МЕЪРОЖ НАМОЗИ

6ec8d5b30ba5ec29a3a8b6f5b989f0a6Ражаб ойи Қуръони каримда бошқа ойларга нисбатан ҳурматлироқ бўлган тўртта ҳаром ойининг биридир. Бу ойни Аллоҳ таолонинг ўзи улуғлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажи куни Мино водийсида саҳобаларга хутба қилиш чоғида Аллоҳнинг наздида ойлар ўн иккита бўлиб, ундан тўрттаси: Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардир, деганлар.

Шу нуқтаи назардан бу ойларда кўпроқ ибодат қилиш, бу ойнинг тунларини ғанимат билиш, хайр-садаоқот улашиш, қариндош-уруғлар ҳолидан хабар олиш, гуноҳларга истиғфор ва тавбалар айтиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган олимларидан Мавлоно Мулла Али ал-Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ражаб ойидаги одоблар” номли рисоласида Ҳофиз Суютий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Жоме ал-кабир” асарида қуйидаги махсус намоз ҳақида маълумот борлигини айтади:

Ражаб ойида бир кеча бўлиб, унда қилинган ҳасанотларга юз баробар кўп ажр берилади. Бу Ражаб ойининг 27-кечасидир. (Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга чиққан кечалари бўлган.) Ким шу кечада икки ракатдан олти марта жами ўн икки ракат намоз ўқиса (бу намозда фотиҳадан кейин хоҳлаган сурасини зам қилади. Махсус сура белгиланган эмас!) ва намоз тамом бўлгач юз марта “Субҳаналлоҳи вал-ҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” ( سبحان الله و الحمد لله و لا اله الأ الله و الله اكبر ) деса, кейин юз марта “астағфируллоҳ” деса, кейин юз марта Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловат айтса ва ортидан дини ва дунёси учун манфаатли нарсаларни Аллоҳдан сўраб дуо қилса, ва шу кечаси саҳар туриб рўза тутса Аллоҳ унинг дуосига ижобат қилади. Гуноҳ ва ҳаром нарсаларни сўрамаган бўлса бас.

Худди шу ривоятни имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан (заиф иснод билан) ривоят қилган.

Ҳужжатул ислом Ғаззолий “Иҳё”да бу намозни “Меърож намози” деб айтган. (ал-Адаб фи Ражаб. Мулла Али ал-Қори. 48 -Б).

Демак, шу ривоятга кўра Ражаб ойининг 27 кечасида нафлан икки ракатдан олти марта, жами ўн икки ракат намоз ўқиш ва ортидан юқорида келтирилган зикрларни айтиб дуо қилиш фазилатли иш бўлар экан.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу намоз фарз ҳам, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас! Балки фазилат бўлиб, уни бажарганлар савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлмайди!

Аллоҳ таоло ўша кунга барчамизни саломат етказсин ва ундан унумли фойдаланиб қолишга муваффақ айласин!

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *