РАСУЛИ АКРАМНИНГ КЎП УЙЛАНИШЛАРИНИНГ САБАБЛАРИ

107050283_793410Ислом душманлари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп хотинга уйланганликлари сабабини фақатгина шаҳватни қонди­ришга (!) деб кўрсатишга тиришади, мутлақо янглиш фикрларни ўртага қўяди. Ҳолбуки, тарихий ҳақиқатларга илмий ёндошилса, холис туриб ниҳоятда чуқур тадқиқ қилинса, барча бу туҳматли иддаолар нақадар хато фикрлар эканлиги, улар фақатгина кин-адоватга асос­ланган ботил талқинлардан иборатлиги равшан бўлади.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари ёшликнинг энг куч-қувватга тўлиқ паллаларида, Осиёнинг энг иссиқ ўлкаси бўлмиш Макка шаҳрида, йигирма беш ёшларига қадар ҳамшаҳарлари орасида иффат ва исматнинг, шараф ва номуснинг энг юксак бир мумассили ўлароқ танилдилар. Ваҳоланки, Арабистон каби бир иссиқ муҳитда эркакларда таносил қудрати 13-14 ёшларда камолга эришар эди.

Сарвари Олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма беш ёшдан то эллик ёшларига қадар ўзларидан ўн беш ёш катта, икки марта турмуш қурган тул бир хотин бўлган Ҳазрати Ҳадича билан умр кечирдилар. У пайтлар аёллар очиқ кезишар, безакларини яширмас эдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг пайғамбарликдан олдинги ўн беш санасини, пайғамбарлик даврларининг эса ўн санасини – жами йигирма беш йилини Ҳазрати Ҳадича онамиз билан масъуд ҳолда яшадилар. Ҳаммага фазилатли бир оила намунасини кўрсатдилар.

Ҳадича онамиз ҳаётлигида бошқа бир аёлга уйланмадилар. Расули Акрамнинг етти фарзандларидан (уч ўғил, тўрт қиз) олтитаси Ҳадича онамиздан туғилди. Буларнинг иккитаси ўғил, тўрттаси қиз эди. Ўғил фарзандлар ёшликларидаёқ вафот этди. Ҳар оила соҳиби каби, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир ўғил фарзанд кўришни истардилар. Бу сабабдан яна бир ёҳуд бир неча хотин олишлари мумкин эди. Мамлакатнинг у замондаги урф-одати ҳам бунга монеъ эмас эди. Айни пайтда, у кишига бир неча таклифлар ҳам тушди. Лекин Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмадилар.

Ҳазрати Ҳадичанинг вафотидан сўнг, эллик ёшда эканлар, фақат Ҳазрати Савдага уйландилар. Шу ҳолга кўра, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам эллик уч ёшларига қадар бир завжали эдилар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп завжа олишлари, «кўп завжали» бўлишлари Мадина даврида, эллик уч ёшларидан кейин, ҳаётларининг сўнгги палласига тўғри келади. Бунинг ҳам бир неча ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва диний ғоят муҳим сабаблари бор:

1. Маккалик Ҳазрати Ойиша билан мисрлик Ҳазрати Мориядан ташқари, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бутун завжалари ё тул ёки оиласидан ажрашган хотинлар эди. Агар баҳс мавзуи шаҳват бўлса, инсон руҳининг тул хотинлардан кўра ёш ва бокира қизларни танлаши сир эмас. Шаҳват ҳирси бокираликни қидиради. Дин душманларининг чиркин иснодлари каби, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақатгина шаҳватни ўйлаб кўп уйланган бўлсалар эди, бундай истакни қондиришга яроқли Мадинада муҳожир ва ансорларнинг жуда гўзал қизлари бор эди. Ҳар қандай бир мусулмон ўз қизини Пайғамбарга беришни шараф деб билар, қизлар ҳам Пайғамбар завжаси бўлишни жон-дилдан орзу этар эдилар.

Ҳолбуки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадлари жуда юксак эди. Ўртоқларининг тулларини, етимларини химоя этмоқ эди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз никоҳларига олган аёллардан бир қисми ё жангда шаҳид кетган ёки бошқа тарзда йўқотилган дўстларининг туллари ва ёҳуд ҳимояга муҳтож кимсасиз хотинлар ва етимлар эди. (Ҳазрати Савда, Ҳузайма қизи Зайнаб, Умму Салама, Умму Ҳабиба, Маймуна билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)

Умму Салама, Умму Ҳабиба, Зайнабларнинг уча­лови ҳам тул эдилар. Учовлари хам бутпарастларнинг душманлига туфайли ҳимоядан маҳрум қолган эдилар. Ё буларнинг ақрабоси уларга муованат берадиган ҳолда эмасдилар ва ёҳуд ёрдам беришни хоҳламасдилар.

2. Бадр ва Уҳуд каби ғазотларда мусулмонлар жуда кўп шаҳид берган, аёллар билан эркаклар ўртасида мувозанат бузила бошлаган, яъни, аёлларга нисбатан эркаклар камайган эди. Ҳолбуки, мусулмон аёл ўз динидан бўлмаган бир эркакка мутлақо турмушга чиқа олмасди. Ислом дини бунга асло рухсат бермайди.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотларда шаҳид бўлган ўртоқларининг завжаларига уйланишни асҳобларига тарғиб қилдилар, ўзлари ҳам бу ишда ўртоқларига йўлбошчи бўлдилар.

Аёлларнинг эҳтиёжи, баъзи сиёсатдонлар айтганидай, фақат озиқ-овқатдангина иборат эмас. Ҳимояга муҳтож бу каби аёлларнинг жинсий эҳтиёжларини ҳам татмин этмоқ лозим. Акс ҳолда, аёллар ахлоқ жиҳатидан йўлдан адашиш­лари, пировардида, бир миллатнинг (мусулмонларнинг) борлиғи таҳликага тушиши мумкин эди.

«Юксак ахлоқни мукаммаллаштириш учун» юборилганликларини эълон этган Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлар­нинг баданий эҳтиёжларидан ташқари, уларнинг иффатларини ҳимоя қилиш йўлида саъйлари билан ҳам нақадар ахлоқли эканликларини намоён қилдилар.

3. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам борлиқларини у кишига боғлаган асҳоб­дан баъзиларининг бу боғлиликларини ақраболик ришталари билан ҳам мустаҳкамламоқчи бўлдилар, завжаларидан бир қисмини шу тушунчаларга кўра никоҳларига олдилар. (Ҳазрати Ойиша, Ҳафса, Жахш қизи Зайнаб билан боғлиқ бўлимларга қаранг.)

Абу Бакрнинг қизи Ҳазрати Ойиша розияллоҳу анҳони ва Умар­нинг қизи Хафса розияллоҳу анҳони никоҳлаб олиш билан Ҳазрати Абу Бакрни ва Ҳазрати Умарни, қизларини бериб эса, Ҳазрати Усмон билан Ҳазрати Алини ўзларига боғладилар, ҳозирча оз сонли Ислом жамоатини қариндошлик иплари орқали янада мустаҳкамладилар.

4. Расули Акрам никоҳлаб олганлари завжалари­дан яна бир қисми сулҳни сақлаб қолишга ёрдам бер­ган душман қабилаларидан эди. (Ҳазрати Жувайрия, Сафиййа, Мория бўлимларига қаранг.)

5. Ҳазрати Пайғамбаримиз Мадина даврида, яъни, 53 ёшдан сўнгра, турли томонлардан бир неча хотинга уйланганларининг сабаблари ичида энг муҳими диний сабаб эди. Ғатто диний сабаб барча бу сабабларнинг энг бошидан жой олади. Исломда фақатгина хотинларга тегишли бўлган хукмлар бор эдики, бу хукмларни пайғамбаримиз хотинларга тўғридан-тўғри сўзлай олмасдилар. Бу ҳукмлар хотинларнинг маҳрамиятига оид масалалар эди. Хотинларнинг кўплаб саволларига жавоб беришни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжаларига қолдирар эдилар. Бу ҳақиқатни бизга ҳадиси шарифлар билдиради. Ҳолбуки, бундай муҳим бир диний вазифани бир хотин ёлғиз боши билан бажариши мумкин эмасди.

Турли масалаларни тўлалигича тушуна билиш учун турли даражадаги заколарга эҳтиёж сезилди. Жаноби Пайғамбари­миздан илгари келган бошқа пайғамбарларнинг кўп завжага уйланишларининг бош сабаби ҳам мана шу диний асослардир.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини, ишларини бутун инжалик­лари билан нақл эта билиш учун бир неча завжанинг бўлишлиги лозим ва зарурий эди. Ҳатто завжалари ичида Ҳазрати Ойиша онамизнинг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан кўп севилган ва тақдирланганлиги ҳам, пайғамбаримизнинг унга ўргатган­лари диний масала­ларни қабул қилишда, англашда буюк қобилият ва зако кўрсатганлиги туфайли эди. Ҳолбуки, Ҳазрати Зайнаб билан Сафиййа Ҳазрати Ойишадан янада чиройли эдилар.

Аслида, пайғамбарлар тарихида «кўп уйланишлик иши» фақат Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларидагина кўрилган эмас. Бу ҳол ўзларидан аввалги пайғамбарларда ҳам бор эди. Ҳазрати Иброҳим бир завжали эмасдилар. Ҳазрати Ёқуб, Ҳазрати Мусо, Ҳазрати Довуд шундай эдилар, никоҳларида ёлғиз бир хотин эмасди. Ҳатто Сулаймон пайғамбарнинг уч юз никоҳ­лиси, етти юз жорияси – жами мингта завжаси бўлганлиги ривоят қилинади. Инжилларнинг билдиришича, пайғамбарлар ичида фақат Ҳазрати Исо завжасиз ўтди. Бироқ Ҳазрати Исонинг бу бўйдоқлик ҳаёти инсониятга намуна бўлолмайди. Чунки роҳиблик ҳаёти (уйланмасдан ўтиш) дунё ҳаётининг чўкиши демакдир.

6. Ҳижратнинг тўққизинчи санаси мусулмонлар эришган ғалабалар соясида қўлга киритилган ўлжалар туфайли Байтулмол (Хазина) бойиди, Мадинада асҳобнинг аҳволи яхшиланди, умумий фаравонлик ортди, ҳар киши саодатга қовушди. Фақат, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саодатхоналари аввалги ҳолини сақлаб қолди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё завқларидан бирор нарса кўзламаганлар. Баъзи пайтлар икки ойгача уйларида олов ёқилмагани ривоят этилади. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам исроф ва сафохатдан батамом узоқ бир ҳаёт кечирдилар. Бутун ҳаётлари давомида бир кунда икки марта овқат еганлари кўринмаган. Бироқ Расули Акрамнинг завжалари бу аҳволга чидай олмадилар. Ичларидан ғоят табиий ва инсоний орзу ўтди. Бошқа хотинлар каби, умумий фароғатдан, ўзларига тушган ҳиссадан фойдаланмоқчи бўлдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилдилар.

Чунончи, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Ҳазрати Пайғамбарга завжа бўлмоқ шарафи соясида савияларини юксалтирган эдилар. Ўзлари ҳам Арабистондаги нуфузли оилалардан эдилар. Булардан Умму Ҳабиба Абу Суфённинг, Жувайрия Бани Мусталиқ бошлиғининг, Сафиййа Бани Назир бошлиғининг, Ойиша Ҳазрати Абу Бакрнинг, Ҳафса Ҳазрати Умарнинг қизи эди. Ҳаммаларининг Расули Акрамга нисбатан севгилари зиёда эди. Аммо улар ҳам фитратан аёл эдилар.

Расули Акрам завжаларининг ҳалигидай истак­ларидан мутаассир бўлдилар. Бир ой завжаларидан алоҳида яшамоқчи бўлдилар. Бир ҳужрага кирдилар. Ийлоъ (қасам) муддати бўлган бир ойни (29 кунни) шундай (завжаларидан айри) ўтказдилар. Ўшанда тахйир* ҳақидаги оятлар келди. Нозил бўлган оятлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларини ё дунё зийнатига қовушиш ёки Пайғамбар завжаси ўлароқ қолиш каби икки йўлдан бирини танлашда ихтиёрли қилди.

Бу очиқ-равшан оятлар кўрсатмоқдаки, Расули Акрам­ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари шаҳватхона эмас, одоб ва фазилат ўчоғи бўлган. Завжалари ҳам дунё зеб-зийнатлари билан машғул бўладиган, мол-дунёга ўч инсонлар эмасдилар. Уларнинг янада юксак ва муҳим вазифалари бор эди. Уларнинг вазифалари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир орада бўлиш, бу билан бутун инсониятга ва хоссатан аёлларга оид Ҳазрати Пайғамбардан эшитганлари ва кўрганлари ҳар нарсани эсда тутиш ва ҳамжинсларига ўргатиш эди. Шу сабабдан ҳамма завжалари дунё зийнатини эмас, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшашни танладилар.

Айни пайтда, пайғамбаримизнинг завжалари мўминлар­ оналари (уммуҳати муъминийн) ҳам эдилар. Бир мусулмон онасига уйлана олмаганидек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин у Зотнинг завжаларидан бирортасига ҳам ҳеч ким уйлана олмасди. Бу ишни Қуръони карим тақиқлаган.

«АЁЛЛАР САЙЙИДАСИ» номли китобдан олинди

* Тахйир – икки нарса орасидаги мухаййарлик – танлаш ихтиёри. – Тарж.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *