БАДКИРДОРЛАРГА РАДДИЯ

vazyTZ2zmOvZe8Yb7bBmimIr7Wz5CtlA

Шайх Ҳазратларининг сўнгги дами спорт залида ўтганига урғу бериб тош отиб юрган

БАДКИРДОРЛАРГА РАДДИЯ

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рахматуллоҳи алайҳи спорт билан шуғулланаётганларида, юраклари ёмон бўлиб, вафот топганидан кўпчиликнинг хабари бор. Ўзаро суҳбатларида, тўй-маъракаларида ва ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзуни кўтар-кўтар қилиб Ҳазратнинг шаънини ерга уришни ўзининг кундалик ҳаёт мазмунига айлантириб олган фитначилар йўқ эмас. У зотнинг спорт билан шуғулланишлари кундалик одатларидан эканлигини Президентимиз ҳам фазилат сифатида гапириб ўтганлар. Дарҳақиқат инсон соғлиги учун бадантарбия билан шуғулланиши шариатимизда матлуб амаллардан ҳисобланади. Бироқ, айрим бадкирдор, дунёқараши тор, Ҳазратни ёмон кўрувчи, таассубга муккасидан кетган илм-фан душманлари у зотнинг бу аҳволда вафот топганини овоза қилишиб, ўзларича, солиҳ зотлар саждада вафот қилади, хайрли ҳолатда дунёдан ўтади, дейишиб, гўё Ҳазратни камситиб кўрсатмоқчи бўлишди. Ўшандай фитначиларга жавоб сифатида бир нарса ёзмоқчи бўлиб юрувдим. Аслида, бундай ҳолат азиз ва улуғ зотларнинг буюклигини ҳам англатади, холос.

Қаранг:
1) Саҳобаларнинг улуғларидан бири Саъд ибн Уббода разийаллоҳу анху хожатхонада вафот этганлар. У зот мадиналик ансорий Саҳобаларнинг хазражликлар бошликларидан булганлар. Макка фатҳи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқлари айнан Саъд ибн Уббода разийаллоҳу анҳунинг қўлларида бўлган. Ана шундай зотнинг жасадлари кўкариб кетган ҳолда ҳожатхонадан топилган.

2) Имом ал-Авзоъий раҳимахуллоҳ номи билан шуҳрат қозонган мужтаҳид олим, ўзининг мазҳабини тузишга уринган буюк аллома, ҳаёти давомида 70 минг масалага жавоб берганлиги аниқланган муфтий эдилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимахуллоҳнинг сафдошларидан бўлганлар. У зот хаммомда — хотини хаммомнинг эшигини қулфлаб қўйгани сабабидан вафот килганлар.

3) Умар ибн Иброҳим ибн ал-Каввос ас-Суккарий раҳимахуллоҳ туш таъбири буйича таниқли олим. Жомеъда бош мударрис бўлганлар, қироат ва ҳадисдан дарс берганлар. Муҳаддис сифатида хам кўплаб ҳадисларни ривоят килганлар. У зот ҳожатхонада вафот қилганлар. Жасади икки кундан кейин аниқланиб, эҳтиром билан дафн қилинган.

4) Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Баркий раҳимахуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини кўп билувчи олимлардан бири. Ишончли ҳадис ровийси ҳам ҳисобланади. 270 ҳижрий йили рамазон ойида эшак бозорида эшак тепгани сабабли ўша ернинг ўзида жон таслим қилганлар.

5) Ибн Кадид ал-Аздий раҳимахуллоҳ таниқли ҳадис ровийси. Ибн Ваҳб раҳимахуллоҳнинг шогирди. 239 ҳижрий йили ўқотиш машқида тикка турган ҳолида жони чикиб, йиқилганлар.

6) Қози Бурҳониддин номи билан шуҳрат қозонган Иброҳим ибн Абдуллоҳ ал-Моликий раҳимахуллоҳ. Дамашк қозиси бўлганлар. Имом Молик раҳмтуллоҳи алайҳининг «Муватто» асарларини тўлиқ ёд олган эканлар. Саксон ёшларидан ўтганида ҳаммомдан чиқаётганида йиқилиб вафот этганлар.

7) Усмон ибн Иброҳим ал-Бармовий раҳимахуллоҳ таниқли қироат олими. «Зоҳирия» мадрасасида бош мударрис бўлганлар, «ал-Азҳар»да имомлик қилганлар. Эллик ёшида ҳаммомдан чиқаётиб вафот қилганлар.

8) Абуссафо Ашкар номи билан танилган Халил ибн Муҳаммад ал-Мисрий муҳаддис, фақиҳ, адиб, фароиз билимдони. Ҳадис талабида бутун ислом оламини кезиб чиққанлар, ҳатто Хирот ва Самарқандга ҳам ташриф буюрганлар. 821 ҳижрий йили ҳаммомдан чиқаётиб вафот қилганлар.

9) Муҳаммад ибн Иброҳим ад-Димишқий ал-Бештакий раҳимаҳуллоҳ Қуръон ҳофизи, фақиҳ, мутасаввиф, шоир, зоҳирия мазҳаби вакили бўлганлар. Ҳаммомнинг ховузига тушганларида ногаҳон сувга чўкиб вафот топганлар.

10) Абу Муҳаммад ал-Исфароиний раҳимахуллоҳ Исфароинда қози ва мударрис бўлганлар. 546 ҳижрий йилда ҳаммомнинг даҳлизида нафаси сиқилиб вафот топганлар.

11) Абдурраҳим ибн Али ас-Соатий раҳимахуллоҳ шофеъий мазҳаби фақиҳи, қироат олими бўлиб, 719 ҳижрий йилда ҳаммомдалигида вафот топганлар.

12) Носириддин Муҳаммад ибн Умар аш-Шайхий раҳимахуллоҳ «Комилия» мадрасасининг мударриси бўлиб, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳабида етук фақиҳ ҳисобланганлар. У зот мадраса ҳаммомида катта тоғора ичида чўмилаётиб вафот топганлар.

12) Нобит ибн Исмоил аз-Замзамий раҳимахуллоҳ Маккада замзам қудуғида одамларга сув тарқатиш ишига масъул бўлганлар. Қуръон ҳофизи, фароиз билимдони, Маккада мавлидлар уюштириб, бош-қош бўлганлар. 807 ҳижрий йилда Маккада юз берган сел вақтида ғарқ бўлиб вафот топганлар. Бир кундан кейин жасади топилиб, «Муаллот» қабристонига дафн қилинган.

13) Аббос ибн Аҳмад ал-Муновий раҳимахуллоҳ Қуръон ҳофизи, қироат олими. «Жомеъ Тулун» ва «ал-Азҳар»да дарс берганлар. Қишин-ёзин совуқ сувга тушиши билан танилган эканлар. Ҳаммомнинг ҳожатхонасида вафот топганлар.

14) Тақводор номи билан танилган Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Мординий раҳимахуллоҳ ҳадис ва қироат олими. Қози бўлганлар. 894 ҳижрий йилда уйидаги қудуққа йиқилиб вафот топганлар.

15) Исмоил ибн Иброҳим ал-Гамровий раҳимахуллоҳ Қуръон ҳофизи ва ҳадис ровийси. Оти йиқитиб, тепкилаб ташлагани учун 40 ёшида вафот топганлар.

16) Исмоил ибн Абулқасам ан-Ноширий раҳимахуллоҳ фақиҳ олим бўлиб, яшин ургани сабабли куйиб кетиб вафот топганлар.

Ҳа, олимларнинг улуғлигини кўра олмайдиган бадкирдор, хасадгўйлар хар нарса деяверар экан-да! Аллоҳ олимларни ёмон кўришдан Ўзи сақласин! Улуғларни фақат яхшилик билан эслаш керак, улуғларнинг яхши томонини гапириш лозим! Аллоҳ улуғларга, уламоларга, авлиёларга муҳаббатли ва ихлосли килсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *