ТАОМ ЕДИРИШ ҲАҚИДА ИККИ САВОЛ-ЖАВОБ

10247913Савол:

Ўлимидан кейин таом едиришни васият қилса, уни амалга ошириш лозим бўладими?

Жавоб:

Агар ўша васият ҳаром ишларга кўмак бўлса, у ботил васият бўлади ва амалга оширилмайди. Масалан, ўлганидан кейин уч кун таом пишириб едиришни васият қилган каби. Чунки у таом ўликхонага келган йиғлоқиларга куч бағишлайди. Бу эса ҳаром ишга кўмакнинг ўзгинасидир.

Агар ҳаром ишга кўмак бўлмаса жоиз бўлади ва амалга оширилаверади. Бунда ҳам қолдирилган мерос молининг учдан бир қисмидан чиқарилади. Масалан, ўлимидан кейин қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, ёки фақирларга таом тарқатишни васият қилган бўлса, ёки рўздаорларга ифтор қилиб беришни васият қилган бўлса, ёки зиммасдаги назрни адо этишларини васият қилиб кетган бўлса, бу васиятларни амалга ошириш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу васиятларга қилинадиган харажат мерос молининг учдан биридан қилинади. (Алмавсуъа ал-фиқҳия. 5 – Ж. 122 – Б).

Савол:

Ўлик эгаларига таом чиқариш мумкинми?

Жавоб:

Уйидан ўлик чиққан мусибатзадаларга таом тайёрлаб чиқариш мустаҳаб бўлади. Чунки улар мусибат ва уйларига таъзияга келганлар билан овора бўлиб таом пишириш кўнгилларига сиғмайди. Қўшниларнинг таом пишириб чиқариши эса, уларга куч-қувват бағишлайди. Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган: Жаъфарнинг ўлими ҳақида шумхабар келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрлаб беринглар. Чунки уларнинг бошига овқатдан машғул қиладиган мусибат тушди”—деганлар. (Термизий).

Моликийлар ўликхонага таом тайёрлаб чиқариш учун аввал у ердагилар навҳа қилиб йиғлаш ва бошқа ҳаром ишларни қилиш учун йиғилмаган бўлиши керак, деб шарт қўйишган. Агар фарёд чекиб йиғлашга жамланган йиғлоқилар бўлса, уларга таом пишириб чиқариш ҳаром бўлади. Чунки улар осийлардир.

Фуқаҳолар ўлик эгаларининг одамларга таом тайёрлаб едиришларини кариҳ кўрган. Чунки бунақа ишлар шодлик, хурсандлик кунларига ярашади. Мусибатли қаро кунларга эмас. (Алмавсуъа ал-фиқҳия. 5 – Ж. 120 – Б).

Мадраҳимов АБДУВАҲҲОБ

Андижон туман “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *