ИЙМОН ЛАЗЗАТИНИ КИМ ТУЯДИ

5660495591_2b2400ea4f_bИймоннинг ҳам худди лаззатли таом сингари таъми бўлади. Овқатнинг лаззатини ҳамма ҳис қилиши мумкин лекин иймон лаззатини туйиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Иймоннинг хузурбаҳш роҳатижон таъми ҳар қандай лаззатли таъомларнинг таъмидан ҳам ширинроқ бўлади. Бу ҳақда гапириш ва эшитиш осон аммо унинг ҳақиқатини тотиб кўрганлар яхши билади.

Хўп, иймоннинг хуштаъмини тотиш кимга насиб қилади?

Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад ал-Муҳасибий (вафоти 243 ҳж) раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Рисолат ул-мустаршидин” номли асарида шундай дейди:

و اعلم انك لن تجد طعم الايمان حتى تومن بالقدر خيره و شره

Билиб қўй, сен то тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб иймон келтирмагунингча иймоннинг таъмини ҳис қила олмайсан. (Ўша асар 56 — Б).

Ҳа, инсон бошига тушган ҳар қандай кўнгилсизлик аслида унга аталган ва албатта уни адашмасдан топиб келишига ишонса ва буни Аллоҳнинг хоҳиш иродаси деб эътиқод қилса, шунингдек, муваффақиятсизликка учраганда у эриша олмаган нарса унга тегишли бўлмаганига чин дилдан амин бўлса, эришган ютуқлари эса аслида Аллоҳ томондан у учун аталганига ишонса ва эътироф этса шунда у қалбидаги иймон лаззатини тўлақонли ҳис қилади.

Таниқли саҳоба Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётар экан ўғлини чақириб насиҳат қилди:

Эй ўғлим! Сен токи ҳар бир мусибатинг сени бехато топиб келишига, эриша олмаганларинг эса сенга аталмаганига қалбан ишониб эътиқод қилмагунингча иймонинг хуштаъмини асло ҳис қила олмайсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, Ул зот айтардилар: Аллоҳ яратган нарсаларнинг аввалгиси бу қаламдир. Унга “ёз” деб айтган. У: “Эй Раббим, нимани ёзаман?”—деган. Шунда Аллоҳ: “ҳар бир нарсанинг то қиёмат қоим бўлгунча тақдирини ёз”—деган.

Эй ўғлим! Мен яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ким шу эътиқоддан бошқа йўлда ўлса у мендан эмас!”—деганини эшитганман. (Абу Довуд).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортида эдим, менга шундай деди: Эй болакай, сенга бир неча гапларни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳадларини сақла сени ҳам сақлайди! Аллоҳни сақла, муҳофаза қил мартабангни оширишини топасан,! Агар тилансанг фақат Аллоҳдан тилан! Кўмак сўрасанг фақат Аллоҳдан кўмак сўра! Билиб қўй, уммат бирлашиб сен учун бирор фойдали иш қиламан деса, Аллоҳ сенга битиб қўйганидан бошқа ҳеч нарса қила олишмайди! Агар улар бирлашиб сенга қарши бирорта иш қилмоқчи бўлишса, Аллоҳ тақдирингга ёзиб қўйганидан ортиқ ҳеч нарсага қодир бўла олишмайди. Қаламлар кўтарилган! Саҳифалар қуриган! (Термизий).

Ҳа, Аллоҳ бирор бандасини саломат сақлайман деса одамлар унга асло зарар қила олишмайди. Агар тақдирига бирор бало битилган бўлса уни ҳеч ким ва ҳеч нарса сақлаб қола олмайди. Бунга тарихдан ҳам бугунги кун воқелигидан ҳам яққол мисоллар бисёр.

Лутфуллоҳ ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Андижон тумани “Қилич Бурҳонуддин ота” жоме масжид имоми

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *