МУСИБАТ АСЛИДА НЕЪМАТДИР


st274Ҳаётида оғир йўқотиш ва бошқа 
мусибатларга дуч келган қадрдон дўстимга.

Азиз Дўстим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

إن الله تعالى يبتلى العبد فيما اعطاه فإن رضى بما قسم الله بورك له و وسعه و إن لم يرض لم يبارك له و لم يزد على ما كتب له

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бандасини берган нарсаларида имтиҳон қилиб туради. Агар Аллоҳнинг тақсимотига рози бўлса, унга кейинги ҳаётида барака берилади ва кенгчиликка эришади. Мабодо рози бўлмаса унга барака берилмайди, балки пешонасига ёзилгандан ортиқча ҳеч қандай неъматга эриша олмайди. (Имом Аҳмад. Саҳиҳ).

Аллоҳ бизга берган ҳамма нарса аслида Унинг неъматидир. Мол-дунё, бола-чақа, ота-она, фарзандлар, фаровон турмуш, мансаб-лавозим, маркабу-уловлар, оиламиз ва ҳоказо бари бариси Худонинг бизга берган неъматлари бўлиб, Ҳақ таоло Ўзи истаган чоғда шу неъматлар билан бизни имтиҳонга солиб туради. Масалан, бирон муҳтожни остонамиз олдига келтириб қўядики, бу бандам муҳтожни ҳолидан хабар оладими ё йўқ—деб. Ёки берган неъматини олиб қўядики, йўқотишга учраган бу бандам менинг ҳукмимга рози бўладими ёки йўқ—деб. Ва ҳоказо…

Аслида  Билимдон Раббимиз бизнинг имтиҳондан ўтишимиз ё ўта олмаслигимизни олдиндан аниқ билсада, қиёматда имтиҳондан йиқилганларга даъво қолдирмаслиги учун, шунингдек, яхши ўтиб олганларни кўпроқ сийлаш учун шу тариқа ўз ҳолимизга қўйиб имтиҳонлар қилиб туради.

Банда ҳар қайси ҳолатда ҳам Аллоҳнинг ҳукми илоҳийсига, тақдири азалийсига, унинг тақсимотига рози бўлиши ва кўраётган куни учун ҳамиша Раббисига шукр келтириши шарт. Ўшанда уни Аллоҳ олдинги ҳолидан кўра яхшироқ ҳолатга етиштиради. Мусибатнинг неъмат эканига банда худди шу мукофотга ноил бўлганда амин бўлади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, мусибат, йўқотиш, маҳрум бўлиш каби ишлар Худонинг севикли бандаларига берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ мўминларни имтиҳон қилиб туради. Бу нима учун?—Аллоҳ мўминларни икром қилгани учундир!”—деганлар. (Тобароний ривояти).

Яна бир ривоятда шундай келади:

Аллоҳ таоло: “Агар бандаларимдан бирортасини, баданига ё боласига ё бойлигига офат келтириб мусибатга рўбарў қилсам-у, у мусибатни сабр билан қарши олса, қиёмат куни унинг ёмон амалларини тортиш учун тарози қўйишга, ёки гуноҳлари қайдланган дафтарини очишга уяламан”—деди. (Ҳаким ат-Термизий).

Шундай экан, мўмин ҳар қандай оғир мусибатга учрасин, хоҳ ота-онасидан, бойлигидан, мансабидан, обрўсидан, боласидан, эридан ё хотинидан айрилсин, нима бўлганда ҳам “Бу Аллоҳнинг хоҳиши ва мен унга розиман” деб сидқидилдан айта олиши керак. Мана шунда унинг мусибати ҳаққоний том маънода неъматга айланади. Бир йўқотиш ортидан Аллоҳ ундан зиёдасини шу дунёнинг ўзидаёқ беришни бошлайди.

Азиз дўстим! Ҳеч қачон руҳий тушкунликка тушманг! Аллоҳ сизни яхши кўргани учун имтиҳон қилаётганини ҳис қилинг! Ва аниқ билиб қўйингки, Аллоҳ сиз билан бирга ва сизни шу ҳолатда ташлаб қўймайди. Сиз фақат Унинг ҳукмига рози бўла олсангиз кифоя! Шунда ҳаммаси олдинда эканига ўзингиз амин бўласиз…

Дўстингиз: Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *