ЧАҚИМЧИ ЖАННАТГА КИРМАЙДИ

1515241989_bez-nazvaniya-10Гап ташиб, одамларни бир-бирига чақиштириш динимизда ҳаром қилинган манфур ишлар сирасига киради. Халқ ичида тарқалган тушунчага кўра, чақимчилик деганда, мазлумнинг жабр кўрсатган киши устидан бирор кимса ёхуд жиҳатга шикоят қилиши тушунилиб қолган. Аслида эса ундай эмас. Жабрдийданинг шикояти асло чақимчиликка кирмайди.

Чақимчилик бу – одамларга бир-бирлари ҳақларида ғойибона гапирган салбий мазмундаги гап-сўзларини етказишдир. Эҳтимол, бир киши ҳақида ижобий бўлмаган бирор сўзни айтган кишининг мақсади ёмонлик бўлмаслиги балки, шунчаки, гапдан гап чиқиб айтиб юборилган сўз бўлиши мумкин. Ўша гапни олиб, ўзи ҳақида гапирилган одамга етказиш бу чақимчиликдир. Буни динимизда намима дейилади. Намима кабира гуноҳлардан биридир. У дўстлар орасини бузади, душманлар орасидаги адоватни кучайтириб юборади. Жамоани пароканда қилади.

Абу Ҳомид Ғаззолий (р.ҳ) «иҳёу улуми-д-дин» китобида мазкур масалага тўхталар экан шундай дейди: «билки, «намима» (чақимчилик) кўпинча бир кишининг бошқа киши ҳақидаги сўзини ўзи ҳақида гапирилган кишига етказишга нисбатан ишлатилади. Масалан, чақимчи: «фалончи сиз ҳақингизда бундай деди!», дея одамларнинг бир-бирлари ҳақларидаги гапларини бир-бирларига етказади. Лекин, чақимчилик шунинг ўзи билан чекланиб қолмаган балки, унинг моҳияти очиш исталмаган ва хуш кўрилмаган нарсани ошкор қилишдан иборатдир. Ўша нарсанинг ошкор қилинишини ўзидан гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёки ўзига гап ташилаётган одам ёқтирмайдими ёхуд бирор-бир учинчи тараф хоҳламайдими, фарқи йўқ. Шунингдек, бировнинг гапини ошкор қилиш қасос олиш йўлига кўра бўладими ёки шама ва ишоралар билан бўладими бир хилдир.

Кишиларнинг аҳволотидан ошкор бўлиши кареҳ кўриладиган бирор ҳолатни кўрган киши у ҳақда сукут қилиши лозим. Фақат, етказишда мусулмонларга фойда бўладиган ёхуд мусулмон кишидан зарарни даф қиладиган ишлар бўлсагина мустаснодир. Масалан, бир киши бошқа кишининг молини ноҳақ йўл билан олаётганлигини кўриб қолса, ҳақ соҳибининг ҳаққини риоя қилиш мақсадида бу борада гувоҳлик бериши лозим ва бу иш чақимчиликка кирмайди. Бордию, бирор кимсанинг ўз мол-дунёсини беркитаётганини кўрсаю уни бошқа жойда тилга олса, бу чақимчилик ва ўзганинг сирини очиш бўлади. Шунга биноан, намиманинг моҳияти сирни очиш ва ўзганинг ошкор бўлишини ёқтирмайдиган нарсасини очиб ташлаб, сатр пардасини «йиртиш» демакдир. Агар етказилаётган нарса кишидаги қандайдир хулқий ёки хилқий айб-нуқсонлардан иборат бўлса, у ҳолда у ҳам чақимчилик, ҳам ғийбат гуноҳини содир қилган бўлади».

Имом Ғаззолий чақимчилик ҳақидаги сўзини давом эттириб шундай дейди: “Кишиларни чақимчиликка ундайдиган нарса ё ўзидан гап ташилаётган одамга ёмонлик ирода қилиш ёхуд ўзига гап ташилаётган инсонга ёқиш ва яқин бўлиш истаги ё бўлмаса, сўзда чуқурлашиб кетиб, кераксиз ва ботил гапларга шўнғишдир”.

Демак, чақимчининг чақимчиликдан кўзлайдиган асосий максади бир инсонни бошқасига ёмон тарафдан кўрсатиш орқали улар ўртасига адоват уруғини сочиш ва шу орқали ўзидан гап ташилаётган кишига зарар еказиш илинжида бўлиш ёки гап етказаётган кишисининг ишончига кириб, унга ўзини яхши кўрсатишдан иборат бўлар экан. Баъзан эса юқоридаги икки мақсадни кўзламаса-да оғзининг таноби йўқлигидан, гапираётган сўзларининг оқибати ҳақида ўйламасдан вайсақилик қилиш натижасида ҳам чақимчилик содир бўлар экан.

Намима сўзи луғавий жиҳатдан “бирор нарсага далолат қилиш”, “… … дарак бериш” маъноларини ўз ичига олган арабча “نم-ينم” (намма-янумму) феълидан олинган бўлиб, унинг шаръий-истилоҳий маънодаги таърифи ҳам аслида мазкур маънодан унчалик фарқ қилмайди. Шунга кўра, номини очиқ айтмаса ҳам эшитаётган шахс ёки тараф гап ким ҳақида кетаётганлигини ўз фаросати билан билиб оладиган тарзда қандайдир ибора ва ишоралар билан гапирса ҳам бу айни чақимчилик ва намимага киради. Шунингдек, чақимчилик ёзма равишда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Имом Нававий саҳиҳи муслимга ёзган шарҳида чақимчиликни: “у – одамларнинг бир-бирлари ҳақидаги гапларини орани бузиш ва фасод тарқатиш йўлига кўра ташишдир”, дея таърифлайди.

Чақимчиликнинг энг ашаддийси ва энг ёмони, гуноҳи ҳам энг оғирроғи эса куч-қудрат ва салтанат соҳиби ҳузурида амалга оширилган чақимчиликдир. Бунинг хатарли томони куч-қудрат соҳиби бўлган кишининг ўта қаттиқ қасос ва интиқом олишга қодирлигидадир.

Наммом (чақимчи) эса одамлар орасида бузғунчилик мақсадида гап ташувчи кишидир. У иблиснинг дўсти балки, унинг ўнг қўли ва ишончли вакилидир. Ҳадиси шарифларда зикр қилинишича, иблис ўз тахтини сув устига қуради ва (одамлар устига шайтонлардан иборат) ўз қўшинларини юборади. Уларнинг унга энг яқини фитнаси энг кучлиси бўлади. унинг ҳузурига (шайтонлардан) бири келади ва “фалон, фалон ишларни қилдим”, дейди. иблис унга “ҳеч нарса қилмабсан!”, дейди. Кейин яна бириси келади ва “ (бир одамни) тинмай васваса қилавердим, тинч қўймадим ахийри, у билан хотини орасини буздим”, дейди. Шунда иблис ўша (шайтонни) ўзига яқинлаштиради ва “сен қандай ҳам яхшисан!”, дейди (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта ўрнида тил ва қалб офатларидан ҳисобланувчи айрим иллатларни қоралаган ва улардан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Қалам сурасида Пайғамбар алайҳиссаломни бир қанча салбий хислатли кишиларга итоат қилиб, эргашмасликка чақирар экан, улар орасида ғийбатчи ва чақимчини алоҳида тилга олади: “(эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию гап ташувчи, яхшиликни ман қилувчи – бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари, бенасаб, ҳароми кимсага итоат этманг!”, (Қалам сураси: 10-11-12-13-оятлар).

Бир куни Ҳузайфа разияллоҳу анҳу бир кишининг гап ташиб юриши ҳақида эшитиб қолди сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “чақимчи жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман деди (Бухорий ва Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита қабр олдидан ўтиб қолдилар ва “мана бу (қабрлардаги) иккиси азобланишмоқда лекин, улар (одамлар кўзида) катта (ҳисобланувчи) гуноҳ туфайли азобланмаяпти”, дедилар. Сўнгра: “ҳа (улар аслида катта гуноҳ туфайли азобланмоқда), уларнинг бири гап ташиб юрарди, иккинчиси эса ўз бавлидан сақланмасди”, дедилар. Кейин, ердан ҳўл навда олиб, уни иккига бўларканлар, улардан ҳар бирини бояги қабрларнинг ҳар бирига тиқиб қўйдилар ва “шоядки, бу навдалар қуригунча уларнинг азоби енгиллаштириб турилса”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Бухорий ўзининг “ал-адаб ал-муфрад” номли ҳадис тўпламида Асмо бинт Язид разияллоҳу анҳодан қуйидаги ҳадисни ривоят қилиб келтиради: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (асҳобларига): “энг яхшиларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. У зот дедилар: “улар шундай кишиларки, одамлар уларни кўрганда Аллоҳ эсга келади”. Кейин “энг ёмонларингиз ҳақида хабар берайми?”, дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. Шунда у зот шундай дедилар: “улар гап ташиб юрувчи, ёр-дўстлар орасини бузувчи, айбсиз инсонларга ёмонлик ва машаққат етишини хоҳловчи кимсалардир”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “асҳобимдан биронтаси бошқаси ҳақида (мен ёқтирмайдиган ва ғазабимни келтирадиган) бирор нарсани (ҳолатни) менга етказмасин! Зеро, мен қаршингизга қалбим (бирортангизга нисбатан нафратдан) саломат ҳолида чиқишни истайман” (Абу Довуд ривояти).

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш жоизки, намима (чақимчилик) бу туҳмат ва бўҳтон эмас балки, асл ҳақиқат бўлиши мумкин. Аммо, у одамлар ўртасини бузиши, жамият вакиллари ўртасида фасод ёйилишига сабаб бўлиши туфайли ҳам қаттиқ ҳаром қилинган ва улкан гуноҳлар қаторига киритилган. Шунинг учун, бор гапни айтяпман, деган важ ила кишиларнинг бир-бирлари ҳақларида айтган гап-сўзларини ташмалаш асло тўғри бўлмайди. Балки, бундай тубан ишларни одат қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлиши билан бир қаторда кўп ёмонликларга сабабчи бўлади.

Чақимчиликдан сақланиш ва қутулиш Аллоҳдан қўрқиш ҳамда мўминларга нисбатан қалбини гина-кудуратлардан пок ва саломат ҳолда сақлаш лозимлигини мудом ёдда тутиш билан ҳосил бўлади. Зеро, қалб саломатлиги мўмин кишининг энг асосий сифатларидан биридир. Салим қалбли инсон амали кўп бўлмаса-да кўп яхшиликларга эришади. Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу яҳудийлардан иймонга мушарраф бўлган саноқли кишилардан бири эдилар. Ривоят қилинишича, у кишини ушбу бахтга ноил қилган асосий хислати бу қалби салим эканлиги ва ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслиги эди. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда эса Набий алайҳиссалом ансорлардан бўлган бир кишини “жаннат аҳлидан бўлган киши” дея васфлаганлар. У кишидан уни бу даражага етишига сабабчи бўлган амали ҳақида сўрашганда у мусулмонларнинг биронтасига қарши қалбида ғашлик сақламаслиги ва ҳеч кимга ҳасад қилмаслигини айтган. Ушбу ҳадиси шариф ҳам қалб саломатлиги кишини амали оз бўлса ҳам юксак мақом-мартабаларга эриштиришига далолат қилади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *