ҲАЗРАТНИНГ СОЯСИ ОСТИДА ОБРЎСИДАН ЖУДО БЎЛГАН ШУҲРАТПАРАСТЛАРГА НАСИҲАТ

sddefault

Аллоҳ таоло марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига шу қадар катта шуҳрат, илм, фазл, тақво ва кенг диний хизмат насиб этдики, бунинг ортидан жуда кўплаб мансабпараст, шуҳратпарастлар ҳаловатини йўқотиб тинчимай қолишди. Инсон ҳар қандай йўқотишга чидаркану лекин шуҳратни қўлдан бой беришга чидаши қийин экан. Бундааааай ўйлаб қарасам, шуҳратидан айрилганлар энг хатарли инсонлар бўларкан. Уларнинг қўлидан шайтоннинг ҳам етти ухлаб тушига кирмаган ҳийла-ю макрлар келаркан. Аллоҳим Ўзинг сақлагине-й…

Куни кеча устозим Ҳамидуллоҳ Беруний домла ҳафизаҳуллоҳ марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шаънига тош отувчи ўшандай шуҳратпарастларга жавобан чиройли бир мақола чиқардилар. Яъники, ҳазратнинг сўнгги дами бадантарбия машғулоти вақтига тўғри келганига жамоатчилик диққатини жалб қилиб, “Олимларга бу каби ҳолатда ўлиш ярашмас эди, рост олим бўлса дарс вақтида, ибодат чоғида ўлиши керак эмасмиди…”, деганга ўхшаш фитна гаплар қилиб юрган фитначиларга, тарихда бундан-да аянчи ҳолатда жон таслим қилган кўплаб олиму-фозиллар борлигини исботлаб, қатор рўйҳатини тузиб бердилар.

Аслида ўша иғвогарлар вақт сарфлаб жавоб ёзишга арзимас бўлсада, аммо уларнинг фитналарига жавоб ёзишда бошқа солиҳ инсонларга манфаатлар борлиги юзасидан устозимиз қўлига қалам олдилар. Камина ҳам фойдадан ҳоли бўлмас деган умидда, устозим мақоласига қуйидагиларни қўшимча қилишни лозим топдим:

Ҳасадгўй фитначилар ўзларича ҳазратнинг спорт залида вафот топиши яхшилик аломати эмас, у киши адашганлардан эди, шунинг учун ҳам унга намоз, рўза, ҳаж, ё таълим жараёнида эмас балки спорт залида жон топширди. Бу бежизга эмас… деб гап тарқатиб юришибди. Ўша вайсақилар билиб қўйсинки, инсон иймон билан кетиб, хотимаси хайрли бўлганини аниқлаш учун унинг сўнгги дамда қаерда ва қай ҳолатда бўлишига эмас, балки умрининг охирги вақтларида нима ишлар билан машғул бўлганига аҳамият бериш керак. Вафот топган кишининг иймонли кетганига далолат қилувчи бир қанча аломатлар бўлиб, улар ҳақида жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари маълумот берганлар:

Имом Ҳоким ва Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан чиқарган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар:
«Агар Аллоҳ бирор бандасига хайриятни истаса уни ишлатиб қўяди».
Бу сўзнинг мазмунини яхши тушунмаган саҳобалар сўради: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб ишлатади?».
Расулуллоҳ жавоб бердилар: «Ўлимидан олдин солиҳ амалларга муваффақ қилиб қўяди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ҳокимлар Амр ибн Ҳамқдан чиқарган ривоятда эса қуйидагича келган: «Агар Аллоҳ бирор бандасини севса унга “асал суртиб” қўяди».
Саҳобалар сўради: «Эй Аллоҳнинг Расули, асал суртиши қандай бўлади?»
У зот: «Ажали олдидан уни солиҳ амалларга муваффақ қилиб қўяди. Натижада унинг ортидан қўни-қўшнилари рози бўлиб қолишади», дедилар.

Ибн Абу Дунё раҳматуллоҳи алайҳ ҳам мавзуга доир бир ҳадисни Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
Агар Аллоҳ бирор бандасига яхшиликни истаса, унинг ўлими олдидан бир йил бурун унга бир фариштани юборади. Фаришта уни тўғри йўлга солади, хайрли амалларга муваффақ қилади ва оқибат у ўзи учун энг яхши, умрининг гуллаган вақтида вафот топади. Одамлар ортидан фалончи умрининг яхши дамида кетди, деб гапириб юришади. У банда қачонки Аллоҳ тарафдан унга хозирлаб қўйилган неъматларни ҳис қилганда, унга тезроқ етишиши иштиёқида гўёки ўзини зўрлаб қайт қилган одамдаек, оғзига қўлини солиб руҳини қайт қилиб чиқариб юборгиси келиб кетади. Худди шу дамда У Аллоҳга учрашишни жуда-жуда холайди. Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни хоҳлайди.
Қачонки Аллоҳ бирор бандасига ёмонлик бўлишини истаса, унинг ўлими олдидан бир йил бурун унга бир шайтонни бириктириб қўяди. Шайтон уни залолатга чорлаб адаштириб юради. Ҳатто у умрининг энг ёмон гуноҳларга тўла даврида жон топширади. Энди одамлар у ҳақда, фалончи жуда ёмон вақтида кетдидааа…. деб юришади. Ўша инсон қачонки Аллоҳ тарафдан унга тайёрлаб қўйилган азоб-уқубатларни кўрса, жони чиқиб кетишлигидан қўрқиб руҳини ичига ютиб иложи борича жонини чиқармасликка ҳаракат қилади. Худди шу вақтда у банда Аллоҳнинг хузурига боришни умуман истамай қолади. Аллоҳ ҳам аслида уни учратишни кариҳ кўради.

Энди қалбимиздаги гина-кудуратни бироз фурсатга бўлсада, четга йиғиштириб қўйиб мулоҳаза қилайлик: Шайх Ҳазрат умрининг сўнгги дамларини қаерда, нима ишлар билан машғул бўлди? Ислом учун, уммат учун қандай фойдали ишлар қилди? Бугунги кунда у кишининг динимиз, миллатимиз учун қилган фойдали хизматларини кимлар эътироф этмоқда? Юртбошимиз у киши ҳақида нималар деди? Ҳазратнинг қўшнилари, ватандошлари у кишининг ортидан нималар дейишмоқда? Ҳазрат вафот топганда жанозасига қанча мусулмон иштирок этди ва қаерлардан келиб қатнашди?

Биз мана шу саволлар жавобини инсоф билан мулоҳаза қилиб, жавобини юқоридаги ҳадисларга муқояса қилиб кўрсак марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хотимаси қандай бўлганини, у киши Аллоҳнинг хузурига қай даражада шошиб борганини, Аллоҳ ул зотни учратишни севиб истаганини билиб олишимиз қийин бўлмайди. Ҳа, бу хулоса учун унчалик катта ақлнинг ҳам кераги йўқ. Шунчаки инсоф бўлса кифоя!

Ҳазратни спорт залида вафот этганидан хотимаси ёмон бўлгани тўғрисида фол очиб юрган мажнунлар, шуни билиб қўйингки, иймонсиз кетишнинг ҳам аломатлари бор. Улар ҳақида имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: Иймонсиз кетишнинг тўрт аломати бор:

  • Намозга бепарволик;
  • Ароқхўр ҳолида ўлим топишлик;
  • Ота-онага оқ бўлиб ўлмоқ;
  • Мусулмонларга зараркунанда ҳолида ўлмоқ.

Қайси инсон умрининг сўнгги дамларида шу каби ишлар билан оввора бўлиб қолган бўлса, унинг хотимаси хайрли бўлмайди. Бу аломатлардан бирортасини шайх Ҳазратдан топа оласизми?! Инсоф билан айтинг!

Эй бечора адашган ҳасадгўй фитначилар! Келинглар, энди адоватни йиғиштириб исломий хулқ-одобга қайтинг! Уламоларнинг гўшти зарарли эканига иймон келтиринг! Сезилиб турибди, ўзларингиз ҳам қийналиб кетдингиз! Ҳазратни обрўсизлантираман деб ўз обрўларингиздан ҳам мосуво бўлдингиз! Тўғри, Ҳазратнинг шуҳрати сизларнинг обрўйингизга соя солиб келди, аммо илмни Аллоҳ беради шу ҳақиқатга иймонла тан беринг! Етар энди! Ҳали ҳам кеч эмас! Аллоҳга тавба қилиб, ҳаққа қайтинг!

