ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК

photo_2019-09-24_16-46-37Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деганлар:

 إنما بعثت لأتمم صالح الأخلاق

Мен яхши хулқ-атворларни такомиллаштириш учун юборилганман! Имом Аҳмад.

Дарҳақиқат, Исломнинг мақсадларидан бири жамиятда инсон ҳаётига оид иллатларни йўқотиб, ижтимоий одобларни кенг ёйишдир. Бошқа ҳадисларда “Сизларнинг менга энг маҳбубингиз хулқи чиройлиларингиздир!”—дейилган бўлса, яна баъзи ҳадисларда “Хулқи гўзалларингиз ораларингиздаги энг яхшиларингиздир!” дейилган.

Аммо, минг таассуфки бугун жамиятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафдан кенг тарғиб этилган исломий одоб-ахлоқ ўрнини нафсоний ва шайтоний иллатлар эгаллаб олди. Мисол тариқасида айримларини санаб ўтиш ўринли:

БИДЪАТЧИЛИК

Инсон қалбини хароб қилувчи иллатлар ичида энг хатарлиларидан бири бу—эътиқодий бидъатчилик. Яъни, асри саодат ва ундан кейинги икки асрда мавжуд бўлмаган, динда асли йўқ, шариатга хилоф ақида. Бу ҳасталик инсон қалбида ривожланишига унинг ҳавойи-нафсига мутелиги, ақлига бино қўйиши, ўз райини тўғри деб оёқ тираб олиши, мутаассиблиги ва аҳли бидъатларга кўр-кўрона тақлид қилиши сабаб бўлади.

Шариатимизда бидъатчиликдан ҳазар қилишга катта аҳамият берилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари умматни бидъатдан ҳушёр бўлишга чақириб, қаттиқ куюниб гапирганлар. Бу ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳадисида батафсил ўқиш мумкин. Бу ерда, ўқувчиларга малол бўлмаслиги учун биргина ҳадис келтириш билан кифояланамиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло тавбани ҳар бир бидъатчидан ҳижоблаб қўйди!«. (Имом Байҳақий ва Тобароний). Яъни, бидъатчи то бидъатидан воз кечмас экан унга тавба эшиклари ёпиқлигича қолаверади.

Исломда турт фиқҳий мазҳаб вакиллари ягона – аҳли сунна валжамоа эътиқодида бирлашадилар. Шу тўрт фиқҳий мазҳабдан ташқари барча диний оқимлар (ваҳҳобий, салафий, ҳизбчи ва ҳокаозо) ҳаммаси бидъатчилардир.

КЎР-КЎРОНА ТАҚЛИД

Ижтимоий иллатлардан яна бири кўр-кўрона тақлиддир. Руҳий тарбия фанида ёзилган манбаларда қалб офатлари қаторида санаб ўтилган бу иллат эътиқодий масалаларда бировга кўр-кўрона тақлид қилиш, ўша шахсга нисбатан ҳаёлида шаклланган яхши гумонига суянган ҳолда унинг сўзларини ҳужжат-далилсиз, суриштирмасдан қабул қилишлик, ўз эътиқодини унинг эътиқод йўлига мослаш, деб таърифланган. Ақоид соҳасида бундай тақлид мақбул эмас. Балки, лоақал ижмолий тарзда бўлсада, эшитган сўзи устида фикр қилиб кўриши, шариат андозасига солиб кўриши шарт. Шариатга мос бўлса эргашади, зид бўлса рад қилади. Албатта, мана шу таққослаш учун ҳам маълум даражада илм таҳсил қилиш фарздир.

Қуръони каримда бу ҳасталикка мубтало бўлганларни Аллоҳ таоло танқид қилиб шундай дейди:

«Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар”. (Зухруф. 23. Тафсири ҳилол).

Баъзи инсонларга «дининг нима?» деб савол қилинса, Ота-бобом мусулмон, мен ҳам мусулмонман, деб жавоб беришади. Ислом ҳақида батафсил сўзлаб бериш у ёқда тура турсин, ҳатто шаҳодат калималарини тузукроқ айтишни ҳам уддалай олмайдилар. Аслида улар ота-боболарининг нима учун мусулмон бўлганларини ҳам билиб олишлари лозим эди.

Аҳли суннанинг ақоид бобидаги икки улуғ имомидан бири Имом Мотуридийнинг қавлига кўра бунақанги тақлидчиларнинг иймони саҳиҳ бўлсада, далил талаб қилмагани учун гуноҳкор ҳисобланишади. Ҳатто баъзи уламолар муқаллиднинг иймони саҳиҳ эмас деганлар.

Аҳли илмлар ақоид масаласида истидлол вожиб эканига ижмоъ қилганлар.

Амалиётда яъни, фуруъот масалаларида эса, илоҳиётнинг акси ўлароқ, адолат ва солиҳлиги билан танилган, мужтаҳид мақомида бўлган аҳли тақво олимларнинг фатволарини ҳужжат сўрамасдан қабул қилиш ва унга эргашиш жоиздир.

ВАЪДАГА ВАФОСИЗЛИК

Хозирги даврда кенг тарқаган ижтимоий иллатларга ваъдага вофосизликни кўрсатиш мумкин. Бир кишининг бирор амални бажаришга сўз бериши, ундан ваъда сифатида қабул қилинади. Сўзининг устидан чиқмаслик нияти билан ёлғондан ваъда беришлик ҳаромдир. Бу турли ваъда берган кишига сўзи устидан чиқишлиги вожиб бўлади. Агар бузуқ ниятига содиқ қолган ҳолда ваъдасига хилоф қилса икки баробар гуноҳ олади. Ёлғондан ваъда бергани ва хилоф қилгани учун.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда қуйидагича ҳадислар мавжуд: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди у киши деди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Мунофиқнинг белгиси учтадир, агарчи у рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам, ўзини мусулмон деб эътиқод қилса ҳам:

  1. Гапирса, ёлғон сўзлайди;
  2. Ҳар қачонки ваъда берса сўзини устидан чиқмай, хилоф қилади;
  3. Бирон мол ё сирни унга омонат қилинса, хиёнат қилади. (Муслим).

Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳума икковларидан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Тўртта (хабис) хислат бор. Улар бирон шахсда жамлашса, у ғирт мунофиқ(га ўхшаш) бўлади. Агар кимдаки улардан бирортаси бўлса, у феълини ташлагунча унда мунофиқликдан бир хислат бўлади:

  1. Вақтики унга (ишониб) омонат қўйилса хиёнат қилади;
  2. Гапирса ёлғон гапиради;
  3. Биров билан аҳдлашса ғадр қилади;
  4. Биров билан хусуматлашса (ҳақ йўлдан чиқиб) фожирлик қилади». (Бухорий ва Муслим).

КУФРОНИ НЕЪМАТ

Аллоҳ берган неъматнинг қадрига етмаслик, муносиб баҳоламаслик, шукрини келтирмаслик ҳам бугунги уммат мубтало бўлган ижтимоий иллатларнинг машҳурларидан бири, десак хато бўлмайди. Бу иллатнинг оқибати ҳақида Аллоҳ таоло Қуръонда шундай хабар беради:

وَضَرَبَ اللّهُ مَثَلاً قَرْيَةً كَانَتْ آمِنَةً مُّطْمَئِنَّةً يَأْتِيهَا رِزْقُهَا رَغَداً مِّن كُلِّ مَكَانٍ فَكَفَرَتْ بِأَنْعُمِ اللّهِ فَأَذَاقَهَا اللّهُ لِبَاسَ الْجُوعِ وَالْخَوْفِ بِمَا كَانُواْ يَصْنَعُونَ

Аллоҳ бир шаҳарни зарбул масал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини тоттирди. (Наҳл сураси / 112).

Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар. (Тафсири ҳилол).

Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кимки (неъматнинг) озига шукр қилмаса кўпига (ҳам) шукр қилмайди. Кимки одамлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга (ҳам) шукр келтирмайди. Аллоҳнинг неъматини гапириш Аллоҳга шукр келтирмоқдир. Гапирмаслик куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқа (жамоатдан ажрашнинг оқибати) азобдир”. (Имом Аҳмад).

Имом Абу Саъийд ал-Ходимий раҳматуллоҳи алайҳнинг шу ҳадисга берган изоҳига кўра, бирон банда туфайли мақсадига етишган киши ўша банда ҳаққига ошкора ва хуфёна хайрли дуо қилиши, унга миннатдорчилик изҳор этиши худди Аллоҳнинг неъматига шукр қилиш каби бир хил вожибдир. Чунки асли неъматни инъом этувчи Зот Аллоҳ бўлса-да бу банда ўша неъматга эришишига сабаб бўлди.

Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ зуҳо сурасида келган ушбу: “Ва аммо, Роббинг неъматлари ҳақида сўзла” ояти тафсирида Худонинг неъматини гапириш бу—шукр қилиш демакдир, деган.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўлишни насиб этсин! Жамиятимизни ичидан кемираётган ижтимоий иллатлардан сақланишимизда Ўзи тавфиқ берсин!

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар Абу Ҳурайра жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *