Ўзбекистон мусулмонларига мурожаат: «Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ!»

Lotin alifbosida

.Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Азизлар, муҳтарам мусулмонлар!

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамлар орасида шуҳрат қозонган: “Мўъмин киши бир уядан икки марта чақилмайди”, деган мазмундаги ҳадиси шарифлари бор. Яъни, илон ёки чаён каби заҳарли жонзотларнинг инига қўл тиқиб, улар чақиб олган бўлса, иккинчи бор ўша инга қўл тиқиш мўъмин-мусулмонга тўғри келмайди. Бу ҳадисдан мўъмин-мусулмонлар қилган хатоларини иккинчи бор такрорламасликлари, бирор зарар кўрган жойи ёки зарар кўрган ишидан иккинчи марта ҳам зарар кўриб қолмаслиги лозимлиги чиқади. Ана шу ҳадиси шарифнинг ҳукмига биноан Ўзбекистоннинг мўъмин-мусулмонлари ҳам бир пайтлар қилган хатоликларини ва янглишувларини такрорламасликлари лозим!!! Зотан, бугунги кунлардаги эркинлик шабадалари мўъмин-мусулмонларни ортиқча ҳаёжонга солмаслиги, янглишувларга йўлиқтирмаслиги керак. Улар ҳар бир ишни ва ҳар бир гапни етти ўйлаб бир кесиш, балким, минг бора ўйлаб бир кесиш услубида амалга оширмоқлари керак.

Азизлар, муҳтарам мусулмонлар!

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритиш арафаси ҳамда ундан кейинги беш йиллар чамасида ушбу хилдаги хатоликлар кейинчалик Ўзбекистон мусулмонлари бошига мислсиз қайғулар солгани рост. Таниқли адибимиз Абдулла Қодирий: “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир!”, деганларидек, бу яқин ўтмишимиздаги хато-камчиликлардан ибрат олиб, энди уларни такрорламасликка қаттиқ ҳаракат қилмоғимиз керак. Бу хатолар бир кўринишда арзимасдек туюлса-да, бироқ, уларнинг оқибати жуда оғир бўлади. Зотан, бир пайтлар – мустақиллик йиллари давридан кўра ҳозирда геосиёсий жараёнлар тезлашиб, мутлақо ўзгариб кетди. Шунинг учун, мўъмин-мусулмонлар ҳар қачонгидан кўра оғирроқ, босиқроқ, мулоҳазалироқ, ҳушёрроқ ва огоҳроқ бўлмоқлари лозим! Чунки, бугунги мўъмин-мусулмонлар ўша истиқлол арафаси ва бошланиш йилларидан кўра билимлироқ, диний саводлироқ, бошқа юртларни кўрганроқ, ахборотларни тез билувчироқ, интернет ва телефонни юз баробар кўпроқ тушунганроқ ҳисобланишади.

1) Истиқлол арафаси ва бошланиш йилларида минтақамиз мўъмин-мусулмонлари ортиқча ҳис-ҳаёжонга берилиб, мамлакатда ҳар хил тўс-тўполонлар чиқишига сабабчи бўлдилар. Муаммоларни босиқлик билан бамаслаҳат тинч йўл билан ҳал қилиш ўрнига митинглар, бақир-чақирлар билан ҳал қилишга урунишлар бўлди. Ҳокимиятлар олдига бир тўда оломон бостириб бориши, майдонларда митинглар уюштириш кабилар рўй берди. Ўз имомидан норози халқ бақир-чақир қилишиб, масжидларда тўс-тўполонлар қилишди, бир неча фитначилар бирлашиб, имом бечорани йўқотиш пайига тушишди, ҳатто Диний Идора олдида бир қанча оломоннинг тўпланиб жанжал кўтаришлари юз берди. Тошкентда “Тилла Шайх” масжидида бундай ҳолат бир неча бор кузатилди. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг уйларига оломон бир неча бор бостириб боргани бугунги кун одамларининг ҳам эсида қолган.

Яқинда ҳам шундай ҳолат Қўқонда кузатилганидан хабар топдик. Катта бир устозимизнинг масжидида муаззинлик қилиб юрган у кишининг шогирди – ноқобиллик ва оқлик йўлини тутиб, у зот йўқ пайтида маъруза қилиб юриб, атрофига фитначи, бемазҳаблик сувини ичганлардан бир нечтасини йиғишга улгурибди. Натижада, устозимизни имомликдан ағдариб, ўша бадкирдорнинг ўзи имом бўлишни кўзлабди. Юзлаб оломон устозни масжиддан ҳайдамоқчи бўлибди, ҳокимиятга, керак бўлса, Тошкентга Диний Идорага борамиз, деб дўқ ҳам қилишибди. Катта иғволар билан тўлдирилган шикоятнома ёзишиб, Диний Идорага йўллашибди. Диний Идорамиз ходимлари ишни муфассал, адолатли ва холис ўрганиб чиқиб, узоқ суриштирув ва тафтишлардан кейин ўша ноқобил шогирд мутлақо хато йўлдалигива ноҳақ эканини, унинг ортидаги фитначилар динда фақат фитна қилаётганларини аниқлабдилар.

Истиқлол йиллари бошларида фитначилар юртдаги энг асосий ва катта масжидларни худди шундай зўрлик билан эгаллаб тортиб олишга ҳаракат қилдилар. Андижон ва Намангандаги айрим жомеъ масжидлар шу тариқа уларнинг қўлларига ўтиб қолган эди. Уларнинг мақсади катта жомеъ масжидларни эгаллаб, шу орқали кенг фаолият олиб бориш бўлган.

Демак, аслида бундай ҳолатни бир-икки нафар фитначи атайлаб уюштиради-да, оломонни ўз измига йўналтириб юборади. Уларнинг фитнасидан ҳамиша огоҳ туриш керак.

2) Бугун истиқлолнинг дастлабки йилларидагидек митинглар уюштиришни эплолмаётган фитначилар интернетда, ижтимоий тармоқларда ва ҳар хил каналларда ўтириб олиб, ҳар хил мурожаатлар ва ҳукумат номига шикоятлар, порталга – Президентга очиқ ва ёпиқ хатлар ёзишиб, унга имзолар тўплаш билан овора бўлаётирлар. Уларнинг бу ишлари ўша даврларнинг митингларига ўхшаб кетмаслиги лозим! Талаб ва истаклар ҳаққоний, мантиқий, қонуний ҳолатда мутлақо тинчлик йўли билан амалга оширилиши керак. Ҳукумат аҳли тайёрланган мурожаатларни, шикоятларни, мактубларни инобатга оладими-йўқми, шуни аввалдан сезган ҳолда, тайёрланса, яхши бўларди. Акс ҳолда, беҳуда уринишни фитнага олиб келмаслигига ёки фитнага йўйишмаслигига ким кафолат бера олади?!

“Мусулмонлик аста-секинлик билан бўлади!”, деганларидек, шошилмасдан, сабр-тоқат ҳамда тинч ва қонуний йўл билан мусулмонлик пойдеворини мустаҳкамлаб бориш лозим бўлади. Арабларнинг: “Ҳар бир кечикиш хайрлидир!”, деган мақоли бор. Бундан бошқа ҳар қандай йўллар хатарлидир. “Инқилобни ақллилар ўйлаб топади, мутаассиблар амалга оширади, аҳмоқлар ҳузурини кўради”, деган ҳақ гапдаги ҳолатларга тушиб қолмаслик керак. Ушбу ҳақ гапдаги учта тоифанинг ҳеч бири динга ҳам, дунёга ҳам фойда келтирмаган, бундан кейин ҳам келтирмайди.

Шундоқ ҳам табиий йўл билан амалга ошиши мумкин бўлган жараённи нимага тезлатиб юбориш керак?! Аллоҳ ўзи имкон ва қувват бериб турган масалани янада чалкаштиришнинг нима кераги бор?! Мусулмонлар нимага шошиши, нима учун бетоқат бўлиши керак?! Эркинлик дегани ҳар кимнинг хоҳлаган гапини гапириши, хоҳлаган нарсасини талаб қилиши эмас!

Ўзбекистон кўпмиллатли халқ ҳисобланади. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир мусулмон ўзгаларнинг ҳам ҳурмати борлигини унутмаслиги керак. Хавф ва хатар қайси томондан келишини мусулмонлар ҳаммадан кўра билиб-кўриб турмоғи лозим. Бугун огоҳлик даври. Талаб асло босим ўтказиш шаклини олмаслиги керак, талаб ва таклиф қилаётган мўъмин-мусулмонлар воқеъликни яхши билишлари, сиёсий онгни йўқотмасликлари лозим.

Устозларимиздан бири айтиб берганди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Андижондаги энг катта масжидда мусулмонларнинг уламоларини йиғиб, икки соатларча суҳбатлашиб ўтирган экан. Мусулмонларнинг муаммолари, ижтимоий долзарб ҳолатлар ҳақида узоқ суҳбат бўлибди. Шунда, имомлардан бири жумъа кунини дам олиш куни деб эълон қилиш кераклиги ҳақида гап қўзғаб қолибди. Шу ерга келганда, икки соатлик хайрли суҳбат барбод бўлибди…

Бугун ҳам жумъа кунини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида бот-бот гап қўзғаётанлар бор. Ҳозирги воқеъликдан келиб чиқиб, жумъа кунини бутунлай дамолиш бўлсин деб эмас, жумъа вақтида дамолишни узайтиришни сўраш мантиқий тўғри услуб бўлган бўларди!

3) Истиқлол йилларидаги катта хатолардан бири имом-домлалардан ва аҳли илмлардан хато ахтариш, уларнинг айбини оммага ошкора қилиш, озгина янглишувини худди миллат фожеаси каби бўрттириб кўрсатиш эди. Бу дин душманларининг бутун дунё бўйлаб қўллаб келаётган энг оммавий услубларидан биридир. Ушбу услуб бугун ҳам ҳар хил кўринишларда бўй кўрсатиб турибди. Улуғ саҳоба Абу-д-Дардо (розияллоҳу анҳу): “Инсоннинг мунофиқлигининг илк аломати ўз имомига таъна қилишидир!”, деганлар. Уламо ва аҳли илмларнинг қилган ишлари ва айтган сўзларидан бўлар-бўлмас хато ва камчиликлар топавериш ҳамда уларни обрўсизлантириб ҳақорат қилавериш; имом-домланинг соатини кўриб қолиб, ҳақорат қилиш; уйининг баланд қурилганини кўриб овозни баландлатиш; яхши-яхши машиналар миниб юришидан жаҳли чиқиш; соқоли камлигини ёки йўқлигини кўриб, илми ёки тақвоси кам ёки йўқ деб ҳукм чиқариш; хотини билан жанжаллашиб қолган имомга қарши жанжал кўтариш; имомнинг айтган гапига эътироз билдириб, ўзининг ҳақлигини кўрсатиб қўйиш; имомнинг айтган гапига таъна қилиб, лаънати найзасини бир санчиб ўтиш – ана шулар қиёмат аломатлари, душманнинг тегирмонига сув қуйиш, дин душманларининг тактикасини амалга оширувчи аскар бўлиш билан тенгдир! Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсоннинг ёмон эканига мусулмон биродарини ҳақорат қилиши етарлидир!”, деганлар. Аҳли илмни ҳақорат қилишнинг гуноҳи эса икки баробар кўпдир!

Албатта, имом-домлалар ҳам оддий инсон сифатида камчиликлардан холи эмаслар. Агар уларнинг эътиқоди ёки қироатида шубҳа ёки камчилик бўлса, уларга иқтидо қилмасдан мусулмонлар бошқа масжидга – ўзлари рози бўладиган имом ортида намоз ўқиш учун боришга ихтиёрлидирлар. Масалан, Бурҳониддин Марғиноний бобомизнинг “ал-Ҳидоя” асарида қироати дуруст бўлмаган одам қориларга имомлик қилса, ҳамманинг намози бузилади, дейилган. Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гаплари. У зотнинг шогирдлари эса қироати дуруст бўлмаган имомга иқтидо қилган қорининг ўзининг намози бузилади, деганлар. Демак, ҳар икки ҳолатда ҳам имомнинг қироатидан камчилик топадиган, аниқроғи топа олган киши ўзи намозини қайта ўқиб олиши ёки бошқа қори имомнинг орқасида иқтидо қилишга ўтиши керак. Жамоатда иқтидо қилиб, сўнг намозини эҳтиёт юзасидан қайта ўқиб олганлар, жамоатнинг ҳам, эҳтиётининг ҳам савобини олиб, икки карра ажрга муяссар бўладилар. Лекин, ўша имомни омманинг олдида ёмонотлиқ қилиб, ҳақорат қилишингиз, албатта, тўғри эмас!

4) Истиқлол йиллари даврида катта ва илк фитналардан бири имом-домлаларни тугун олганликда айблаш, гўё тугун олмайдиган имом-домлаларни ҳақпараст қилиб кўрсатиш бўлган эди. Аслида, ўша даврдаги халқнинг тугунини олмаётган имом-домлаларнинг қалбларида ғарази бор эди. Агар уларнинг яширин ишларини кузатсангиз, уларга бой-бадавлат тужжор мухлислари истаган бойликларини бериб турганлигини, чет эллардан эса пачка-пачка долларлар келиб турганлигини билиб олиш мумкин эди. Бу ўз исботини ҳам топиб улгурган ҳақиқатдир!

Аслини олганда, тўй-маъракаларга ишлатилган, дунёвий орзу-ҳаваслар йўлида ишлатилган миллион-миллионларни мақтаниб гапиришлар олдида имом-домлаларга берилган бир неча сўм ёки тугундаги иккита нон уларни камситиш маъносида гапиришга арзимайди. Бу шуни ҳам гапирганлар қалбида кир борлигини англатади, холос.

Аслини олганда, устага юз минг сўм бериб, ўн беш дақиқада телефонини тузаттирганини мақтаниб гапирганлар, томига антенна қўйдириб, телевизорига канал тўғрилатгани учун юз минг берганлар, компьютерига программа ўрнаттиргани учун эса ундан ҳам кўп пулни уста дастурчига қўш-қўллаб топширганлар, ноутбукига эса антивирус ўрнаттиргани учун, ғинг демай, уч юз минг сарфлаганлар, уйидаги бир точкани тузатган сантехник фалоооон сўмини шилиб кетганини айтганлар, иймонини ўрнатган аҳли илмга, намозини тўғрилаган имом-домлага, ахлоқини тузатган шайхга, ақл ва миясига “антивирус” ўрнатиб қўйган муршидга арзимас пул ёки тугун берганини миннат қилиб гапиришлари пасткашликдан бошқа нарса эмас! Шаръий аъмолини тузатган, диний ақидасини тўғрилаган, ҳаётининг издан чиққан жойини тўғри йўлга йўналтирган, ўзининг дуои хайри ила қалбига ором бағишлаган инсонга берган нарсасини миннат қилиб, ғижиниб гапирганларга нима дейиш мумкин?!

Ҳар бир юртнинг ўзига хос урф-одатлари бўлади. Бизнинг юрт аҳли минг йиллардан бери ўзларининг меҳмоннавозлигини кўрсатиб, иймон эътиқоди талабини бажариб, хурсанд  ва рози бўлиб аҳли илмларга икки нон бўлса-да, қўлтиқларига қистириб юборганлар.Тиловат қилган одамга хайр-эҳсон қилиш, унга ҳар хил ҳадялар бериб кўнглини олиш минг йиллик анъана, диний қадрият, ота-боболар удуми, шариатнинг жоиз ва мустаҳаб қилган амали ҳисобланади. Аҳли илмни хурсанд қилиш, кўнглини олиш, уларга ҳадялар улашиш мусулмонларнинг вазифасидир! Нимага ўзининг вазифасини қилмасдан туриб, бошқаларни айблаётганларнинг гапларига қулоқ тутишимиз керак?!

5) Истиқлол йилларининг илк фитналаридан яна бири намоздаги иккита масала юзасидан келиб чиқди.

Буларнинг биринчиси, “Алҳамду”дан кейин “омин”ни жаҳрий айтиш, баралла овозда “омин”ни баланд кўтариб айтиш бўлган эди. Бу фитна энг аввал Наманганда пайдо бўлди, ундан Қўқон дарҳол ўзлаштириб олди, кейин Тошкентга етиб келди. “Омин”ни баланд-баланд бақириб айтиш, ошкора айтмаганларни айблаш, ичидан махфий айтганларга таъна қилиш, бу борада ҳанафий мазҳабини айблаш ғирт саводсизлик ва ҳақиқий фитнадан бошқа нарса эмас эди.

“Омин”ни махфий айтиш борасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларида ўзига яраша кучли далиллар мавжуд, албатта. Бироқ, ўша пайтда бу далилларни ўз вақтида одамларга тезликда ва батафсил етказиш борасида сусткашлик бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида доимий ва ҳамиша юрган саҳобаларнинг бирорталари “омин”ни жаҳрий айтмаганларини, “омин”ни ошкора айтиш таълим учун вақтинчалик амалиёт бўлганлигини – яъни, асл ҳақиқатни тушунмаган юртимиздаги бир тоифа одамлар масжидларда овозини борича “Ааамиииин!” деб бақирар эдилар.

Иккинчиси “рафъ ул-ядайн” масаласи эди. Яъни, намозда рукуъга боришда ва саждага боришда иккала қўлини кўтариш масаласи. Бизнинг юрт мусулмонлари минг йиллардан бери одатда намознинг бошланишида, фақатгина “такбири таҳрима”да иккала қўлларини кўтариб келганлар. Витрда эса “дуои қунут”дан олдин ҳам қўл кўтарар эдилар. Бироқ, фитначиларнинг янги фитнаси рукуъга боришда ва саждага боришда ҳам қўл кўтаришлари эди. Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалига “такбири таҳрима”дан бошқа пайтлари ҳам – рукуъга боришда, саждага боришда, иккинчи саждага боришда ҳам қўлларини кўтарганлари нақл қилинган. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги қарорлари намозда бир марта – намозга киришишдаги такбирдагина қўлларни кўтариш бўлган эди. Ҳанафийлар буни жуда яхши билганлари боис намозда “рафъ ул-ядайн” қилмай келадилар. Фитначиларнинг мақсади суннатга амал қилиш эмас, балки ҳанафийларни камситиш, халқни оввора қилиш бўлган эди.

Бизнинг юртимиз аҳли минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабида – Имоми Аъзам мазҳабларида амал қилиб келмоқдалар. Бу юртда фиқҳий масалаларда халқ – оддий одамлар ўртасида уруш-жанжал чиққан эмас. Бугунги халқ ҳам ушбу мазҳабни маҳкам ушласалар, иншаАллоҳ, ихтилофлар чиқмайди.

Айримларнинг масжидларимиздаги: “Бу масжидда намоз ҳанафий мазҳабида ўқилади!” деган ёзувлардан ғижиниб юргани ҳам рост гап. Бироқ, улар ушбу ерлик аҳоли учун ёзилган бўлиб, фитнанинг, ўша истиқлол йилларидаги каби уруш-жанжаллар ва тортишувларнинг олдини олиш учун бўлаётганини билиб, билмасликка олишади. Масжидга бошқа юртдан келган меҳмоннинг қайси мазҳабда намоз ўқиганлиги ҳеч қачон фитнага сабаб бўлмайди. Меҳмонлар ўзлари билганича намоз ўқиб, ўз юртларига қайтиб кетаверадилар. Бироқ, бу ернинг туб аҳолиси, муқим кишиси албатта шу юртнинг анъаналари ва диний қадриятларидан четга чиқишга ҳаққи йўқ. Зотан, ҳурмат қилган ҳурмат кўради. Имоми Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қабрини зиёрат қилишга келганида, зиёратгоҳ масжидида ибодат қилганида айнан ҳанафийлардек намоз ўқигани жуда машҳурдир. Ундан бу ҳақида сўраганларида, Имом Шофеъий: “Бу қабрнинг соҳибидан унинг ҳузурида унинг мазҳабидан бошқача қилиб намоз ўқишдан уялдим!” деган эканлар. Демак, масжидларимиздаги: “Бу масжидда намоз ҳанафий мазҳабида ўқилади!” деган ёзувларни кўриб-билиб туриб ҳам бошқача намоз ўқувчилар уятсиз ва ҳаёсиз кимсалар бўлади.

6) Истиқлол йилларидаги ихтилофлар аҳли суннат ва жамоат вакиллари билан оқим ва тоифалар ўртасидаги минг йиллик ихтилофлар каби эътиқодий масалаларда қўзғалди. Буларнинг энг каттаси бемазҳаблик – мазҳабларни тан олмаслик ёки хоҳлаган мазҳабидан хоҳлаган масаласини олиб кетавериш (“талфиқ”) ҳисобланади. Бу эса минг йиллик анъаналарга содиқ диндор халқнинг ғазабини қўзғатиб юборди, катта тушунмовчиликларга олиб келди. Бемазҳаблик балоси ўзи билан қуйидаги ихтилофларни ҳам қўзғади: Жиҳод ва ҳижрат фарз экан, ким жиҳод қилмаса, ҳижрат қилмаса кофир бўлади, деб ҳадисларни кетма-кет келтирмадиларми?! Иштон поччасини шимариб юриш керак, шимарилмаса, дўзахий бўлинади, деб ҳаммани оввора қилмадиларми?! Намозда ниятни тил билан айтиш бидъат, намозда оминни жаҳрий айтиш суннат, махфий айтиш эса ҳаром ва бидъат, демадиларми?! Оддий пайпоққа ҳам масҳ тортиш мумкин, деб ўзларича ҳадислар келтирмадиларми?! Таровеҳни йигирма ракъат ўқиш бидъат, уни саккиз ракъат қилиб ўқиш вожиб демадиларми?! Сафарга чиққанда суннат намозлари ўқилмайди, ким ўқиса гуноҳкор бўлади, деб оламга жар солмадиларми?! Эътиқодда эса минг йиллик мотуридийликни ёмонлаб, мотуридийларни адашган дейилмадими?! Тасаввуфий тариқатларни залолат деб, сўфийларни мушриклар дейилмадими?! Аллоҳ таолони осмонда, у Аршда ўтиради, ҳар тунда эса дунё осмонига ростакамига тушиб келади, ким буларни рад этса у кофирдир, демадиларми?! (сайтимизнинг “Оқимларга раддия” бўлимида ушбу масалаларда кўплаб маълумотлар ва раддиялар берилган). Юртимиз мусулмонлари бу хилдаги ихтилофларни минг йиллардан бери кўрмай келаётган эди. Истиқлолнинг эркинлиги оддий халқ ўртасига, оддий намозхонлар орасига бу хилдаги ақидавий ихтилофларни солгани рост.

7) Истиқлол йилларидаги бақир-чақирлар, уруш-жанжаллар – ихтилофлар бугун интернет оламида, facebook саҳифаларида давом эттирилмоқда. Сал нарсага қизишиб кетишлар, ўзгаларнинг фикр-қарашларига нисбатан бетоқатликлар, баҳс-мунозара одобини мутлақо билмаслик, ҳақорат ва сўкинишлар, ҳатто жисмонан йўқ қилишга бўлган таҳдидлар, афсуски, бугун виртуал оламдаги мулоқотнинг хусусиятларидан бўлиб бормоқда. Асабийлашиш ва ғазабланиш асло ҳақ бўлмайди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи: “Агар баҳс-мунозарада бирор кимса қизишиб, асабийлашса ва ғазабланса, демак, у ноҳақ экан”, деганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўз ўғилларига калом илмида баҳс қилишни тақиқлаб, айтганларки: “Бизлар мунозараларда рақибимизнинг хато қилиб қўйишидан қўрқар эдик. Ҳақ юзага чиқишини астойдил истар эдик. Сизлар эса рақибингиз хато қилишини кутасиз ва айбини айтиб, исботлаб берсангиз, хурсанд бўласиз”, деган эканлар.

Раддиялар асло ҳақорат, бировни шарманда қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировга лаънат ёғдириш, тортишув ва жанжаллашувдан иборат бўлмаслиги шарт. Раддиялар мутлақо илмий асосларга қурилган, эътиборли шаръий манба ва масдарларга, мантиқий фикр ва қарашларга суянилган ва асосланган бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, раддияларга раддиялар уланиб кетади, ҳақоратларга йўғрилган ёзувлар ва гапларга ҳақоратомуз ёзувлар ва гаплар жавоб бўлиб келаверади, ҳақ томонда қанчалик кўп одам турган бўлса, ноҳақ томонда ҳам шунчалик одамлар бўлаверади.

8) Юқоридаги муаммоларнинг асосий сабабчиси битта эди. Истиқлол арафаси ва бошланиш йилларида минтақамиз мўъмин-мусулмонлари ўтган 70 йиллик динсизлик даври – советлар даврида диний саводхонликдан мутлақо мосиво бўлган эдилар. Руҳий-маънавий жиҳатдан шундоқ ҳам чанқаб ўлар ҳолатда турган мўъмин-мусулмонларга диний маълумотлар сув ва ҳаводек зарур эди. Улар тўғри келган маълумотни ўзлаштиришга киришиб кетдилар, тўғри келган одамдан динни ола бошладилар. Бу барча даврларнинг энг катта ва энг машъум хатоси ҳамда энг долзарб муаммоси ҳисобланади!

Исломга даъват қилувчининг, диний таълим ва фатво бераётганнинг шахси аниқ бўлиши керак. Бу саҳоба ва тобеъинлар давридан бери амалда бўлиб келган қоидадир. Имом Термизий бобомиз раҳматуллоҳи алайҳи “Шамоили набавия” асарининг энг охирида тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳнинг: “Бу ҳадис диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар!” деган гапларини келтирганлар. Демак, динни кимдан олаётганга қараш керак, яхши ва баландпарвоз гапларни айтганга эмас! “Жомеъ ал-аҳодис” асарида келтирилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимлар билан ўтиришаётганларингизга қаранг ва динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг! Чунки, охирзамонда шайтонлар одам суратида пайдо бўлиб, “Бундай ҳадис бор!”, “Мана бундай хабар бор!”, дейишади. Агар бир киши билан ўтирсангиз, унинг исмини, отасининг исмини ва насл-насабини суриштиринг. Агар у ғоиб бўлса, уни топа олмай қоласизлар!”, деб марҳамат қилганлар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи эса: “Ушбу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: “Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар”, деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!”, деганлар. Яъни, ҳадис айтгани билан, оятни тафсир қилгани билан унга эргашиб кетилавермайди.

Демак, диний даъватда, диний илмни тарқатишда, диний илмни олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернетда ўтирган, facebook да диндан гапираётган, youtube да кунора чиқиб турган, лекин кимлиги номаълум, оқибати ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмаслиги лозим. Чунки, бу диндир. Динда уни ким етказаётгани муҳимдир. Ҳадис айтди, оят келтирди, демак, унга эргашиш вожиб бўлди, дейилмайди. Уни ким айтди, нимага айтди, қайси мақсадда айтди, нима учун айтди, қаерда ва қачон айтди – шуларга қаралади. Фатво берувчининг ўзи таниқли олим бўлиши, қаерда туғилиб-ўсгани, кимлардан илм олгани аниқ бўлиши, қайси китоблардан таҳсил кўргани ошкор бўлиши лозим.

9) Истиқлол йилларидаги хатолардан яна бири фатво берувчининг кимлигини суриштирмаслик оқибати бўлганидек, хориждан ўлкамизга ташриф буюрганларнинг гапларига суриштирмасдан қулоқ осавериш бўлди. Салафий-ваҳҳобийлар, ҳизбуттаҳрир аъзолари, ҳар хил бемазҳаб кишилар, турли кўринишдаги даъватчилар эркинлик имкониятидан унумли фойдаланиб кириб келдилар. Бу хилдаги юрт вайронкорлари яна кириб келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Уларнинг борган жойларида – бутун дунёда кириб борган ўринларида ихтилофлар авж олиши, уруш-жанжаллар ва узлуксиз тортишувлар вужудга келиши ҳақ гап. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак. Бу ҳақиқатни яшириб ҳам бўлмайди. Бугун улар кириб борган Сурия нима бўлди, Ливия нима аҳволга тушмоқда? Ямандаги ва бошқа ўлкалардаги уруш ва жанжалларга, бутун дунёдаги масжидлардаги тортишувларга улар сабабчи бўлмаяптиларми?! Истиқлол йилларида масжидларимиздаги тўхтовсиз музокара ва муҳокамаларга, баҳс ва тортишувларга улар сабабчи бўлмаган эдиларми?!

Юртимизга кириб кела олмаётганлар эса facebook саҳифаларида ўтириб олиб, youtube да ҳар хил фатво ва дарслар уюштириб, ўзларининг бузғунчи ғояларини сингдирган ҳолда юрт ичига бурун тиқаётганлар кўп. Бу ҳолатда бундай вайронкор ғоялар тарғиботчиларини, шахсиятларни рўй-рост юрт аҳлига билдириб бориш, юртимиз аҳли илмларининг ҳам facebook каби ижтимоий тармоқларда, телеграмм каналларида фаол бўлишлари, youtube га ўзларининг мунтазамликка эга дарслари ва фатволарини жойлаб боришлари вожиб бўлади. Аҳли илмларимизнинг фаоллиги бугун ҳар қачонгидан ҳам зарурроқдир.

10) Истиқлол йилларидаги хатолардан яна бири имом-домлаларнинг айтган гапларига кўнмаслик, шайхларимизга қулоқ осмаслик оқибатида келиб чиқди. Ўзбилармонлик қилиб, халқ ўз имомларига қулоқ солмаслиги фожеадир! Кўпгаплик, ўзбилармонлик Қиёмат аломатларидандир. Суриянинг бугунги аҳволга тушиши ҳам оломоннинг ўз шайхлари Рамазон Бутийнинг гапларига қулоқ осмаслик ва унинг гапларини менсимаслик натижасидир! Халқимиз ўз шайхи, миллат устози бўлмиш Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг атрофига бирлашиб, у зотнинг китоб ва асарларини ихлос билан ўқишни бошлагандан бери ихтилофлар барҳам топаётгани сир эмас. Бундан кейин ҳам имом-домлаларимиз, шайхларимиз, диний раҳбарларимизга қулоқ осиб борсак, орамизга ихтилофлар тушмайди, иншаАллоҳ.

ХУЛОСА

Азизлар, муҳтарам мусулмонлар!

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мўъмин киши бир уядан икки марта чақилмайди”, деган мазмундаги ҳадиси шарифлари мўъмин-мусулмонлар доим огоҳ яшамоғини, бир хатосини иккинчи бор такрор қилмаслигини, камчиликларини тўғрилаб, қилган хатоларидан ибрат олиб, ўзини ўнглаб-тузатиб умр кечириши лозимлигини англатади. Истиқлол арафаси ва илк йилларида диндорларимиз қилган камчиликлар, мусулмон аҳоли ўртасидаги ихтилофлар юқорида биз санаб ўтган ўнта банддаги хатолар туфайли бўлган эди. Энди, бу хатоларни такрор қилишга ҳаққимиз йўқ!

Истиқлол арафаси ва илк йилларида юқорида санаб ўтилган хатоликлар бошида турганлар бугун ғимирлаб қолишгани кундек равшан. Уларнинг бидъатчиларни гапирган ва улардан огоҳ қилганларга: “Нимага фитна қилаяпсиз?! Нима учун ихтилоф чиқараяпсиз? Нима учун “фалоний-писмадоний” деб мусулмонларни ажратиб, бир-бирига қарши қўймоқдасиз?”, каби таъналар қилиб, ўзларининг ёйиб турган бидъатларини ҳаспўшлар, фитналарини оқлаш ва яшириш усулидан ҳам фойдаланишларини ҳам эслатиб ўтиш ўринлидир. Аслида, саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг худди насроний ва яҳудийлар сингари бўлиниб, роппа-роса етмиш уч фирқага – гуруҳларга бўлиниб кетишларини башорат қилганлар. Бу башорат саҳобалар, тобеъинлар ва табъа тобеъинлар давриданоқ юз кўрсатган бўлиб, аҳли суннат ва жамоатдан ташқари хаворижлар, шиалар, мўътазилийлар, қадарийлар, жабарийлар каби тоифа ва фирқалар пайдо бўлган эди. Бугун эса юзлаб тоифалар ўзларининг совуқ ва айёр башараларини кўрсатиб турибди. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари ҳақ экан, “фалоний-писмадоний” деган гуруҳлар чиқаверади. Улардан огоҳлантирганларга қулоқ солиб, мусулмонлар минг йиллик анъаналарга, минг йиллик мазҳабларига, асрлар давомида қилиб келган қадриятларига қайтиб, уларни маҳкам ушлашлари лозим. Ана шундагина ихтилофлар барҳам топади, фитналар йўқолади, мусулмонлар бирлашади. Ихтилоф қилманг, фитна қилманг, деб туриб, ўзлари ихтилоф қилаётган ва фитна этаётганлар ана шу минг йиллик анъаналарни, минг йиллик мазҳабларни, асрлар давомида қилиб келинаётган қадриятларни маҳкам ушлашлари лозим.

Азизлар, муҳтарам мусулмонлар!

Биз Сиз азиз, мукаррам ва муҳтарам мўъмин-мусулмонларни ана шунга даъват қиламиз!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларни адаштирмасин! Хатолардан ибрат олиб, тўғри йўлда юришимизни насиб қилсин! Ихтилоф ва қарама-қаршиликлардан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Ahlisunna .uz сайти ҳайъати:

Ҳамидуллоҳ Беруний,

Ботиржон қори,

Анвар Абдуллоҳ.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *