ИРИМ-СИРИМ, ШУМЛАНИШ

bmbm

Халқ орасида «нафасингни иссиқ қил..» деган гап бор. Бу хитобни кўпинча ҳар нарсадан ёмонлик қидирувчи, қалби шумланиш дардига мубтало бўлган иримчиларга айтилади. Шумланишни арабларда «татойюр, тафоъул» дейишади. Яъни, бирон белгини ёмонлик аломати деб ишониш. Масалан, уйдан бирон иш билан чиққан одам осмонга боқади. Агар, осмонда қушлар ўнг тарафдан чап тарафга қараб учса, буни яхшилик аломати деб билади. Аксинча бўлса хосиятсизликка йўяди ва ишини эртага қолдиради.

Бизни ўлкаларда ҳам бунга ўхшаш жоҳилликлар учраб туради. Масалан, йўловчининг олдидан мушук кесиб ўтса, «олдимиздан мушук ўтди энди сафаримиз хайрли бўлмайди.»— деб ишонадилар. Бу аслида маънавий қусурлардан бўлиб, унинг ҳукми билиттифоқ ҳаромдир. Ҳатто, баъзи уламолар куфр, дейишгача борган. Уларнинг бу қарорига Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларидан олинган умумий тушунчалари асос бўлган бўлса ажабмас: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Шумланиш ширкдир! (бу сўзларини уч бора такрор айтдилар) Шумланувчилар биздан эмасдир магар, қалбига беихтиёр келганлар мустасно. Лекин Аллоҳ (қалбга беихтиёр келган ёмон ҳаёлни) таваккул билан даф қилади». (Абу Довуд).

Мўмин киши зарарни ҳам фойдани ҳам Аллоҳдан, деб билиши ва шундай эътиқод қилиши керак. Фойда ёки зарарни осмондаги қушлар, ердаги жониворларнинг одатий ҳатти-ҳаракатига боғлаш асло дуруст эмас. Қалбга беихтиёр келган ёмон ўй-фикрларни эса ҳадисда айтилганидек Аллоҳга таваккал қилиш билан даволашлик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Юқишлик йўқ нарсадир. Шумланишлик йўқ нарсадир. «Ҳома» йўқ нарсадир. Сафар йўқ нарсадир».  (Бухорий).

Мазкур ҳадисда ҳам Ҳазрат Пайғамбариз алайҳиссалом шумланиш ва унга яқин бўлган бошқа қалбий ҳасталиклар асли бўлмағур нарсалар эканини уқтирмоқда. Яъни, бемордаги иллат бошқасига шундайича юқмайди балки Аллоҳнинг хоҳиши билан юқади. Иллатнинг ўзида бошқага ўтиш учун асло мустақил қудрат йўқдир.

Турли-туман нарсалардан шумланиб ўша аломатлар инсон ҳаётига, тақдирига тасир қилиш кучига эга, деб эътиқод қилиш мумкин эмас. Шунингдек, жоҳилият араблари орасида тарқалган «ҳома» ҳам асло бўлмаган нарса. Жоҳилият даври одамларининг ишонишича, ўлдирилган кишининг руҳи унинг бош суягидан бой ўғли қушига айланиб учиб чиқади. Ва «менга сув беринглар, менга сув беринглар», деб безовта ҳолда учиб юради. Қачонки ўликнинг эгалари қотилдан қасос олсалар шундагина қуш тинчийди. Бу ақида ҳам ботил ақидадир.

Сафар ойидан шумланишлик ҳам дуруст эмас. Сафар ойини беҳосият деб билиш, унда тўй қилишлик, сафарга чиқишлик каби муҳим ишларни қилмасдан кейинга суришлик мутлақо дуруст эмас.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *