БОЙ БЎЛСАНГ БОЙДЕК КЎРИН!

bogatyj-bednyjҲанафий мазҳабининг асосчиси имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асҳоблари билан бир издиҳомда эди. У кишининг яқин танишларидан бири кўриниш ҳоли хароб, жулдур кийим бошда келган эди. Одамлар тарқагандан кейин имомимиз ҳалиги танишига:

—           Ҳув анави жойнамоз тагига ҳамён қўйдим, уни ўзингга ол – деди. У одам қараса жойнамоз тагида минг дирҳам кумуш танга турибди.  (Маълумот учун: бугунги кунда 80 000 000 сўм) У одам:

—           Буни нима қиламан – деди. Имом Аъзам:

—           Бу пулларни олиб уст-бошингни тузатиб олгин – деди. У:

—           Мен бойман. Аллоҳ менга кўп неъмат берган. Бу пулларга эҳтиёжим йўқ. Ташаккур. – деб жавоб берди. Шунда имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ:

—           Агар Аллоҳ сенга неъмат берган бўлса, унинг асари қани? Нега уст-бошинг жулдур? Аллоҳнинг неъматини изҳор этиб юрсанг бўлмайдими?! Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳ бандаларида Ўзи берган неъматлар асарини кўришни яхши кўради.”—деган ҳадисларини эшитмаганмисан?! – деб койиди. Кейин, тезда ташқи кўринишингни тузат. Сени кўрганлар ҳолингга ачинмасин. Бой бўлсанг бойдек кўрин! — деб танбеҳ бердилар!

Қиссадан ҳисса:

Инсон ҳамиша ташқи қиёфасига эътиборли бўлиши керак. Ўзини бечораҳол қилиб кўрсатиш мўминга ярашмайди. Буни ахлоқ одоб фанида тазаллул дейилади. Яъни, инсон ўзини хору-зор, бечораҳол қилиб кўрсатиши. Дунё учун тазаллул қилиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:

Ҳеч қайси мўминга ўз нафсини хор қилиб намоён этиши ҳалол бўлмайди. (Имом Муслим).

Бойнинг юриш-туриши, ўзига қараши, хайр-эҳсони, оиласи ва ўз эҳтиёжига  ажратган харажатлари ҳам ўзига яраша бойдек бўлиши керак! Уйида маблағи туриб, бировдан таъмагирлик қилиш пасткашликдир.

Тазаллул айниқса аҳли илмлардан содир бўлса жуда хунук кўринади. Аҳли илм ўз шарафи ва қадрини билмоғи лозим. Ўзгаларга ўзини хор кўрсатиб, нималарнидир ундириш илинжида паст кетиши яхши эмас.

Бир кунга етарли озуқаси бор кишининг кейинги кун ғамида, тиланчилик қилиши шунингдек, чақирилмаган тўй-маракаларга сурбетона тарзда бориш, зарурат бўлмаган чоғда, «бирон нима униб қолар» деган ўй билан бой-амалдорларнинг эшиги олдида туриш, золимлар қўлини ўпиб лаганбардорлик қилиш ва ҳоказо пасткашликларнинг бари мўминга ярашмаган тазаллулдир.

Ойбек РАҲИМОВ

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

01 02 2019

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *