ЗАЙД ИБН СОБИТ

Salafi-solihlari-520x245

Ҳижратнинг иккинчи йили. Мадина. Бадр жанггига тайёргарлик ишлари авжида. Расулуллоҳнинг хузурига 13 ёшли болакай келиб: Эй Аллоҳнинг Расули, жоним сизга фидо бўлсин! Менга ҳам рухсат беринг, ёнингизда туриб Аллоҳнинг душманларига қарши жанг қилсам – деди. Унинг қўлида бўйидан ҳам узунроқ қиличи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум ила унга боқди, елкасидан силади ва ёшинг кичик экан, деб ортига қайтардилар.

Болакай, тушкун ҳолда қиличини ерга судраб ортига қайтди. Маҳзунлиги боласиникидан кам бўлмаган Наввора ҳоним ҳам ўғлининг ёнида эди. Онанинг ҳаёлидан, эрим ҳаёт бўлганида бизнинг ҳонадондан ҳам албатта кимдир душманга қарши ҳарбий юришда иштирок этган бўларди, деган таассуфли ўйлар ўтарди.

Шу вақт болакайнинг ҳаёлига ажойиб фикр келди ва дарҳол онасига қувончла деди: Онажон, ҳафа бўлманг! Бу сафар Расулуллоҳ мени ёшим туфайли ортга қайтардилар. Мен ул зотга бошқа таклиф билан бораман. Ва бу таклифни ёшимга алоқаси йўқ. Мен албатта бу сафар Расулуллоҳнинг яқин кишилари сафига кира оламан деб умид қиламан… У Расулуллоҳнинг олдига толиби илм сифатида бормоқчи эди…

Ҳа, у даврларда илм талабида келганларнинг ёшидан қатъий назар барчаси қабул қилинар эди… Зайд ибн Собитни Расулуллоҳнинг хузурига олиб бордилар. Унинг зеҳн-заковати, ўқиш-ёзишни билиши ҳақида айтиб, ёнларида олиб қолишларини илтимос қилдилар. У Қуръони каримдан 17 сурани ёд биларди. Расулуллоҳ уни имтиҳон қилиб кўрдилар. Зайд ширали овози билан Қуръонни жуда таъсирли ва ифодали оҳангда ўқиб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шодланиб кетдилар. Унинг иқтидори тавсифлаганларидан ҳам зиёда эди-да. Айниқса, унинг ёзишни билиши айни муддао эди. Сарвари коинот Зайдни ёнида олиб қолдилар ва унга иброний тилда ёзиб ўқишни ўрганишни тайинлади. Чунки Расулуллоҳ яҳудий котибларга ишонмас эди. Зайд аввал иброний, кейин сурёний тилларда ёзишни, ўқишни, гаплашишни ўзлаштирди ва Расулуллоҳнинг таржимони бўлди. Бунгача таржимонликни яҳудий саводхонлар қиларди.

Зайд ибн Собит ўзининг юксак иқтидори, омонатдорлиги, ўткир зеҳни ва салоҳияти билан Расулуллоҳнинг ишончини қозонди. Энди Сарваримиз Зайдга илоҳий ваҳийни ҳам омонат топширишга қарор қилдилар. Қачонки бирор оят нозил бўлса Расулуллоҳ Зайдни топиб келишларини буюрарди. У етиб келиши билан “ёз, эй Зайд” деб нозил бўлган оятларни ўқиб берар, у эса ёзиб борарди. Шундай қилиб Зайд ибн Собит Расулимизнинг котиби ҳам бўлдилар. Қуръони каримни айнан Расулуллоҳнинг ўзларидан эшитиб ўрганган Зайд саҳобалар ичида катта олим бўлиб етишди. Қуръон маънолари, нузул сабабларида кўплаб саҳобалар унга мурожаат қилишарди.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврида Қуръони каримни бир тўплам ҳолига келтириш, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврида эса ягона “Мусҳафи усмоний”ни яратиш ишларида Зайд ибн Собит илмий гуруҳга бошчилик қилди.

Расулуллоҳ дорулбақога риҳлат қилгач, ҳали дафн ишлари тамомланмай туриб халифа сайлаш ишида ихтилоф пайдо бўлди. Муҳожирлар Расулуллоҳ биздан эди, халифа ҳам биздан бўлсин деди. Мадиналик бир қисм ансорлар эса халифаликка биз ҳақлимиз деди. Яна бир қисми эса халифалик ишига бир муҳожир, бир ансорий мутасадди бўлсин. Ахир Расулуллоҳ сизлардан бирон кишини бир амалга тайинласа ёнига битта ансорий саҳобани ҳам қўшиб қўярдиларку?! — деди. Келишмовчилик тобора авж олиб фитна хавфи туғилди. Худди шу вақт барчани қониқтирадиган ягона таклифни Зайд ибн Собит берди. У ўз қавми—ансорларга қарата: “Эй ансорлар жамоаси! Расулуллоҳ муҳожирлардан эди. Биз ул зотнинг кўмакчилари бўлдик. Расулуллоҳнинг халифаси ҳам муҳожирлардан бўлади, биз яна халифанинг ҳам кўмакчиси бўламиз, ҳақни амалга оширишида унга таянч бўламиз! Эй Абу Бакр, мен сизга байъат қиламан, сиз халифа бўласиз, сизлар ҳам унга байъат қилинглар”—деди. Шу билан масала ҳал бўлди. Фитнанинг олди олинди.

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида доимий бўлишлари баракоти ила, қолаверса Қуръон ва унинг маъноларини пухта ўзлаштиргани туфайли Расулуллоҳдан кейин мусулмонларнинг манорига айланди. Халифалар у билан доимий кенгашиб турардилар. Омма халқ эса мушкул ишларида Зайд ибн Собитдан фатво сўрарди. Халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу “Жобия куни” ўқиган хутбасида шундай деганди: Эй мусулмонлар! Кимда Қуръон ва унинг илмларидан савол бўлса Зайд ибн Собитга мурожаат қилсин! Кимда Ислом фиқҳидан савол бўлса Муоз ибн Жабалга мурожаат қилсин! Кимга маблағ керак бўлса менга мурожаат қилсин! Чунки мен шу ишга бошлиқ ва тақсимловчи этиб тайинланганман.

Зайд ибн Собитнинг талабалари у кишини жуда ҳурмат қилар, Ислом равнақи, илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси учун қадрлашар эди. Илм денгизи бўлмиш Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит уловга минмоқчи бўлганида доим югуриб бориб уловнинг жуганидан тутиб турардилар. Зайд ибн Собит эса камтарлик ила: Эй Расулуллоҳ амакисининг ўғли, қўйинг, мени хижолат қилманг—дер эди. Абдуллоҳ ибн Аббос эса: Олимларга шу тариқа ҳурмат кўрсатишга амр қилинганмиз, деб жаавоб қайтарарди. Шунда Зайд ибн Собит Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қўлларидан ўпиб, биз Расулуллоҳнинг аҳли байтига шу тариқа эҳтиром кўрсатишга буюрилганмиз, дер эканлар.

Буюк саҳоба Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу оламдан ўтганда мусулмонлар бир олимнинг кетгани учун қайғуга ботиб йиғладилар. Ўшанда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай деганди: “Бу умматнинг энг ўқимишли олими орамиздан кетди… Шояд, Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Аббосни унинг ўрнига қолдирса…”.

Доктор Раъфат Бошонинг “Сувар мин ҳаётис саҳоба” асари асосида Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби: Ш. Мусабоев тайёрлади.

Муҳаррир: Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *