ИМОМ ЗАҲАБИЙ ЎҚИШНИ ТАВСИЯ ҚИЛГАН КИТОБЛАР

library-wallpaper-50371-52062-hd-wallpapersШамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий (673-748 ҳ./1274-1348 м.) ислом тарихидаги буюк алломалардан бири бўлиб, муҳаққиқ, муаррих ва муҳаддис сифатида юздан ортиқ асарлар мерос қолдирган. Унинг “ал-Кабоир” – “Катта гуноҳлар” асари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилингани китобхон юртдошларимизга маълум. “Сийари аълом ан-нубало” асаридаги юртимиз олимларига бағишланган қисмлари эса катта китоб сифатида ўзбек тилида ҳам чоп қилинган.
Имом Заҳабий мазкур кўп жилдлик “Сийар аълом ан-нубало” китобида бир қанча китобларни ўқишга тавсия қилган. Уларнинг айримларининг таржималари ўзбек тилида ҳам мавжуд бўлса-да, халқимиз таржималарини, мутахассислар ва толиби илмлар эса аслини топиб ўқишлари, ўзбек тилида ҳам таржима қилишлари, бойларимиз эса таржималари учун ҳомийлик қилишлари, ноширларимиз ҳам уларни қайта-қайта чоп қилиб эълон қилишлари мақсадга мувофиқдир:

1-2) “Қуръон” ва “Саҳиҳи Бухорий”
Имом Заҳабий: “Фойдали илм нималигини биласанми?” деб савол бериб, унга ўзи: “Бу нозил қилинган “Қуръон”ни ўқимоқ ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг унга ўз гаплари ва феъллари билан қилган тафсирларини, яъни ҳадисларини ўқимоқдир”, деб жавоб берган. Кейин эса “Эй биродар, Аллоҳнинг китобини тушуниб ўқишга ҳаракат қил, “Саҳиҳи Бухорий”га кўп-кўп назар солиб тур!”, деб насиҳат қилади.
Ҳақиқатдан ҳам, дунёдаги китобларнинг энг афзали ва энг фойдалиси, шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг китоби “Қуръон”дир. “Қуръон” нурдир, у бор жойда, у ўқилиб турган, тиловат ва қироат қилиниб турган жойда нур бўлади, нур ёғилади.
Муҳаддислар султони, буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256 ҳ./810-870 м.) томонидан битилган, “Саҳиҳи Бухорий” номи билан шуҳрат қозонган, шоҳ асар – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” (“Соғлом ҳадислар тўплами”) китоби “Қуръон”дан кейин турувчи табаррук манба ҳисобланади. Уни ўтмишда юртдош бобокалонларимиз балоларни дафъ қилиш мақсадида ҳам тўлиқ ўқиб хатм қилиб туришган.
Бу икки китоб ҳар бир мусулмоннинг хонадонида бўлмоғи керак!

3) “Саҳиҳи Муслим”
Муслим ибн ал-Ҳажжож (204-261 ҳ./820-875 м.) томонидан 15 йилда ёзилган, ўзида 7 479 та фақат саҳиҳ ҳадисларни жамлаган улуғ манбалардан бири. Имом Муслим буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг энг катта шогирди ҳисобланади. Унинг мазкур китоби эса Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”идан кейинги ўринда турувчи манбадир. Асар ўзбек тилига ҳам тўлиқ таржима қилинган, лекин ҳозиргача тўлиқ нашр қилинган эмас.

4) “Сунан ат-Термизий”
Имом Заҳабий: “Жомеъ ат-Термизий”да манфаатли илм, қимматбаҳо фойдалар, буюк масалалар бор. У ислом асосларига оид манбаларнинг биридир… Унда фазилатлар жуда кўп”, деган.
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209-279 ҳ./824-892 м.) томонидан битилган ушбу асарда жами 3 956 та ҳадис жамланган бўлиб, у ҳам ўзбек тилига таржима қилинган, лекин, афсуски, ҳозиргача тўлиқ нашр қилинган эмас.

5) “Сунан ан-Насоий”
Абу Абдурраҳмон Аҳмад ан-Насоий (215-303 ҳ./830-915 м.) томонидан битилган, ўзида 5 758 та ҳадисни қамраб олган “ал-Мужтабо” китоби олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламининг бири ҳисобланади. Муҳаддиснинг “ас-Сунан ал-кубро” номли асари ҳам бор.
Имом ан-Насоийнинг мазкур “Сунан” китоби ўзбек тилига таржима қилинган бўлса-да, ҳозиргача нашр қилинган эмас.

6) “ал-Муватто”
Имом Заҳабий: “ал-Муватто”нинг руҳларга мадори, қалбларга ҳайбати бор, унга ҳеч нарса тенг кела олмайди”, деган.
Молик ибн Анас (93-179 ҳ./712-795 м.) моликийлик мазҳаби олими бўлиб, унинг “ал-Муватто” асарида жами 1 843 та ҳадис мавжуд. Мазкур “ал-Муватто” асари таниқли ҳанафий олими, мужтаҳид Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (131-189 ҳ./748-804 м.) томонидан ҳам шахсан муаллифнинг ўзидан ривоят қилинган, шу сабабли ҳанафийлар мазкур манбани ҳам ўқиб-ўрганишга астойдил эътибор қаратиб келадилар.
Имом Моликнинг мазкур “ал-Муватто” ҳадис тўплами ўзбек тилига таржима қилинган бўлса-да, ҳозиргача нашр қилинмаган.

7) “Риёз ас-солиҳин”
Имом Заҳабий: “Бу китобни ўқисанг, омад ёр бўлади, нажот топасан!”, деган.
Ислом тарихидаги энг буюк ва энг машҳур уламоларидан бири Абу Закариё Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) томонидан битилган мазкур китобда 1 896 та ҳадис жамланган бўлиб, ўзбек тилига ҳам тўлиқ таржима қилиниб нашр этилган. Олимнинг ўзида қирқта ҳадисни тўплаган “Арбаъин” асари ҳам жуда машҳур бўлиб, у ҳам ўзбек тилида эълон қилинган.

8) “ал-Азкор”
Абу Закариё Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) томонидан битилган мазкур “ал-Азкор ан-нававия” асарининг асл номи “Ҳилят ал-аброр” бўлган. Мазкур асар кундалик ўқиладиган дуо ва зикрлардан иборат бўлиб, ҳар бир мусулмоннинг хонадонида бўлмоғи керак бўлган қўлланмалардан ҳисобланади.
“ал-Азкор” асари ҳам тўлиқ равишда ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган.

9) “ас-Сунан ал-кубро”
Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (384-458 ҳ./994-1066 м.) томонидан битилган “ас-Сунан ал-кубро” китобида жами 21 812 та ҳадис мавжуд.
Имом Заҳабий: “Агар Имом Байҳақий ўзи учун битта алоҳида мазҳаб тузишни хоҳлаганда эди, бунинг уддасидан чиқа олар, ўзининг илмининг кенглиги ва турли фиқҳий қарашларни яхши билгани сабабли бунга қодир бўла оларди!” деган ҳамда “Байҳақийнинг ёзган асарларнинг қадри юксак. Ҳар бир олим уларни ўқишга эътиборли бўлмоғи керак”, деб алоҳида қайд қилган.
Имом Байҳақий улуғ ва машҳур муҳаддис сифатида ўнлаб асарлар битган бўлишига қарамасдан бирорта асари ўзбек тилига таржима қилинган эмас, ўзбек тилида илмий тадқиқот ва изланишлар ҳам олиб борилаётгани маълум эмас.

10) “Далоил ан-нубувват”
Имом Заҳабий: “Бу китоб қалбларга шифо, ҳидоят ва нурдир!”, деган.
Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий (384-458 ҳ./994-1066 м.) томонидан битилган мазкур манба Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мўъжизаларига бағишланган. Унда пайғамбарлик мўъжиза ва хислатлари ҳақидаги ривоят ва ҳадислар тўпланган.

Тўпловчи: Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *