РАСУЛУЛЛОҲНИНГ ҚАБРЛАРИ БАРЧА МАКОНЛАРДАН АФЗАЛДИР!

untitled(4)“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари жаннатдан ҳам афзалдир. Балки, Аллоҳнинг Аршидан ҳам, Аллоҳнинг Курсисидан ҳам афзалроқ”, деган ҳақиқат умматнинг ижмоъси билан собит бўлган. Бу минг йиллик аҳли суннат ва жамоат уламоларининг ижмоъси ва иттифоқ қилган ақидаси ҳисобланади. Биз ҳам ушбу эътиқоддамиз ва зурриётларимизни ҳам қиёматгача шундай ақидада бўлишини Парвардигори оламдан ялиниб сўраймиз.

Айрим кишиларнинг: “Расулуллоҳнинг қабрлари жаннатдан, Аллоҳнинг Аршидан ва Курсисидан ҳам афзал”, деган гапга қандай далил бор, деб сўраганини эшитамиз. Уни айни куфр сўз, деб ҳукм чиқарадиганлар топилади. Ҳолбуки, ижмоънинг ўзи далилдир, ижмоънинг ўзи шариатнинг тўртта энг катта ҳужжатларидан биридир. Ижмоъ оят ва ҳадислардан кейинги шариатнинг тўртта катта асосларидан биридир.

Аслини олганда, бировнинг гапини куфрга чиқаргандан кўра, кўпроқ китоб кўриб, эски уламоларнинг асарларини, айниқса мавзуга оид жойларини кўриб чиқиш афзал.

Қадимги манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мукаррам қабрларининг фазилати тўғрисида алоҳида боб ва фаслларга ўрин ажратилган. Шундай манбалардан бири Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ-ҳуқуқларига оид “аш-Шифо” асаридир. Мазкур асарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини ер юзидаги энг афзал жой эканлигида ҳеч қандай ихтилоф йўқлиги баён этилган:

ولا خلاف أن موضع قبره صلى الله عليه وسلم أفضل بقاع الأرض

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларининг ўрни ер юзидаги энг афзал жой эканлигида ҳеч қандай хилоф йўқ!” (Қози Иёз. Аш-Шифо би-таъриф ҳуқуқ ал-Мустафо. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 91).

Қози Иёзнинг кимлигини биласизми? У зот Қози Иёз ибн Мусо ал-Яҳсубий (476-544 ҳ./1083-1149 м.) бўлиб, ХII асрдаги Мағрибнинг энг таниқли олими, муҳаддиси ва муаррихидир. “Аш-Шифо”дан ташқари “Саҳиҳи Муслим”га битган шарҳи, икки жилдли “Машориқ ал-анвор” номли ҳадис тўплами, “Тартиб ал-мадорик” асари ва яна ўнлаб асарлари мавжуд.

Мазкур “аш-Шифо”га  шарҳ битган Аллома ал-Хаффожий раҳимаҳуллоҳ шу ерда бундай деганлар:

ولا خلاف بين العلماء و المحدثين فى أن موضع قبره اى الموضع الذى قبره فيه صلى الله عليه وسلم و ضم جسده الشريف أفضل من سائر بقاع الأرض كلها بل هى أفضل من السموات والعرش والكعبة كما نقله السبكي رحمه الله تعالى لشرفه صلى الله تعالى عليه و سلم و علو قدره

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларининг ўрни, яъни у зотнинг шариф жасадлари бор маконнинг ердаги барча бошқа жойлардан афзал эканлиги борасида уламолар ва муҳаддислар орасида ҳеч қандай хилоф йўқ! Балки бу жой осмонлар, Арш ва Каъбадан кўра ҳам афзалдир. Чунончи, бу фикр Имом ас-Субкий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарафлари ва қадрининг олийлиги сабабидан айтилган” (Шиҳобиддин Аҳмад ал-Хаффожий. Насим ар-Риёз. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 121).

“Аш-Шифо”нинг 6 жилдлик шарҳи “Насим ар-Риёз”нинг муаллифи Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Хаффожий (977-1069 ҳ./1569-1659 м.) Мисрдан етишиб чиққан аллома, қози ал-қуззот, ўнлаб китоблар битган муҳаддис ва муаррих олим ҳисобланади. У “Насим ар-Риёз”да тилга олган Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ эса ўз даврининг машҳур шайхулисломи, муҳаддис ва фақиҳи Тақийуддин Абулҳасан Али ибн Абдулкофий ас-Субкий (683-756 ҳ./1284-1355 м.) бўлиб, “Шифо ас-сиқом” ва бошқа асарлар муаллифидир. У машҳур “Табақот аш-шофеъия ал-кубро” асари муаллифининг отасидир. Хуллас, Имом ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Танзил ас-сакина ъала қанодил ал-Мадина” номли рисоласида бундай деганлар:

أما المدفن الشريف فلا يشمله حكم المسجد، بل هو أشرف من المسجد، وأشرف من مسجد مكة، وأشرف من كل البقاع

“Шарофатли дафн қилинган жойга келсак, унга масжид ҳукми кирмайди. Балки, у масжиддан (Масжиди набавийдан) ҳам кўра шарафлироқ, Макка масжидидан (Масжиди ҳаромдан) кўра ҳам шарафлироқ ва барча маконлардан кўра шарафлироқдир” (Тақийуддин ас-Субкий. Танзил ас-сакина ъала қанодил ал-Мадина. – ал-Мактаба аш-шомила. (Қўлёзма нусха). – Б. 1/50).

Пастроқда эса Имом ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ бундай деб хитоб қилганлар:

فإن قبر النبي صلى الله عليه وسلم ينزل عليه من الرحمة والرضوان والملائكة، وله عند الله من المحبة له ولساكنه ما تقصر العقول عن إدراكه، وليس لمكان غيره، فكيف لا يكون أفضل الأمكنة

“Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига раҳмат, ризвон ва фаришталар тушиб туради. Унга ва унда турган зотга Аллоҳнинг ҳузурида ақллар идрок ҳам қила олмайдиган даражадаги муҳаббат мавжуд! Бошқа ўринларда эса бу даражадаги муҳаббат йўқ. Энди, у (муборак қабр) қандай ҳам энг афзал макон бўлмасин?!” (Тақийуддин ас-Субкий. Танзил ас-сакина ъала қанодил ал-Мадина. – ал-Мактаба аш-шомила. (Қўлёзма нусха). – Б. 1/52).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари барча маконлардан афзал эканлиги тўғрисидаги бир қасидадан олинган мана бу байтни кўплаб манбаларда такрор-такрор келтирилади:

جزم الجميع بأنَّ خير الأرض ما … قد حاط ذات المصطفى و حواها

ونعم لقد صدقوا بساكنها علتْ … كالنفس حين زكتْ زكى مأواها

Мазмуни: “Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зотлари турган маконни жами уламолар ернинг энг яхши жойи деб қатъий жазм қилганлар. Сокин бўлиб турган жойни худди ўзи каби покиза макон сифатида улуғлаган кимса қандай ҳам тўғри иш қилган бўлади!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёрати борасидаги жами манбаларда моликийлик мазҳабининг буюк имоми Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг у зоти бобаракотга қараб туриб зиёратни амалга ошириш лозимлигини айтганлари зикр қилинган. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Масжиди набавийда овозни баланд кўтармасликни, зиёратда қабрни эмас, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларини зиёрат қилгандек инсон ўзини тутиши кераклигини уқтирганлар.

“Насим ар-Риёз”да Ибн Абдуссалом раҳматуллоҳи алайҳининг бундай деганлари келтирилган:

 فقبره صلى الله عليه و سلم أفضل الأمكنة لتجلى الله له بما ينزل عليه من الرحمة و الرضوان و الملائكة

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари Аллоҳ таоло унга тажаллий қилгани, унга раҳмат, ризвон ва фаришталар тушиб тургани сабабли маконларнинг энг афзалидир!” (Шиҳобиддин Аҳмад ал-Хаффожий. Насим ар-Риёз. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 122).

Бу ерда тилга олинган “Ибн Абдуссалом” ўз даврида “Султон ал-уламо” (“Олимлар султони”) лақабини олган, шофеъийлик мазҳабида мужтаҳидлик даражасига етишган аллома, Иззуддин Абдулазиз ибн Абдуссалом ад-Димишқий (577-660 ҳ./1181-1262 м.) бўлиб, у зотнинг “Қавоид аш-шариат”, “Тафсири кабир” ва “Қавоид ал-аҳком” каби бир қанча муҳим асарлари мавжуд.

“Тафсири Жалолайн”нинг муаллифларидан бири, дунёга машҳур алломалардан бири, 600 та асар ёзган буюк олим Жалолиддин ас-Суютий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “ал-Ҳовий” номли фатволар тўпламида бундай деганлар:

فالآيات والأحاديث دلت على أن البيت هو المقصود الأعظم وهو أشرف من عرفة وسائر البقاع إلا القبر الشريف النبوي

“Оятлар ва ҳадислар Байтуллоҳнинг энг улуғ мақсад эканлигига далолат қилади. У Арафот ва бошқа маконлардан кўра шарафлироқдир. Бироқ, Набий шарифнинг қабрлари бундан мустасно!” (Жалолиддин ас-Суютий. Ал-Ҳовий ли-л-фатово. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1982. – Б. 301).

“Имом ас-Саховий” номи билан шуҳрат қозонган олим Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ас-Саховий (831-902 ҳ./1427-1497 м.) бўлиб, муаррих, муҳаддис, муфассир, адиб, ўз даврининг мужаддид олимларидандир. У зот Мадинаи мунаввара тарихига бағишланган “ат-Туҳфат ал-латифа” асарида бундай деганлар:

مع الإجماع على أفضلية البقعة التي ضمته صلى الله عليه وسلم، حتى على الكعبة المفضلة على أصل المدينة، بل على العرش، فيما صرح به ابن عقيل من الحنابلة.

ولا شك أن مواضع الأنبياء وأرواحهم أشرف مما سواها من الأرض والسماء، والقبر الشريف أفضلها، لما تتنزل عليه من الرحمة والرضوان والملائكة، التي لا يعملها إلا مانحها، ولساكنه عند الله من المحبة والاصطفاء ما تقصر العقول عن إدراكه

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига олган жой маконларнинг афзали эканига ижмоъ бор бўлиб, ҳатто у фазилатли Каъбадан ҳам, балки Аршдан ҳам афзалдир. Уни ҳанбалий олими Ибн Ақил очиқ-ойдин айтганлар” (Шамсиддин ас-Саховий. Ат-Туҳфат ал-латифа. 1-жилд. – Миср: Суннати Муҳаммадия, 1979. – Б. 42).

Бу ерда тилга олинган “Ибн Ақил” Абул-Вафо Али ибн Ақил ал-Бағдодий (431-513 ҳ./1039-1119 м.) ўз даврининг энг буюк шайхулисломи, таниқли мутакаллим, воиз, фақиҳ, қираот олими ҳисобланади.

Шу ерда Имом ас-Саховий бунга далил сифатида муҳаддис Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Мустадрак” асарида бир қанча саҳиҳ ривоятлар борлигини айтиб, бир ривоятни келтирганлар. У Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг гаплари бўлиб, уни Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Шамоили муҳаммадия”да зикр қилганлар. Гап шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин саҳобалар орасида у зотни қаерда дафн қилиш тўғрисида маслаҳат бўлган. Шунда Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу у зотни жонлари узилган жойнинг ўзига дафн қилиш ҳақида айтиб, бундай деганлар:

فإن الله لم يقبض روحه إلا في مكان طيب . فعلموا أنه قد صدق

“Шак йўқки, Аллоҳ таоло у зотнинг жонларини фақат энг покиза маконда олган!”.

Ривоятда: “Саҳобаи киромлар Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг тўғри гапираётганини билдилар”, дейилган (Термизий, “аш-Шамоил ал-муҳаммадия”, 1/389; Байҳақий, “ас-Сунан ал-кубро”, 4/6697; “Далоил ан-нубувват”, 8/3233).

Демак, Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа уламолар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари энг афзал макондир”, деган ижмоъни зикр қилганларида айнан шу воқеага ишора қилганлар ва ушбу қарорга бундан кейинги жами уламолар қўшилганига суянганлар. Демак, мазкур мавзумиз бўлиб турган ижмоъга саҳиҳ ҳадислардан далил бор, уни саҳобаларнинг ижмоъси, дейишимиз мумкин.

“Файз ал-Қадийр” номли ҳадис тўпламида “Мадина Маккадан кўра яхшироқ!”, деган ривоят шарҳида Имом ал-Муновий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:

والخلاف فيما عدا الكعبة فهي أفضل من المدينة اتفاقا خلا البقعة التي ضمت أعضاء الرسول صلى الله عليه وسلم فهي أفضل حتى من الكعبة كما حكى عياض الإجماع عليه

“Ихтилоф Каъбадан бошқа жойлар борасидадир. У уламолар иттифоқига кўра Мадинадан афзал. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадини ўзида тутган жой бундан мустасно. Зотан, у ҳатто Каъбадан ҳам афзалдир. Чунончи, Қози Иёз бу борада ижмоъ борлигини ҳикоя қилганлар” (Абдуррауф ал-Муновий. Файз ал-Қадийр. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-Маърифат, 1972. – Б. 264).

 “Файз ал-Қадийр” асари муаллифи Муҳаммад Абдуррауф ал-Муновий (952-1031 ҳ./1545-1622 м.) ўз даврининг мужаддид олимларидан, 100 га яқин асарлар муаллифи, машҳур муҳаддис ҳисобланади.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Туҳфат ал-муҳтож” асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари Аршдан ҳам афзал экани ижмоъ билан собит эканини айтиб ўтганлар:

وهي كبقية الحرم أفضل الأرض عندنا وعند جمهور العلماء للأخبار الصحيحة المصرحة بذلك وما عارضها بعضه ضعيف وبعضه موضوع كما بينته في الحاشية ومنه خبر «إنها أي المدينة أحب البلاد إلى الله تعالى» فهو موضوع اتفاقا، وإنما صح ذلك من غير نزاع فيه في مكة إلا التربة التي ضمت أعضاءه الكريمة صلى الله عليه وسلم فهي أفضل إجماعا حتى من العرش

“Макка шаҳри, бизнингча, ҳарамнинг бошқа жойлари каби Ернинг энг афзалидир. Жумҳур уламоларнинг фикри ҳам шу бўлиб, бу борада очиқ-ойдин саҳиҳ хабарлар мавжуд. Айрим унга қарши ривоятлар заиф, бошқаси эса мавзуъдир. Шундай хабарлардан бири: “Мадина Аллоҳ таолога энг севикли шаҳар”, дейилган ривоят бўлиб, у олимлар иттифоқига кўра тўқимадир. Бу борада Макка ҳақидаги ривоятларнинг барчасида ҳеч қандай низо йўқ. Фақат бу гаплардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мукаррам жасадлари кўмилган жой мустаснодир. Чунки, у уламолар ижмоъсига кўра энг афзал жойдир, ҳатто Аршдан ҳам афзалдир!” (Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий. Ҳавоший “Туҳфат ал-муҳтож”. 4-жилд. – Миср: Мактаба тижория ал-кубро, 1938. – Б. 64).

“Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий” номи билан шуҳрат қозонган зот Шаҳобиддин Абул-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (909-974 ҳ./1504-1567 м.) бўлиб, Мисрдан етишиб чиққан буюк шайхулисломлардан биридир. У таниқли муҳаддислардан бўлиб, юзга яқин асарлари бор. Ана шу зот ҳам “Туҳфат ал-муҳтож” ва бошқа асарларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари коинотдаги энг афзал жой эканлиги борасида ижмоъ борлигини ёзиб қолдирганлар.

Юқорида иқтибос келтирилган китоблар сингари манбалардан юзлаб маълумотларни келтиришимиз мумкин. Уларнинг муаллифлари дунё тан олган, ислом оламида шуҳрат қозонган муҳаддис, фақиҳ ва мутакаллимлар ҳисобланади. Биз қуйида бир қанча ҳанафий мазҳаби олимларининг ҳам фикрларини келтиришни истадик. Улардан биринчиси, машҳур аллома, юздан ортиқ асарлар муаллифи, ҳанафий мазҳабининг устунларидан бири Мавлоно Али ал-Қори раҳматуллоҳи алайҳи бўлиб, у зот камида учта асарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари коинотдаги энг афзал жой эканлигини айтиб ўтганлар.

Жумладан, Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ “Фазоили Байтуллоҳ ал-ҳаром” асарида бундай деганлар:

  و نقل القاضى عياض الإجماع على أن موضع قبر نبينا صلى الله عليه و سلم أفضل الأرض و أن الخلاف فيما سواه. قلت و قد قال بعضهم إن موضعا ضمّ أعضائه صلى الله عليه و سلم أفضل من العرش الأعظم

“Қози Иёз ҳазратлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ўрни ернинг энг афзал жойи экани борасида ижмоъ борлигини нақл қилганлар. Ихтилоф бундан бошқа жойлар тўғрисида бўлиб ўтган. Мен айтаманки, айрим олимлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аъзолари қўйилган макон Арши аъзамдан ҳам афзалдир!”, дедилар (Али ал-Қори. Фазоил Байтуллоҳ ал-ҳаром // Мажмуъ расоил ал-Аллома ал-Мулла Али ал-Қори. 2-жилд. – Истанбул: Дор ал-Лубоб, 2018. – Б. 109-110).

Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ ҳаж зиёрати тўғрисидаги мукаммал ва муфассал китобида бундай деганлар:

والخلاف أي الاختلاف المذكور محصورٌ فيما عدا موضع القبر المقدس، و كذا فى غير البيت المستأنس فإن الكعبة أفضل من المدينة ما عدا الضريح الأقدس بالإتفاق و كذا الضريح أفضل من المسجد الحرام بلا خلاف بل قال الجمهور: فما ضمّ أعضاءه الشريفة فهو أفضل بقاع الأرض بالإجماع اى بالإتفاق النقلى او بالإجماع السكوتى حتى من الكعبة اى عند بعضهم و من العرش اى أيضا على ما صرح به بعضهم فقد نقل القاضى عياض و غيره الإجماع على تفضيل ما ضم الأعضاء الشريفة حتى على الكعبة المنيفة و إن الخلاف فيما عداه و نقل عن ابن عقيل الحنبلى أن تلك البقعة أفضل من العرش و قد وافقه السادة البكريون على ذلك و قد صرح التاج الفاكهى بتفضيل الأرض على السموات لحلوله صلى الله عليه و سلم بها و حكاه بعضهم عن الأكثرين لخلق الأنبياء منها و دفنهم فيها و قال النووى الجمهور على تفضيل السماء على الأرض فينبغى أن يستثنى منها مواضع ضم أعضاء الأنبياء للجمع بين أقوال العلماء

“Макка ва Мадина фазилати борасидаги ихтилоф Муқаддас Қабрнинг ўрнидан бошқа жойларига чекланган. Шунингдек, Байтуллоҳдан бошқа жойлар назарда тутилган. Чунки, Каъба уламолар иттифоқига кўра Мадинанинг Муқаддас Қабрдан бошқа жойларидан афзалдир! Шунингдек, қабр ҳеч қандай ихтилофсиз Масжиди Ҳаромдан афзалдир! Балки, жумҳур уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарофатли аъзолари қўйилган жой ижмоъ билан Ернинг энг афзал жойи ҳисоблаганлар. Яъни, нақлий иттифоқ билан ёки сукутий ижмоъ билан шундай дейишган. Баъзи олимлар фикрича ҳатто Каъбадан ҳам афзалдир. Яна баъзи олимлар очиқ-ойдин айтганларидек, Аршдан ҳам афзалдир. Уни Қози Иёз ва бошқа олимлар нақл қилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарофатли аъзолари қўйилган жой ҳатто юксак Каъбадан ҳам афзал эканлигига ижмоъ мавжуд. Олимларнинг ихтилофи бу макондан бошқа жойлар тўғрисида бўлган. Ибн Ақил ал-Ҳанбалийдан мазкур макон Аршдан ҳам афзал экани ҳақидаги фикр нақл қилинган. Унинг гапи бошқа улуғ ал-Бакрийлар жамоаси гапига мувофиқдир. Тожиддин ал-Фокиҳий эса Ернинг осмондан афзал эканини очиқ ёзиб қолдирганлар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ерда ҳаёт кечирганлари сабаблидир. Айримлар жуда кўпчилик олимлардан нақл қилишганки, пайғамбарларнинг яратилгани ва дафн қилингани Ернинг Осмондан кўра афзаллигини билдиради. Имом ан-Нававий эса жумҳур олимлар Самонинг Ердан кўра афзал деб билганларини ёзиб қолдирган. Бу фикр пайғамбарларнинг аъзолари қўшилган ерларни мустасно қилганда тўғри келади. Чунки, у жами уламоларнинг фикрларини жамлаган бўлади” (Мулла Али ал-Қори. Ал-Маслак ал-мутақассит. – Макка: Матбаа ат-Тараққий, 1910. – Б. 288).

Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ дунёга машҳур ҳадис тўплами “Мишкот ал-масобеҳ”га роппа-роса 11 жилдлик шарҳ битган бўлиб, у “Мирқот ал-мафотеҳ” деб аталади. Ушбу асарнинг камида 3 та жойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари энг афзал макон эканлиги қайд қилинган. Шулардан биринчисида унинг “Ал-Маслак ал-мутақассит” асаридан иқтибос олинган иборалар айнан такрорланган (Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотеҳ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 370).

“Мирқот ал-мафотеҳ”нинг яна бир ўрнида эса мана бундай дейилган:

فيه تصريح بأن مكة افضل من المدينة كما عليه الجمهور إلا البقعة التى ضمت أعضاءه عليه الصلاة و السلام فإنها أفضل من مكة بل من الكعبة بل من العرش إجماعا

“Унда очиқ гап борки, жумҳур уламолар қавлларига кўра Макка Мадинадан афзалдир. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ўзига қўшган ер мустасно. Чунки, у Маккадан кўра афзал, балки Каъбадан кўра ҳам, балки ижмоъга кўра Аршдан ҳам афзалдир” (Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотеҳ. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 612).

“Мирқот ал-мафотеҳ”нинг яна бошқа жойида мана бундай дейилган:

…بل لأفضلية البقعة المكينة و قد قام الإجماع على أنها أفضل من مكة بل من الكعبة بل من العرش الأعظم

“Балки, бу маълумотлардан улуғ Қабрнинг афзаллиги чиқади. Унинг Маккадан кўра, Каъбадан кўра ва ҳатто Арши аъзамдан кўра афзал эканига ижмоъ қоим бўлган” (Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотеҳ. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 640).

“Дурр ал-мухтор” асарининг муаллифи Имом ал-Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларининг мутлақо афзал эканлигини баён қилганлар:

لا حرم للمدينة عندنا ومكة أفضل منها على الراجح إلا ما ضم أعضاءه عليه الصلاة والسلام فإنه أفضل مطلقا حتى من الكعبة والعرش والكرسي . وزيارة قبره مندوبة , بل قيل واجبة لمن له سعة

“Бизнинг мазҳабимизга кўра, Мадинада ҳарам йўқ. Ундан кўра Макка афзалдир. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аъзолари қўйилган макон бундан мустасно. Чунки, у мутлақо афзалдир, ҳатто Каъбадан ҳам, Аршдан ҳам, Курсийдан ҳам афзалдир. У зотнинг қабрларини зиёрат қилиш мустаҳаб, балки имкони бор одамга вожиб ҳам дейилган”.

“Дурр ал-мухтор”даги мазкур масалани унинг шориҳи, машҳур ҳанафий олими ва фақиҳи, мутааххирин ҳанафийларнинг энг улуғларидан бири Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳи “Радд ал-муҳтор”да:

مطلب في تفضيل قبره المكرم صلى الله عليه وسلم

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мукаррам қабрларининг афзаллиги ҳақидаги мавзу” деган сарлавҳа остида кенгроқ баён этганлар (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала “ад-Дурр ал-мухтор” шарҳ “Танвир ал-абсор”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 52-53).

Китобидан иқтибос олмоқчи бўлганимиз  учинчи ҳанафий олими Имом ат-Таҳтовий бўлиб, у бундай ёзади:

هى أفضل الأرض عندنا مطلقا و فضل مالك المدينة و الخلاف فى غير البقعة التى دفن بها صلى الله عليه و سلم فإنها أفضل حتى من العرش و الكرسى بالإجماع كما ذكره الشهاب فى شرح الشفاء

“Макка, бизнингча, мутлақо энг афзал ердир. Имом Молик Мадинани афзал деб ҳисоблаганлар. Ихтилоф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинган макондан бошқа жойлар борасидадир. Чунки, у ижмоъга кўра ҳатто Аршдан ҳам, Курсийдан ҳам афзалдир. Чунончи, Шиҳобиддин ал-Хаффожий “Шарҳ аш-Шифо” асарида зикр қилганлар” (Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала “Мароқий ал-фалоҳ” шарҳ “Нур ал-ийзоҳ”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 109).

Юқорида биз келтирган иқтибослардан ва келтира олмаган қанчадан-қанча китоблардан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари барча маконлардан афзалдир. Бунга уламолар, фуқаҳолар ва муҳаддислар, балки бутун уммати муҳаммадия иттифоқ ва ижмоъ қилганлар. Бироқ, мусулмонларнинг ижмоъси ва иттифоқига қарши чиқиш одати билан танилган Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ мазкур масалада ҳам ҳеч қандай ижмоъ йўқ, деб даъво қилиб чиққан эди (Ибн Таймия. Мажмуъ фатово. 27-жилд. – Мадина: Мажмаъ ал-Малик Фаҳд ли-тибоъат ал-Мусҳаф аш-шариф, 1995. – Б. 37).

Валийуддин ал-Ироқий (762-826 ҳ./1361-1423 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ҳадисшунос олим, фақиҳ, тилшунос бўлиб, у “ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия” номли асарида бундай деганлар:

و امّا الشيخ تقى الدين بن تيمية  فهو إمام واسع العلم كثير الفضائل و المحاسن زاهد فى الدنيا راغب فى الآخرة على طريقة السلف الصالح لكنه كما قيل فيه علمه أكثر من عقله. فأداه اجتهاده الى خرق الإجماع فى مسائل كثيرة قيل أنّها تبلغ ستين مسألة

“Шайх Тақийуддин Ибн Таймияга келадиган бўлсак, у илми кенг, фазилат ва яхши хислатлари кўп, дунёда зоҳид, охиратга рағбатли, салафи солиҳлар йўлидаги имомдир. Бироқ, унинг илмини ақлидан кўра кўпроқ бўлиб қолган, деб айтишган. Унинг (ўзича қилган) ижтиҳоди кўп масалаларда ижмоъни синдириб ташлаган. Айтилишича, улар (мусулмонлар уммати ва уламолари ижмоъ қилиб келган фиқҳий ва эътиқодий масалалардан) олтмишта масалага етган” (Валийуддин ал-Ироқий. ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия. – Риёз: Мактаба ат-Тавъия ал-исломия, 1989. – Б. 92-93).

Ибн Таймия томонидан ижмоъи умматга қарши чиқиб айтилган 60 дан ортиқ фикр ва фатволар унинг аҳли сунна ва-л-жамоанинг шаклланиб улгурган, барча томонидан якдиллик ила тан олинган тўрт мазҳабига зид эканлиги ўз-ўзидан маълум. Шунингдек, бу хилдаги унинг кўпдан-кўп фикрларига жиддий эътирозлар ва раддиялар қилингани ҳам айни ҳақиқат. Афсуски, ушбу фикрларни бугунги кунда ҳам янги чиққан зоҳирийлар, ўзларини аҳли ҳадис, салафий дейдиганлар, ваҳҳобий, бемазҳаб каби турли номлар билан аталиб келинаётганлар дастак қилиб олмоқдалар, унга кўр-кўрона эргашиб, Ибн Таймиячи мусулмонлар сифатида фитналарга сабабчи бўлиб қолмоқдалар…

Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари барча маконлардан афзал эканлигини айтамиз ҳамда аҳли суннат ва жамоатга эргашувчи мусулмонларнинг, фарзанд ва зурриётларимизнинг ушбу ақидада бўлмоғини истаймиз. Зотан, юқоридаги иқтибослар бунга уламолар, фуқаҳолар ва муҳаддислар, балки бутун уммати муҳаммадия иттифоқ ва ижмоъ қилганини исботлайди. Ижмоъга эса далил ва ҳужжат сўраш илмсизликдан бошқа нарса эмас. Чунки, ижмоънинг ўзи шариатнинг далили ва ҳужжатидир. Ижмоъ шариатнинг оят, ҳадис, ижмоъ ва қиёс сингари тўртта энг юксак устунларидан биридир. Унга қарши бирор гап айтиш, фикр билдириб, ўзича ҳар хил далил ва ҳужжатлар топиш аҳли суннат ва жамоатнинг доирасидан чиқишга олиб келади. Ҳолбуки, юқорида айтиб ўтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари барча маконлардан афзал эканлигига уламоларимиз ҳадиси шарифлардан ҳам саҳиҳ ривоятлар топишган. Қайсарлик қилиб, уларни хатога чиқаравериш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Аллоҳ бизни, оилаларимизни ва зурриётларимизни Аллоҳнинг Ҳабибига нисбатан ҳурматсизлик қилишдек мусибатдан ва илмсизликдан ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...