Дўстингиз: Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 2 та

  1. Ha Shayx xazratlari musulmon ummati uchun judaktta ishlarni qilib ketdi ayniqsa Ozbek halqi uchun Ustozdan Alloxni ozi rozi bolsin bu xasatgoy fitchachlarga Allox kifoya qilsin ayniqsa Barlavi talimoti bilan ruhlanib ustozimiz haqida har-xil gaplarni gapiryatgan domlalarga ham ozi insof bersin men Ustozimizni tush korganman tushimda Ustoz Ozi tekiz rovon yolda ketayotgan ekan yolni bu tarfida katta kanal U tarafida juda kop Ulug zotlar Turishardi shunda men soradim shunda bir kishi atdi bular Shaxni Ustozlari dedi Ular nima qilishyabdi dedim Ular Shayxni Kutishyabdi dedi shu tushimdan hechqancha otmasdan Ustoz Vafot
    qilib qoldi Mengaflatda qoldim fitnachilarni mama desa desin meni tushim Raxmoni ekan tushimni maxtanish uchun aytmadim

  2. Яна бир бор эътироф, ЯШАБ ЎТИБ КЕТДИ БУЮК БИР САВЛАТ!

    Яшаб ўтиб кетди буюк бир Савлат!

    Яшаб ўтиб кетди буюк бир савлат,
    Қони қайноқ, шахдам, шиддатли тетик.
    Бонг урди: кимларнинг авлоди эдик,
    Қурайлик аларга муносиб давлат!

    Кўплар билмай қолди келиб кетганин,
    Жонини, молини йўғу борини
    Уммату миллат чун фидо этганин.
    Ҳайҳот ўтиб кетди буюк бир савлат!

    Муқаддас мақсадни белига боғлаб,
    Миллатни умматни юрди авайлаб.
    Ғанимлар қасд қилмоқ бўлди атайлаб,
    Мағрур ўтиб кетди буюк бир савлат!

    Миллатнинг ичидан чиққан нокаслар,
    Ғийбатчи, бўҳтончи, туҳматчи каслар,
    Ип эшолмай қолди ул зоти паслар,
    Олға юриб кетди буюк бир савлат!

    Қадарнинг измига кўндилар базўр,
    Ахир жон ватанин тарк этмоқ надур?
    Бирор оғиз арз-у эътироз этмай,
    Сокин чиқиб кетди буюк бир савлат!😔

    Қаерда бўлмасин миллатни, юртни,
    Авлод-аждод ҳамда ватан шаънини,
    Кўкларга кўтарди кафтида тутди,
    Чидаб ўтиб кетди буюк бир савлат!

    Шикоят нелигин билмай бояқиш,
    Яшарди қардошу юрт фироқида,
    Мумкин бўлса агар жоиз ўхшатиш,
    Бухорийдек ўтди буюк бир савлат!

    Юртнинг бошлиқлари доно ва оқил,
    Биларди бу юртдан кимлар чиқмоғин,
    Эътироф этарди ҳақиқий омил,
    Валийларнинг сулки эди бу савлат!

    Кун келиб фироққа берилди барҳам,
    Милатнинг бағрига шошилди бирдан,
    Ўзни ҳам унутиб дардларга малҳам,
    Излаб топиб кетди буюк бир савлат!

    Мазмунли манфаатли яшаб умрни,
    Эзгу амалларга сарфлаб улгурди,
    Бошин қовуштириб олим зотларни,
    Жамлаб ўтиб кетди буюк бир савлат!

    Яна кунлар келиб бу юрт қошига,
    Буюк бир Подшо келди бошига,
    Эъзозлаб дедики: бу улуғ бир зот,
    Жаҳолатни қувди буюк бир савлат!

    Ва яна дедики: оғир дамларда,
    Маърифатла енгиб ул жаҳолатни,
    Халққа тўғри талқин этиб Исломни,
    Яшаб ўтиб кетди буюк бир савлат!

    ©Равшанбек

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *