ҚУЛОҒИНГГА ҚУЙИБ ОЛ, МЕН ЎЛСАМ ТУРМУШГА ЧИҚАСАН!

16356Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга дастлаб иймон келтирган бахтли оилалардан бири Абдуллоҳ ибн Абдул-Асаднинг оиласи эди. У хотини Ҳинд билан бирга иймон келтирди. Улар Исломга кирганда ер юзида мусулмонлар сони ҳали 10 нафарга ҳам етмаган эди.

Бошқа мусулмонлар қатори буларнинг оиласи ҳам Макка мушрикларининг тазйиқларига учради. Ҳижратга рухсат этилгач, Ватанларини биринчилардан бўлиб тарк этишга мажбур бўлишди.

Мадина. Оила бошлиғи Абдуллоҳ Уҳуд жанггидан жиддий жароҳат билан қайтди. У шу жароҳат уни дунёда олиб кетишини сезарди. Ўлим тўшагида ётар экан, хотини қалбига таскин бериш ниятида унга:

—        Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича хабар етиб келган: Бирон бир эркак вафот этса ва жаннатий бўлса, унинг ортидан қолган хотини эрга тегмай ўтса, Аллоҳ икковини жаннатда бирлаштирар экан. Келинг, аҳдлашамиз: икковимиз ҳам бир-биримиздан кейин турмуш қилмасликка сўз берамиз. Сиз мендан кейин қолсангиз уйланмайсиз, агар мен сиздан кейин қолсам эрга тегмайман – деб қолди. Абдуллоҳ унга:

—        Менга итоат қиласанми, айтганимни қиласанми? – деди. Хотини:

—        Ҳа, албатта – деди. Эр:

—       Эй хотин! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзим эшитганман: Ул зот шундай деганлар: “Кимки бирор мусибатга учраганда “Биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, Унга қайтамиз”—деб истиржоъ айтса ва «Эй Аллоҳим мусибатимга ажр сўрайман, айрилганим ўрнига яхшироғини беришингни тилайман” – деса, Аллоҳ унга сўраганини шубҳасиз берар экан. Эй хотин, қулоғингга қуйиб ол! Мен ўлсам эрга тегасан! – деди ва шундай дуо қилди: Эй Аллоҳ, мендан кейин хотинимга мендан ҳам яхшироқ, уни хафа қилмайдиган, унга озор бермайдиган ёр бер!

Орадан кўп ўтмади. Абдуллоҳ ибн Абдул-Асад вафот этди. Ҳинд ҳоним суюкли ёридан айрилди. Аҳдлашув чоғида у ўргатганидек дуо қиларди-ю, ўйланиб қоларди: айрилганимдан яхшироғини Аллоҳдан сўраяпман, аммо бу дунёда менга эримдан ҳам меҳрибонроқ бирор эркак борми ўзи?!

Орадан кўп ўтмади. Аёлнинг иддаси чиққач, эшик тақиллади. Ташқарида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турарди. Ҳа, бутун оламларга раҳмат пайғамбар – жанобимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қўлини сўраб турарди.

Аёл розилик билдиришдан олдин, қуйидагиларни изҳор этиб қўйишни лозим билди:

—        Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёши ўтиб қолган шу билан бирга ўта рашкчи аёлман. Ундан ташқари етимларим бор. Қолаверса, бу ерда қариндошларимдан ҳеч бири йўқ, уларга хабар қилмасдан турмуш қилсам қандоқ бўларкин?!  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

—        Рашк масаласида Аллоҳга дуо қиламан, қалбингни кенг очиб рашкингни кетказади. Ёшингга келсак, мен ҳам ёш эмасман. Етим болаларинг эса, энди менинг қарамоғимда бўлади. Қариндошларингдан хавотирланма, улар менга розилик билдиради! – дедилар.

У аёл ким эди биласизми? У аввалда Умму Салама Ҳинд розияллоҳу анҳо эди. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси, мўминларнинг онаси Умму салама розияллоҳу анҳо бўлди! Шарафли олиймақомингиз муборак бўлсин эй Онажон!

Қиссадан ҳисса:

  1. Эр жаннатий бўлса, хотини ҳам унга лойиқ бўлиб эридан кейин турмуш қурмаса, Аллоҳ уларни жаннатда бирлаштирар экан;
  2. Йўқотишга учраган мўмин сабрли бўлиши, мусибати эвазига берилажак ажрдан умидвор бўлиши ва айрилгани ўрнига яхшироғини сўраши керак экан;
  3. Етими бор бевага уйланиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати экан.

“Сияру аълом ан-нубало” ва “Сувар мин ҳаётис-саҳоба” асарлари асосида Ботиржон қори ва

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *