СИР ВА УНГА ДОИР ҲУКМЛАР

8063399Ҳар бир инсонда бошқалар билишини истамайдиган сир бўлади. Кимдир касал, кимнингдир яширин гуноҳлари бўлади ва ҳоказо. Ислом бировларнинг айбини бошқаларга ошкор этишни ман этади. Мусулмонлар бир-бирларининг сирларини, яширин ишларини фош қилиши ижмоъан ҳаром ҳисобланади. Нафақат бир-бирлари, ҳатто инсон ўзининг айбли ишларини ҳам яшириши, бировга ошкор қилмаслиги вожиб бўлади. Таажжубки ўзининг қилган гуноҳларини мақтаниб, фахр билан гапириб юрадиган жоҳил инсонлар йўқ эмас. Бошқаларнинг айбини ёйишга ружу қўйганларнику гапирмаса ҳам бўлади. Бу ишда айниқса аёлларимиз биринчи сафни эркакларга бўшатишмайди десак хато қилмаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси жоҳиллик, бировнинг сирини фош этиш гуноҳини билмаслик оқибатидандир.

Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

إذا حدّث رجل رجلا بحديث ثم التفت فهو أمانة

Бир киши бир кишига гапиргач атрофга алангласа, бас, ўша гап омонатдир! (Абу Довуд, Термизий).

Яъни, икки киши мулоқот чоғида бирининг гапириш жараёнида атрофга аланглаб кузатув қилиши, бу унинг гапи сир тутилиши кераклигини, бошқалардан яширилиши шартлигини англатади. Бу эса омонатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна қуйидагича марҳамат қилганлар:

 المجالس بالأمانة إلّا ثلاثة مجالس: سفك دمٍ حرامٍ، أو فرجٌ حرام، أو اقتطاع مالٍ بغير حق

Бирга ўтирганлар бир-бирига омонатлидир. Магар, учта нарса ташқари: ҳаромдан қон тўкиш; зино қилиш; ноҳақлик ила молни тортиб олиш. (Абу Довуд).

Икки инсон гаплашиб ўтираркан, бири иккинчисига ишониб ўз сирларини ошкор этса, иккинчисига бу сирлар омонат ҳисобланади. Бировга айтиш, ошкор этиш ҳаром. Лекин, ўша эшитган гапи кимнидир ўлдириш ё жароҳат етказиш ҳақида бўлса ва ўша сирни ошкор этиш билан ноҳақ қон тўкилишининг олди олинса бу ҳолатда сирни ошкор этиб бир жиноятнинг олди олинади. Шунингдек, зино ҳам. Яъни, кимдир бугун фалончи билан зино қиламан деб яширин сирини ошкор этса, бу ҳолатда зинонинг олдини олиш учун керакли чора кўрилади. Ва яна, кимдир фалончини молини ўғирлайман, ё қароқчилик қиламан деб тузган режасини ошкор этса, буни ҳам олдиндан жабрланувчиларга огоҳлантириб ўғирликнинг олдини олиш керак бўлади. Бошқа вазиятларда эса, мўминларнинг сирлари омонат ҳисобланади.

Йирик ҳанафий олими имом Биргивий юқоридаги ҳадисларга таяниб қуйидагиларни айтади:

  • Бировнинг сири агар шариатга хилоф бўлмаса, уни яшириш вожиб бўлади. Масалан кимдир ўзининг уятли касали ҳақида шифокорга гапирди, ёки ғассол маййитнинг баданида айбли ҳолатга гувоҳ бўлди. Буларни яшириш вожиб, ошкор этиш ҳаром.
  • Агар сир шариатга хилоф бўлса ва у аллоҳнинг ҳаққи бўлиб, бирор шаръий ҳукмга тегишли бўлмаса, масалан ҳад уриладиган ё таъзир бериладиган иш бўлмаса. Мисол: мен 10 кунлик намозимни тарк этганман, деб кимдир ўз гуноҳларини бировга ошкор этди. Бу Аллоҳнинг ҳаққи ва унга бирор жазо тайинланмайди. Бу ҳолатда ҳам унинг сирини яшириш лозим бўлади. Фалончи 10 кунлик намозини тарк этибди, деб бошқаларга ошкор қилиб уни шармисор қилиш ҳаром.
  • Агар ўша сир Аллоҳнинг ҳаққи бўлиб, бирор шаръий ҳукмга тегишли бўлса, масалан кимдир зино қилгани ҳақида гапирди. Буни ошкор этилса уни маҳкамада дарра уришлари ё тошбўрон қилишлари мумкин. Бу ҳолатда сирдан воқиф бўлган одам ихтиёрли бўлади. Хоҳласа ошкор қилади хоҳламаса йўқ. Лекин яшириш афзал бўлади.
  • Агар сир банданинг ҳаққи бўлиб, бирор кишига зарар келтирса ёки шаръий ҳукмга алоқадор бўлса масалан қасосга. Мисол тариқасида айтиш мукинки, кимдир фалон куни фалон жойга ўғирликка тушаман, ё фалончини ўлдираман деб махфий режа тузди ва режасидан сизни ҳам воқиф қилди. Бу ҳолатда унинг сирини ошкор этиш, агар талаб қилинса тегишли идорада гувоҳлик бериш ҳам вожиб бўлади. Муҳаммад Ходимийнинг “Бариқа” асари асосида

Cирожиддин МУХИДДИНОВ

Сурхондарё вилояти олтинсой тумани  «Саййд Мухиддинхон» жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *