МУҲАММАД ТАҚИЙ УСМОНИЙ ҲАЗРАТЛАРИ ВА УНИНГ  ЎЗБЕКИСТОНГА ЗИЁРАТИ ҲАҚИДА

photo_2019-04-21_14-02-56Давримизнинг энг кўзга кўринган машҳур ислом уламоси, фақиҳ, муҳаддис ва тариқат шайхларидан бири, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳанафий мазҳаби аъзоси Муҳаммад Тақий ал-Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бўладилар. У зот 76 ёшдалар, 1943 йилда Ҳиндистоннинг Девбанд қишлоғида туғилганлар. Кейин болалик даврида ота-оналари билан бирга ҳозирги Покистонга ҳижрат қилиб ўтганлар. Бугунги кунда Покистоннинг Карочи шаҳрида истиқомат қиладилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг куёвлари, чаҳорёрлардан бўлмиш Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг авлодидан бўлгани боис “Усмоний” нисбаси билан танилганлар.
Бундан олдин ҳам Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ўзбекистоннинг илк мустақиллик йилида ташриф буюрганлар. Бироқ, у пайтда у зотни бизнинг юртларда яхши танишмагани боис келганларини кўпчилик билмай қолаверган. У зотнинг ҳозирги саёҳати эса диний ислоҳотлар бўлаётган, дориломон эркинлик ҳамда юртимизнинг дарвозалари сайёҳлар учун ланг очилиб турган бир пайтга тўғри келиб турибди.
Юртимиз шайхулисломи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бизга у зотнинг замонавий фиқҳий масалаларга бағишланган 2 жилдлик “Буҳус қазоё фиқҳия муосара” асарини ўқитган эдилар. Бугунги кунда мазкур асардан бутун дунёдаги ва биздаги исломий ўқув даргоҳлари ҳам унумли фойдаланиб келади. “Енгил амаллар” ва “Ислоҳий хутбалар” асари ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилган. Билишимча, яна тўрт-бешта асари ўзбек тилига таржима қилиниб нашрга тайёрлаб қўйилган.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари бутун ислом олами учун, хусусан, биз учун тўртта хусусияти билан қадрлидирлар:
1) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари бизнинг бобокалон юртдошимиз, муҳаддислар султони Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” деб аталган “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларига 10 жилдлик “Инъом ал-Борий” деган шарҳ битганлар. Шунингдек, буюк муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий” деб аталган “ал-Жомеъ ас-сунан” асарларига 3 жилдлик “Дарси Термизий” ва яна 2 жилдлик “Тақрири Термизий” номли шарҳлар ёзганлар. Улар бошқа шарҳлардан ўзининг кенглиги, ҳанафий мазҳабининг далилларини ўзида тўплагани, бошқа мазҳабларнинг фикрлари ва уларнинг далилларига қониқарли жавоблар берилгани билан устун ҳисобланади. Мазкур шарҳлар ҳанафий мазҳабининг ҳадис бўйича далилларини ўрганишда жуда муҳим аҳамият касб этади.
2) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари фақиҳ ва муҳаддис бўлиш билан бирга тариқат шайхи ҳисобланади. У зот бир вақтнинг ўзида аҳли суннат ва жамоат таълимотига уйғун тўртта тариқатнинг шайхи бўлиб, айниқса, нақшбандийлиги билан биз учун қадрлидир. Ўзбекистонга сафари давомида ҳозирда ҳаёт бўлган тариқат пирлари тўғрисида ҳам сўраб-суриштирганлари бежиз эмас. Қарийб барча суҳбатларида авлиёуллоҳлар билан, Аллоҳнинг дўстлари билан, тақводор ва парҳезгор олимлар ҳамда тариқат пирлари билан суҳбатдош бўлиш, уларнинг таълим-тарбияларини олиш шартлиги борасида бот-бот эслатиб ўтдилар. Зотан, соғлом тасаввуф исломнинг руҳидир, тасаввуфга алоқаси йўқ мусулмон эса руҳсиздир!
3) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг 50 дан ортиқ асарлари мавжуд бўлиб, улардан аксариятининг мавзуси замонавий фиқҳий масалаларга, жумладан, банк ва бошқа иқтисодий масалаларга йўналтирилган. Шунинг учун, олим бутун дунёда исломий иқтисод бўйича энг етук ва машҳур мутахассислардан бири сифатида танилган. У зот айнан исломий иқтисод соҳаси бўйича давримизнинг ислом мужаддидларидан ҳисобланади. Хусусан, у зот бугунги кунда “ислом банки” ва “исломий иқтисод” деб аталаётган тизимнинг асосчиларидан бўлиб, унинг назарий жиҳатларини исботлаб бера олган олимлардан биридир. Бизнинг жонажон ватанимизга исломий иқтисод ва исломий банклар тизими энди-энди кириб келаётгани боис у зотнинг фикрлари, қарашлари ва асарларига эҳтиёжимиз бор. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ташрифини охирги кунида ислом молияси ва иқтисоди мавзуси бўйича алоҳида давра суҳбати уюштирилгани ҳам бунинг ёққол ифодасидир. Биз ўз юртимизда жаҳонда юз берган молиявий-иқтисодий инқирозлардан ҳам омон ва самара билан чиқа олган исломий иқтисод ва исломий банк тизимини ривожлантирар эканмиз, у зотнинг маслаҳатлари ва асарлари жуда қўл келади.
4) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ҳар қандай замонавий масалаларни эски фиқҳий манбалар билан боғлай олишда бағоят нодирдирлар. У зот ҳар қандай замонавий масалаларни ҳанафий мазҳабининг қадимги уламолари ёзиб кетган ёзма меросларидаги маълумотлар ва фатволар билан уйғун ҳолда талқин қилишга моҳир фақиҳ ҳисобланадилар. Олимнинг мана шу жиҳати – ҳанафийлик фиқҳини, тўрт мазҳаб фиқҳини, саҳоба ва тобеъинлар фиқҳини билиши ҳамда уларни замонавий масалаларга татбиқ қила олиши бугун бутун дунё уламоларини ҳайратга солмоқда. Бу зот ҳар қандай саволга аввал ҳанафий фиқҳий манбаларидан жавоб бериб, агар бўлса бошқа тўрт мазҳабдаги масалаларни уйғунлаштириб, сўнг бунга далил бўладиган оят ёки ҳадисни айтадилар. Бу эса бирор савол сўралса, дарҳол оят ёки ҳадисдан жавоб берадиган замонамиз “билимдон”ларига ўрнак бўладиган жиҳатдир.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Ўзбекистонга ташрифи Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари барпо қилиб кетган “Грант-таълим” ва “Ҳилол-нашр” нашриёт уйининг ташаббуси билан амалга оширилди. Биз бу ташрифни уюштиришгани учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг солиҳ ўғиллари Шайх Исмоил жанобларига ва у зотнинг шогирдларига миннатдорлик билдирамиз. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг ташрифи қадамма-қадам тасвирга олиниб, интернет ва матбуотда ёритиб борилди. Зотан, Англиядан келишган, Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг ёнида юришган шогирдлари бу ташрифлар ва тадбирлар жуда зўр ва тартибли уюштирилаётганини бир неча марта эътироф қилишди.
Бу ерда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Ўзбекистонга ташрифида эътиборни торган бир неча жиҳатларни кўрсатиб ўтиш ўринлидир:
1. Ташрифдан кўзда тутилган мақсадлардан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг бугун “Зиёрат туризми” деб аталаётган зиёратлари эди. Ҳазрат бутун умрлари давомида Марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик алломалар, фақиҳ ва муҳаддислар, тариқат намояндалари ижоди билан машғул бўлиб келган. Бироқ, уларнинг юрган йўллари, туғилиб-ўсган юртлари, абадий қўним топган қабрларини зиёрат қилиш энди насиб қилиб турибди. Буни биз у зотнинг Абу Исо ат-Термизий бобомиз қабрларини кўзларида ёш тўла қувонч йиғиси билан зиёрат қилаётганида ёққол ҳис қилдик. Зотан, бу хилдаги зиёратлар бутун дунё уламолари ва ислом олимларининг бир умрлик орзусидир. Дунё тан олган уламонинг, аҳли суннат ва жамоат олимининг бу хилдаги зиёратлари қабрларни зиёрат қилишни ширк дегувчи, бидъат санагувчи, “қубурий” деб нисбат қилувчиларга ибрат ва огоҳлантириш ҳамдир.
2. Ташрифдан кўзда тутилган иккинчи мақсад Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ўзлари ўқиган ва ўқитган китобларидан бу юрт аҳли илмлари учун ҳозирда “ижоза” деб аталаётган ўзига хос ижозатнома ва шаҳодатномаларини бериб кетиш эди. Асрлар давомида, аниқроғи, табъа тобеъинлар даври (VIII аср)дан бери келаётган илм ўқиб-ўрганишнинг бир муҳим жиҳати бор. У ҳам бўлса, ҳақиқатдан ҳам ўқиб-ўрганилганлик, ўқиш ва ўқитиш бўйича ижозат олиш, ижозатномани, аниқроғи, шаҳодатнома (ўзига хос “диплом”)ни қўлга киритиш ҳолатидир. Бу ижоза оммавий ва оғзаки тарзда ҳам бўлиши мумкин. Диний илмларда бу борада энг оммалашган йўналишлари бўйича қироат, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф етакчилик қилиб келади. Диний илмларнинг барча йўналишлари бўйича ижозат берилганда, қироатнинг, ҳадиснинг ёки илмни етказувчининг санади, яъни қироат, ҳадис ва илмни нақл қилган устоз ровийларнинг кетма-кетлиги силсила тарзида устоз шайхдан тортиб то китоб муаллифигача, ундан ҳам ўтиб тобеъин-у саҳоба ҳамда охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган силсиласи кетма-кетликда изчиллик билан етказилган, яъни “муттасил санад” бўлади. Шунинг учун бутун дунёда қироат илми бўлсин, ҳадисларни ўқиб-ўрганиш бўлсин, фиқҳий манбаларни ўзлаштириш бўлсин, тасаввуфий сабоқларни муршиддан олганлик бўлсин, барчасида ижозат олган ана шу оддий толиби илмдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган ровийлар занжирига уланиб қолиш жуда қадрлидир ва бу буюк неъматдир, илмдаги жуда катта омонатдорлик ва бошқаларга нисбатан даражадир. Бу хилдаги ижозалар “сабат”-“асбот” (“мустаҳкам”) ҳам дейилади. Уларда устоз то китоб муаллифигача бўлган устозлар силсиласини бирма-бир қайд қилган бўлади. Бу эса таълим жараёнининг ҳақиқатдан ҳам ишончли бўлганини тасдиқлайди ҳамда матнларни изоҳлашнинг ишончлилик даражасини оширади. Аллақачон бутун дунёда оммалашиб улгурган бу ҳолатга бизнинг юрт аҳли илмлари ҳам энди-энди эътибор бера бошладилар.
3. Бухоройи шарифда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари тасаввуф намояндаси, Етти Пирнинг бири – Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабрларини зиёрат қилар эканлар, бир жиҳат эътиборимни тортди. Қабр зиёратининг одоби шуки, зиёрат қилувчи қабрнинг қибла томонига ўтиб, орқасини қиблага ўгириб, юзини қабр соҳибига қаратиб тик турган ҳолда салом бериши ва дуолар қилиши керак. Буни эсдан чиқарманг, илтимос. Ҳазрат қиблани сўрадилар, олдида юрувчилар у зотнинг мақсадини тушунмай, қабрнинг орқа томонига ўтказиб, юзларини қабр ва қиблага қаратиб қўйдилар. Ҳазрат фаросат билан буни тушуниб қолиб, қабрнинг қибла томонига ўтиб, яна зиёратни қайта қилдилар. Бу ҳолат Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг зиёратларида ҳам содир бўлди. Ёки бухоролик аҳли илмлар зиёратнинг бу одобини билишмас эканми, билмайман.
4. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Бухоройи шарифда Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари зиёратида ҳам, Самарқандда Имом Бухорий зиёратида ҳам илм ўқитиладиган даргоҳларга қизиқиб қолдилар. Қозиларимиздан ҳозирги Президентимиз ташаббуслари билан бу ерларда исломий ўқув даргоҳлари барпо бўлаётганини эшитиб, хушхабарни Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари катта хурсандчилик билан қабул қилдилар. Юртбошимиз ҳақларида: “Бу давлат раисининг динга, илмга, китобга ва илм аҳлларига муҳаббатли эканлиги кўриниб турибди!”, дедилар. Бу башоратомуз ҳақиқат барчамизга муборак бўлсин ҳамда бу тўрт нарсага бўлган муҳаббат – Президентимизнинг юртбошилик даврида ёққол намоён ва чароғон бўлиб тураверсин, илоҳим.
5. Бухоройи шарифда “Мир Араб мадрасаси” зиёрати асносида Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари талабаларга “ал-Мусалсал би-л-аввалия” (“Энг аввалги силсилали ҳадис”)дан ижоза бердилар. Ҳадис илмидан ижозат олиш ва ўқиб-ўрганишнинг илк давриданоқ устоз шайхлар шогирдларига битта ҳадисни ўргатиб ижозат бериб қўядилар. Ана шу илк ва бирламчи ўргатиладиган ҳадиси шариф “мусалсал би-л-аввалия” (“энг аввалги силсилали ҳадис”) деб номланган. Бу ҳадисни барча ҳадисшунос олимлар шогирдларига муттасил ўргатиб келадилар ва шу ҳадиснинг ўзига ижозат бераверадилар. Битта устознинг ўзи умумий ўқиш даврида бир неча марта табаррук мақсадида ана шу биттагина ҳадисдан шогирдларига ёки зиёратлар пайтида мухлисларига ижоза бераверади. Бу – ижозанинг энг оммалашган туридир.
6. Бухорода Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларига бир беадаб ихтилофли масала – тавассул ва табаррук масаласи бўйича савол берди. У беадаб катта давраларда улуғларга ихтилофли масалалардан савол берилмаслик одобини билмас эканми? Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг Нишопур ва Бухородан ҳайдалишига ана шундай ихтилофли саволлар ва унга буюк муҳаддис томонидан ҳаққоний жавоб берилиши сабаб бўлган эди. Замонамизнинг бу муҳаддиси эса ўша беадабнинг кутганидек эмас, балки минг йиллик ислом анъанасига амал қилган ҳамда аҳли суннат ва жамоатнинг ҳақиқий уламоларига суянган ва исломнинг асл манбаларига таянган ҳолда жавоб бердилар. Яъни, “Тавассул ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зоти бобаракотнинг ворислари бўлган уламолардан табаррук олиш ва табаррук қилиш ҳам асло ширк эмас!”, деб тушунтирдилар. Тавассул ва табаррукни ширк деб аййуҳаннос солаётган бемазҳабларга бу катта зарба ва раддия бўлди!
7. Бухоройи шарифдаги зиёратларда менга янгилик бўлгани, машҳур ҳанафий фақиҳи Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий қабрлари ҳамда Имом Бухорийнинг туғилган уйлари зиёрати бўлди. Ҳанафий мазҳаби тарихида Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий (ваф.456 ҳ./1063 м.) гача бўлган фақиҳлар “мутақаддим”лар, ундан кейингилар эса “мутааххир”лар деб аталади. У зот ҳанафийлик мазҳаби фиқҳидаги энг машҳур манбалардан бири “ал-Мабсут” асари соҳиби Шамс ал-аимма ас-Сарахсийнинг устозидирлар. Имом Бухорийнинг туғилган уйлари эса “Мир араб” ва “Масжиди калон”нинг қибласидаги маҳаллада эмиш. Ўрта асрлардаёқ у ер масжид қилиб қўйилган. Айтишларича, Имом Бухорийнинг туғилган уйларининг ўрнини ҳеч ким босмасин, деб, ҳовуз қилиб қўйилган экан.
8. Самарқандда Халқаро Ҳадис маркази ёки Ҳадис илми Олий мактаби зиёрати асносида Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари шогидлари билан биргаликда аҳли илмларга Имом Бухорийнинг “Сулосийёт”лари ва Имом Термизийнинг “Сулосийёт”ларини тўлиқ ўқиб бериб, ундан ижоза бердилар. Саҳиҳ ҳадислардан иборат “сулосийёт”лар ҳадислар орасидаги энг ишончли ривоятлардир! Имом Бухорийнинг “Сулосийёт”ларида 22 та ҳадис, Имом Термизийнинг “Сулосийёт”ларида эса бор йўғи биттагина ҳадис уч ровий силсиласидан иборат. Улар ўзбек тилида ҳам эълон қилинган. Мазкур уч ровийлик ҳадислар “Сулосийёт” деб юритилади. Булар муҳаддиснинг табъа тобеъин табақасидаги устози томонидан тобеъиндан, у эса саҳобадан ривоят қилган ҳадислардир. Масалан, Имом Бухорий билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ораларидаги вақт қарийб 250 йилни ташкил қилади. Демак, бу ҳадисларни ривоят қилган ровийларнинг барчаси узоқ умр кўрган ва бир-бирлари билан шахсан учрашган. Зотан, Имом Бухорийнинг ҳадисларнинг саҳиҳлигига қўйган шартлари энг оғири бўлиб, унда ровийлар бир-бирлари билан шахсан учрашганлиги ва устоз-шогирд бўлганлиги аниқ бўлиши керак.
9. Самарқандда “Шоҳи Зинда” ҳам зиёрат қилинди. Бу ерда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг севимли амакиваччалари Қусам ибн Аббос разийаллоҳу анҳу дафн қилинганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зот ҳақларида: “Қусам одамлар орасида менга халқ ва хулқда энг ўхшашидир!” деб марҳамат қилганлар. Шоҳи Зинда пойиқадамида Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари шомга шахсан ўзлари имом бўлиб бердилар. Бундай улуғ зотларнинг катта жамоатда намозга имом бўлиб беришлари ноёб ҳодисадир. Буни биз муборак юртимизга нисбатан у зотнинг ҳурмат-эҳтироми рамзи деб билдик. Кейинроқ биз пешин, аср ва яна шомни ҳам у зотнинг орқаларида ўқиш шарафига мушарраф бўлдик. Зотан, “Тақводор зотнинг орқасида намоз ўқиш гўё Пайғамбар орқасида намоз ўқиган кабидир!”, деган ҳикмат мавжуд. Уни ҳадис деб ривоят қилганлар ҳам бор. Бу ҳикматда “тақий” (тақводор зот) сўзи бекорга ишлатилмаган.
10. Зиёрат режасига киритилмаган бўлишига қарамасдан, Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Мирзо Улуғбек барпо қилдирган Расадхонани бориб кўрдилар. У зот ўз асарларида Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби қомусий олимларимизнинг фикрларидан ҳам фойдаланиб турадилар. Бу эса, Бурҳониддин Марғилоний бобомиз “Ҳидояи шариф”нинг муқаддимасидаёқ “Илм-фаннинг барчаси яхшидир!” деганларидек, ҳаққоний олим илм-фаннинг барча жиҳатларига беэътибор бўлмасликни англатади. Бу ҳолат шеърият, адабиёт, тарих ҳамда хорижий тилларга беэътибор ва бепарво бўладиган, ҳатто уларни ўрганишни ёқтирмайдиган бизнинг айрим қори акаларимиз ва талабаларимизга ўрнак ва ажойиб намунадир. Шеърият ва адабиётга ошно бўлинг, тарихни синчиклаб ўрганинг, бир неча хорижий тилларга эга бўлинг. Зотан, Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари урду, араб ва инглиз тилларида бемалол гаплаша оладилар, бу учта тилда бемалол ижод қила оладилар. Афсуслар бўлсинки, бизнинг аҳли илмларимизда ана шу нарса етишмайди. Президентимиз ҳам аҳли илмларимизнинг араб ва бошқа тилларни ўрганишини ҳамда бемалол гаплаша ва ёза олишларини истаётгани бежиз эмас. Биз дунёга устозлик қилган аждодларнинг авлодларимиз, тарих яна қайталаниши керак! Эй илм аҳли ва толиби илмлар, ғайрат қилинг ва ҳиммат кўрсатинг, бутун дунёни илмингиз ва номингиз билан тўлдириб ташланг!
11. Тошкентда “Ҳилол-нашр” ташрифи асносида аҳли илмлар ва мухлис мусулмонларга “ал-Авоил ас-сунбулия”дан ижоза бердилар. “ал-Авоил ас-сунбулия” ҳадис илмида алоҳида ижозат бериладиган асарлардан бўлиб, “арбаъин” (“қирқ ҳадис”) жанрига мансуб асардир. Бу хилдаги асарларда қирқта (баъзида ундан камроқ ёки кўп) ҳадис китобининг илк ҳадис ривоятлари тўпланган бўлади. Улардан ижоза олганлик ҳадисга оид қирқ китобни ўқиб-ўрганишга ижозат ҳисобланади. “ал-Авоил ас-сунбулия” ўз даврида Маккаи мукаррамада шофеъийлик мазҳаби бўйича муфтий бўлган муҳаддис олим Муҳаммад Саъид Сунбул ал-Маккий (ваф. 1175 ҳ./1762 м.) қаламига мансубдир. Бу китобнинг бир қанча йўллар билан силсилали тарзда ривоят қилинган вариантлари бор. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг вариантлари эса ҳалигача нашр қилинмаган, қўлёзма ҳолида ижоза берилиб келади.
12. Термиз шаҳрида Абу Исо ат-Термизийни зиёрат қилиб, улуғ муҳаддиснинг ҳузурларида “Сунани Термизий”даги илк ҳадисни ўқиб махсус ижозат бердилар, аср ўқилгандан кейин эса Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари оммага ушбу ҳадисни шарҳлаб бердилар. Бу ерда у зот ҳар бир инсон авлиёуллоҳларнинг, солиҳ инсонларнинг, тақводор кишиларнинг, илмига амал қилаётган уламоларнинг, Аллоҳнинг дўстларининг суҳбатида бўлиш лозимлигини айтдилар. Умуман, у зот асарлари ва суҳбатларида бу нарсани тез-тез уқтириб келадилар. Тошкентда “Грант-таълим” ва “Ҳилол-нашр”даги суҳбатда ҳам бу нарсани алоҳида таъкидладилар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни нур деб таърифлаганини (масалан, “Моида” сураси, 15-оят) айтиб, китобларнинг фақат ўзи зулмат, чанг босиб ётаверади, уларга нур эниши учун Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг меросхўрлари бўлмиш уламолар, аҳли илмлар зарур, дедилар. Уларгина китобларга нур бағишлай олади, уларнинг суҳбатини олганларгина нурли ва нуроний бўла олади. Фақат китобнинг ўзи инсонга нур бера олмайди, ундаги фикрларни тушуниб, унга амал қилган одам қалбига нур киради.
13. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари илмига амал қилиш лозимлигини Тошкент Ислом институти (“Олий Маъҳад”) ташрифида ҳам таъкидлаганлар. Шунинг учун, китобнинг ўзини ўқиб юравермасдан, олимларнинг суҳбатига ошиқинг, улар билан бирга бўлишга қизиқинг, шунда илмга тушуниш ва тушунганингизга амал қилиш осон бўлади. Бу олий даргоҳда талабаларнинг “Сунани Термизий” ва “Шарҳ маоний ал-асор”ни ўқиганларини эшитиб, жуда севинганлар ва уларга бу икки китобдан ижоза берганлар. “Шарҳ маоний ал-асор” асари Имом ат-Таҳовийга тегишли бўлиб, ҳадис илмига киришишда аввал мазкур китобни ўқиб олиш лозим. Бу китобни ўқиган талаба ҳанафийлик мазҳабининг фиқҳи беасл эмаслигини, ундаги ҳар бир масала далил устига қурилганини, ҳанафийликдаги фатволарнинг ўзига яраша далил ва ҳужжатлари борлигини билиб олади. Бу хилдаги қарашнинг инсон қалбига ўрнашиши эса ҳар бир ҳадис илмига киришмоқчи бўлганлар учун жуда зарур.
Хулоса.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари давримизнинг кўзга кўринган алломаларидан биридир. У зотнинг юртимизга ташрифи нур ва барака бўлишига шак-шубҳа йўқ! Чунки, бир ҳожи аканинг айтишига қараганда, уч кун олдин ҳам интернетга қаралганда ёмғир бўлиши кўрсатилмай турган экан. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг Бухорога ташрифи чоғиданоқ оби раҳмат бўлмиш ёмғир ёға бошлади. Бухорода ҳам, Самарқандда ҳам, Сурхондарёда ҳам, Тошкентда ҳам ёмғир бўлиб турди. Бу нур ва бараканинг нишонаси ва аломати эмасми?!
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг юқорида номи тилга олинган 2 жилдлик “Буҳус қазоё фиқҳия муосара” асари, шунингдек, давримиз учун долзарб бўлган “Жонлиқ сўйиш ҳукмлари”, “Ислом ва янги иқтисод”, “Ақл ва шариат тарозисига кўра наслни чеклаш”, “Фатво бериш асослари”, “Шариат мезонидаги тақлид”, “Ҳозирги асрда ижтиҳод услуби”, “Ислом ва инсоний ҳуқуқлар”, “Бизнинг иқтисодий низомимиз”, “Ислом ва сиёсий назарлар”, “Набавий суннатнинг ўрни”, “Ислом иқтисодига кириш”, “Савдо-сотиқлар фиқҳи”, “Мақолоти Усмоний” ва ниҳоят, катта-катта 4 жилдлик “Фатовойи Усмоний” каби асарлари ҳам ўзбек тилига таржима қилиниши керак.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари аҳли суннат ва жамоатнинг мотуридий эътиқодли, ҳанафий мазҳабли, нақшбандий тариқатли уламоси бўлиб, у зот каби улуғ зотлар юртимизга тез-тез ташриф буюриб турмоғи керак. Зотан, халқимиз ва ёшларимиз шу каби ҳаққоний уламолар ортидан эргашмоғи ҳамда улардан ибрат ва ўрнак олиб ҳаёт кечирмоғи ҳамда улардек бўлишга интилмоғи лозим. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари ҳам Хоразм ва Фарғонани зиёрат қила олмай қолаётганини айтдилар, биз эса яна юртимизга такрор-такрор ташриф буюришларини истадик.
Парвардигори олам бизнинг юртларимизга нур ва барака ёғдирсин. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари каби олимларга эргашиб ҳаёт кечирмоқни насиб қилсин. Бизнинг юртлардан ҳам Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари каби олим ва уламоларни кўплаб чиқарсин. Яратган Эгам илмларимизни зиёд айласин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *