ШАЪБОННИНГ ЎРТАСИДАГИ КЕЧА ЁХУД БАРОАТ ТУНИ

midshabaannightШаъбон ойининг ўртасидаги кечанинг фазилати борасида кўплаб ривоятлар келган бўлиб, уларнинг ичида саҳиҳлари ҳам, заифлари ҳам бор. Аммо умумий маънода мазкур ривоятлар бу кечанинг алоҳида фазилатга эга эканлиги ва у кечани ибодат, зикру тасбеҳ ва истиғфор билан иҳё қилиш савобли бўлишига далолат қилади.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўртасидаги кечада махлуқотларига юзланади ва ҳамма бандаларини мағфират қилади. Илло, мушрик ёки бир-бири билан жанжалда бўлган кишилар бундан мустасно» (Байҳақий, Табароний, Ҳайсамий ва бошқалар ривояти).

Абу Саълаба ал-Хушаний разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келганда Аллоҳ бандаларига назар солади. Ва мўминни мағфират қилади, кофирларга эса вақт беради. Бир-бирига кек сақлаган гина эгаларини эса токи ўзлари уни (яъни гина кудуратни) тарк қилмагунларигача гиналари билан ташлаб қўяди» (Байҳақий, Табароний ва Ибн Қонеъ ривоятлари).

Мазмунан юқоридаги ҳадиси шарифлар билан бир хил бўлган яна кўплаб ривоятлар ҳам келган.

Мазкур кеча ҳақида уламоларнинг сўзларидан намуналар:

Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (вафоти: 1353ҳ) раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу кеча яъни бароат кечасининг фазли борасида саҳиҳ ривоятлар собит бўлган. Аммо, у ҳақда баъзи китобларнинг эгалари зикр қилган заифу мункар гапларнинг эса асли йўқ» («ал-арфу-ш-шазий шарҳу сунани-т-термизий»: 2/172).

Мулло Хисрав Ҳанафий номи билан танилган Муҳаммад ибн Фаромуз (вафоти: 885ҳ) «дурару-л-ҳуккаам шарҳу ғурори-л-аҳкаам» китобида шундай дейди: «Рамазоннинг охирги ўн кечасини, икки ҳайит кечаларини, зулҳижжанинг ўнинчи тунини ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани (ибодат билан) иҳё қилиш, мандуб (яъни тарҳиб этилган ва хуш кўрилган, мустаҳаб) амаллар сирасига киради».

Ибн Нужайм Мисрий-Ҳанафий номи билан донг таратган аллома Зайниддин ибн Иброҳим ибн Нужайм (вафоти: 970ҳ) айтади: «Ворид бўлган ҳадисларга биноан Рамазоннинг охирги ўн кечасини, икки ҳайит кечаларини, зулҳижжанинг ўнинчи тунини ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани (ибодат билан) иҳё қилиш, мандуб амаллардан саналади» («ал-баҳр ар-роиқ»).

Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 204ҳ) айтадилар: «бизга етиб келган (осорлар)га кўра дуо бешта кечада (тез) ижобат бўлар экан. Улар: Жума кунининг оқшомида, Азҳо байрамининг оқшомида, Фитр ҳайитининг оқшомида, ражаб ойининг илк кечасида ва шаъбон ойининг ўртасидаги кечада» (Имом Шофеий: «ал-Умм»: 1/264).

Яна кўплаб уламою аҳли илмлар шаъбон ойининг ўртасидаги кечада ибодат билан машғул бўлишнинг фазилатли эканлигини ўз китобларида қайд этганлар. «ал-мавсуъа ал-фиқҳийя» номли фиқҳий энциклопедиянинг «иҳёул-лайл» (тунни ибодат билан жонлантириш) бобида шундай дейилади: «Фуҳақоларнинг жумҳури шаъбон ойининг ўртасидаги кечани иҳё қилиш мандуб эканлигини қабул қилишган. Жумҳурга кўра, Шаъбон ойининг ўртасидаги кеча уни (ибодат билан) қоим қилиш мустаҳаблиги билан ажралиб туради. Зеро, унинг фазли ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган».

Шайх Ваҳба Зуҳайлий шундай дейди: «икки ҳайит кунининг кечалари, қадр тунини иҳё қилиш учун рамазоннинг охирги ўн кунининг кечалари, зулҳижжанинг ўн кечаси ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани иҳё қилиш мандуб саналади. Бу эса мазкур кечаларни тўлиқ қамрайдиган ёки уларнинг аксар вақтини ўз ичига оладиган ҳар қандай ибодат билан амалга ошади. Зеро, бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган» («ал-фиқҳ ал-ислаамий ва адиллатуҳу»: 2/299).

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, бароат кечаси деган ном билан машҳур бўлган шаъбон ойининг ўртасидаги кеча яъни ойнинг 14-кунидан 15-кунига ўтар кечани ибодат билан тирилтириш улуғ ажру савобларни қўлга киритишга сабаб бўладиган фазилатли кечалардан ҳисобланади. Шунингдек, мазкур кечанинг фазилатли оқ-ойдин кечаларга (айёмул бийз) тўғри келиши туфайли кундузлари рўзадор, кечалари эса ибодатда қоим бўлиш туфайли фазилат устига фазилат бўлиб, ажру савоблар ҳам қат-қат орттириб берилади, валлоҳу аълам.

Султонхўжаев Алишер Рихсиддин ўғли

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *