ЧЎЧҚА ГЎШТИ ҲАРОМДИР!

exclamation-markЯқинда ижтимоий тармоқда Улуғбек Зокиров деган йигит Урганч шаҳри кўчаларида чўчқа гўшти савдоси авж олгани ҳақидаги постини ўқиб қолдим. Постда ёзилишича, Урганч кўчалари ва бозорларида чўчқа гўштининг савдоси авжида. Уларни сотиб олувчилар аксарияти эса ўзини мусулмон санайди. Аллоҳ ҳаром қилган гўштни сотиб олиш учун навбат катта. Кўп нарса демайман, шунчаки ўша йигит гапларидан иқтибос келтираман: “Куни кеча бозорга тушдим. Бозорда чўчқани калласини қўйиб, гўштини сотишяпти, одамлар навбат билан сотиб олишяпти. Аввал янги йилни кутиш учун чўчқа гўшти сотиб олардим ва уни шашлик қилиб, ароқ ичиб ўша шашликдан ердим. Бугун бозорда чўчқа гўштини кўриб ижирғаниб кетдим. Мусулмонларники бўлмаган байрамда, ҳаром бўлган гўштни еб, ҳаром бўлган ичимликни ичар эканман”. Бугун ўша йигит беш вақт намоз ўқийди, аввалги қилган ишларидан қаттиқ пушаймон.
Ушбу постдаги хабарни ўқиганимдан кейин Урганчга қариндошларникига меҳмонга бордим. Шу ердаги йигитлардан сўраб кўрсам, ҳақиқатда бу йил жуда кўплаб маҳаллаларда, кўчаларнинг бошида ва бозорларда чўчқа гўшти сотилибди. Эшитиб, кўнглим хуфтон бўлди…
Наҳотки, ота-боболари мусулмон, ўзлари ҳам мусулмон бўлган юрт фарзандлари ҳаромдан хазар қилмайдиган бўлиб қолган бўлса! Ёки чўчқанинг исломда ҳаром эканлигини билишмайдими?! Ота-оналари уларга чўчқа гўшти ҳаромлигини ўргатишмаганми?! Собиқ Иттифоқ давридаям бунчалик ошкора кўчаларда сотилмаган бўлса керак!
Ўша даврда ёши катта одамлар бу ҳаром, тўнғиз гўшти уйга кирса уйдан барака кетади, қозон-товоғинг ҳаром бўлади, деб уқтириб келишган. Ҳозир қани шундай одамлар?
Эсимда, 2000 йилларда бизнинг Беруний туманининг Марказий бозори олдида чўчқа гўшти сотиляпти, деб бир-икки одам дадамга айтиб шикоят қилиб келишди. Дадам ўша пайтлари туман имоми эдилар. Оқсоқоллар билан бориб, бу кимнинг иши ким соттиряпди, деб сотувчининг олдига бордилар. Сотувчи эса бу шаҳримиздаги Давлатбек ака деган кишиники, чўчқа фермаси бор, ўшанинг чўчқаларининг гўшти, дебди.
Давлатбек акани дарҳол масжидга чақиртириб, бу иши ҳаром эканлигини, нафақат ўзининг оиласи, балки бутун туманимиз фарзандлари бузилиб, ўз аҳлини қизғонмийдиган бўлиб қолишлари мумкинлигини чиройли қилиб, анча насиҳат қилиб тушинтирганларидан кейин, уч кун муҳлат олиб кетганлар. Бутун чўчқа фермалариниям йўқотиб, ўша харом ишини йиғиштирганлар. Кейинчалик Аллоҳ ҳидоят қилиб, ўша одам намозхон бўлиб, беш-олти йилдан кейин ҳажга ҳам бориб келиб, ибодатли ҳолатда вафот қилди. Аллоҳ раҳмат қилсин…
Мана шунақа вақтда оқсоқоллар имомлар айтиб, тўғри тушунтириб, насиҳат қилиб, уларни бу ҳаром ишларидан қайтариш керак. Сотманглар, йўқотинглар, бу ишларингизнинг касофати юртимизга уради. Қачонки гуноҳлар ошкора қилинадиган бўлса, Аллоҳнинг ғазаби қўзийди. Сизларнинг касофатингиздан юртга бало-офат келиши мумкин”, деб соттирмаслик йўлини қилиш керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг савдосидан қайтарганлар. Ҳадиси шарифда: إِنَّ اللهَ وَ رَسُولَهُ حَرَّمَ بَيْعَ الْخَمْرِ وَ الْمَيْتَةِ وَ الْخِنْزِيرِ وَ الْأَصْنَامِ – “Аллоҳ ва унинг расули ароқ, ўлимтик, яъни ўзи ўлган жонивор, чўчқа ва бут-санамлар савдосини ҳаром қилди”, дейилган (Насоий ривояти, 4669-рақамли ҳадис).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилган:

إِنَّ اللَّهَ حَرَّمَ الْخَمْرَ وَثَمَنَهَا وَحَرَّمَ الْمَيْتَةَ وَثَمَنَهَا وَحَرَّمَ الْخِنْزِيرَ وَثَمَنَهُ

“Аллоҳ ароқни ва унинг пулини ҳаром қилди. Ўлимтикни ва унинг пулини ҳаром қилди. Яна чўчқани ва унинг пулини ҳаром қилди” (Абу Довуд ривояти, 3487-рақамли ҳадис).
Тўғри, демократик давлатда яшаяпмиз. Бу эркин замонда ҳар ким ўзи истаган ишни қилишга ҳақли. Лекин, ҳамма мусулмон бўлган юртда, аҳолининг қарийб барчаси мусулмоннинг фарзандлари бўлган шаҳарда уларнинг дини-эътиқодини поймол қилиш, уларнинг дини ҳаром қилган нарсани ошкора қилиш ҳам демократияга зид ҳисобланса керак. Бу кўчада ёки маҳаллада рус йўқ, корейс йўқ, ғайридин йўқ. Руслар ёки корейслар учун ана махсус магазин бор, бизнинг кўчамизда эса тўнғиз гўшти сотилишлигига йўл қўймаймиз, деб қаттиқ турадиган одам қаерда?! Мусулмон одамнинг ҳаром нарсани бошқа дин вакиллари ёки умуман динсизларга ҳам сотиши таъқиқланган шариатда.
“Қуръони карим”нинг камида тўртта оятида чўчқа гўшти ҳаром эканлиги очиқ ва қатъий қилиб айтилган. Жумладан, уларнинг биринчисида бундай дейилган:

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللّهِ

“У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди” (Бақара, 173).
Чўчқа гўшти бирор хонадонга кирдими, унинг уйидан барака кетади, қизини, синглисини, хотинини қизғонмайдиган бўлиб қолади. Биров қизини ёки синглисини олиб кетса ҳам, синглиси билан тўйда қучоқлаб ўйнашса ҳам, унга фарқи йўқ бўлиб қолади. Ҳайвонларнинг ичида ўзининг жуфтини қизғонмайдиган ягона ҳайвон чўчқа бўлади. Чўчқа гўштини истеъмол қилаверадиган одамга ҳам уни феъли ўтиб қолади. Чўчқа гўшти еяверадиган инсон ўз жуфтини қизғонмайдиган даюс бўлиб қолади.
Ўша чўчқа пишган қозон ҳам, идиш-товоқ ҳам ҳаром бўлади. У солинган идишларни уч марта ювиб, уч марта қатрон қилмагунча ҳалол бўлиши қийин. Бошқа овқатларни пиширсангиз ҳам, ўша ҳаром қозонда пишган бўлиб қолади. “Қатрон” дегани уч марта ювасиз ва ўша идишни тўнтариб қўясиз. Бир томчи суви ҳам қолмай қатра-қатра томиб қурийди. Уч маротаба шундай қуритиб ювгандан кейин ҳалол бўлади.
“Ҳаром есанг, сеҳр-жоду «таъсир қилмайди” деган гаплар бекор. Уларга алданиб, луқмани ҳаром қилмаслик керак. Бу шайтоннинг чиқарган гапи бўлиб, аслида воқеа бунинг тескариси. Қаранг, сеҳр-жоду қилувчилар энг кўп Россия ва Европа давлатларида яшашади. Улар шу чўчқа гўшти еб юрган одамларни сеҳр-жоду қилиш билан шуғулланадилар. Доим ҳалол еб юрган одамга ва ҳатто шубҳали нарсалар ҳам асло емаган кишига сеҳр-жоду таъсир қилмайди. Ҳалол луқма дуонинг мустажоб бўлишига сабаб бўлади, ҳаром луқма эса дуонинг ижобат бўлишини тўсади.
Бугун кўчамизнинг бошига келиб, ҳаром нарсани сотиб турган вақтда лоқайд бепарво бўлсак, эртага уйимизга кирганда ҳам бепарво бўламиз. У вақтда кеч бўлади. Бу нарсаларни тушунтиришда имом домлаларимизнинг, оқсоқоларнинг, ҳожибува, ҳожиота-ҳожионаларимизнинг элу- юртнинг олдида гап-сўзи ўтадиган одамларнинг фаолроқ бўлишларини сўраб қолар эдим. Чунки динимизда одамларни гуноҳ ишдан,ҳаромдан қайтариш фарздир…
Айниқса домлаларимиз мактаб коллежларга маънавият тадбирларига, йиғилишларига борганларида ёшларга шуни ҳам бир эслатиб ўтишларини сўрардим..
Зеро, ҳалол-пок, иймонли инсонлар билан юрт равнақ топади, ривожланади.

Неъматуллоҳ қори Аминжон эшон

Имом Фахриддин ар-Розий ислом билим юрти мударриси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *