Ибн Таймия ва унинг Аҳли сунна вал жамоага зид фикрлари

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ибн Таймия таниқли олим бўлиши билан бир қаторда ўз даврида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам унга нисбатан икки хил муносабат шаклланган эди.  Унинг Аҳли сунна вал жамоанинг 4 мазҳабига зид бўлган айрим фикр ва фатволари сабабли, уни ёмон кўрадиганлар, унинг асарларини ўқишдан ўзини тийиб турадиганлар ҳам кўп. Шунингдек, унга ўта даражада ихлос қўйиб, фанат – мутаассибона даражадаги мухлис бўлганлар ҳам бор!

Жумладан, унинг шогирдларидан ҳисобланган буюк олим Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ:

 و انا لا أعتقد فيه عصمة بل انا مخالف له فى مسائل اصلية و فرعية

“Мен унинг борасида бегуноҳ – покиза деб эътиқод қилмайман, балки мен аслий (эътиқодий) ва фаръий (фиқҳий) масалаларда унга мухолифман!”, деган. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ад-Дурар ал-комина. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жайл, 1993. – Б. 151).

“Саҳиҳ ал-Бухорий”га “Фатҳ ал-Борий” номли улуғ шарҳи ва бошқа ўта муҳим асарлари билан шуҳрат қозонган буюк олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса бундай деган эди:

“Шу билан бирга, у башардир: хато қилади ва тўғри гап айтади. Тўғри айтган гаплари эса кўпроқ бўлиб, улардан истифода қилинади, унга шунинг сабабидан марҳамат кўрсатилади. Хато айтган гапларида эса унга эргашилмайди, балки бу борада у маъзурдир!”. (ар-Радд ал-вофир // ал-Мажмуъ ал-муштамила ъала ад-дурар ал-отия. – Миср: Курдистон ал-илмия, 1911. – Б. 78).

Исломнинг таниқли олимларидан Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ талоқ масаласида Ибн Таймия нисбатан битган раддиясида:

“Ибн Таймия ақидалар асосида пайдо қилган нарсалар гўё у Китоб ва Суннатга тобеълик зимнида исломнинг аркон ва асосларини синдириб ташлайди. Зоҳиран қаралсагина, у ҳаққа чақирувчи, жаннатга бошловчи бўлиб кўринади”.

“Унинг фуруъда пайдо қилган ишлари бутун оммага бало бўлиб қолди. Шулардан бири талоқни бирор нарсага боғлаб қасам ичса, талоғи талоқ бўлмайди, қасами бузилганига каффорат бериб қўяверади, деган гапидир”, деган.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатовойи ҳадисиййа” асарида Ибн Таймияни қаттиқ қоралаган. Уни Аллоҳ таоло хор қилган, адаштирган, кўр қилган, деб таърифлаб туриб:
“Ибн Таймия адашган бидъатчи, ўта даражадаги жоҳил”, деган.

Ўн тўртинчи ҳижрий асрнинг энг буюк фақиҳларидан бири Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Ишфоқ ъала аҳком ат-талоқ” асарида:

“Охирги даврларда мусулмонлар орасини бузишда Ибн Тамиячалик инсонни ислом дини кўрган эмас! Муболағали айтадиган бўлсак, у бу борада яҳудийлардан ҳам ўтиб тушди”, деган эди.

Валийуддин ибн Зайнуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия” асарида:

“Ибн Таймия мусулмонлар уммати ва уламолари ижмоъ қилиб келган олтмишта фиқҳий ва эътиқодий масалаларга қарши чиққан”, деганди.

Ана шундай фатво ва фикрлари натижасида Ибн Таймия бир эмас, уч эмас, роппа-роса саккиз марта маҳкамага тортилган, алалоқибат зиндонда вафот қилган эди. Ибн Таймиянинг ҳаёти фожеаларга тўла. У ўз тириклигидаёқ одамларнинг битмас-туганмас ихтилофларига, тортишувларига, охири йўқ мунозара ва муҳокамаларига сабабчи бўлди. Бутун Ислом уммати, айтиш керакки, ҳали ҳануз Ибн Таймия сабабидан ихтилофлар гирдобида қолиб келмоқда.

Ибн Таймия борасидаги юқоридагидек икки хил қарашнинг шаклланганлигининг ўзига хос сабаблари бор. Улар тарих ва таржимаи ҳол китобларида батафсил ёритилган.

«Шозз фатволар» ва «Тафаррудот» деб аталадиган ўзига хос фатво ва фикрлари борлигини барча олимларга нисбатан айтиш мумкин. Ибн Таймиянинг эса бундай фатволари кўп бўлиб, жиддий муаммоларга сабаб бўлиб келганлиги тарихий ҳақиқатдир. Унинг бу хилдаги фикр ва қарашларини ўрганиш унга нисбатан бўладиган муносабатнинг мўътадиллигини таъминласа ажаб эмас.

Бугунги кунда Аҳли сунна ва-л-жамоа деганда асосан анъанавий тўрт мазҳаб – ҳанафий, шофиъий, моликий ва ҳанбалий фиқҳ мактаблари назарда тутилади. Гарчи авваллари Аҳли сунна ва-л-жамоа таркибида бошқа мазҳаблар ҳам мавжуд бўлган эса-да, бироқ, улар бир муддат фаолият юритган бўлиб, тарих саҳифаларида қолиб кетганлар.

Мазкур мақолада Ибн Таймиянинг Аҳли сунна ва-л-жамоага зид фикрларини ёритилганда, зикр қилинган мана шу анъанавий тўрт мазҳабнинг эътиқодий ҳамда фиқҳий фикр ва қарашлари нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.

Ибн Таймиянинг анъанавий тўрт мазҳабнинг эътиқодий ҳамда фиқҳий фикр ва қарашларидан ўзгача фикрларининг энг кўзга кўринган ва кўпроқ тортишувларга сабаб бўлганларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ибн Таймиянинг эътиқодий масалаларда ҳам Аҳли сунна вал жамоанинг кўпчилик уламоларига зид равишда фикрлагани шубҳасиз.

Унинг асарларидаги айрим фикрларга асосланиб, уни мужассима ва мушаббиҳаликда, яъни, уни Аллоҳ таолонинг жисми бор, у яралмишларга ўхшаш жиҳатлари бор, дегувчилар қаторига қўшадилар. Уни кофир, деб аташларига мана шундай фикрлар сабабчи бўлган. Аслида, Ибн Таймия тириклигидаёқ саккиз марта маҳкамага тортилган бўлса, буларнинг барида мазкур масала бўйича ақидаси текширилган, ўзи томонидан шубҳалар бартараф қилинган, ўзи томонидан барча саволларга жавоблар берилган, китобларидаги ҳар бир сўз ва ибора бўйича тушунтиришлар берган. Биз бу ҳақиқатни тан олмай иложимиз йўқ! Бироқ, унинг вафотидан кейин асарларидаги маълумотлар пеш қилиниб, айрим ривоят ва ҳикоятлар сабаб бўлиб, уни мужассима ва мушаббиҳа деб кофирга чиқарувчилар ҳам топилди ва бу ҳолат ҳанузгача давом этиб келади…

Ибн Таймия ислом уламолари орасида энг баракали ижодкорлар қаторида турувчи муаллиф ва мусаннифлардан биридир. Унинг 4 оятли биргина «Ихлос сураси»га ёзган тафсири катта ҳажмли китоб бўлган. Шогирдлари унинг фатволарини тўплаб, 40 000 дан ортиқ масалага фатво берганини аниқлашган. Жами асарлари сони 400 дан ортиб кетади, бугунги кунда уларнинг аксарияти нашр қилинган. Айримлари ҳалигача топилмаган, фақат уларнинг номлари маълум. Топилиб, бирга нашр қилинган асарлари куллиёти 40 жилдга яқиндир.

Таъкидлаш ўринлики, мусулмонлар Ибн Таймиянинг асарлари ва фикрлари билан охирги икки аср давомида, аниқроғи ваҳҳобийлар ва бемазҳаб салафийларнинг саъй-ҳаракати туфайли танишдилар. Унгача бутун ислом оламида унга нисбатан ёмон муносабат шаклланиб улгурган, асарлари дунё кутубхоналарида фақат чанг босиб ётар эди. Олимлар унинг асарлари билан мусулмонларни таништиришни лозим топмай келганлар.

Унинг асарлари ўрганиб чиқилганда, унинг қирқ ёшгача ёзган асарларида анъанавий исломга қарши фикрлар учрамаслиги, унинг ҳанбалий мазҳаби доирасида фикр юритгани маълум бўлади. Унинг қирқ ёшдан кейин битган асарларида мазҳаблар доирасидан чиқиб фикр юритишлари, анъанавий ижмоъ ўлароқ шаклланиб келган эътиқод ва фатволарга қарши чиққанлиги, кескин ва шиддатли баҳслар юритгани кузатилади.

Унинг ўзи “Мажмуъ ал-фатово”да:

“Мен умримнинг шу пайтигача бирор кимсани ҳанбалий мазҳабида ҳам, бошқа мазҳабларда ҳам қўйиб қўймадим, мен бунга ёрдам ҳам бермадим”, деган эди. (Мажмуъ ал-фатово. 3/229).

Шу билан у бемазҳаблик тегирмонига илк сувларни қуйган олимлардан бўлиб, тарих саҳифаларига муҳрланди.

Унинг энг машҳур ва бутун дунёдаги айрим мусулмонларининг адашуви, янглишуви, охири тугамас тортишувларига сабабчи бўлган фикрларидан баъзилари сифатида қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:

1) “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари зиёратларига узоқ жойлардан махсус ният қилиб келиш мумкин эмас”.

Ибн Таймиянинг энг даҳшатли, энг бўлмағур, энг адаштирувчи фикрларидан бири мана шудир! Ибн Таймия “Мажмуъ ал-фатово”сида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат этишни, у ерда дуо-ю фотиҳалар қилмоқни ният қилиб сафар қилишни ҳатто тоғут – бутларни ҳаж қилишга бориш деб ҳукм қилган (Тақийуддин ибн Таймия. Мажмуъ ал-фатово. 27-жилд. – Мансура: Дор ал-вафо, 2005. – Б. 129).

У ҳатто Расули акрам, ҳабиби муҳтарам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратига боришни бидъат ва ҳаром деб ҳукм қилган. У зиёратга боришни қурбат ҳам эмас, амали солиҳ ҳам эмас, тоат ҳам эмас, ҳасана ҳам эмас, дейишгача борган. Шунингдек, зиёратга боришни маъсият сафари деб атаб, маъсият сафарида намозлар қаср қилинмайди, деган фикрни ва яна “Кимки зиёратга боришни назр қилса, назрига амал қилмайди”, деган гапларни билдирган (Тақийуддин ибн Таймия. Ал-Фатово ал-кубро. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. – Б. 287-291).

Унинг фикрларига қарши буюк шофиъий олими Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ:

“Кимки зиёрат ҳадисларини ёлғон ва сохта деса, унга томон сафарни ношаръий бидъат дейдиган бўлса, унинг бу гапи энг катта фасоддир!”, деган (Тақийуддин ас-Субкий. Шифо ас-сиқом фий зиёрати Хайр ал-аном. – Ҳайдаробод: Матбаат ад-доират ал-маориф, 1310. – Б. 2).

2) Ибн Таймия ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдида туриб, дуо қилишни ҳам бидъат деб, ундан қайтарган эди. (Тақийуддин ибн Таймия. Ал-Фатово ал-кубро. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. – Б. 40).

Ахир, ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида дуолар ижобат бўлмаса, бошқа ҳеч қаерда ижобат бўлмагай?!

3) Ибн Таймия ўзининг “Маносик ал-ҳаж” асарида ҳожиларга Маккаи мукаррамадаги Масжид ал-ҳаромдан ўзга масжидларга зиёратга боришни бидъат деб баҳолаган (Ибн Таймия. Маносик ал-ҳаж / Мажмуат ар-Расоил ал-кубро. – Байрут: Иҳё ат-турос ал-арабий, 1972. – Б. 406).

 Бу “Шадд ар-риҳол” масаласи деб аталади. Ибн Таймиянинг кўпгина масалаларда адашувига сабаб бўлган ушбу масаланинг ибораси асли луғатда “юкларни уловларга боғлаб, жойлаштириш” маъносида бўлиб, бирор жойга жўнаш, алоҳида тайёргарлик кўриб йўлга тушиш, сафарга отланиш маъноларида ишлатилади. “Бел боғлаб йўлга равона бўлди”, жумласи мана шу атамага мос келади.

4) Ибн Таймия ўзининг Байт ал-муқаддас (Байт ал-мақдис) тўғрисидаги рисоласида Иброҳим алайҳиссалом ёки Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига ёхуд Тур тоғига, Ҳиро ғорига зиёратга сафар қилишни назр қилса, бу иш бидъат ва маъсият бўлгани боис, ушбу назрига вафо қилмайди, деб ҳукм қилади (Ибн Таймия. Зиёрату Байт ал-муқаддас // Мажмуат ар-Расоил ал-кубро. – Байрут: Иҳё ат-турос ал-арабий, 1972. – Б. 59).

5) Зиёрат масалаларидан кейинги энг катта тойиниш, Ибн Таймиянинг аҳли сунна вал жамоадан чекинган фатволаридан бири: “бирданига уч талоқ дейилса, бир талоққа ўтади” деган қарашдир! Бу Ибн Таймиянинг энг машҳур фатволаридан бири. Бутун дунёдаги Аҳли сунна вал жамоанинг кўпгина вакиллари, мусулмонлар оммасининг адашувига, янглишувига, ҳаром-ҳариш юраверишига сабабчи бўлган масалалардан бири мана шу! Тўрт мазҳаб уламоларининг барчаси якдиллик билан унинг бу фикрига қарши чиқдилар ва бу борада анча-мунча раддиялар ёзилишига сабабчи бўлди. Бугунги кунда “оилалар бузилмасин” деган қарашни асос қилиб олиб, тарихда ҳеч бир уламо қабул қилмаган унинг фатвосини пеш қилаётганлар топилади.

6) Ибн Таймиянинг талоқ ҳақидаги фикрларидан бири, “муаллақ талоқ”, яъни бирор нарсага боғлиқ қилиб айтилган талоқда ўша иш содир бўлса, талоқ ҳам бўлмайди, каффорат ҳам бўлмайди, деган гапидир (Ал-Фатово ал-кубро. 3-жилд. – Б. 242).

Аслида, бу шиаларнинг фикри бўлиб, Ибн Таймия бу борада шуларга қўшилган. Уламолар айтишича, талоққа боғлаб ичилган қасамда ўша иш содир бўлганда, албатта талоқ бўлиши ҳақида ижмоъ қилинган.

7) Ибн Таймия: “Намоздан кейин “Оят ал-курсий”ни ва Қуръондан бошқа оятларни ошкора қироат қилишни ва бу ишни доим қилишни бидъат ва макруҳ”, деб баҳолаган (Ал-Фатово ал-кубро. 2-жилд. – Б. 213).

8) Ибн Таймия: “Сафарда қаср ўқиш учун масофа шарт эмас, қисқа сафарда ҳам, салгина жойга чиқса ҳам қаср ўқилаверади”, деган (Ал-Фатово ал-кубро. 2-жилд. – Б. 340).

9) Ибн Таймия рабиъ ал-аввал ойида Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини ўтказишни ва унда хатми Қуръон қилишни бидъат, деган (Ал-Фатово ал-кубро. 4-жилд. – Б. 414.  Бундан фарқли ўлароқ, у ўзининг “Иқтизоус-сирот” китобининг 247-бетида, мавлидни ўтказилишини маъқуллаб фикр билдирганини ҳам айтиб ўтиш жоиз).

10) Ибн Таймия саждаи тиловат қилиш учун таҳорат шарт эмас, деган (Ал-Фатово ал-кубро. 2-жилд. – Б. 264). Ҳолбуки, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ сажда қилиш учун таҳорат шартлиги борасида ижмоъ собит бўлганини айтиб ўтган.

Ибн Таймия томонидан айтилган юқоридаги фикр ва фатволар унинг Аҳли сунна ва-л-жамоанинг шаклланиб улгурган, барча томонидан якдиллик ила тан олинган тўрт мазҳабига зид эканлиги ўз-ўзидан маълум!

Шунингдек, бу хилдаги унинг кўпдан-кўп фикрларига жиддий эътирозлар ва раддиялар қилингани ҳам айни ҳақиқат!

Афсуски, ушбу фикрларни бугунги кунда ҳам янги чиққан зоҳирийлар, ўзларини аҳли ҳадис, салафий дейдиганлар, ваҳҳобий, бемазҳаб каби турли номлар билан атаб келинаётганлар дастак қилиб олмоқдалар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *