ҚАРҒИШГА УЧРАГАН ХИВАЛИК

imagesҲаётимизнинг барча соҳаларида кейинги йилларда юз бераётган ислоҳотлар, айниқса, диний соҳадаги ислоҳотларни кўриб ва эшитиб кўз қувонади, дил яйрайди. Янги диний марказларнинг очилгани, Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Тошкентда Ўзбекистон Ислом цвилизацияси маркази, Фарғона, Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги марказлар, бир қанча янгидан-янги масжидларнинг барпо бўлаётгани, хусусан, Урганч шаҳрида шукуҳли масжид бутунлай янгидан бино қилингани каби бир қанча янгиликларни шукроналик билан эслаш ўринли. Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Қуръонга муҳаббатли эканликлари сабаб бўлиб, у кишининг шахсан ташаббуслари билан ўтган йили Қуръон мусобақаси ўтказилганлигини эсламай иложимиз йўқ…
Куни кеча Урганч шаҳридаги “Фахриддин АР- Розий” номидаги мадрасада Қуръони Каримдан дарс берадиган Толибжон Ғофуров билан мазкур диний ислоҳотлар ва Қуръон мусобақаси қандай ажойиб тарзда ўтказилгани ҳақида суҳбатлашаётганимизда, шеригимиз бир воқеани эслаб қолдилар:
“Тошкентда “Кўкалдош” мадрасасида ўқиб юрган кезларимда курсдошлар билан машҳур қори – Абдулазиз қори даданинг олдиларига борган эдим. У пайтлари кўп толиби илмлар 100 ёшга кириб пиру-бадавлат кекса аҳли илм бўлиб қолган бу зотдан дуои хайрлар олиш мақсадида бориб туришарди. У кишининг дуоларини ҳамда суҳбатларини олгани боргандик. (Мен ҳам Ҳамидуллоҳ акам билан бориб дуоларини олган эдим).
Абдулазиз қори дада ҳаммаларимиз билан ҳол-аҳвол сўрашиб, қаердан эканликларимизни бирма-бир сўраб чиқдилар. Мен ўзимнинг Хоразм вилоятидан эканлигимни, ҳозирда мадрасада толиби илм эканимни айтдим. «Мошаллоҳ, сиз менинг устозларимдан бирининг юртидан экансиз-ку! Мени шу даражага етишлигимга сабабчи бўлган устозларимдан бири Хива мадрасасида таълим олганлар. Бор экан-да, Хоразмда ҳам сиздек толиби илмлар?! Ҳозир Хоразмда қори деганда кўзи аъмо, кўр кишини тушунадиган бўлиб қолишган”, деб туриб, устозлари айтиб берган бир воқеани эслабдилар:
— Устозлари Хивада мадрасада ўқиган даврларда Хиванинг мадрасалари ва қорихоналаридан ҳар йили 1200 (бир минг икки юз) нафар талаба қори бўлиб, Қуръонни ёдлаб чиқар экан. Руслар келганидан кейин алғов-далғов замонлар бошланибди. Босқинчиларга сотилган, ватан хоини бўлиб улгурган, дин-диёнатини йўқотган хиваликлардан бир кимса Хива мадраса ва қорихоналарида дарс берадиган, кўзга кўринган охунд ва мударрисларни, қори ва ҳофизларни ифторликка чақиртирибди. Ифторликда эса барчаларининг таомларига заҳар қўшилган овқат бериб, ўлдиртириб юборган экан. Ўз ватандошларини сотган хоин, юртнинг улуғ уламолари ва қориларининг ўлимига сабабчи бўлган қотил шу воқеадан кейин жинни бўлиб қолган. Ҳозиргача шу кишининг авлодларидан жиннилар чиқар экан. Авлодларидан бирортаси соғ туғилса ҳам, кейинчалик жинни бўлиб, ақли заиф бўлиб қолар экан. Улуғ зотларнинг қарғиши авлоддан авлодига ўтиб келяпти экан.
Шундан сўнг, Абдулазиз қори даданинг ҳикояси ҳеч эсимдан чиқмади. Келиб, хиваликлардан суриштирдим. Қарангки, Хивада шунақа сулола – авлод ҳозир ҳам бор экан! Айтишларича, ҳар бир фарзанди жинни бўлмасдан қолмайдиган авлод ҳақиқатдан ҳам Хивада бор экан! Бу эса Абдулазиз қори даданинг ҳикояси ҳақиқат эканининг аниқ исботидир!”.
Афсуски, ҳозир ҳам шунақа ўз дўстини, ўз ватанини, юртини сотадиган, уламоларни, қориларни, аҳли илмни, намоз ўқийдиган одамни ёмон кўрадиган, кўришиб қолганда эса пешонаси тиришадиган хоин мунофиқлар бор. Бугун одамларни исломдан қўрқитиш ва соф исломий эътиқоди юқори кишилардан қўрқиш, ислом динини ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш урчиб бораётган галобал муаммолардан биридир. Бу хилдаги исломофобияга чалиниш оқибатида биз ҳикоя қилган хивалик каби қарғишга учраб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Аслини олганда, ислом дини эзгулик динидир. Ундаги ҳар бир ғоя эзгуликка ва тинчликка хизмат қилади. “Сизга тинчлик ва соғлик-саломатлик тилайман!” деган маънони англатадиган “Ассалому алайкум!” чақириғи бекорга ислом динида бош шиор қилиб олинмаган. Ислом динининг ғоялари ва мақсадларини нотўғри талқин қилиш ва нотўғри тушуниш юқоридаги ҳикоя мисоли воқеалар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса динга ҳам, давлатга ҳам асло фойда келтирмайди. Ислом охирги илоҳий дин экан, у абадий боқий қолаверади! Ислом билан абадий саодатга эришмоқ лозим!

Неъматуллоҳ қори АБДУРАҲИМ ҲОЖИ ЎҒЛИ

“Фахриддин АР- Розий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *