КИМ «БИЛМАЙМАН» ДЕСА ФАТВО БЕРИБДИ

10247913Бугунги кунда илмсиз равишда диндан гапириш, мураккаб-мураккаб масалаларда дарров ё “ҳалол!” ёки “ҳаром!” дея фатво бериб юбориш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса жуда хатарли йўлдир.

Қадимда илмда пешқадам бўлган, фиқҳ илмининг ривожига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳам ўзларидан сўралган масалаларнинг кўпига “билмайман” деб жавоб берганлар. Ва буни ўзлари учун ор санамаганлар. Чунки, улар чуқур ўйламасдан, изланмасдан бир ишни ҳалол ё ҳаром дея фатво бермас эдилар.

Ҳозир эса бироз илми бор, бироз китоб ўқиган баъзи кимсалар ўзларига бино қўйиб, агар имом Абу Юсуфдан сўралса, албатта устози Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)га арз қилиши аниқ бўлган мушкил масалаларда ҳам ишнинг аслини ўрганмасдан бемалол фатво беряптилар. Бу жуда ҳам ачинарли. Зеро, олимнинг тойилиши оламнинг тойилиши демакдир.

Ўтган улуғларимиз илмлари дарё бўлишига қарамасдан кўп ҳолатларда сукут қилардилар. Моликий мазҳабининг йирик шайхларидан бўлмиш имом Саҳнун шундайлар ҳақида қуйидагича сўз юритади: “Ўтган улуғларимиз ичида шундайлари бор эди-ки, бирор масала бўйича гапирадиган бўлса, жуда кўпчилик ундан манфаат оларди. Лекин, қалбига манманлик ва ғурур кириб қолишидан қўрқиб, сукут қиларди. Агар сукут унинг нафсига ёқиб қолса, ана шундагина гапирарди (яъни, узоқ сукут қилиш туфайли одамлар уни улуғлашни бошласалар, сукут туфайли ҳам ғурурга берилиб қолмаслик учун гапиришни бошларди, — дейилмоқчи). Ва “одамларнинг ичида фатво беришга энг журъатлиси уларнинг илми энг оз бўлганидир”, дер эди (Заҳабий. “сияру аъломин нубало”: 8-жилд, 30-бет.;)”.

Бир куни Молик ибн Анас (раҳимаҳуллоҳ)дан бир масала сўралди. У киши “билмайман” деб жавоб бердилар. Шунда сўровчи киши “қанча йўл босиб, неча мамлакатлардан ўтиб олдингизга келгандим”, деди норози оҳангда. Шунда имом Молик у кишига “бор, юртингга қайтгинда, Моликка савол берган эдим билмади, деб айт!”, дедилар.

Ибнул Муфлиҳ “шаръий одоблар”ида имом Моликдан қуйидаги сўзларини нақл қилади: “мусулмонларнинг пешвоси ва олам аҳлининг саййиди бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан баъзи масалалар борасида фатво сўрашарди. Ва у зот то самодан ваҳий келгунига қадар жавоб бермасдилар”.

Суфён Саврий айтади: “баъзи рижоллардан диний масалада фатво сўралса (агар билса ҳам) қўрқиб, қалтираб фатво берарди”. У зот яна шундай дейдилар: “киши фақиҳ бўлсаю гапириш унинг учун сукут қилишдан маҳбуброқ бўлса, бу унинг фитналаниб қолганлигидан даракдир (“ал-одоб аш-шаръийя ва-л-минаҳ ал-маръийя”: 1-жилд, 510-бет.;)”.

Умар ибн Абдулазиз айтадилар: «ким «билмайман» деса, илмнинг ярмини қўлга киритибди». Шунга ўхшаш қавл Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ҳам ривоят қилинган.

Аббосий даврининг машҳур адиби Жоҳиз Киноний бу сўзни қуйидагича шарҳлайди: «чунки, ўз нафси устидан бу қадар ҳукмронликка соҳиб бўлиш ўша кишининг сўралган масалаларда эҳтиёткорлик билан иш кўришига, масаланинг моҳиятига етишга бўлган ҳирсининг кучлилига ва олийжаноблигига далолат қилади» (Жоҳиз. «ал-баён ва-т-табйин». 1-жилд, 398-бет).

Бу сўз илмга ошно бўлганлар ҳақидадир. Одамлар шундайлардан фиқҳий масаларни сўраганларида «билмайман» дея олишлари илмнинг ярмини қўлга киритганликларига яъни ҳақиқатан ҳам олим зотлардан эканликларига далолат қилар экан.

Негаки, одамлар улуғлайдиган, олим деб биладиган кишилар учун кўпчилик ҳузурида «билмайман» дейиш бениҳоя оғир келади. Агар билмайман деса, ўша ердаги одамларнинг эътиборидан тушиши, «билмас экан!», «илми кучлимас экан!» деган гаплари ё салбий фикрларига нишон бўлиши мумкин. Бироқ, шунда ҳам у мукаммал билмаган масаласида «билмайман» дея олиши унинг ўз нафси устидан нечоғли ҳукмрон эканлигидан шунингдек, аниқ-тиниқ билмаган нарсаси борасида чала билим билан жавоб беришдан сақланишга ҳарислигидан далолат экан. Бу эса мазкур аҳли илмнинг масалаларни тагига етишга уриниши, тадқиқ қилишга ўчлигига ҳам далолат қилади.

Ибнул Жавзий «сайдул хотирда» шундай дейди: «агар олимнинг қасди дуруст бўлса, такаллуф кулфатидан қутулади. Зеро, кўплаб уламолар «билмайман» сўзидан ор қилиб, гарчи, айтаётган сўзлари борасида аниқ ишончга эга бўлмасалар-да «жавобни билмас экан», демасликлари учун (сўралган ҳар бир масала бўйича) фатво бериш орқали ўз обрўларини сақлайдилар. Бу эса ночорликнинг ўзгинасидир».

Қадимдан илм аҳли орасида “من قال لا أدري فقد أفتى” яъни “ким билмайман деса, демакки, фатво берибди” деган сўз юради. Ушбу ҳикматли сўз борасида тафаккур юритсак, ўзимиз учун олам-олам маънолар эшигини очган бўламиз. Ҳикматли сўзнинг мазмуни қуйидагича:

Ҳақиқий олим ўзи яхши билмаган масала бўйича сўралганда гарчи уни чалароқ тарзда билса-да ёки биламан деб ўйласа-да то у масалани атрофлича ва синчиклаб ўрганмагунча ёхуд ўзидан олимроқ кишилардан сўраб билмагунча «билмайман!» дейиши мақсадга мувофиқ иш бўлади. Ана шунда яъни «билмайман!» деса тўғри фатво берган бўлади. Қандай қилиб (?!), дерсиз. Қанақасига «билмайман!»деса масала бўйича тўғри фатво берган бўлади (?!) дея ҳайратланарсиз.. Унда жавобни эшитинг:

Аҳли илм ўзи мукаммал билмаган масалада «билмайман» деса, масала сўраган киши бошқа бир аҳли илмга мурожаат қилади. У ҳам «билмаса», яна бошқасига бош уради. Зеро, “ҳар бир билим соҳиби устида ундан билимдонроқ бириси бордир” (Юсуф сураси: 76-оят). Шу тариқа, биладиган одамга йўлиқади ва у мазкур масала борасида тўғри жавобни беради.

Энди, ўйлаб кўринг, биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳоказо сўралган аҳли илмлар сўралаётган масала борасида «билмайман!» деб жавоб бермаганларида сўровчи масалани ечиб берган сўнги одамга йўлиқармиди?.. Йўлиқмасди. Демакки, айнан аввалгиларнинг «билмайман»лари уни билувчи шахсга олиб борган. Натижада сўровчи тўғри фатвога эришган. Уламоларимиздан нақл қилинган «ким, билмайман, деса (тўғри) фатво берибди» сўзининг маъноси шудир.

Бу ҳикматли сўздан англашиладиган яна бир нарса шуки, «эй илм соҳиби, агар «билмайман!», десанг, саволга жавоб бермаган бўламан» дея андишаланма. Зеро, айнан «билмайман» дейишинг масалани билувчисига етиб боришига йўл очади. Бас шундай экан, билувчининг фатвосида сенинг ҳам ҳиссанг бор. Шу боис, хурсанд бўл ва сендан ўзга берган фатводаги ажрдан сен ҳам умидвор бўл!..

Шуни ҳам эсда эсда тутиш лозимки, сўралувчининг “билмайман” дейиши унинг қадрини тушириб қўймайди. Аксинча, қадрини баланд қилади. Чунки, бу унинг қалби поклигидан, риё, ужб, манманлик ва ғурур каби иллатлардан саломат эканлигидан дарак беради. Диёнати кучлилигини, Аллоҳдан қўрқуви борлигини, камоли маърифат соҳиби эканлигини ҳамда масалаларга эътиёткорлик ва синчковлик билан ёндашувчи мудаққиқ ва нуктадон бириси эканлигини англатади.

“Билмайман” дейишдан диёнати заиф, маърифати оз кишиларгина ор қиладилар. Чунки, улар атрофларида ҳозир бўлган одамлар кўзида арзимас ҳолга тушиб қолишдан қўрқадилар. Бу эса айни жаҳолатдир. Боз устига, киши ҳар масалада фатво беришга ошиқаверса, ўзини тўхтата олмаса, бу ҳолат унинг сўзлари борасида шубҳага тушишга ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам олим киши ўз шогирдларига “билмайман” дейишни амалий тарзда ўргатиб туриши керак. Талаба ўз устозидан бирор масалада жавоб беришга шошилмаслик ҳолатини кўрса, “билмайман” сўзини эшитса, бу унга яхши дарс бўлади. Фазилат касб этишига туртки бўлади.

Каҳф сурасида ҳикоя қилинган Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом воқеаси ҳақида тадаббур қилсак, Аллоҳ таоло мазкур қиссани уламоларни тарбиялаш учун келтирганига амин бўламиз. Зеро, Мусо алайҳиссаломнинг Хизр алайҳиссалом билан учрашиши ўзидан-ўзи содир бўлмаган. Унга бир воқеа сабаб бўлган. Ривоятларда келишича, бир куни Мусо алайҳиссалом одамларга ваъз қилиб, уларга панд-насиҳат ўқийдилар. У кишининг эслатмаларидан таъсирланган кишиларнинг қалблари эриб, кўзлари ёшланади. Йиғилганлардан бири Мусо алайҳиссаломга “эй Мусо, Ер юзида сиздан кўра билимлироқ бирор кимса борми?”, дейди. “энг кўп билувчи менман, мендан билувчироғи йўқ”, дейдилар Мусо алайҳиссалом. Шунда Аллоҳ таоло ваҳий юборади: “икки денгиз туташган ерда қулларимдан бири сендан билувчироқдир”.

Ушбу ваҳийни Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга итоб ўлароқ юборган эди. Мусо алайҳиссалом хатоларини англадилар ва дарҳол ўзларидан билимдонроқ бўлган ўша зот билан учрашишга азм қиладилар. Унинг исми Хизр эди. Мусо алайҳиссалом билан Хизр воқеаси шу тариқа бошланиб кетади.

Хулоса шуки, инсон ўзини биламан деб ҳисобламаслиги керак. Гоҳида, мукаммал билмаган масаласида шошилиб жавоб бериб юборишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Киши ҳар майдонда чавандоз бўлиши қийин масала. Ҳар соҳада ўз фикрига эга бўлиш ҳам шарт эмас. Мабодо шундай бўлса ҳам ўша фикрни билдиришга мажбур эмас.

“Билмайман” ҳақида юқорида келтирилган шунча гап фиқҳ фани билан шуғулланувчи кишилар ва шаръий билим толибларига тааллуқлидир. Умуман илмдан узоқ бўлган, шаръий билимларни ҳосил қилмаган балки, ўзбек, рус ёки инглиз тиллари каби воситачи тиллардан маълумот олувчи кишилар диний соҳада фатво беришга ишқибоз бўлишлари, ўзларини оммага дин олими сифатида тақдим этишга уринишлари эса асло тўғри келмайдиган ишдир.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *