НЬЮТОНДАН ОЛДИН ИБН АЛ-ҲАЙСАМ (ALHAZEN) БОР ЭДИ

CqPHC9aXgAAhPjFМинг йиллар олдин араб мусулмон олими астрономия, математика, геометрия, фалсафа, оптика ва физика фанларига оид юздан ортиқ асарлар ёзган. Гарчи, у ҳар доим ҳам энг буюк олимлардан бири бўлган бўлса-да, унинг номи бугунги кунда Ғарб мамлакатларида яшайдиган одамларга унчалик таниш эмас.

Унинг тўлиқ номи Абу Али ал-Ҳасан ибн ал-Ҳасан ибн ал-Ҳайсам бўлиб, Европада Алхазен номи билан машҳур бўлган. Алхазен (Alhazen) унинг исми бўлмиш ал-Ҳасан сўзининг бузилган шаклидир. Мусулмон оламида эса у Ибн ал-Ҳайсам фамилияси билан машҳур.

Ибн ал-Ҳайсам 965 йилда Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган ва тахминан 1040 йилда вафот этган. Гарчи у Басрада туғилган бўлса-да, умрининг кўп қисмини Қоҳира шаҳрида ўтказган. Қоронғу асрларда европада илм-фанда турғунлик кузатилган бир вақтда мусулмонлар ўзларининг Олтин даврини бошдан кечирганлар ва Ибн ал-Ҳайсам ўша даврнинг энг машҳур олимидир.

Унинг энг машҳур асари бўлмиш Китоб ал-Манозир «Оптика китоби» (كتاب المناظر) лотин тилига таржима қилинган ва ўрта асрларда бутун Европага тарқалган. Бу асар кўплаб буюк мутафаккирларга шу жумладан унинг хулосасини ёзган Рожер Беконга катта таъсир кўрсатади.

Мазкур асарда Ибн ал-Ҳайсам кўзнинг кўриш қобилияти борасидаги Птоломей ва Евклид томонидан илгари сурилган ва ўша пайтда ҳукмрон бўлган қарашнинг хатолигини исботлаб беради. Мазкур фаразга кўра, кўз ўзидан ёруғлик чиқариши ҳисобига объектларни кўради дея ишониларди.

Аммо, Ибнул Ҳайсам биринчи бўлиб бу гипотезанинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини исботлаб берди ва кўзнинг кўриши объектларга тушган нурнинг кўз тўрпардасида акс этишига боғлиқ деган илмий ҳақиқатни муомалага киритди.

Ибнул Ҳайсамга кўра, кўз ўзидан ёруғлик чиқармайди балки, нарсаларга тушган ёруғликни ўзида акс эттиради ва уни мияга узатади ва мия уни таҳлил қилади. Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, Ибнул Ҳайсам мия билан оптик нерв (лотинча: nervus opticus) орасидаги боғлиқликни биринчи бўлиб топган олимлардандир.

Ибнул Ҳайсамнинг кўзнинг кўриш қобилияти борасидаги илмий изланишлари фанда жуда катта инқилоб ясаган ва фотокамера яратилишига тамал тошини қўйган. Мусулмон олимларидан биринчи бўлиб, ўз тажрибаларида «камера обскура» (camera obscura) дан фойдаланган олим сифатида Ибнул Ҳайсам тилга олинади. Ҳатто, камера сўзи арабча «قُمرة» сўзидан олинган деган қарашлар ҳам мавжуд.

У ўзининг «оптика китоби» асарида ўзи ўтказган илмий экспериментларга асосланиб нурлар тўғри чизиқлар бўйича ҳаракатланишини исботлаган. Шунингдек, муайян ҳолатларда нурнинг синиши (рефракция) ҳодисаси содир бўлишини ҳам биринчилардан бўлиб тажрибада кўрган.

У, шунингдек, фараз ва гипотезалар тасдиқланадиган процедуралар ёки математик далилларга асосланган тажрибалар ёрдамида исботланиши кераклиги ҳақидаги концепциянинг илк тарафдори бўлган. Демак, уйғониш даври олимларидан беш аср олдин Ибнул Ҳайсам «илмий усул»ни тушунган ва «илмий билиш» нималигини билган. Шу боис ҳам европалик олимлар уни «биринчи олим» деб атайдилар.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *