ИСМАТ ПАЙҒАМБАРЛАР УЧУНДИР! БОШҚАЛАРГА ЭМАС!

180903-INNERRESIZED600-700-15648Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодий таълимотига кўра пайғамбарлар қасддан гуноҳ қилишдан маъсум, илоҳий ҳимоя қилинган зотлардир. Куфрнинг барча турларидан ижмоъан покдирлар. Улар пайғамбарликдан олдин ҳам, кейин ҳам куфр ҳолатидан мутлақо маъсумдирлар. Шунингдек, мўътабар олимларнинг иттифоқи билан айтилганда пайғамбар бўлганларидан кейин, гуноҳи кабиралардан ҳам Аллоҳ уларни сақлаб қўйган.

Сағира гуноҳлар масаласига келсак, қасддан содир бўладиганларидан жумҳури аҳли суннанинг қавлига кўра покдирлар. Ибн Жамоа нақл қилади: маъсият бу тоат-ибодатнинг зиддидир. Пайғамбарлар маъсиятнинг каттасидан ҳам, кичигидан ҳам, қасддан қилинадиганидан ҳам, саҳван содир бўладиганидан ҳам покдирлар! Ватандошимиз Аллома Тафтазоний ҳам бу масалада уламоларнинг иттифоқи мавжуд деб зикр қилган!

Пайғамбарларга берилган бу мақом умматлардан бошқа ҳеч кимга берилган эмас. Авлиёлар ҳам, уламолар ҳам, қори-ю донишмадлар ҳам исматда эмас. Улар ҳар қандай гуноҳ қилиши мумкин. Аллоҳ сақласин ҳатто куфр ҳолатига тушиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Кишининг устози ҳам, ота-онаси ҳам, сўфийнинг муршиди ҳам исматда эмас.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, толиби илм ўз устозини исматда эмас деб эътиқод қилиши, ёки муриднинг пирига нисбатан исмат исбот қилмаслиги бу унинг беодоблигини, устозига ҳурматсизлигини англатмайди. Балки соф мўътадил эътиқодли эканини билдиради.

Баъзи жоҳиллар “Устоз нима қилса (ношаръий ишларни ҳам) билиб қилади”, деган бузуқ ақида билан муайян шахсларга таассуб қилишади. Устозининг ношаръий ишларидан кўз юмади. “Мен тушунмаган бирор сабаб бордир” деб, мункар ишларда ҳам устозига тобе бўлади. Мана шу катта мусибатдир.

Устознинг талаба устидаги ҳақлари-ю, талабанинг вужубий фидойилиги ҳақида гап кетган бобларда қуйидаги иборани учратиш мумкин:

من قال لاستاذه «لم؟» لا يفلح ابدا

“Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!”

Бу қоида “устозим жаннатга бошласа жаннатга, жаҳаннамга бошласа жаҳаннамга олға!” деб эътиқод қилувчи мутаассибларнинг суянган ягона далилларидир!

Имом Заҳабий “Сияр”да имом Қушайрийдан нақл қилишича бу гап аслида  ҳазрат Сулламий раҳматуллоҳи алайҳнинг устози томондан унга сабоқ сифатида айтилган қоида экан.

Имом Қушайрий шундай ҳикоя қилади:

Сулламийдан эшитганман. У айтарди: устозим Абу Саҳл ас-Суълукий ҳаётлигида Марвга бордим. Сафарга чиқишимдан олдин ҳар жума кунлари тонгда устозим бошчилигида “хатми қуръон” мажлиси бўлиб турарди. Марвдан қайтиб келсам, ибн Уққобий деган одамнинг истаги билан ҳалиги мажлисда хатми қуръон ўрнига қуруқ гаплар бўляпти экан. Шунда менинг ҳаёлимга “қуръон мажлиси мусиқа мажлисига айланиб кетибди-да..” деган норози ўй келди. Кейин бир куни устозим мендан: Эй Абу Абдураҳмон, одамлар мен тўғримдан нима дейишяпти?—деб сўраб қолди. Шунда мен: Қуръон мажлисини йўқотишиб ўрнига қуруқ гап қилиб ўтиришибди, дейишмоқда — дедим. Шунда устоз: Кимки устозига “нега?”—деса, у асло муваффақият топмайди!—деди. (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251 – Б.)

Имом Заҳабий келтирган бу воқеани имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Табақот”да келтириб қуйидагича қўшимча ҳам қилган:

Ўзларини илм-фан одами ҳисоблайдиган кўпчилик шу гапга осилиб олган. Улар шогирдларига сабоқ беришда шу гапни такрорлашдан ҳеч чарчашмайди. Бунинг таъсирида шогирдлари устозининг ноҳақ фикрларини ҳам ҳақ деб ҳаёл қилишади.  Устозларини гуноҳдан маъсум деб ўйлашади ва кўр-кўрона тақлид балоси билан яшашади. Уларнинг онгги заҳарланиб аҳмоқ бўлиб қолишган. У бечоралар устозларининг ҳаводан олиб гапирган шариатга зид гапларини очиқ-ойдин кўриб-билиб туришган бўлса ҳам, ўша даҳшатли гапнинг оқибати уришидан қўрқиб устозларига мухолафат қилишга журъатлари етмайди. (Имом Субкий. Табақот ул-кубро. 4 – Ж. 146-147 — Б).

Энди юқоридаги қоидага имом Заҳабий раҳматулоҳи алайҳнинг муносабатини кўринг:

Агар мурид ўз устозини (худди пайғамбарлардек) исмат соҳиби деб эътиқод қилса ва унинг хато қилиши мутлақо мумкин эмас деб ишонса, бу ҳолатда устозига унинг бирор иши юзасидан эътирозий тарзда “нега ундай?” деб савол бериши тўғри бўлмайди. Аммо, унинг шайхи исмат соҳиби бўлмаса-ю ва у устозига “нега ундай?”  деб савол бериш мумкин эмас деб ҳаёл қилса, унинг ўзи (устозининг хатолари юзасидан изоҳ талаб қилмагани учун) асло барака топмайди! Аллоҳ таоло Моида сурасида “яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” деган. Аср сурасида “бир-бирларини ҳаққа чақирганлар”, деган. Балад сурасида “бир-бирларини меҳр-шафқатга чақирганлар”, деган. Ҳа, албатта, орамизда феъли оғир бахтсиз муридлар ҳам бор. Улар доим эътироз билдиришади холос. Ҳаққа эргашиш қўлларидан келмайди. Гапираверишади-ю ўзлари амал қилишмайди. Аслида худди шулар барака топишмайди! (Сияри аълом ан-нубало. 17 – Ж. 251/252 – Б.)

Андижон туман “Довудхон тўра” жоме масжид имом хатиби Мадраҳимов Абдуваҳҳоб
ва “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби Раҳимов Ойбек

Муҳаррир: Ботиржон қори

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *