Мадинанинг етти нафар фақиҳи

Lotin alifbosida

Мадинаи мунавварада саҳоба ва тобиъинлар даврида етти нафар фақиҳ ўзларининг фиқҳий билимлари, фиқҳ соҳасидаги маҳоратлари ва фатволари билан ажралиб турганлар. Шунинг учун уларни “Фуқаҳои сабъа” деб юритилади. Улар қуйидагилардир:

1) Саид ибн ал-Мусаййаб ибн Ҳазн Абу Муҳаммад ал-Махзумий ал-Қураший (636-713) раҳимаҳуллоҳ. Отасининг исмини ал-Мусаййиб ҳам дейилган. У зот энг буюк тобиъин бўлиб, саҳобаларнинг энг улуғларидан сабоқ олганлар, ўзларининг тақвоси ва билими билан ўша даврда танилган энг машҳур фақиҳдир.

2) Абу Абдуллоҳ Урва ибн аз-Зубайр ибн ал-Аввом ал-Асадий ал-Қураший (643-712) раҳимаҳуллоҳ. Тобиъинларнинг улуғларидан бири, саховатли кимса бўлганлар. Фитналарга аралашмасдан, бир муддат Басрада, сўнг етти йил Мисрда ҳам яшаганлар. Умрларининг охирларида Мадинага қайтиб келганлар.

3) Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд ал-Ҳузалий (ваф. 98/716) раҳимаҳуллоҳ. Мадина муфтийси бўлган бу зот умавийлар халифаси Умар ибн Абдулазиз (681-720) раҳимаҳуллоҳнинг тарбиячиларидан бири бўлганлар. Ҳадисшуносликда ишончли ровий, деб топилган, умрларининг охирларида кўзлари кўр бўлиб қолган. Басрада вафот этганлар.

4) Абу Зайд Хорижа ибн Зайд ибн Собит ибн аз-Заҳҳок ал-Ансорий (650-717) раҳимаҳуллоҳ. Бани Нажжор қабиласидан, тобиъинлардан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) разийаллоҳу анҳу даврларида туғилиб-ўсганлар. Ҳадис ривоятида ҳам ишончлидирлар.

5) Сулаймон ибн Ясор ал-Ҳилолий ал-Маданий (654-725) раҳимаҳуллоҳ. Мўъминлар онаси Маймуна разийаллоҳу анҳонинг хизматкорларидан бири. Усмон ибн Аффон (577-656) разийаллоҳу анҳу даврларида туғилган, Саъид ибн ал-Мусаййиб (636-713) раҳимаҳуллоҳ уни ўзидан кўра олимроқ эканини эътироф қилганлар. Отаси форслардан бўлган, ҳадис ривоятида ҳам ишончли.

6) Абу Муҳаммад ал-Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ас-Сиддиқ (657-725) раҳимаҳуллоҳ. Ишончли фақиҳ, ўзларининг парҳезгорлиги билан ҳам танилган тобиъинларнинг улуғларидан бири. Ҳаж зиёратига боришда Қадийд деган жойда вафот қилганлар. Умри охирларида кўзлари кўрмай қолган.

Мадинанинг етти нафар фақиҳларининг мана шу олти нафари иттифоқ билан белгиланган бўлиб, еттинчиси ҳақида уч хил қараш бор (Абдулҳайй ал-Лакнавий. Муқаддимату “Умдат ар-риоя”. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 42.).

1) Абу Бакр ибн Абдурраҳмон ибн ал-Ҳорис ибн Ҳишом ибн ал-Муғира ал-Махзумий ал-Қураший (ваф. 94/713) раҳимаҳуллоҳ. Ибодатни кўп қилганлиги сабабли унга “Қурайш роҳиби” дер эдилар. Кўзи кўр бўлган. Кунияси билан танилгани учун исми номаълумлигича қолган. Умар ибн ал-Хаттоб (584-644) разийаллоҳу анҳу даврларида туғилиб-ўсганлар.

2) Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф аз-Зуҳрий ал-Маданий (655-722) раҳимаҳуллоҳ. Тобиъинларнинг улуғларидан, Мадинада қози бўлганлар. Исми аниқ эмас, Абдуллоҳ, Исмоил, деганлар ҳам бор. Баъзилар уни 94/713 йили вафот этган, деганлар. Унинг еттинчи фақиҳ эканини муҳаддис ал-Ҳоким (933-1014) раҳимаҳуллоҳ тавсия қилганлар.

3) Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Хаттоб (ваф. 106/725) раҳимаҳуллоҳ. Тобиъинларнинг улуғларидан бири, ҳадис ривоятида ҳам ишончли. Бир мажлисда умавий халифалардан Сулаймон ибн Абдулмалик (715-717) раҳимаҳуллоҳ уни ҳурмат қилиб ўз тахтига ўтқазган эди. Унинг Мадинанинг еттинчи фақиҳи эканини Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (737-797) раҳимаҳуллоҳ айтганлар.

Камолиддин Муҳаммад ад-Дамирий (1341-1405) раҳимаҳуллоҳ “Ҳаёт ал-ҳайвон” асарларида мазкур етти нафар Мадина фақиҳларининг исмларини бир қоғозга ёзиб, буғдой ва шунга ўхшаш донларнинг ичига солиб қўйилса, уларга қурт, куя, мита тушмайди; агар уларнинг номларини ёзиб, оғриётган бошга осилса ёки ўқиб дам солинса, бош оғриғи кетади, деганлар (Камолиддин ад-Дамирий. “Ҳаёт ал-ҳайвон” таржимаси. II-жилд. – Қозон, 1900. – Б. 93.).

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *