АДОВАТ БИЗНИ ЖАННАТДАН ТЎСАДИ

odinochestvo_bАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Жоним “Яд”ида бўлган Зотга қасамки, сизлар то мусулмон бўлмагунингизгача жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизгача мусулмон ҳам бўлолмайсиз. Саломни кенг ёйинглар, ўзаро муҳаббатли бўласиз. Ўзаро ғазабдан сақланинг, чунки ғазаб қирувчидир. У сочни қирадиди, демайман. У динни қиради”. Ал-адаб ал-муфрад/260. Имом Бухорий.

Шарҳ:

Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадислари ҳам  бошқа кўплаб ҳадислари қатори, бир ўзи бутун бир жамиятни ислоҳ қилишга ярайдиган даражада кенг қамровли насиҳатларни ўзига олган бебаҳо дурдона сўздир. Бу ҳадисда айтилган шартлар амалга татбиқ этилса, унда ваъда қилинган натижалар ҳосил бўлишида шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Бинобарин Ҳазрати Расулуллоҳ сўзни Аллоҳга қасам ичиб бошладилар.

Исломий эътиқод ва амал жаннат калитидир. Киши мусулмон бўлмасдан ҳарчанд хайрли ишлар қилсин барибир жаннатга кира олмайди. Чунки Исломсиз амал беҳудадир.

Мусулмонларнинг ўзаро бирдамлиги, аҳил-иноқлиги динимизнинг олий мақсадларидан биридир. Аллоҳ тарқоқ умматни Ислом билан бирлаштирди. Бир-бирига душман бўлган қавмлар исломий ҳаёт ила ўзаро дўст-биродар бўлдилар. Бунинг энг катта омилларидан бири эса, мусулмонлар орасидаги ўзаро муҳаббат, бир-бирларини яхши кўришларидир.

Бир-бирини ёқтирмаган жамоа ҳеч қачон бирдам ва ҳамфикр бўла олмайди. Мусулмонлар бир-бирларини яхши кўриши, муҳаббатли бўлиши мусулмончиликнинг равнақ топиши учун, Исломнинг кенг ёйилиши учун ўта муҳим нуқталардан бири ҳисобланади.

Афсуски, бугунги умматнинг аксари ҳудди шу муҳаббатдан мосуво бўлди. Дунёнинг қайси жойига қарманг, гувоҳи бўласиз: Мусулмонлар бирлари билан урушган, бир-бирини айблаган, бир-бирларини такфир қилган ва ҳоказо гина-кудуратлар гирдобида…

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иллатнинг муолажасини кўрсатиб бердилар. Ҳар бир жамиятда ўзаро муҳаббат ҳосил бўлиши учун аввало шу жамият аъзолари бир-бирларига хайрхоҳ бўлиши, ўзига раво кўрган яхши нарсаларни мусулмон биродарига ҳам илинадиган самимий дўст бўлиши керак.

Исломда ўзаро саломлашиш одоби худди шу муҳаббатни пайдо қиладиган омиллардан бири экан. Киши биродарига “Ассалому алайкум” дейиши билан “Мен сизга Аллоҳдан офият, саломатлик тилайман. Сизни ҳар турли балодан омон бўлишингизга тилакдошман. Шу билан бир қаторда, мен сизни яхши кўраман ва мендан сизга ҳеч қандай зиён-заҳмат етмайди. Хотиржам бўлинг, мен сизнинг дўстингизман!” дегани бўлади.

Қаршисида турган бир мусулмондан шундай гўзал сўзларни эшитган кишига эса “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ” деб жавоб бериш лозим. Бунинг маъноси эса “Мен ҳам сизга Аллоҳдан саломатлик ва раҳмат тилайман. Аллоҳ сизни ҳар балодан паноҳида асрасин. Мен ҳам сизга дўстман ва мендан ҳам сизга фақат яхшилик етади” деганидир.

Энди ўйланг: бир-бири билан шу маънода самимий салом-алик қилган икки қалб бир-бирини ёмон кўриши мумкинми?! Асло! Аксинча, уларнинг орасида илиқлик, меҳр-муҳаббат уйғониши табиий. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саломни кенг ёйинглар, ўзаро муҳаббатли бўласиз” дедилар.

Ҳадиснинг кейинги бандида Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва салам мукамал ўхшатиш билан мусулмонларни ўзаро ғазаб ва адоватдан тийилишга даъват этмоқдалар. Ҳабибимиз буғзу-адоватни соч қирадиган устарага ўхшатдилар. Устара бошдаги сочнинг ҳаммасини таг-туги билан қириб ташлаганидек, мусулмонларнинг бир-бирларига нисбтан адовати ҳам уларнинг дин-диёнатини таг-туги билан қириб ташлаши мумкин экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ўхшатишлари бежизга бўлмаганини бугунги воқелик, мусулмонларнинг аянчли аҳволи яққол кўрсатиб турибди…

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, биз мусулмонлар ўзаро гина-кудуратларга, бир-бирларимизни залолат ва куфрда айблашларга барҳам бериб, бир-бирларимизни чин қалбдан яхши кўрадиган самимий дўст-биродарларга айланмас эканмиз, охиратда жаннатга киришимиз осон бўлмайди.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *