УЛАМОЛАРНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛУВЧИЛАР ҲАҚИДА ТАРИХИЙ ФАТВО

5bed7baced9361841091152Уламоларни ҳурмат этиш шариатни эҳтиром қилиш демакдир! Бундан неча асрлар илгари ҳам уламоларни ҳурмат қилиш диннинг шиори эканлиги таъкидлаб келинган. Уларга ҳурматсизлик қилувчиларга аёвсиз таъзирлар берилган, уларга қарши бот-бот фатволар чиқариб турилган. Ана шундай тарихий фатволардан бири Самарқандда “Ўзбекистон маданияти тарихи музейи”нинг тарихий ҳужжатлар фондида (инв. № КП 5991/165) сақланиб келади.

Юртимиз уламолари томонидан тахминан мелодий 1795 йилларда чиқарилган ва устида “Уламоларни таҳқирлашнинг куфр экани ва ҳақорат қилганга таъзир бериш лозим бўлиши тўғрисидаги фатво ривояти” деб қўйилган фатвонинг мазмуни қуйидагича:

“Аллоҳнинг олий зикрини муборак тутган ҳолда бошлайман!

Ислом имомларининг – Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин –қуйидаги масала бўйича гаплари нима?

Уламо ва аҳли илмларни хорлаш, уларнинг ҳурматини енгил санаш шариатга кўра куфр бўладими ёки йўқми? Масалан, Зайд аҳли илмлар жумласидан саналадиган фалончи Охундга таъзир бериш лозим бўладиган қабиҳ сўзлар билан дашном берса ва ҳақорат қилган бўлса, масалан, “оғзинга…”, деб сўкса ва Охунднинг ёқасидан тутиб, уриб-сўкса, хор қилса, шу сабаб билан мазкур Зайд кофир бўладими? Унинг хотини унга бир “талоқи боин” ўлароқ ҳаром бўладими? Шариатда шундайми ёки йўқми? Унга тавба ва истиғфор айтиш ва никоҳини ҳамда имонини янгилаб олиш лозим бўладими ёки йўқми? Агар у тавбадан ва истиғфор айтишдан ҳамда имонини янгилашдан бош тортадиган бўлса, таъзирга мустаҳиқ бўладими? Шаръи шарифнинг ҳокимлари унга уриш, ҳибс қилиш, қатл этиш каби жазоларни беришлари жоиз бўладими ёки йўқми? Агар мазкур Охунд илтимос (шикоят) қилса, мазкур Зайдни жуда аламли таъзир бериб қўйишлари шаръи шарифнинг ҳокимларига лозим бўладими? Таъзирнинг энг кўпи ўттиз тўққиз дарра бўладими? Шу сабабли ҳокимларга Аллоҳнинг улуғ ажрлари бўладими ёки йўқми? Шариатда шундайми ёки йўқми?

Баён қилиб берсангизлар, савоб оласизлар”.

“Бўлади-бўлади!”.

(Фатво берувчилар томонидан савол: “Бўлади!” деб жавоб берилган. Унинг сабаби фиқҳий манбалардан олинган қуйидаги иқтибослардан маълум:)

1)“Кимки илмни ва уламоларни хор қилса, кофир бўлади. У ихтиёр қилинган фатводир!” (“Ҳидоят ал-муфтийин”).

2)“Кимки олимни ҳақорат қилса, хотини унга ҳаром бўлади” (“Мухтор ал-фатово” ва “Хўжандий”).

3)“Демак, унга тавба ва истиғфор лозим бўлади. Никоҳни ва имонни янгилаши керак бўлади” (“Қунийя”).

4)“Агар эр-хотиндан бири муртад бўлса, ораларига ажралиш тушган бўлади. “Зоҳири ривоят”да шундай дейилган” (“Хизонот ар-ривоёт”).

5)“Ажнос”да келганки, кимки олимни ҳақорат қилса, унга хотини ҳаром бўлади. Имом Зуфар раҳимаҳуллоҳ ва Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ҳар хил фиқҳий қарашлари тўғрисидаги асарда: “Кимки олимга паст назар билан ва ҳақорат кўзи билан қараса, кофир бўлади ва хотини боин талоқ бўлади”, дейилган” (“Мухтор ал-фатово”, “Жомеъ ал-музмарот”).

6)“Кимки Қуръонни ёки шариатни ёки илмни ёки уламонинг ҳурматини енгил санаса, кофир бўлади” (“Жомеъ ал-фатово”).

7)“Илмнинг ва илм аҳлининг ҳурмати шариатнинг буйруғидир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки олимни икром қилса, мени икром қилган бўлади. Кимки мени икром қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолони икром қилган бўлади”, деган гаплари бор” (“Туҳфа”).

8)“Фатво тўпламларида келганки, “Бой киши ўзининг ҳашамати ва шуҳрати сабабли фақиҳ бир олимнинг олдига ўтса, жоиз бўладими?”, деб Фахрулисломдан сўрашганда, у зот: “Йўқ, бўлмайди!”, деб жавоб берганлар. Чунки, бунда олимнинг ҳурматини енгил санаш бор. Унинг ҳукми эса, юқорида ўтди. Бухоро уламоларидан сўрашган экан: бир бой одам мажлисга келиб, олимдан юқорига ўтиб ўтирибди. Ҳолбуки, ўша олим унга намоз, рўза, закот, ҳаж, ҳайз ва нифос каби масалаларни ўргатиб юрарди. Унга ҳеч нарса бўлмайдими? Бухоро уламолари бу саволга жавоб бериб айтдилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бунинг ҳолати тўрт хил бўлади, деганлар. Ҳурматини енгил санаб ўтган бўлади ёки адоват сабабидан, ёки хорлаш мақсадида ёки мазах қилиб ўтган бўлади. Шулардан аввалги учтасида кофир бўлади ва хотини талоқ бўлади. Охиргисида эса унга таъзир берилади ва унинг одобсизлиги элга ошкор қилинади. Бизнинг замонамизда фатво Бухоро уламоларининг гапига берилиши керак!” (“Мажмуат ал-фатово”).

9)“Кимки бирор олимга ёки фақиҳга зоҳир бир сабабсиз душманлик қилса, унинг кофир бўлиб қолишининг хавф бор” (“Хизонат ар-ривоёт”).

(Мазкур тарихий фатвога ўз даврида тўрт нафар олим муҳр босган бўлиб, ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Муҳрлар: )

  • Муҳаммад Азиз ибн Худойдод, 1207 (1792 мелодий йил);
  • Қози Қурбон Бадал ибн Қози Улкан, 1208 (1793 мелодий йил);
  • Мир Хўжа ибн Шоҳ Шамсиддин гашт қозийи Ромитан, 1210 (1795 мелодий йил);
  • Мир Абдурраҳмон муфтий ибн Мир Абдуррасул

Юқоридаги тарихий фатво олимларни, уламоларни, Қуръон қориларини, аҳли илмларни, имом-домлаларни ҳурмат қилиш вожиб эканини, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлигини, исломнинг кўринишлари бўлиб турган бу зотларни ҳурматсиз қилишнинг оқибати эса имонсизлик ва хотини талоқ бўлиш эканини билдиради. Бу тарихий фатво ўзини мўъмин-мусулмон деб билувчи ҳар бир инсонни огоҳликка чорлаб туради.  Мўъмин-мусулмон киши бирор амални тарк этиш билан кофир бўлмайди, лекин ҳурматни тарк қилиш билан кофир бўлиб қолади. Буни унутмаслик керак!

Уламоларимиз ва аҳли илмларимиз кўзимиз нури, йўлимиз чироғларидир!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *