий маънода деб талқин қилиш яхшироқдир. Шунда, ўлганлар руҳига “Ёсин” ўқишни шаръан жоиз дейиш мумкин бўлади. Чунки, ўликларга “Фотиҳа сураси”ни ўқишни ҳам тавсия қилинган ҳадиси шарифлар бор. Жумладан, Умму Афиф ан-Наҳдия разийаллоҳу анҳо бундай беганлар:

بايعنا رسول الله صلى الله عليه و سلم حين بايع النساء فأخذ عليهنّ ان لا تحدثنّ الرجل الا محرما و أمرنا ان نقرأ الى ميتنا بفاتحة الكتاب

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аёллардан байъат олган вақтларида фақат маҳрамлар билан гаплашишга ва ўлганларимизга “Фотиҳа” сурасини ўқишга байъат берганмиз!” (Табароний ривояти).

Умму Шарик разийаллоҳу анҳо эса мана бундай деганлар:

أمرنا رسول الله صلى الله عليه و سلم أن نقرأ على الجنازة بفاتحة الكتاب

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўликларга “Фотиҳа”ни ўқишни буюрдилар” (Ибн Можа ривояти).

Ибн Адий раҳимаҳуллоҳ, ад-Дайламий раҳимаҳуллоҳ, Ибн ан-Нажжор раҳимаҳуллоҳ ва ар-Рофеъий раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддислар томонидан: “Кимки ота-онасининг ёки улардан бировининг қабрини ҳар жумъа зиёрат қилса, у ерда “Ёсин” ўқиса, унинг ҳар бир ҳарфи ададича мағфират қилинади”, дейилган ҳадис ривоят қилинган. Гарчи, ушбу ҳадиснинг асли йўқ, деган олимлар бўлса-да, бироқ, у юқоридаги саҳиҳ ҳадисларга қўшимча бўлиши мумкин. Шунинг учун, Ливия томонларда қабристонда “Ёсин” сурасини ўқиш одатга айланган. Бизда эса “Таборак” сурасини ўқиш урфга кирган. Бунга ҳам бир далил мавжуд. Ҳадисда келишича, бир саҳоба сафарда билмасдан қабр тепесига капа тикиб олади. Ушбу саҳоба каромат билан қабр ичидаги инсоннинг “Таборак” ўқиётганини эшитади. Буни келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапириб берганларида, у зоти шариф: “Таборак сураси” ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Уни ўқиганга қабр азобидан нажот беради” деганлар. Ўликнинг қабр ичида “Таборак” ўқиши собит бўлгандан кейин нимага тириклар қабр устида ушбу сурани ўқимасликлари керак?!

Саҳобалар даврида ҳам қабрлар олдида Қуръон қироат қилиш одати бўлганига Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзи вафот этганда, дафн қилинганидан сўнг “Бақара” сурасидан қироат қилишни васият қилганларини кўрсатиш мумкин. Бунга, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ томонларидан у зотнинг бундай деган гаплари ҳам нақл қилинган:

إذا مات أحدكم فلا تحبسوه و اسرعوا به الى قبره و ليقرأ عند رأسه بفاتحة البقرة و عند رجليه بخاتمة البقرة

“Қачон сизлардан бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар, қабрига тезда олиб боринглар. Бош томонида “Бақара”нинг кириш қисмини, оё тарафида эса “Бақара”нинг хотима қисмини қироат қилсин!”.

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ ўз шогирди Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ билан бирга бир жанозада қатнашган эканлар. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб тиловат қила бошлайди. Буни кўрган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Эй, фалончи! Қабр олдида қироат қилиш бидъатдир!”, дейди. Ана шунда, қабристондан чиққач, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ устози Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳга юқорида келтирилган, саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг васиятларини – қабр бошида “Бақара”нинг боши ва охирини ўқишни тавсия қилганлари ҳақидаги ривоятни айтиб беради. Аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Бориб ҳалиги кишига айт, тиловат қилаверсин!”, деганлар.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда бир саҳоба ўз ўғлига: “Эй, ўғилчам! Мен вафот қилсам, менга лаҳад қилгин. Лаҳадимга қўяётганингда, “Бисмиллаҳ, ва ала миллати Расулиллаҳ!”, дегин. Сўнгра устимга тупроқ сочганингдан кейин бош томонимда “Бақара”нинг аввали ва охирини ўқигин! Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман!”, деб васият қилганлари келтирилган.

Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ эса “Ким қабристонга кириб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн бир марта ўқиб савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади”, деган мазмундаги ҳадиси шарини ривоят қилганлар.

Шунинг учун, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ таниқли тобеъинлардан бири Имом аш-Шаъбий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилиб айтадики, саҳобалар бирорта мусулмон вафот қилганида, қабри ёнида Қуръон оятидан тиловат қилиш учун бир-бирлари билан тортишиб қолар ва навбат билан Қуръон ўқишар эканлар.

Қуръон қироатининг савоби вафот қилганларга етиши борасида келтирилган юқоридаги далилларни заифга чиқарилган тақдирда ҳам, улар ўлганлар номидан қилинадиган дуо, садақа, ҳаж, рўза, қарз адосининг жоизлиги борасидаги аъло даражадаги саҳиҳ ҳадисларга қўшимча бўлиб ҳисобланади ва булар Қуръон қироатининг ҳам дуо, садақа, ҳаж, рўза, қарз адосидан асло фарқи йўқлигини исботлашга кифоя қилади. Шунинг учун ҳам, асрлар давомида бизнинг халқимиз ва бутун дунё мусулмонлари ўтганлари ҳақиқа дуои хайрлар қилиб, Қуръон қироатининг савобларини бағишлаб келганлар.

Ҳанафий олимлари вафот қилаётган одам ўзидан кейин бировнинг Қуръон қироат қилиб, савобини унга бағишлашини васият қилса ва унга маълум бир миқдор маблағ ажаратиб кетса ёки қабри олдида бировнинг маълум бир ҳақ эвазига қироат қилиб ўтиришига васият қилса, у ҳолда васият ботиллигини айтадилар. Чунки, бунда ҳақ олиш маъноси мавжуд бўлиб, таот-ибодатларга олдиндан келишиб ҳақ олиш жоиз эмас. Қуръон қироат қилган одамга ўз ихтири билан хайр-эҳсон қилса, бу савобли фазилат ва мурувват ҳисобланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айнан қабрлар олдида Қуръон қироат қилишни макруҳ санаганлар. Бироқ, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ва барча ҳанафий олимлари, шунингдек, шофеъийлик, ҳанбалийлик ҳамда моликийликнинг кийинги давр олимлари буни жоиз деганлар. Бу ерда макруҳ дейилишининг сабаби асло қироатнинг савоби ўликка етиб бормайди, деган маънода ёки макруҳлиги асло ҳаромга яқин ёқимсиз иш маъносида эмас. Балки, бу уларнинг даврларида қабристонларда қироат қилиш оммалашмагани ҳамда маййитнинг олдида қироат қилиш мақбул эмаслигидан келиб чиққан. Чунки, юртимиз мусулмонлари ҳозиргача ҳақиқатдан ҳам маййитнинг олдида қироат қилишни макруҳ санайдилар ва маййитга то жаноза ўқилмагунча қироат қилмай турадилар. Шунингдек, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фикрларича аввалдан келишиб бирор ҳақ эвазига қабристонда тиловат қилиб ўтириш макруҳдир. Бу ерда ана шу икки жиҳат эътиборга олинган. Аслида, ҳанафий олимларининг барчаси қабристонда Қуръон тиловат қилиб, ўлганлар руҳига бағишлашни жоиз дейдилар. Айтганимиздек, аҳли суннат ва жамаотнинг тўрт мазҳаб аҳли ҳам қабристонда тиловат қилишни мустаҳаб деганлар. Бунга таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг дафндан кейин “Бақара сураси”нинг аввали ва охиридан тиловат қилишларини васият қилганини келтирадилар. Ҳанафийларнинг “Жавҳарат ан-наййира” ва “Фатовойи оламгирия”да эса маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча кетадиган вақт тиловат қилиб, маййитга дуо қилишнинг мустаҳаблиги айтилган. Чунки, бунга Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳ ижозат берганлар.

Мусулмонлар қилган савобли ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаш масаласи олимлар ўртасида ихтилофли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларига қироат қилиб, унга савобини бағишлашни айрим олимлар мумкин эмас, деб ҳисоблаганлар. Уларнинг фикрича, ул зотнинг баланд мақомлари буни қабул қилишга муносиб эмас, бу борада фақат изн берилган нарсаларни – саловот айтиш ва азондан кейин васила сўрашни жоиз дейиш мумкин. Уларнинг бу гапига Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ кучли раддия ёзганлар ва махсус изн шарт эмас, деб таъкидлаганлар. Чунки, вафот этганларга савоб бағишлаш мавзусидаги далиллардан келиб чиқиб марҳумларга дуои хайр қилиш, барча хайрли амалларнинг савобларини бағишлаш мумкин. Бинобарин, умумийликдан келиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳларига ҳам савобларни бағишлаш жоиз бўлади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган хайрли замонларда яшаган салафи солиҳлар ул зотга бағишлаб хайрли амалларни адо қилиб келганлар. Жумладан, ўзининг кучли тақводорлиги, суннатга маҳкам боғланганлиги билан шуҳрат қозонган саҳоба Ибн Умар разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин унга бағишлаб умра амалини адо қилганлар. Ҳолбуки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васият қилмаган эдилар. Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳнинг замондоши Ибн ал-Муваффақ раҳимаҳуллоҳ эса етмишта ҳаж қилиб, унинг савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаганлар. Ибн ас-Сирож раҳимаҳуллоҳ эса ўн минг марта Қуръонни хатм қилиб, савобини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаганлар, ул зоти шарифга савобини атаб жуда кўп миқдорда қурбонлик қилганлар. Шунга кўра, ҳанбалий олими Ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савобларни ҳадия ва туҳфа қилишни мустаҳаб, деганлар.

Эътироз билдирувчилар: «Дунё ва охират сарвари барча гуноҳлардан маъсум бўлса, сизу бизнинг намозимиз савобига ҳожатлари йўқ. Ё бизнинг савобларимиз ошиб-тошиб кетдими?!», дейишлари мумкин. Аслида, савобни Пайғамбар алайҳиссаломга бағишлаш асло у зотнинг бунга ҳожати борлигидан эмас. У кишининг бизнинг саловот айтишимизга ҳам ҳожатлари йўқ, лекин биз саловот айтаверамиз. Биринчи ўринда шу айтган саловотларимиздан ўзимиз фойда топамиз. Тиловат қилиб ёки бошқа ибодат амалини қилиб бошқаларга бағишлашдан ўша қилган одамга ҳам савоб бор, албатта. Савобга ўзимиз муҳтожмиз, деб ўзимиз ҳақимизгагина дуо қилмаймиз, бошқаларни ҳам, хусусан, марҳумларни ҳам ҳақларига дуолар қилаверамиз. Ўзимизга ҳам ўшандан фойда бор. Энди, савоб бағишлашга ва дуо қилишга марҳумлар орасида энг ҳақлиси оламларга раҳмат бўлмиш бизнинг пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эмасмилар?! Шунинг учун, тарихда ўтган Абу-л-Аббос ал-Мубаррад раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ каби олимлар саловотларнинг савоби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эмас, айтувчи кимсага оиддир, деган бўлсалар, Имом ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Қуртубий раҳимаҳуллоҳ кабилар эса саловот айтилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саловот айтувчи ҳам манфаат олади, деганлар.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳу хайр-эҳсон ва яхши амалларнинг савобини Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаш борасида бундай деган эканлар: «Садақаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадия ва туҳфа қилиш баракоти ва файзидан ҳадия ва туҳфа қилувчи ҳам манфаат ва фойда олади. Шунинг учун ўликларга бирор савобни бағишлаётганда энг аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга алоҳида туҳфа қилиши лозим. Зотан, бошқа одамларнинг ҳақларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақлари юқоридир. Яна ул зоти шарифнинг ҳурматлари ва туфайлиларидан қилинган савобли иш қабул бўлгусидир. Агар хайр-эҳсон қилишда ниятларини тўғрилай олмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишлашни ният қилсин, шунинг баракотидан агарчи ўша иш риё билан бўлса-да, мақбул ҳисобланади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга савоб етиб боради».

Расули акрам ва Ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айнан намознинг савобини бағишлаш мумкинлиги борасида қорилар сардори Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлади:

قال أبي قلت يا رسول الله إني أكثر الصلاة عليك فكم أجعل لك من صلاتي فقال ما شئت قال قلت الربع قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت النصف قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قال قلت فالثلثين قال ما شئت فإن زدت فهو خير لك قلت أجعل لك صلاتي كلها قال إذا تكفى همك ويغفر لك ذنبك

«Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу: «Эй, Расулуллоҳ! Мен сизга кўп намоз ўқийман. Намозимнинг қанча қисмини сизга бағишлай?» деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер!» дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Тўртдан бирини бағишлайман», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Ярмини бағишлайман» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади» дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Учдан иккисини бағишлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хоҳлаганингча қилавер! Агар бундан ҳам кўпайтирсанг, ўзингга яхши бўлади», дедилар. Убай разийаллоҳу анҳу: «Намозимнинг ҳаммасини сизга бағишлайман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай қиладиган бўлсанг, ғамингга кифоя бўлади, сенинг гуноҳларингга мағфират бўлади», деб марҳамат қилдилар» (Термизий ва Ҳоким ривоятлари).

Мазкур ҳадис матнидаги «солат» сўзини ҳадисшунослар намоз, саловот ва дуо деганлар. Демак, Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам хайрли амалларнинг савобини бағишлаш мумкин. Жумладан, бизнинг халқимиз ҳам Қуръон тиловати қилганидан сўнг унинг савобини энг аввало Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, сўнг бошқаларга бағишлайдилар.

 Аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишмай келаётган ашъарийлар ва мотуридийлар ақидасига кўра ҳамда ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабидан четга чиқмаганларнинг амалиётига биноан ўтганлар руҳига бағишлаб, улар номидан хайрли амаллар қилиб, савобини уларга аташ жоиздир. Вафот қилганларга ҳадия қилиб юборилган амалларнинг саовби албатта уларга етиб боради. Бунга саҳиҳ ва заиф бир қанча далиллар – ояти карималар ва ҳадиси шарифлар мавжуд. Ундай савобли амалларга дуо, намоз, рўза, ҳаж, садақа ва эҳсонлар, шунингдек, Қуръон тиловати киради. Ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилиш жоиз эмас ёки қабристонда қироат қилиш макруҳ дегувчилар, аҳли суннат ва жамоатдан оғишган кимсалардир. Бизнинг халқимиз эса барча аҳли суннат ва жамоат вакиллари сингари ўзларининг вафот этганлари руҳига дуолар, тиловатлар ва савобли амаллар қилиб келадилар. Зотан, мусулмон кимса Қуръон тиловатидан тириклар нақадар манфаатлар олишига ишонар экан, ўлганларнинг қабр ҳаётига имон келтирган ҳолда уларни ана шу тиловат садоларидан баҳраманд бўлишидан бенасиб қўймагай.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *