ҚИМОР

gambling-for-profitsОхирги пайтларда қимор ҳақида гап сўзлар кўпайиб кетди. Ютуқли телеўйинлар ортидан қиморнинг қонунийсини ўйнаш мумкинми деган саволлар келиб чиқяпти. Шу туфайли қимор ва унга доир баъзи ҳукмларни ёритишга қасд қилинди.

Шариатда қиморнинг қонунийси бўлмайди! Қиморнинг ҳар тури Ислом шариати нуқтаи назаридан ноқонунийдир! Қиморни аллома Саййид шариф Журжонй икки хил таърифлаган:

  • Қимор деб бир одам бошқасидан ўйинда шарт қилинган нарсани олишига айтилади.
  • Мағлубларнинг молидан ғолибга берилиши шарт қилинган ҳар қандай ўйинга “қимор” деб айтилади.

Мана шу бир-бирига маънан яқин икки таърифни мезон сифатида олиб замономизда кенг ёйилган ва ёйилиб бораётган турли ютуқли телеўйинларнинг қимор ёки қимор эмаслигини билиб олиш мумкин.

Исломда қимор ўйини уламолар иттифоқи билан ҳаром деб эълон қилинган. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. (Моида сураси 90).

Қимордан топилган молни емоқ судхўрлик билан топилган молни емоқдан ҳам оғирроқдир. Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Ундан ташқари қимор Аллоҳнинг зикридан, намоздан тўсади. Шунинг учун ҳам Исломда қимор ўйнаш судхўрликдан олдинроқ ҳаром қилинган.

Аллома ибн Ҳажар Маккий: қиморнинг ҳаром қилинишига сабаб шуки, қиморбоз одамларнинг молини шаръан ботил йўл билан ейди. Шариатда эса одамларнинг молини ноҳақлик билан ейиш ҳаром қилинган — деган.

Аллоҳ таоло қиморни нега ҳаром қилганининг сабабини ҳам Ўзи баён қилган:

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاء فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللّهِ وَعَنِ الصَّلاَةِ فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ

Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси 91)

Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда. Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади. Ушбу ояти каримада зикр қилинган ароқ билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши. Бу маълум ва тушунарли ҳол. Ароқхўрнинг ароқ ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Ичиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, ароқхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса ароқ ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади. (Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ. Тафсири ҳилол).

Қимор ўйини очиқ ойдин гуноҳдир. Бунга Қуръони каримда сариҳ ҳужжат бор:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا

Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сиз: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айтинг. (Бақара сураси 219).

Ҳа, қиморбозликда маълум манфаат ҳам бор аммо унинг фойдасидан зиёни кўп ва каттароқ экан.

Қимор ҳаром қилинганидек, қиморга доир касблар ҳам ҳаром бўлади. Масалан қиморхона очиш, юритиш, қиморбозларга керакли асбоб-ускуналарни тайёрлаш, сотиш, бошқариш ва ҳоказо…

Қиморбозлик асбобларини масалан қарта, нарда ва ҳоказоларнинг савдоси ботил бўлади. Яъни, қимор асбоби ортидан топилган мол ҳалол эмас.

Қимор ўйнаб ўтирган қиморбозларга салом бериш ҳам гуноҳ. Жумҳури аҳли сунна қиморбозларга ўйин чоғида салом беришни макруҳ деган.

Ватандошимиз Бурҳонуддин Марғилоний ўртага пул ё бошқа нарсалар тикиб қимор ўйнаган одамнинг адолати соқит бўлади, гувоҳлиги эътиборга олинмайди, деган.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *