Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий

islam 011

Аҳли сунна вал-жамоа ақидасини Ислом оламида нашр қилган асосий устозлар бу икки забардаст имом — Имом Ашъарий ва Ватандошимиз Имом Мотуридийлардир. Ўз даврининг бемисл олимлари ҳисобланган бу устозларнинг иккиси ҳам, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан мақтаб ўтилган уч асрга мансуб бахтли инсонлар қаторида бўлганлар.

Имом Мотуридийнинг асл исми Муҳаммад бин Муҳаммад Мотуридийдир. Куняси Абу Мансур. Имом ал-ҳуда номи билан ҳам машҳур бўлган. Самарқанднинг Мотурид ноҳиясида таваллуд топган. Ҳижрий 333-чи (м.944) йили вафот этган ва Самарқандда дафн этилган. Туғилган санаси аниқланмаган.

Илми каломда юксак мартабаларга кўтарилиб, ўз даврининг тенгсиз шайхи бўлиб танилган имомнинг шогирдлари халқ тилида «Мотуридийлар» деб аталар эди. Шуни яҳши билишимиз лозимки, Имом Мотуридий алоҳида бир мазҳаб тузган эмас! Балки, Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг ақоидга оид фатво ва талимотларини нашр қилган, атрофга ёйган. Ҳатто у кишининг ўзи ҳам, фуруъотда ҳанафий мазҳабига тобе бўлганлар. Китобларда «Мотуридий мазҳаби» ёки «Мотуридийлар» деган атамалар учраб турсада, буни алоҳида бир мазҳаб деб тушуниш тўғри эмас. Балки, Абу Ҳанифанинг усули дин соҳасидаги таълимотини имом Мотуридийдан ўрганган ва унга амал қилган ҳанафийлар, деб тушуниш керак.

Имом Ашъарийнинг асл исми Али бин Исмоил. Куняси Абул Ҳасан. Ҳижрий 260-чи ёки 266-чи (м.879) йили Басрада туғилиб, Ҳижрий 324 ёки 330-чи (м.941) йили Бағдодда вафот этади. Басра дарвозаси билан Карҳ орасидаги қабристонга дафн этилган. Насаби буюк саҳоба Абу Муса ал-Ашъарийга бориб тақалади. Яъни шажараси қуйидагича: Али бин Исмоил бин Исҳоқ бин Салим бин Исмоил бин Абдуллоҳ бин Муса бин Билол бин Аби Бурда бин Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу.

Имом Ашъарийнинг фиқҳий мазҳаби хусусида аниқлик йўқ. Аммо аксар уламолар, у кишини Шофеъй мазҳабида деганлар. Шунингдек, «имом Ашъарий бизнинг мазҳабдан эди» деган Моликий ва Ҳанафийлар ҳам йўқ эмас. Хуллас, бу улуғ имомни ўз фиқҳий мазҳабидан деб ҳисоблаш, ҳар мазҳаб аъзолари учун бир шараф бўлган.

Имом Ашъарий ҳам мустақил бир мазҳаб асосчиси бўлган эмас. Балки, у кишидан илми каломни ўрганган, унинг таълимоти асосида эътиқод қилиб келган Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаб вакилларига «Ашъарийлар» деб айтиларди. Имом Ашъарий ўз таълимотини тарқатишда, имом Шофеъийнинг илми каломга доир фатво ва ижтиҳодларини асос қилганини ҳисобга олсак, у кишининг фиқҳий мазҳаби ҳам шофеъий бўлган, деб айтиш мумкин.

Илми каломда, аҳли суннатга устозлик қилган бу икки асрдош имом бир-бирлари билан учрашмаган бўлишларига қарамай, Аллоҳ таоло уларнинг йўриқларини усули динда, деярли бир хил қилди. Магар илми тавҳид фуруъотида айрим ихтилофлари мавжуд. Яъни икки имом талимотида бир-бирларини куфрига ҳукм қилувчи бирорта ҳам усули динга доир ихтилоф бўлмаган.

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *