ИЙМОН НИМА ВА У ҚАЕРДА БЎЛАДИ?

طريق_الإيمانИймон ҳақида қисқа бўлсада, тўғри маълумотга эга бўлиш ҳар бир мусулмонга вожиб бўлади. Айниқса, бидъатчи оқимлар кўпайган бугунги давр авлоди бу ҳақда яхши билимга эга бўлиши янада муаккаддир.

Барчамизга маълумки, ижтимоий тармоқларда мусулмонларни гуноҳ сабабли кофирга чиқариб, куфр тамғасини ёпиштиришни одат қилганлар оз эмас. Худди ўшаларнинг аксари иймон ва унинг асл маҳалли ҳақида тўғри маълумотга эга бўлмаган илмсиз жоҳиллардир.

Иймон нима ва у қаерда бўлади? Иймон бу аҳли сунна вал-жамоа муҳаққиқларининг жумҳурига кўра, Аллоҳнинг бирлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ расул эканига қалб билан таслим бўлиб тасдиқлашидир! У ҳар бир мусулмоннинг қалбида бўлади! Тилда иқрор бўлиш эса дунёвий ҳукмлар ижроси, ижтимоий ҳаётда мусулмонлар қаторида муъомала қилиниш учундир. (Имом Абу Ҳанифа, имом Мотуридий, Қози Ийёд ва Устоз Абу Исҳоқ Исфароинийлар шу фикрда бўлган!).

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қалбида иймон келтириб тилида иқрор бўлмаган одам Аллоҳнинг наздида мўмин бўлиши мумкин. Лекин, дунёвий аҳкомлар ижросига келганда у кофир деб ҳисобланади ва кофирлардек муносабатда бўлинади. Масалан ўлса жанозаси ўқилмайди ва ҳоказо…

Мабодо, қалбида иймон келтирмасдан тилида юзаки иймон келтирса, у одам аслида кофир, лекин, ижтимоий ҳаётда мўминлардек муъомала қилинади. Масалан ўлса жанозаси ўқилади, имомлик қилса ортидан намоз ўқилади ва ҳоказо… Бунақанги одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида ҳам бўлган. Хозирги кунимизда ҳам йўқ эмас. Уларни мунофиқлар деб айтилади.

Ватандошимиз “Ҳидоят имоми” Имом Абу Мансур Муҳаммад ал-Мотуридий раҳимауллоҳ иймоннинг жойи қалб ва у фақат қалб амали эканига ўзининг “Тавҳид” асарида нақлий ва ақлий далиллар келтиради:

يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ لاَ يَحْزُنكَ الَّذِينَ يُسَارِعُونَ فِي الْكُفْرِ مِنَ الَّذِينَ قَالُواْ آمَنَّا بِأَفْوَاهِهِمْ وَلَمْ تُؤْمِن قُلُوبُهُمْ قُلُوبُهُمْ وَمِنَ الَّذِينَ هِادُواْ

Эй Аллоҳнинг Расули! Яҳудийлардан ва оғизларида “Иймон келтирдик” деб, лекин қалбида иймон келтирмаганлардан иборат куфр сари интилаётганлар сизни ҳафа қилмасин!” (Моида сураси 41).

Бу ояти карима ўзини мусулмон кўрсатиб, қалбида иймон келтирмаганлар аслида кофирлигига далолат қилади.

قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ

Аъробийлар “иймон келтирдик” дедилар. (Эй Муҳаммад! Сиз уларга) Айтинг: “Сизлар иймон келтирганингиз йўқ, лекин, сизлар “Исломга кирдик” денглар. Иймон ҳануз қалбингизга кириб боргани йўқ!” (Ҳужурот сураси 14).

Қалбда тасдиқланмасдан шунчаки  тилда айтилган гап иймон деб ҳисобланганида Аллоҳ таоло бу оятдагаи аъробийларнинг иймонини ботилга чиқармас эди.

مَن كَفَرَ بِاللّهِ مِن بَعْدِ إيمَانِهِ إِلاَّ مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالإِيمَانِ

“Кимки иймон келтирганидан кейин Аллоҳга куфр келтирса, илло, қалби иймон билан ором олган ҳолида зўрликка учраганлар бундан мустасно” (Наҳл сураси 106).

Бу оятга кўра, иймон фақат қалбнинг иши ва у фақат қалбда бўлади. Агар тилда иқрор бўлиш иймоннинг асли негизига алоқадор бўлганида, куфр калимасини айтишга мажбур этилганлар (гарчи қалбида инкор этмасада) кофир деб ҳисоб қилинган бўларди. Аммо Аллоҳ бу оятда уларни кофирлардан истисно қилиб ажратиб қўйди, демак иймон бу фақат қалбда бўлади.

Мантиқан олиб қаралганда ҳам иймон бу дин демакдир. Дин эса эътиқод қилинадиган тушунчадир. Эътиқод эса фақат қалбда бўлади. Уни ҳеч ким ҳеч кимга мажбурлаб сингдира олмайди, мажбурлаб чиқариб ҳам ташлолмайди. Инсон ўз ихтиёри билан, онгли равишда ишониб бўйсунса ва эътиқод қилса шу иймон бўлади. (Имом Мотуридий. “Тавҳид” 469 – 471 Бетлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўпинча қуйидагидек дуо қилар эдилар:

يا مقلب القلوب ثبت قلبى على دينك

Эй қалбларни ўзгартувчи Зот, қалбимни дийнингда собит қилгин!” (Термизий 2140).

Агар иймоннинг асли тил ва амалларга ҳам боғлиқ бўлганида Расулуллоҳ “тилимни ҳам, дилимни ҳам, амалларимни ҳам динда собит қил” деган маънода дуо қилардилар. Бу дуо эса диннинг асли – иймоннинг жойи қалб эканини кўрсатади.

Тарихдан маълумки, Усома розияллоҳу анҳу ҳарбий юришларнинг бирида “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдиради. Бунинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борганида Усомага қаттиқ танбеҳ беради. Усома: “У жонини сақлаб қолиш учун калима келтирди” деганида Расулуллоҳ: “Қалбини ёриб кўрмапсанда…” дейди. Бу ҳам шунга далолат қиладики, иймон бу қалбда бўлади.

Бундан хулоса қилиб айтамизки, Иймон бу ҳар бир мусулмоннинг қалбида бўладиган гавҳари илоҳийдир. Иймони бор киши амалда солиҳ ишларни қилса солиҳ-тавқодор мўмин дейилади. Агар шариат буйруқлари ва қайтариқаларига амал қилмаса у фосиқ-гуноҳкор мўмин дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридан то шу кунгача келаётган суннат ва жамоат аҳлининг қараши шундай ва бу энг тўғрисидир!

Мўмин киши тили ё бирор аъзоси билан гуноҳ содир қилса уни иймонсиз-кофир деб ҳукм қилиш эса жуда қўпол хато ва нотўғридир!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ.

Имом Бухорий номли ТИИ сиртқи бўлим иккинчи босқич талабаси.

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *