УМРА

7a1a67b788b8b1525b59bb1c5617c8e8Умранинг фарз, вожиб, суннатлик ҳукмида фуқаҳолар турли қарашда бўлган. Умра бизнинг ҳанафий мазҳабимизда суннатдир. Имом Абу Ҳанифа ва Молик раҳимаҳумаллоҳ икковлари: умра суннатдир, деган. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ фарз, деган. Имом Шофеъийдан бу ҳақда икки хил ривоят бўлиб, ишончлироғида фарз, дейилган.

Аксар фуқаҳолар умра ибодатини йил давомида қилиш мумкин, деган. Лекин мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир йил ичида беш кун: икки ҳайит ва қурбон ҳайитидан кейинги ташриқ кунларида умра қилинмайди, деганлар. Оиша онамиздан ҳам шундай ривоят бор. Ато ибн Абу Рабоҳнинг фикри ҳам шу эди. Имом Авзаъий Ато ибн Абу Рабоҳдан, у Оиша онамиздан шу беш кунда умра қилиш макруҳ бўлади, деган ривоятни келтирган. Мазҳабимизда шу қавлга фатво берилган.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ эса: хоссатан Мино аҳолиси ўша беш кунда умра қилмайди, бошқа ер аҳолисига эса бу кунларда умра қилишнинг зарари йўқ деган.

Имом Аҳмад ҳанбалийдан келган бир ривоятда “ташриқ кунларида умра қилиш мутлақо макруҳдир”, дейилган.

Суфёни Саврий йилнинг хоҳлаган кунида умра қилса бўлади, деган. Имом Шофеъий ҳам шу гапга қўшилган.

Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан арафа куни заволдан олдин умра учун иҳром қилса макруҳ бўлмайди, деган ривоят бор. Бу ривоят Бишр ибн Валиддан келган.

Бизнинг мазҳабда йил давомида умрани такрор қилиш жоиз.

Умрага ният қилиб иҳром қилган киши ҳажга иҳром қилганлар тийиладиган ишлардан тийилиши керак бўлади. Тавоф ва саъйдан олдин жинсий муносабатда бўлса умраси фосид бўлади.

Умрага ҳарам ҳудудидан ташқарида иҳром қилинади. Ихтиёрий тарзда, умрага ният қилиб киришган кишига амални охирига етказиш вожиб, агар тамомламасдан чиқиб кетса қазоси вожиб бўлади.

Умрачилар тавоф ва Сафо-Марва оралиғидаги саъйда худди ҳожилардек ҳаракатланишади.

Тавоф ва саъйдан кейин сочини қисқартиш билан умра иҳромидан чиқади. Ҳажар ул-асвадни ўпиш билан талбияни тўхтатади. Ривоятлар ичида энг ишончлиси шу.

Умранинг рукни икки амал: Иҳром ва Каъба атрофида тавоф қилмоқ.

Вожиби ҳам икки амал: Сафо-Марва оралиғидаги саъй қилмоқ ва соч қисқартирмоқ.

Умрачиларга юқоридагидан бошқа амаллар шарт эмас. Фатово Қодихон ва Мухтасару ихтилаф ил-улама асосида

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *