«Барзанжий мавлидининг туркий шарҳи»

Китобни .pdf форматини юклаб олиш

Мавлид ҳақида мулоҳазалар

 Беҳад ҳамду санолар Аллоҳ таолога бўлсинки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари сабабли бизни Иймон нури ила шарафлади. Беадад солавоту саломлар Аллоҳ таолонинг ҳабиби ва расулига бўлсинки, ул зоти шариф туғилишлари ила оламларга раҳмат, файзу футуҳ олиб келдилар. Беҳисоб дуруд ва мақтовлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига бўлсинки, улар бизга Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррамни ўзимизга қандай намуна қилиб олишимиз кераклигини ўргатиб кетдилар. Ва яна бениҳоя раҳматлар Ислом мужтаҳидлари, уламолари, аҳли илмларига бўлсинки, бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтишимиз, ул зоти муаззамнинг ҳаётларини ўрганиб, ўрнак ва ибрат олишимиз учун бир имконият бўладиган Мавлид ан-набавий амалларини жорий қилдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бутун инсониятга, ҳатто жинлар тоифасига ҳам қиёматгача пайғамбар эканликларига шак-шубҳа йўқ! Ул зотнинг шариатлари барча замонлар ва маконларга хос ва мос шариат эканлиги ростдир! Бинобарин, ҳар бир инсон, хусусан, мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг дин ва шариатларини ўрганмоғи, ул зотнинг кўрсатмаларини ўзига дастурул амал қилиб олмоғи лозим ва лобуддир. Бул ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

ان كنتم تحبون الله فاتبعونى يحببكم الله ويغفر لكم ذنوبكم

“Агар сизлар Аллоҳни севадиган бўлсангизлар, бас, менга (яъни, Расулуллоҳга) итоат қилинг, (шунда) Аллоҳ сизларни яхши кўрур ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур” (Оли Имрон, 31)

ёки

…اطيعوا الله والرسول واولى الامر منكم

“…Аллоҳ ва расулга ва сизлардан бўлган иш эгалари (бошлиқлар)га итоат қилинг”, (Нисо, 59) деб амр қилгандир. Яна Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаётимизга ўрнак қилиб олишимизни ҳам буюргандир. У шундай деб марҳамат қилган:

لقد كان لكم فى رسول الله اسوة حسنة…

“Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда чиройли намуна, ўрнак мавжуд…” (Аҳзоб, 16).

Демак, ушбу ояти карималарга амал қилмоқ даркордир. Унга қандай амал қилинади? Бунинг учун, энг аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини, ҳаётларини, ҳадисларини ўрганмоқ керак!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан ўтганларидан кейин саҳобаи киромлар ул зотни кўп бора эслашар, ҳаётларидан, ул зотнинг гап-сўзларидан бир-бирларига айтиб беришар эдилар. Ҳадиси шариф китобларида уларнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг олдиларига келиб, Расулуллоҳ ҳақида, ул зотнинг ахлоқлари тўғрисида сўраганликлари ривоят қилинади. Саҳобалар ҳам бир-бирларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини, ахлоқи ҳамидаларини ўрганишган экан. Тобиъийнлар ва табаъа тобиъийнлар ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъийннинг услублари ҳам шундай бўлган. Улар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жуда яхши, жуда аъло даражада хабардор бўлганлар.

Кейинчалик Исломнинг турли табақалар, ҳар хил миллат ва элатлар орасига тарқалиши ва ёйилиши сабабли ихтилофлар, фитналар, бидъатлар зоҳир бўла бошлади. Бундай сони кўп, сафоси оз мусулмонларга Расулуллоҳни эслатиб туриш, Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётларини, динни нақадар қийинчилик билан тарғиб ва ташвиқ қилганларини, ул зот бешак оламларга раҳмат эканлигини, ва ниҳоят, динни ва шариатни билиб, унга амал қилиш учун унинг Пайғамбарини уларга тез-тез билдириб туриш даркор бўлди.

Бунинг учун эса Ислом уламолари якдиллик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини ўтказиш, ушбу вақтда Аллоҳ ва унинг расулидан узоқлашган мусулмонларни яна Аллоҳ ва унинг расулига яқинлаштиришни жорий қилдилар. Бу ишни Ислом уламолари бидъати ҳасана, яъни савобга эга бўлинадиган ишдур, деб фатво бердилар. Бунга бир-икки олимлар ва мубтадиъларгина қарши чиқдилар, холос.

Мавлиди набавийни ўтказиш машруълигини “Фатҳ ул-борий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий” китобининг муаллифи аллома, муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (вафоти 852) бир китобида Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳларида келган мана бу ҳадиси шариф билан исботлаганлар:

ان النبى صلى الله عليه وسلم قدم المدينة فوجد اليهود يصومون يوم العاشوراء فسألهم فقالوا هو يوم اغرق الله فيه فرعون ونجى موسى ونحن نصومه شكرا فقال نحن اولى بموسى منكم

“Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар. Шунда улардан бу ҳақида сўрадилар. Бас, улар: “Ушбу кунда Аллоҳ Фиръавнни сувга ғарқ қилиб, Мусо (алайҳиссалом)га нажот бергандир. Шунга шукр қилиб биз бугун рўза тутармиз”, дедилар. Шунда Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам дедилар: “Биз сизлардан кўра Мусо(алайҳиссалом)га афзал ва ҳақлироқмиз!”.

Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом тобиълари, Ийсо алайҳиссаломнинг ҳозирги издошлари – насронийлар ўз пайғамбарларини мана шундай улуғласалар, туғулган кунларини оммавий равишда ўтказсалар, ҳатто туғилган кунларини йилларининг бошланиши қилиб олсалар, бизнинг севимли Пайғамбаримиз ҳам уларнинг Пайғамбарларидек ана шундай ҳурмату тадбир ва маҳфилларга лойиқ эмасми?!

Аллома Жалолиддин Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютий (вафоти 911) ўз фатволарида “Валима боби” қисмида ёзадилар:

سئل عن عمل المولد النبوى فى شهر ربيع الاول ما حكمه من حيث الشرع وهل هو محمود او مذموم وهل يثاب فاعله اولا؟ قال والجواب عندى ان اصل عمل المولد الذى هو إجتماع الناس وقراءة ما تيسّر من القرآن ورواية الأخبار الواردة فى مبدأ امر النبىّ عليه السلام وما وقع فى مولده من الآيات ثم يمدّ لهم سماط يأكلونه وينصرفون من غير زيادةٍ على ذلك من البدع الحسنة التى يثاب عليها صاحبها لما فيه من تعظيم قدر النبىّ صلى الله عليه وسلم وإظهار الفرح والإستبشار بمولده الشريف

“Рабиъ ул-аввал ойидаги мавлид ан-набавий ҳақида сўралди. Шариат юзасидан унинг ҳукми нима? Мақталганми ёки ёмонланганми? Уни қилган одам савоб оладими ёки йўқми? Менинг наздимдаги жавоб шулки, аслида мавлид амали одамларнинг тўпланиши, Қуръондан осон бўлганича қироат қилмоқлари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ишлари бошланиши тўғрисида келган хабарларни етказиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилиш вақтларида юз берган мўъжизаларни эслашдир. Улар учун дастурхон тортилади, ундан ейдилар, ортиқча исрофсиз хайр-эҳсонга сарфлайдилар. Мана шулар бидъати ҳасана бўлиб, уларга соҳиби ва шунда қатнашганлар савоб олади. Чунки, бу ишда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қадрларини улуғлаш бор, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилганликларига хурсандчиликни ва шодлигини изҳор этиш бордир”.

Бутун Ислом оламига машҳур Имом ан-Нававий (Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф ан-Нававий, вафоти 676)нинг устозларидан бири шайх, имом Абу Шома (Абдурраҳмон ибн Исмоил ад-Димишқий, вафоти 665) бундай деган:

ومن احسن ما ابتدع فى زماننا ما يُفعل كلّ عام فى اليوم الموافق ليوم مولده صلى الله عليه وسلم من الصدقات والمعروف وإظهار الزينة والسرور. فانّ ذلك مع ما فيه من الإحسان للفقراء مشعر بمحبّة النبىّ صلى الله عليه وسلم وتعظيمه فى قلب فاعل ذلك وشكر الله تعالى على منّ به من ايجاد رسول الله صلى الله عليه وسلم الذى ارسله رحمة للعالمين

“Бизнинг замонамизда пайдо бўлган бидъатларнинг энг яхшиси Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган кунларига мувофиқ ҳар йили уюштириладиган садақалар, амри маъруфлар, зийнат ва сурурни изҳор қилишлардир. Зеро, мана шулар билан бирга фақирлар учун хайр-эҳсонлар бор, мана шуларни қилгувчининг қалбида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат, ул зотга нисбатан таъзим ҳисси мавжуддир. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудга келишларидан бутун оламларга раҳмат қилиб юборилишининг неъматига Аллоҳ таолога шукроналар айтади”.

Ислом оламининг яна бир алломаси, таниқли муҳаддис, муҳаққиқ Имом ас-Саховий (Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ас-Саховий, вафоти 902) бундай дейди:

انّ عمل المولد حَدَثَ بعد القرون الثلثة ثمّ لا زال اهل الإسلام من سائر الأقطار والمُدُن الكبار يَعْمَلون المولد ويتصدّقون فى لياليه بانواع الصدقات ويعتنعنون بقراءة مولده الكريم ويظهر عليهم من بركاته كلّ فضل عميم

“Албатта мавлид амали учта замондан (Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва тобиъийнлар замонидан) кейин пайдо бўлган ишдир. Сўнг дунёнинг турли бурчакларидаги, катта-катта шаҳарлардаги Ислом аҳли мавлид амалини доим қилдилар ва унинг кечаларида анвойи садақалар тарқатдилар. Мавлид ўқишга рағбат кўрсатдилар. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул зотнинг ана шундай мавлидлари баракотидан умумий файзу футуҳ зоҳир бўлди”.

Бу сўзлар Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий (Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий, вафоти 995)нинг «Туҳфат ул-муҳтож фий шарҳ ал-Минҳож” асарида батафсил ўз ифодасини топган.

Имом ал-Бухорий ҳазратлари ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссаломни бир оз муддат эмизган Сувайба Абу Лаҳабга “Билдингизми, Омина биродарингиз Абдуллоҳга ўғил туғиб берди?!” деганида, Абу Лаҳаб унинг суюнчисига “Боравер, сен озодсан”, деган. Абу Лаҳаб ўлиб, бир йил ўтганидан сўнг укаси ал-Аббос уни тушида кўради. “Ҳолинг нима?” деб сўрайди ундан. У: “Дўзахда, фақат ҳар душанба куни мендан азоб енгил қилинади. Икки бармоғим орасидан чиққан сувдан ичиб қонаман”, деб бармоғига боши билан ишора қилади ва “Албатта, мана шу менинг Пайғамбар алайҳиссалом туғилганида Сувайба суюнчилаб келганида уни озод қилганимдан ва унга эмизишни буюрганимдандир!”, дейди. Бир шоир айтган:

اذا كان هذا كافرا جاء ذمّه

وتبت يداه فى الجحيم مُخلدا

اتى انه فى يوم الاثنين دائما

يخفف عنه للسرور باَحمدا

فما الظن بالعبد الذى كان عمره

باحمد مسرورا ومات مُوَحِّدا

“Бу кофир Абу Лаҳаб ҳақида ёмонлаб келишган, унинг қўли куйсин, дўзахда абадий қолур, дейилган. У Аҳмад алайҳиссаломнинг туғилганига хурсанд бўлгани учун ҳар душанба, ҳар доим унга азоб енгил қилинади. Энди, бутун умри давомида Аҳмади мухтор алайҳиссаломга хурсанд бўлиб, унинг айтганларини қилиб, тавҳидда вафот қилган бандага нима гумонинг бор?!”

Ушбу ривоят мусулмонларни омматан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари куни хурсандчилик изҳор қилишга, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлганлик шукронасига хайр-эҳсонлар қилишга, шу кеча баҳонасида амри маъруф ва наҳйи мункарларни камолга етказиб ижро қилишга ундаб келган!

Ҳанбалий мазҳабининг энг буюк уламоларидан бири Ибн ал-Жавзийнинг невараси (Шайх Абул Музаффар Юсуф қизининг ўғли Ибн ал-Жавзийнинг невараси номи билан танилган, вафоти 654) ўзининг машҳур “Миръот уз-замон фий таърих ал-аъён” номли қирқ жилдлик китобида ёзишича, энг биринчи мавлиди шарифни ташкил қилиб, ҳозирги даврдагига ўхшаш қилиб ўтказган зот Айюбийлар сулоласидан бўлган подшоҳ ал-Малик ал-Музаффар ал-Айюбий Тақийуддин Маҳмуд  ал-аввал (ҳукмронлик йиллари милодий 1229-1244) бўлган. Унинг даврида ал-Ҳофиз Ибн Даҳиййа (Абул Хаттоб Умар ибн ал-Ҳасан ал-маъруф Ибн Даҳиййа ал-Калбий, вафоти 633) деган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига бағишланган “ат-Танвир фий мавлид ас-Сирож ал-мунийр” номли китобни Ирбил шаҳрида 604 ҳижрий санада таълиф қилган. Бу китобнинг шуҳратини эшитиб қолган ўша подшоҳ ал-Музаффар ал-Айюбий уни саройга таклиф қилади ва ёзган китобига мукофот сифатида минг динор ҳадия инъом қилади. Шундан кейин ўша подшоҳ то вафотигача, юқорида номи тилга олинган Абу Шома ва бошқа уламолар рухсати билан ҳар йили Рабиъ ул-аввал ойида Ибн Даҳиййанинг ёзган мавлид китобини ўқитиб, тўй-тамошолар қилиб, жуда кўп, беҳисоб хайру эҳсонлар тарқатишни жорий қилади.

Баъзи уламолар тасаввуф шайхларидан мана буларни зикр қиладилар: Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Агар менинг Уҳуд тоғича олтиним бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига сарф қилган бўлардим”. Жунайд ал-Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Кимки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларига ҳозир бўлса ва ул зотнинг қадрини улуғласа, иймон билан файз топибди”. Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини ўқитиш учун таом ҳозирласа, дўстларни жамъ қилиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларини улуғласа, қиёматда Пайғамбарлар қаторида, сафида ҳашр қилинади”. Имом ал-Ёфиъий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Ким Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидига жамъ бўлса, таомлар ҳозирлаб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидларининг ўқилишига сабабчи бўлса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло уни сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилади ва жаннатга киритади”. Ас-Сиррий ас-Сақатий раҳматуллоҳи алайҳи деганлар: “Кимки Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидлари ўқитилаётган мавзеъни қасд қилиб борар экан, у буни фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилгани учун қилади!”.

Ислом оламининг энг машҳур олимларидан бири, энг кўп китоб тасниф қилганлардан бири Имом ас-Суютий (вафоти 911) яна ўзининг “ал-Васойил” китобида: “Қайсидир уй ёки масжид ёки маҳаллада Пайғамбар алайҳиссаломнинг мавлидлари ўқилса, ўша жойни фаришталар ўраб олишади, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади”, деганлар. Ул зот яна: “Қайси мусулмоннинг уйида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари ўқилса, ўша уйни Аллоҳ таоло қаҳатчилик, вабо, ўт балоси, ҳар хил офат ва балолардан, буғзу ҳасаддан, ёмон кўзлардан, ўғрилардан омон сақлайди! Агар ўлса, Мункар ва Накир савол-жавобини осон қилади”, деб ёзганлар.

Баъзи манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлид, яъни, туғилган кечаларини Лайлатул қадр кечасидан афзал дейилган! Бу учта сабабга кўра афзалдир. Биринчиси шулки, мавлид кечаси Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳур қилган кечаларидир, лайлатул қадр эса ул зотга берилган кечадир. Иккинчиси шулки, лайлатул қадр фаришталар нозил бўлгани учун шарафли бўлади, мавлид кечаси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоҳир бўлиши билан шарафлидир. Учинчиси шулки, лайлатул қадр кечасида Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига фазилат воқеъ бўладиган кечадир, мавлид кечасида эса Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига ҳам, бошқа жами мавжудотларга ҳам фазилат бўладиган кундир!

Яна баъзи таълифотлар ичида мавлиди шарифни улуғлайдиган, уни ўтказишнинг фазилати ҳақида инсонлар орасида юз берган ҳар хил ривоят ва ҳикоятлар ҳам келтирилади. Улар туркий мавлид китобларида ҳам кўплаб ўрин олгандир.

Мана шундай сабабларга кўра бутун Ислом дунёсида асрлар давомида тўхталмасдан Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари ўтказилиб, ўқилиб келмоқда. Мутафаккир олимларимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидларига атаб китоблар тасниф қилишган. Улардан энг биринчиларидан бири юқорида номи тилга олинган Ибн Даҳиййанинг “ат-Танвир фий мавлид ас-Сирож ал-Мунир” номли китобидир. Яна бир қанча китоблар ёзилган бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида Ҳожи Халифа (Мустафо Котиб Чалабий ал-Истанбулий, вафоти 1067)нинг “Кашф уз-зунун ъан усомий ал-кутуб вал-фунун” китоби асосида бу ерда аҳли илмлар учун маълумот бериб ўтмоқчимиз:

“Ҳофиз ас-Саховий “Завъ ул-ломиъ”сида Пайғамбар алайҳис солату вассаломнинг мавлидлари борасида китоб ёзганлардан баъзисини зикр қилган. Улардан бири Ҳофиз ибн Носируддин ад-Димишқий бўлиб, унинг уч мужалладлик “Жомиъ ул-осор фий мавлид ан-Набийй ал-мухтор” номли китоби бор. (Кейинги жилдлари бундай аталади.) “ал-Маврид ас-содий фий мавлид ал-Ҳодий” бир дафтарда, яна “ал-Лафз ур-роиқ фий мавлиди хайрил халойиқ” бўлиб, олдингисидан ҳам қисқароқ. Яна “ат-Таъриф бил-мавлид аш-шариф” ва унинг мухтасари “Аърф ут-таъриф” Имом ал-Жазарий қаламига мансубдир. Икки мужалладлик “ад-Дурр ул-мунзам” ва унинг мухтасари “ал-Лафз ул-жамил” – бу иккови Шайх Муҳаммад ибн Усмонга тегишлидир. Яна Шайх Афифуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, вафоти Мадинаи мунавварада 855 ҳижрий санада юз берган, ал-Ийжий аш-Шерозийнинг бир қанча мавлидлари бор. Фахруддин Абу Бакр ад-Данақлий мавлид ҳақида бир жузъ тартиб берган. Бурҳониддин Муҳаммад ан-Носиҳий бир неча дафтар мавлид ишлаган. Бурҳониддин Абус Сафо ҳам “Фатҳуллоҳи ҳасбий ва кафо фий мавлид ал-Мустафо” деган китоб ёзган. Ибн ас-Синботий номи билан танилган Шамсиддин ад-Димётий эса назмда мавлид ишлаган. Бурҳон ибн Юсуф ал-Фоқусий эса тўрт юз байтдан ошиқ уржуза ёзган. Ҳофиз Зайнуддин ал-Ироқий мавлид борасида бир жузъ тартиб берган. Шунингдек, Имом ас-Саховий ҳам бир жузъ ёзган. “ал-Анвор ва мифтоҳ ус-сурур вал-афкор фий мавлид ан-Набиййи ал-мухтор” китоби Абул Ҳасан Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Бакрийникидир. У бир жилдли жуда фойдали китоб. Аввали: “Ҳабибининг руҳини яратган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, деб бошланади. Уни Рабиъ ал-аввал ойида ўқиш учун етти жузъда жамлаган. Яна “ад-Дурр ул-мунзам фий мавлид ан-Набиййи ал-муаззам” китоби Абул Қосим Муҳаммад ибн Усмон ал-Луълуъий ад-Димишқийникидир. Вафоти 867-йил. Сўнг уни қисқартириб, “ал-Лафз ул-жамил би-мавлид ан-Набиййил жалил” деб атаган. Яна “Мавъид ал-киром ли-мавлид ан-Набиййи алайҳиссалом” китоби Шайх Бурҳониддин Иброҳим ибн Умар ал-Жаъбарийга тегишли. Вафоти 732-йил. Яна “Мавлуди мавлид ан-Набий алайҳис салоту вассалом” китоби туркий бўлиб, Сулаймон ал-Бурсуний манзумасидир. Вафоти 800-йил. Яна Ибн Шайх Оқ Шамсуддин Ҳамдуллоҳнинг “ал-Мавлид ал-жисмоний валмаврид ар-руҳоний” деган китоби бор. Мавлоно Ҳасан ал-Баҳрийнинг ҳам мавлид китоби бор. Вафоти 994-йил”.

Ушбу мавлидларда кўзга ташланадиган жиҳати шулки, уларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларининг мабдаъси, туғилишлари ва Маккаи мукаррамадаги ҳаётлари зикр этилади. Мадина ҳаёти кўп ҳолатларда ёзилмайди. Бунга Мадина ҳаёти жиҳод, жангу жадалларга тўла ҳаёт бўлгани ҳамда Мадинадаги ҳаёт ёзилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари зикр этилиши керак бўлиб қолиши сабаб бўлган бўлса керак. Чунки, мусибатга бу тариқада йиғилиш машруъ эмас!

Юқорида ўтган жами мавлид китобларининг яна бир муҳим томони бор. У ҳам бўлса, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк зуҳур қилишлари зикри вақтида шу жамоанинг таъзим ва такрим юзасидан тикка туришлари – “Маҳаллул қиём” ўрни борлигидир.

Ҳофиз ал-Ҳалабий (Қутбиддин Абдулкарим ибн Муҳаммад ал-Жамоъилий ал-Ҳанбалий ибн Абдулкарим ибн Абдуннур ал-Ҳанафий ал-Ҳалабий, вафоти 735) ўзининг сийрат китобида зикр қилишича, Шофиъий мазҳабининг етук уламоси, таниқли мужтаҳид олими Имом ас-Субкий (ул зот Тақийуддин Абул Ҳасан Али ибн Абдул Кофий ибн Таммом ибн Ҳаммод ас-Субкий аш-Шофиъий, вафоти 756) ўз асрининг кўпгина олимлари даврасида ўтирганларида ас-Сарсарий девонидан (у Шайх Жамолуддин Абу Закариё Яҳё ибн Юсуф ас-Сарсарий аз-Зарир ал-Ҳанбалий, вафоти 656. Унинг девони бўлиб, унда зуҳду тақво васфи ҳамда Пайғамбаримиз мадҳидан иборат ғазал ва қасидалар мавжуд) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳлари ўқилганда Имом ас-Субкий бошлиқ жами уламо ва фузалолар Расули акрамнинг таъзимлари учун ўринларидан турганлар. Бу иш жуда кўп китобларда зикр этилган. Ушбу зотларнинг қилган ишлари бизга далил бўлгусидур! Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисда келган:»قوموا لسيّدكم»  (“Саййидингиз учун туринглар!”) амри шарифлари мутлақдир. Бизнинг энг улуғ саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар. Ул зотнинг таъзими ҳаммадан авлороқдир. Шунинг учун “Назм ул-мавлидиш шариф ан-набавий” китобида мана бундай байтларни ўқиймиз:

وقد سنّ اهل العلم والفضل والتقى. قياماً على الأقدام مع حسن إمعان

بتشخيص ذات المصطفى فهو حاضر. بأىّ مقامٍ فيه يُذكَر بل دانى

فطوبى لمن تعظيمه جُلّ قصدِهِ. ويا فوضَه يَحْظى بعفو وغفران

 

“Батаҳқиқ, аҳли илм ва фазилату тақво аҳли Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсияти сабабли чиройли хузуъ (камтарлик) билан тикка туришни суннат қилдилар. Бас, ул зоти шариф қайси маконда зикр қилинса, ўша ерда ҳозирдирлар, балки зикр қилгувчига яқиндирлар. Шундай экан, аксар мақсуди ул зоти шарифнинг таъзими бўлган кимсага жаннат ва фараҳлик бўлсин! Унинг нажоти ва зафари Парвардигорнинг афви ва мағфиратидан насиба олиш бўларди!”

Бизнинг диёрларда Ироқлик 11 ҳижрий асрда яшаган аллома Жаъфар ал-Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг ёзган мавлидларини ўқиш одат бўлган. Ул зотнинг асл имлари Аллома Саййид Жаъфар ибн Саййид Ҳасан ибн Саййид Абдулкарим аш-шаҳир бил-Мазлум ибн Саййид Муҳаммад ал-Маданий ибн Саййид Расул ал-Барзанжий бўлиб, ёзган мавлид китобларининг номи “Иқд ул-жавҳар фий мавлид ан-Набийй ал-азҳар” эди. Китоб бизнинг диёрларда “Мавлид ан-Набий” номи билан шуҳрат қозонган. Унинг иккита машҳур шарҳи бор. Китобга Мисрда моликийлар муфтийси бўлган Муҳаммад ибн Аҳмад Алиш “ал-Қавл ул-мунжий ъало мавлид ал-Барзанжий” деган шарҳни 1269 ҳижрий йилда Рабиъ ус-соний ойида ёзиб тугатган. Сал кейинроқ эса, яъни, 1279 йилда Шаъбон ойида Жаъфар ал-Барзанжийнинг авлодидан бўлмиш, Мадинаи мунавварада Шофиъийлар муфтийси бўлган Жаъфар ибн Исмоил ибн Саййид Зайнуддин ибн Саййид Жаъфар ал-Барзанжий деган зот “ал-Кавкаб ал-анвар ъало Иқд ал-жавҳар” номли катта шарҳ ёзган. Бу икки шарҳ ҳам Мисрда 1310 йилда “ал-Майманиййа” матбаасида нашр этилган.

Олим ва муллоларимиз ваъз-насиҳатга кўпроқ ўрин қолдириш мақсадида унинг барча қисмини эмас, балки, унинг аввалидан етти “ъаттир” (халқ орасида унинг бўлимлари “Ъаттириллаҳумма…” деб бошланадиган дуо такрорланиб келгани учун ҳар бир қисмига “ъаттир” деб ном берганлар), охиридан эса икки “ъаттир” ўқиш билан бирга Жаъфар ал-Барзанжийнинг мавлид дуосини ҳам ўқиш жорий қилинган. Баъзилар унинг орасига ўзбек шоири ва олими ал-Хилватийнинг туркий мавлидидан ёки бошқа шоирларнинг мавлидларидан олинган форсий ва туркий ғазал ва мухаммасларни қўшадилар. Замонлар ўтиши билан Жаъфар ал-Барзанжийнинг “ъаттир”ларининг ўрни алмашиб, баъзи ҳолларда икки “ъаттир” бир қилиниб кетган ҳоллар ҳам бор.

Демак, ал-Барзанжийнинг китобини қисқартириб ўқилганда халққа, жамоатга амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ҳақида гапириб бермоқ ҳамда ҳар бир инсон Аллоҳнинг бу маҳбуб Пайғамбарини севиб яшамоғи лозимлигини ўқдирмоқ даркор ва лобуддир!

Биз дўстлар ва маҳбуб зотлар илтимосига кўра ушбу зотнинг мавлид китобларини туркий тилида шарҳ ва изоҳ қилишга қарор қилдик ва уни «аш-Шарҳ ат-туркий ли-л-мавлид ал-Барзанжий» деб номладик. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу мақсудимизни хайрли ва баракотли қилсин! Хато ва камчиликлари бўлса, афв қилсин! Барча мусулмонлар жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларидан, сифатларидан ўрнак олиб яшашимизни муяссар қилсин!

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туганмас солату саломлар бўлсин!

Мавлид шарҳини .pdf форматдаги китоб орқали ўқишингиз мумкин.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *