ҲАЛОЛЛИК ТУФАЙЛИ БАХТИНИ ТОПГАН ҚИЗ

5Ҳалоллик, тақво, шариатга итоат нақадар мақтовга лойиқ фазилат. Халқимизда “яхши бўлса ошини, ёмон бўлса бошини ер” деган нақл бор. Бу ҳам инсон ҳалол бўлса ризқи мўл бўлишига ишоратан айтилган пандномадир. Дарҳақиқат, киши моддий манфаатдан кўра ҳалолликни устун кўрса ҳурмат топади. Қуйидаги тарихий ҳикояда инсон ҳаром йўл билан топиладиган бойликдан юз ўгириб, оз бўлсада ҳалол ризқ исташи унинг мақомини кўтариб мартабасини,  ҳурматини оширишини тасдиғини кўрамиз.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сутга сув аралаштириб сотишни таъқиқлади. Халифанинг қарори мусулмонлар орасида эълон ҳам қилинди. Қонун кучга кирди.

Умар ибн Хаттоб одатига кўра тунда кўча айланиб фуқаро ҳолини ўрганар экан, баногоҳ бир ҳовли олдида икки аёл – она ва қизнинг суҳбати қулоққа чалинди. Она қизга:

  • Сутга тезроқ сув аралаштир сахар вақти бўлиб қолди—дер эди. Қиз эса:
  • Йўқ. Халифа Умар бу ишни таъқиқлаган—деди.
  • Хозир сени Умар кўриб ўтирибдими, тезроқ бўл вақт ўтяпди…
  • Умар кўрмагани билан Умарнинг Раббиси кўриб турибди Эй Она! Умарданку яширарман, лекин Раббисидан яшира олмайман. Шундай экан, бугундан бошлаб сутга сув аралаштириб сотиш йўқ—деб қатъий жавоб берди қиз.

Қизнинг қатъиятлиги, итоати, ҳалоллиги, тақвоси, шариат амрини моддий манфаатидан устун кўра олиши, охирати учун дунёсидан воз кеча олиши мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни лол қолдирди.

Эрта тонг. Умар ибн Хаттоб Ўғли Осимни ёнига чақирди ва: фалон маҳаллага бориб, фалон хонадонга учра. У ерда бир қиз бор, уни сўраб-суриштириб кел—деди. Осим отаси айтган манзилни топиб борди ва қиз ҳақида сўраб-суриштириб келди. Отасига келиб аниқлаганларини айтди. Умар ибн Хаттоб: энди сени ўша қизга уйлантираман—деди. Икки ёшнинг фотиҳаси ўқилди, икковлари оила қуришди. Уларнинг биринчи фарзанди қиз бўлди. Қизалоққа Лайло деб исм қўйдилар. Лайло бинти Осим ибн Умар ибн Хаттоб.

Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бу набираси Лайло ҳонимга Абдулазиз ибн Марвон ибн Ҳакам уйланди. Улардан эса тарихда “Иккинчи Умар” номи билан машҳур халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ туғилди.

Бир қизнинг иймони, тақвоси, эътиқоди, ҳалоллиги ва шариатга итоати уни икки дунё саодатига мушарраф қилди. Қиз арзимас ҳаром бойликдан воз кечгани учун Аллоҳ уни халифага келин қилди, то қиёматгача мусулмонларнинг қалбидан ўчмайдиган одил амир—Умар ибн Абдулазизга она қилди! Ҳалоллик билан бахт топди! Илоҳим Лайло ҳоним каби муслималар кўпайсин!

Абу Муҳаммад АбдуллоҳнингСийрату Умар ибн Абдулазиз” асари (23 – Б .) асосида

Абдуллаев ЎКТАМЖОН

Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *