ҲАФАЗАЛАР

ramka-17058546

Аллоҳ таоло дунёда яшаётган ҳар бир инсоннинг ёнида унинг амалларини қайдлаб боруви махсус фаришталарни яратган. Уларга “ҳафазалар” (инсон амалларини ёзиб сақлаб борувчи фаришталар) дейилади. Ҳафазалар банданинг ҳар қандай яхши-ю ёмон, қасддан ё унутиб, билиб ё билмай, соғлиги ё беморлигида қилган амалларини ёзиб боради. Уларнинг назаридан майда нарсалар ҳам четда қолмайди. Ҳамма-ҳаммасини ёзиб боради. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: ҳафазалар банданинг беморлик чоғидаги инграшларини ҳам ёзади—деган. Ал-Лаққоний раҳматуллоҳи алайҳнинг маълум қилишича, онанинг қорнига нутфа тушиши билан унга тўрт юз нафар фаришта муваккал этиб тайинланади. Улар шу инсон то ўлгунича у билан боғлиқ вазифларини бажаришади.

Ватандошимиз Абулмуъин ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Баҳр ул-калом” асарида мазкур фаришталар билан боғлиқ қуйидаги ақидавий масалаларни баён қилади:

Мўътазилийлар айтади:

инсонларнинг ёнида фаришталар ҳам ҳафазалар ҳам йўқ. Инсон қилган ҳар бир амални Аллоҳ Ўзи билади. Хоҳлаганларини кечиради, хоҳлаганларини азоблайди. Ҳафазаларга эҳтиёж йўқ. Агар Аллоҳ бандаларининг қилаётган ишларини билмаганида эди уларга махсус фаришталарни назоратчи сифатида тайинлашга эҳтиёж туғиларди. Лекин У ҳар бир нарсани аниқ билиб туради, шундай экан амалларни қайдлаб, ёзиб борувчи фаришталарга на ҳожат?!

Биз — аҳли сунна вал-жамоа мўътазиларга раддан шундай жавоб берамиз:

Инсонга ҳафаза фаришталарини тайинланиши бу Аллоҳ уларнинг ҳолини билмаганидан эмас, балки қиёмат куни ҳисоб-китоб вақтида бандаларга  қарши ҳужжат бўлиши учундир. Аллоҳ банданинг дунёдаги гуноҳларини унга кўрсатган чоғ банда инкор этиши мумкин. Худди шу ҳолатда ҳафазалар гувоҳлик беришади. Банда унутиши ҳам мумкин. Ўзининг гуноҳларини унутиб тан олмайдиган вазиятларда эса, ҳафазалар тарафдан аниқ вақти ва санаси билан ёзиб қўйилган дафтарлар унга қарши ҳужжат бўлади.

Савол туғилиши мумкин:

  • ҳафазалар қай кайфиятда ёзишади?

Жавобан айтилади:

  • Хуросонлик Заҳҳок ибн Музоҳим ал-Балхийнинг сўзларига кўра, ҳар куни самодан икки фаришта тушади. Уларнинг қўлларида саҳифалар бўлиб, банданинг амалларини ёзиб боришади.

Маккалик улуғ тобеийлардан Мужоҳид ибн Жабарнинг сўзларига кўра эса, инсоннинг тили қалам, сўлаклари сиёҳ, қўллари дафтар вазифасини ўтайди. Лекин аввалги Хуросонлик Заҳҳок ибн Музоҳимнинг фикри тўғрироқдир. Чунки Аллоҳ таоло Исро сурасида банданинг қиёмат кундаги ҳоли ҳақида сўзлар экан  унга ҳисоб вақтида “Китобингни ўқи”—деб айтилишини билдирган (Исро/14). Бу оятдан фаришталарнинг китобга ёзиб боришлари тушунилади.

Лўнда жавоб шуки: Биз китоб ва суннатдан иборат нассларда ворид бўлган маълумотларга иймон келтирамиз, ишонамиз! Гарчи ақл ва қиёсга тўғри келмаган тақдирда ҳам, Ҳафазаларнинг ёзиш кайфиятлари билан ишимиз йўқ. Ҳақ ва собит эканига иймон келтирамиз! (Қандай ёзади, сиёҳ билан ёзадими, суратга олиб борадими, ва ҳоказо… нима бўлганда ҳам амалларни ёзувчи фаришталар бор деб эътиқод қиламиз! Тарж).

Суннат ва жамоат аҳли шундай дейди:

Ҳар бир инсон билан бирга махсус  ҳафаза фаришталар бор ва улар ҳақдир! Икки нафари кундузи ва икки нафари кечаси ўз вазифаларини адо этади. Кун ва тун алмашиш жараёнида улар ҳам бир-бирлари билан ўрин алмашади. Баъзилар: “ҳар куни икки нафардан бошқа-бошқа фаришталар тушади”—дейишган. Ундай эмас. (Тўрт нафар фаришта доимий ўрин алмашиб ишлайди. Тарж).

Бунга қуйидаги ояти карималар яққол далил бўлади:

و إن عليكم لحافظين * كراما كاتبين

Ҳолбуки устингизда кузатиб турувчилар бордир. Улар мукаррам ёзувчилардир..(Инфитор/10-11).

ام يحسبون انا لا نسمع سرهم و نجواهم، بلى و رسلنا لديهم يكتبون

“Ёки улар Бизни уларнинг сирларини (билмайди) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмайди деб ҳисоблайдиларми? Йўқ! Ҳолбуки, элчиларимиз уларнинг олдиларида ёзмоқдалар” (Зухруф/80. Тафсири ҳилол).

Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби

Ш. МУСАБОЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *