Расулуллоҳ алайҳиссаломни тушида кўрган ибн Уккошанинг ҳикояси

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Муҳаммад ибн Уккоша раҳимаҳуллоҳ айтади: Менга Муовия ибн Ҳаммод ал-Кирмоний Зуҳрийдан қуйидагича хабар қилди:

“Кимки жума кечаси ғусл қилиб икки ракат намоз ўқиса, ҳар ракатида Ихлос сурасини минг мартадан ўқиса, тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўради”.

Камина шу хабарга асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушимда кўриш илинжида ҳар жума кечаси икки ракат намоз ўқиб ҳар ракатида минг мартадан Ихлос сурасини ўқирдим. Агар ул зоти шарифни тушимда кўрсам бир қанча диний қоидаларни кўрсатиб олиш умидида эдим. Бир кун ҳаво салқин эди. Тунда ғусл қилдим-да икки ракат намоз ўқиб жойимга ётдим. Бироз ухлаб эҳтилом бўлиб қолибман. Кейин ўрнимдан туриб иккинчи бор ғусл қилдим ва яна икки ракат намоз ўқидим. Намозни тамомлаганимда бомдод вақти киришига оз қолганди. Шу ҳолатда деворга суяниб қиблага юзланган ҳолда кўзим кетибди.

Тўсатдан менинг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдилар. Юзлари худди ўн тўрт кунлик ой сингари тиниқ ва гўзал, бўйинлари эса олтин сопли кумуш кўза каби чиройли эди. Эгнида мана бундай Яман чопонларидан икки чопон, бирини кийиб олган, иккинчисини пешбанд қилиб боғлаб олган эдилар. Менинг олдимга шошиб келдилар.

Мен: “Марҳабо эй Расулуллоҳ”, демоқчи бўлгандим, ул зот мендан олдин: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлсин”, дедилар. Мен доим ул зотнинг Уҳуд жангида синган олдинги тўрт тишларини кўришни истардим, сўрамасимдан олдин ўзлари табассум қилдилар ва мен тишларини кўриб олдим.

Мен: “Эй Расулуллоҳ, бир қанча фақиҳ ва аҳли илмлар мен билан ихтилоф қилишмоқда. Менда ўзим суяниб турган қоида ва усулларим бор шуларни сизга кўрсатиб олсам, дегандим…”, деб сўрадим.

Ул зоти шариф: “Майли, қани кўрсатчи”, дедилар.

Мен қатор тартиб билан санаб дедим:

1. Аллоҳнинг қазосига рози бўлиш;

2. Аллоҳнинг буйруғига таслим бўлиш;

3. Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш;

4. Аллоҳ амр этган нарсаларни бажариш;

5. Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилиш;

6. Аллоҳ учун ихлос билан амал қилиш;

7. Тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан деб иймон келтириш;

8. Тортишувдан воз кечиш ва шубҳа-гумонларга берилмаслик;

9. Дин ишларида хусуматдан йироқ бўлиш;

10. Маҳсига масҳ тортишлик;

11. Аҳли қибланинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш;

12. Аҳли қибладан бўлган маййитга жаноза ўқишни суннат деб билиш;

13. Иймон (нури амал туфайли) кўпайиб камайиб туради;

14. Қуръон Аллоҳнинг каломидир;

15. Султон адолат қилганида ҳам зулм қилганда ҳам унга итоатда сабрли бўлиш;

16. Бошлиқлар агарча зулм қилсалар ҳам уларга қарши қилич кўтармаслик;

17. Аҳли тавҳиддан бўлган бирор кимсани аниқ жаннатга ва ё аниқ дўзаҳга тушади деб ҳукм чиқармаслик;

18. Аҳли тавҳидлар агар катта гуноҳ қилсалар-да уларни кофирга чиқармаслик;

19. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳақида ножўя гапирмаслик; Худди шу ерга келганимда Ул зоти шариф йиғлаб юбордилар ҳатто менга йиғи товушлари эшитилди.

20. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг инсонлар ичида энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, кейин Умар, кейин Усмон, кейин Али розияллоҳу анҳулар.

Ҳазрати Алига келганда ҳаёлимдан: “Амакингизнинг ўғли ва ҳам сизнинг куёвингиз”, деган ўй ўтди (яъни Усмондан Али афзалроқдир деган ҳаёлда). Бирдан Расулуллоҳ худди ичимдагини билгандек менга қараб табассум қилиб қўйдилар.

Мен шу тарзда бу қоидаларни қаторасига уч кеча Расулуллоҳга ўқиб бердим. Ҳар кеча Усмон билан Алига келганда тўхталиб қолардим. Расулуллоҳ эса менга: “Кейин Усмон, кейин Али”, деб уч мартадан такрорлар эдилар. Расулуллоҳ жаноблари менинг қоидаларимни кўзларида жиққа ёш билан эшитдилар.

Шу ҳодисадан кейин қалбимда таърифлашга тил ожизлик қилар даражада ҳаловат топдим. Ва қаторасига саккиз кун туз тотганим йўқ. Оқибат фарз намозларни адо қилишга ожизлик сеза бошлаганимда таом едим. Таом едиму, ҳалиги ҳаловат лаззатини ҳам йўқотиб қўйдим. Менга Аллоҳ таолонинг ўзи шоҳид ва У бошқалардан кўра етарли ва кофийдир!

Мўминлар амири Мутаваккил раҳматуллоҳи алайҳ Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳга дейди: “Эй Аҳмад! Мен сени ўзим ва Роббим орамизда ҳужжат қилсам дейман. Менга аҳли сунна ва жамоа йўлини кўрсат, шунингдек, устозларинг тобеинлардан тобеинлар эса саҳобалардан ёзиб олган нарсаларни сен ҳам менга кўрсат”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Мутаваккилга жавоб бериш жараёнида юқоридаги ҳикояни ҳам қаторда айтиб ўтди.

Абу Ҳасан Муҳаммад ибн Аҳмад Шофеъий (ҳ. 377 й.). “Ат-танбеҳ вар-рад ала аҳлил-аҳваи вал-бидаъ”. 28-29 бетлар. ал-Мактабатул-азҳария.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим таржимаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *