СОВЧИЛИК ОДОБЛАРИ

kachestvennie-oboi-rabochii-stol-osen.1024x600Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси ва эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта бу никоҳдир. Никоҳ кишилик жамиятидаги энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси билан шуғулланиш каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият қаратади.

Одатда никоҳдан аввал совчилик ва “қўл сўраш” деб аталган баъзи ишлар амалга оширилади. Мазкур масала муқаддас динимиз таълимотларида жуда ҳам батафсил ёритиб берилган. Шаръий манбаларда совчилик “хитба” деб юритилади. Бу – қисқача айтадиган бўлсак, бирор аёлга уйланиш истагидаги киши ёки унинг вакили қўли сўралаётган қиз ёхуд унинг валийсига ўз истагини очиқ айтишини англатади. Шунинг учун ҳам фиқҳий манбаларимизда бу сўз нутқ қилиш, хитоб қилиш маъноларини ўз ичига олган ўзак ҳарфлардан ташкил топган.

Совчилик ёки хитба никоҳ сари босилувчи илк қадам, оила қуришдек бахтга олиб борувчи василадир. Совчилик амалиётининг аҳамияти буюклигидан у Қуръони карим ва шарафли ҳадисларда бир неча бор тилга олинган. Бу борада Аллоҳ таоло томонидан ўзига хос тартиб-қоидалар жорий қилинган бўлиб, уларга риоя қилмоқ лозиму лобуддир.

Совчилик никоҳнинг дуруст бўлиш шартларига кирмайди. Усиз ҳам никоҳ ақди тузилиши мумкин. Аммо, одатда одамлар никоҳдан аввал совчилик қиладилар. Айниқса, бизнинг юртларда бу иш ўзгача аҳамият касб этган. Ўзига хос кўринишга эга бўлиб қолган. Бизда одатда совчиликка аёллар борадилар. Хайр, бу ҳам бизнинг урф-одатларимиздан. Зеро, эркак кишилар бировнинг уйига айниқса, аввалдан таниш бўлмаган хонадонга дабдурустдан боришлари бироз ғалати ва эриш туюлиши, баъзи ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкин.

мазкур сабаб туфайли, бизнинг диёрларда совчиликнинг дастлабки босқичлари аёллар томонидан амалга оширилади. Ундан кейин маълум қадамлар ташлангач, эркаклар учрашиб, “фотиҳа” каби муҳим ишларни амалга оширадилар.

Аммо, шуни билиб қўйиш ҳам керакки, юқорида “хитба” деб атаганимиз шаръий маънодаги совчилик айнан аёл кишилар томонидан амалга оширилиши шарт эмас. Балки, бу – уйланмоқчи бўлаётган кишининг ўзи томонидан ҳам бажарилиши ёхуд у ўртага қўйган вакил томонидан амалга оширилиши мумкин. Чунки, фиқҳий маънодаги совчилик бу – уйланиш ёки келин қилиш истагида бўлинган қиз ёки аёл ёхуд унинг валийсига бўлажак эрнинг шахсан ўзи ёхуд унинг вакили томонидан оила қуриш ҳақидаги мазкур истак ва рағбат очиқ айтилиши тушунилади, холос. Совчилик асли шундан иборат.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар (маъноси): “Совчилиги осон бўлиши, маҳри енгил бўлиши ва ҳомиладорлиги ҳам осон бўлиб, фарзанд туғиши ҳам осон бўлиши аёл кишининг баракотли эканлигидандир” (Имом Аҳмад ривояти. Ҳасан ҳадис).

Ушбу ҳадиси шарифда совчилиги мураккаблаштирилмаган, ноз қилиб, совчиларни овораю сарсон қилмаган, катта маҳр талаб қилиб, куёв томонни машаққатга қўймаган аёл баракотли ва қадами қутлуғ бўлиши айтилмоқда. Шунингдек, аёлнинг турмуш қургандан сўнг кўп ўтмай бўйида бўлиб, осонгина фарзанд дунёга келтириши ҳам унинг муборак аёл эканлигидан дарак экан.

Ҳақиқатан, агар қизингизга талабгор бўлган йигит яхши инсон бўлса, солиҳ ва тақводор бўлса, илмли ва илмига амал қиладиган бўлса, уни (ёхуд унинг вакилларини) ортиқча сарсон қилиб, куттирмасдан, фақат моддий ҳолатига қараб баҳо бермасдан, маҳрини жуда катта қилмасдан қизингизни унга турмушга беришингиз ҳар жиҳатдан фойдали ва баракотли иш бўлади. Биринчидан, бунда қизингизни юқорида тилга олинган ҳадиси шарифда айтилганидек, баракотли ва қутлуғ келин бўлишини таъминлаган бўласиз. Иккинчидан, соғлом жамият биносига ғишт қўйиш орқали яхшилар сафини кўпайишига ҳиссангиз қўшилади. Зеро, яхши ва солиҳ йигитга жуфти ҳалол бўлган қиз иншоаллоҳ кам бўлмайди. Аллоҳ таоло бу бирлашувдан кўп яхшиликлар бунёд этади. Келажакда жамиятга фойдаси тегадиган, солиҳу солиҳа, олим ва олималарни вужудга келтиради.
Солиҳ ва Худодан қўрққан инсон ўз аёлини хафа қилмайди, хорламайди. Мабодо севмаса ҳам зулм қилмайди.

Ҳадиси шарифларда хулқу одоби ва диёнати жойида бўлган инсон куёв бўлишга талабгор бўлганда ҳеч қандай монеъликлар бўлмаса, дарров икки ёшнинг бошини қўшиб қўйишга тарғиб қилинади. Агар бундай қилинмаса оламда фасод ва бузилиш вужудга келишидан огоҳлантирилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “агар ҳузурингизга диёнати ва хулқи яхши бўлган киши (қизингизни сўраб) келса, бас, уни қизингизга уйлаб қўйинг. Агар бундай қилмайдиган бўлсангиз, Ер юзида фитна ва катта фасод юзага келади” (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).

Ҳамма нарсанинг ўз тартиб-қоидалари мавжуд бўлгани каби динимизда совчиликнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари мавжуддирки, уларги риоя қилинмаганда кўп нохуш ҳолатлар, низо ва хусуматлар келиб чиқади.

Шу боис, совчиликнинг ҳукми совчи бўлинаётган аёлнинг ҳолатига қараб турлича бўлиши мумкин. Мисол учун эри бор аёлнинг қўлини сўраш мутлақо ҳаромдир. Бу ерда шунга аҳамият берайликки, шаръий маънодаги совчилик деганда тегишли қиз ёки аёлга унга уйланиш рағбатини айтиш тушунилади. Шу эътибордан, эри бор аёлга очиқчасига ҳам, киноя орқали ҳам уйланиш истагини билдириш шаръан ҳаром ва катта гуноҳ саналади.

Бу гаплар кўпчиликка эриш туюлар аммо, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учраб турадики, бирор аёлга кўнгил қўйгач, ҳар турли йўллар билан уни йўлдан уришга, эридан ажратиб олиб, ўзиники қилиб олишга ҳаракат қилади. Ҳар-хил яхшиликлар қилади, жуда чиройли муомала қилади. Чин кўнгилдан яхши кўришини айтади ва “эринг билан ажрашсанг, сенга уйланаман!”, деб катта ваъдалар қилади. Натижада, аёл ўз эрини ёмон кўриб қолади. Бундан фойдаланган шайтон оилани бузишга яна ҳам қаттиқроқ тиришиб, васваса қилади. Пировардида, катта мусибат юз беради. Оила бузилади. Бу ҳаётда бор нарса. Ҳатто жуда кўп учраб турадиган ҳолатдир, афсуски.

Лекин, бу ишни қилаётганлар ўйламасинки, мазкур аёл эри билан ажрашгандан сўнг, унга шаръий никоҳ билан уйланиб олсам бўлди, ҳеч қандай ёмон иш қилмаган бўламан, зино қилмаган бўламан, деб. Ахир, аёл ўз розилиги билан мени танладику, деб хомтама бўлмасинлар. Эҳтимол, зино бўлмас бу иш. Аммо, бу ерда зинодан ҳам гуноҳи оғирроқ, зинодан ҳам мудҳишроқ ва қабиҳроқ бўлган иш мавжуд. У ҳам бўлса, бир оилани бузиш. Аёл билан унинг эри орасига низо солишдир. Шунинг учун ҳеч қачон бир томонлама фикрламаслик керак. Эрли аёлга совчи бўлиш тугул бу ишни хаёлга келтиришнинг ўзи бир мусибат.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бир аёлни ўз эрига қарши қайраб, эрига мунсабатини бузган ёки қулни ўз хожасига қарши қайраган инсон биздан эмас!” (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Ушбу ҳадисни доимо ёдда тутиш лозим. “Биздан эмас!” демоқдалар Набий алайҳиссалом. Ҳа, бу мусулмончиликка тўғри келадиган иш эмас. Нима бўлишидан қатъий назар, ўша аёлнинг эри яхшими ёмонми, хотинига саховатлими ёки бахилми ё бошқа салбий табиатларга эгами, бу нарсалар ўзгаларни асло қизиқтирмаслиги керак. Бу ҳолатлар бировнинг аёлига меҳрибон бўлиш, “бошини силаш” ва бошқа баҳоналар билан эридан ажратиб олишга сабаб бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, ражъий талоқ туфайли идда сақлаётган аёлга ҳам асло-асло совчи қўйиш ёхуд боя айтганимиздек уйланиш рағбатини билдириш мумкин эмас. Бу катта низо чиқишига йўл очади, улкан офатларга, хусумат ва ҳатто фожиага олиб келади. Шу боис, динимизда бу иш ҳаром қилинган. Негаки, ражъий талоқда то идда муддатида экан эр истаган пайтида аёлига қайтиши мумкин. Ражъий талоқ билан эр-хотин ораси узил-кесил ажрамайди.

Ҳатто эри вафот этган аёлга ҳам то иддаси тугамагунча уйланиш рағбатини очиқ айтиш ҳаром қилинган. Чунки, бу ҳолатда идда вафот этган эрнинг ҳаққи ҳисобланади. Ва бу ҳаққа ҳам тажовуз қилиб бўлмайди. Зеро, мусулмон киши тириклигида қандай ҳурматли бўлса, вафотидан сўнг ҳам шундай ҳурматга эгадир. Бу ҳолатда фақат киноя ва ишора билангина рағбат баён қилиниши мумкин. Масалан, бир кишининг синглисининг эри вафот этган бўлса, ўша кишига “синглингиз иддаси тугагач, хабар беринг(!)”, қабилида киноя орқали мақсадни билдириш мумкин. Буни таъриз дейилади. Бу жоиз иш.

Шунингдек, боин талоқ қилинган масалан, уч марта талоқ қўйилган аёлга ҳам то иддаси тугамагунча совчи қўйиб бўлмайди. Фақат, юқорида айтилганидек, киноя ва ишора билан уйланиш истаги ифода этилиши мумкин. Аммо, очиқчасига айтиш жоиз эмас. Зеро, ҳатто уч талоқ билан эридан боин бўлган аёл ҳам иддани эрининг уйида ўтказади. Бу жиҳатдан улар ташқаридаги бехабар одамлар учун эр-хотин ҳукмида бўладилар. Шу ҳолатда бу аёлга совчи бўлиш катта фитна ва фасод келтириб чиқаради.

Оила қурмаган ёхуд оиласи билан ажрашган аммо, идда муддати тугаган аёлларга эса очиқчасига ҳам, киноя ва ишора билан ҳам оила қуриш истаги изҳор қилиниши жоиздир. Буни бизнинг тилимизда совчи бўлиш ёки совчилик дейилади.

Лекин, мазкур ҳолатда ҳам барибир ўзига хос одоблар мавжуд. Мисол учун бир қизга совчилар келиб турибди. Кимдир биринчи бўлиб унинг уйига бориб, валийсидан қизига уйланиш истагини билдирмоқда. Ушбу вазиятда бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш жоиз эмас. То, аввалги совчиларнинг иши бир ёқли бўлиб, улар табиий равишда қайтариб юборилмагунча ўртага суқилиб, ўзгаларнинг совчилигини йўққа чиқариш динимизда мумкин эмас, ҳаром қилинган. Чунки, бу иш ҳам жамият вакиллари ўртасига низо ва фасод уруғларини сочади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин ва биродарининг совчилиги устига совчилик қилмасин” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса то аввал совчи бўлган киши ўз хоҳиши билан тарк этмагунча ёхуд бошқа бир инсонга рухсат бермагунча бировнинг совчилиги устига совчи қўйишдан қайтарилган.

Уйланиш ва совчи бўлишдаги одоблардан яна бири истихора қилиш ва яқинлар билан маслаҳатлашишдир. Зеро, Аллоҳга истихора қилган ва бандалар билан маслаҳатлашиб иш юритган киши ҳеч қачон надомат қилмайди. Набий алайҳиссалом ҳар бир каттаю кичик ишда истихора қилишни таълим берганлар. Бу ғоят муҳимдир.

Бирор жиддий ишга қадам қўйишдан аввал икки ракъат нафл намоз ўқиб, истихора дуосини қилган ҳолда бошламоқчи бўлган иши ҳақида Аллоҳга юзланиб, хайрлисини сўраса, албатта Аллоҳ унга йўл кўрсатади. Астойдил ўқилган истихорадан сўнг қайси ишга кўнгли чопса, шу нарса Аллоҳ томонидан берилган ишора деб айтишади, уламолар. Агар биринчи мартасида ҳеч нарса ҳис қилмаса, иккинчи марта, учинчи марта ва қайта-қайта истихора қилса, албатта бунинг хайрли натижаси кўринади, иншоаллоҳ.

Баъзи уламолар эса, истихора қилган киши бирор нарсани ҳис қилиши шарт эмас, истихорадан сўнг ўзи маъқул деб билган ишга Аллоҳга таваккул қилган ҳолда киришаверса, шунинг ўзи яхшилик билан ниҳояланади, деб айтадилар. Хулласи калом, нима бўлганда ҳам совчилик ва уйланишдек аҳамиятли ишларда истихора қилиш муҳимдир.

Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечириши учун хонадон эгалари совчи қўйишда мазкур оила ҳақида эринмасдан суриштиришлари лозим. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бирор кимса сиздан маҳаллангиздаги бирорта оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошингиздан бирор ким ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтишингиз мақсадга мувофиқ. Эҳтимол, биргина сўзингиз мазкур оила бир умр бахтли бўлишига сабаб бўлар ёки бир умр бахтсиз бўлишидан асраб қолар. Шунинг учун гувоҳлик беришда адолатли бўлиш лозимдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”. (Моида сураси, 8-оят).

Нафақат, ўзга-бировлар ҳақида балки, ўзингиз, ўз оила азоларингиз ва фарзандларингиз ҳақида ҳам бор гапни айтишингиз лозим. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят).

Кўпчилик орасида тарқалган хатолардан бири шуки, бирор қизга совчи бўлинганда ўз ўғилларининг айби умуман айтилмайди. Эҳтимол, фарзандлари гиёҳванд ёки зинокор бўлиши мумкин. Ёки бошқа жиддий камчиликлари бўлиши мумкин. Яхши ниятда буни яширишади. Шояд, ўғлимизни уйлантириб қўйсак, ўша эски танишларини тарк қилиб, яхши йўлга кириб қолар, зора, бекорчи юришларини йиғиштирар, деган орзу-умид билан жиддий айбларни яширадилар. Аммо, касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу ишлар тўйдан сўнг маълум бўлгач, оила бузилади ва бир қиз бахтсиз бўлиб қолади ёки ота-онасининг обрўсини ўйлаб, бир умр заҳар-заққумни ичга ютиб яшашга мажбур бўлади.

Кўпинча, қиз томондан бўлажак куёв ва унинг оиласи ҳақида маълумотга эга бўлиш учун куёв томоннинг қўни-қўшнилари, таниш-билишларидан бўлажак куёв ҳақида сўраб-суриштирилса, фақат мақтаб, салбий томонлари айтилмайди. Бу ҳам юқорида айтилганидек, катта хато ва янглишувдир.

Борини айтиш керак. Инсон қиёмат кунида гувоҳлигидан сўралади. Шундай экан, тўғри гувоҳлик бериш керак.

Фотима бинт Қайс деган саҳобийя аёл бўлган экан. Шу аёлга Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм деган кишилар совчи бўлишди. Яъни, улар ўзлари учун бу аёлнинг қўлини сўрашди. Мазкур аёл бу ҳақда маслаҳатлашиш учун Пайғамбаримиз ҳузурига келади ва ҳолатни баён қилади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бояги икки саҳобийдаги аёлга ёқмаслиги мумкин бўлган икки камчиликни очиқ айтдилар. Дедиларки, Абу Жаҳм ҳеч таёғини елкасидан қўймайди. Яъни, бу билан Абу Жаҳм аёлларга қўли югурдак, деган маънони уқтирдилар. Баъзилар эса Пайғамбаримиз бу сўзлари билан бу киши кўп сафарда юришига ишора қилганлар дея изоҳлашади Муовия ҳақида эса, у ниҳоятда қашшоқ, умуман моли йўқ, дедилар. Шундан сўнг, мазкур аёлга Усома ибн Зайдни таклиф қилдилар. Натижада улар ҳавас қиладиган оила бўлишди.

Ушбу ҳадиси шарифдан хулоса қилиб, уламоларимиз уйланиш борасида савол ва маслаҳат сўралган киши адолат билан тўғрисини айтиши лозим, деган тўхтамга келганлар.

Ҳар икки томоннинг гап-сўзлари ўзаро маъқул келганидан сўнг тўй ҳақида келишув бўлаётганда, улар бир-бирига имкон қадар енгил бўладиган, исроф бўлмайдиган томонини қилишлари лозим. Бунинг учун икки томон бир-бирларига ён босишлари, ўзаро бир-бирларини тушунишлари, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари каби инсоний фазилатлар билан музайян бўлиши тарғиб қилинган. Баъзи оилалар тўйга ортиқча харажат қилиш ҳаракатида бўлгани сабабли, фарзандларининг турмушлари кечикиб кетяпти. Бугунги кунда айрим оилалар ҳаддан зиёд ортиқча орзу-ҳавасларга берилиб кетишмоқда. Ҳатто тўйгача бўлган – совчи қўйиш, совға-салом улашиш ва шу каби тўйнинг дебочаси бўлган борди-келдиларга сарфланаётган харажатларга аслида, бутун бир тўйни ўтказса бўлади.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *