Бухоронинг етти нафар қозиси

Lotin alifbosida

Бухорода қозикалонлик қилиб донг таратган, ўзларининг илму маърифати, тақвоси, парҳезгорлиги ва адолати билан бошқа қозилардан ажралиб турган етти нафар қози ўтганлиги маълум. Улар қозилик ишларида ноҳақликка йўл қўймаганлиги билан, халқ орасида эса ўзларининг обрўси ила танилганлар. Мазкур етти нафар қози турли даврларда ўтган бўлса-да, бироқ қабрлари бир жойда – Бухородаги “Чор Бакр мажмуаси”нинг шарқий тарафида унга яқин масофада бўлган. Ушбу қабристон халқ орасида “Мазороти қузоти сабъа” (“Етти нафар қозиларнинг мазорлари”) номи билан шуҳрат топган, одамлар у ерда дуолар мустажоб бўлишига ишонганлар. Бухоронинг ушбу етти нафар қозиси қуйидагилардир (Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий Муин ал-фуқаро. Тарихи Муллозода / Сўз боши, форс тилидан таржима, изоҳлар муаллифлари Ш.Воҳидов, Б.Аминов. – Тошкент: Янги аср авлоди, 2009. – Б. 64-66; Носириддин ал-Ҳанафий ал-Бухорий. Туҳфат аз-зоирин. – Бухоро, 1910. – Б. 18; Ўша муаллиф. Ҳодий аз-зоирин. ШҚМ қўлёзмалар фонди, № 2193/II. – В. 22а.):

1) Абу Зайд Убайдуллоҳ (Абдуллоҳ) ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий ал-Бухорий (978-1039) раҳимаҳуллоҳ. У зот хилоф илми – фиқҳга оида мунозара соҳасининг асосчиси, ўзларининг “Таъсис ан-назар” ва “Тақвим ал-адилла” каби асарлари билан шуҳрат қозонганлар.

2) Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр (Умар) ибн Сулаймон аш-Шуъабий (аш-Шаъбий) ал-Уструшаний (ваф. 400/1010 ёки 404/1013) раҳимаҳуллоҳ. У зот Абу Зайд ад-Дабусий (978-1039) раҳимаҳуллоҳ ва Шамс ал-аимма ал-Ҳалвоий (ваф.456/1063) раҳимаҳуллоҳнинг устози сифатида зикр этилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари унинг мақбарасида узоқ вақт сақланиб келган экан. Абу Жаъфар аш-Шуъабий ал-Уструшаний раҳимаҳуллоҳнинг “Жомиъ ал-кабир” ва “аз-Зиёдот”га ёзган шарҳлари ҳамда мустақил фиқҳий асари “Кифоят аш-Шуъабий” номли китоби мавжуд.

3) Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий (ваф. 434/1043) раҳимаҳуллоҳ. У зот Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Яъқуб ал-Калободий (ваф. 384/994) раҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлиб, устозининг тасаввуфга оид машҳур асари “ат-Таарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф”ни шарҳлаганлар.

4) Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Бухорий (ваф. 619/1222) раҳимаҳуллоҳ. У зот Бухорода қози ва муҳтасиб сифатида танилган. Яна “Фатовойи Заҳириййа” ва “ал-Фавоид аз-заҳириййа”нинг муаллифи ҳисобланади.

5) Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ибн Абдуллоҳ ал-Бухорий (тахминан ваф. 396/1006) раҳимаҳуллоҳдир. У зот Абу Наср ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ нисбаси билан шуҳрат қозонганлар, Самарқанд ва Бухорода қозилик қилганлар. “Туҳфат аз-зоирин”да Бухоронинг ешинчи қозиси сифатида Заҳириддин ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг отаси сифатида Аҳмад ибн Умар аш-Шерозий раҳимаҳуллоҳ номи келтирилади.

6) Бадиъуддин ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ. Уни “Тарихи Муллозода”да Заҳириддин ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг отаси сифатида келтирилади. У “Фатовойи Бадиъуддин” ёки “Фатовойи Бухоро” деб номланган асарнинг муаллифи.

7) Абдурраҳим ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Садидий аз-Завзаний раҳимаҳуллоҳ. У зот Абу Жаъфар ат-Таҳовий (853-933) раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳи Маоний ал-асор” асарини ривоят қилиб, ўқитгани билан танилганлар. Бу зот XIV асрда яшаган, Имод ал-ислом лақаби билан танилган ҳанафий фақиҳидир, Бухорода қозилик қилганлар. “Туҳфат аз-зоирин” ва “Тарихи Муллозода”да Қози Имом Завзан, деб келтирилган. Шунингдек, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Сулаймон аз-Завзаний (ваф. 370/980) раҳимаҳуллоҳ ҳам бор. У Хуросон ва Мовароуннаҳрда адолатли қози бўлгани билан шуҳрат қозонган. Уни шофиъийлик мазҳаби вакили сифатида шофиъийлар табақот китобларида зикр этилади.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...