ҲИЗБ АМИРИНИНГ МУРОЖААТИ

69169774_2381752555249016_3517605428336787456_n(4-ҚИСМ)

— Мен юқорида «Ҳизбут-таҳрир»нинг ҳам ғояда, ҳам ақида ва тариқатида йўл қўйган хатоларини қисқача зикр қилдим.
• Аслида бу ҳақда батафсил гапирилишга эҳтиёж бор ва мен бу мавзуда алоҳида рисола ёки китоб ёзишга мақсад қилганман.
• Аммо шунинг ўзи ҳам барча ҳизбийларни хайратга солиши аниқ. Чунки «Ҳизбут-таҳрир»нинг ҳеч бир соғлом жойи қолмади, турган битгани хато экани, ҳизбни танқид қилганларнинг барча эътирозлари тўғри ва ўринли бўлиб чиқди.
• Шунчалик экан у ҳолда Ҳафизуллоҳ қандай қилиб ҳизбга кирди?!
• Амирлик лавозимига нима учун ўтирди?!
• Нима сабабдан шунча йил жим бўлди?!
• Яна нима учун бир юмалаб бу хатоларни кашф эта бошлади?!
• Ҳар бир ҳизбийда шу саволлар туғилиши табиий…
• Очиғини айтганда менинг ўзим ҳам қандай қилиб шунча нарсани, ҳатто элементар хатоларни кўрмаганимни тасуввур қилиб ёқа ушлайман, шу хато фикрларни маҳкам ушлаб олиб қанча азоб-машаққатлар ичида ҳам воз кечмаганимга тушунолмай қоламан.
• Ўзим ҳақимда буни қуйидагича изоҳлай оламан:
— Мен «Ҳизбут-таҳрир» фикрлари билан таъсирланиб, унга қасамёд қилганимда ҳали тафсир, ҳадис, ақида, усул, фиқҳ ва бошқа соҳалардаги мўътабар-она китобларни кўриб чиқмаган, эндигина 21 ёшга тўлган йигитча эдим.
• Чунки ўша пайтда бизда ундай китобларнинг ўзи йўқ эди…
• Ҳар бирингиз ўзини 21 ёшини кўз олдига келтириб кўрсин, илми, тушунчалари, фикрлари қай даражада бўлганини тасаввур қилсин!
• Ўша ҳолатимда ҳизбга даъват қилганлардан эшитганларим, ҳизб китобларидан ўқиган фикрларим мени ўзига ром қилганди.
• Бу қадар баланпарвоз шиорлар, оташин нутқлар, дадил фикрлар, аёвсиз танқид ва шижоатли холис намоёндалар олдида менинг ғўр фикрларим буткул ожиз қолиб, «Ҳизбут-таҳрир» фикрлари ва ғояларини эҳтирос билан севдим.
• Туйғуларим шу қадар жўшқин эдики, улар ақлимни ҳам ўзига бўйсиндирди.
• Ақлим туйғуларимни эмас, туйғуларим ақлимни бошқарди.
• Албатта буни ҳозир шундай тушунаяпман…
• Ўшанда эса ҳамма нарсага гўё зийрак ақл билан назар қилаётган эдим, шунинг учун мени қайтаришга урунган олимлар гапига ҳам, кейинчалик ўқиган мўътабар илмий китоблардаги далил ҳужжатларга ҳам фақат ҳизбни жон — дили билан севиб қолган одам сифатида эътиборсиз муносабатда бўлардим.
• Ҳар бирига ҳизбнинг хато таъвиллари билан жавоб берардим…
• Буни ҳам бугун тушунаяпман, ўшанда эса тўғри қилаяпман деб ишончим комил эди.
• Масъул амир этиб тайинланганимда ҳам шу ҳолатда эдим, илми жуда кучли бўлмаган 26 ёшли бир ғўр талаба!
• Орадан икки йил ўтиб қамалдим, ўша туйғуларим, ўша эҳтиросларим қуввати билан узоқ йиллар «Ҳизбут-таҳрир» фикрларини маҳкам ушлаб, ҳамма мусибатларга чидаб келдим.
• Аммо вақт ўтиши сайин табиий равишда туйғулар ҳам аста-секин сўниб борди.
• Туйғулар сўнгани сайин ақлим унинг асоратидан озод бўларди, ёшим қирқдан ўтганидан кейин эса туйғуларимни анча жиловлаб, ҳаётга ҳам, динга ҳам, воқеликка ҳам, «Ҳизбут-таҳрир» фикрларига ҳам энди ўзгача назар билан қарай бошладим.
• Туйғулар ўрнини ақлим, эҳтирослар ўрнини уммат олдидаги маъсулият ҳисси эгаллади. Бир нарса аниқки, агар «Ҳизбут-таҳрир» ғояларидан воз кечиш фаолиятини тўхтатиш қарорим бўлмай туйғуларимга эргашиб юраверганимда кўзим очилмас, ҳеч нарса ўзгармас эди.
• Бундай қарорга келиш табиийки, мен учун осон кечмади.
• Негаки ҳозир аёвсиз фош қилаётганим ҳизбнинг барча хатоларига, айниқса тариқатини тадбиқ этишдаги уринишларга ўзим ҳаммуаллифлик қилганимни теран англайман.
• Ҳизбни танқид қилар эканман аслида ўзимни ўзим танқид қилаяпман деб биламан. Аммо айбини тан олишдан чўчиб, бошни тупроққа тиқиб олгандан кўра, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам тавба қилиш, ҳамда зарарли оқибатларни бартараф этишга киришини афзал билдим…
• Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
• Чунки хатодан ҳеч ким маъсум эмас…
• Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:
«Барча одам болалари хатокордир. Хатокорларнинг афзали эса тавба қилувчилардир!».
• Бинобарин, айбини тан олиш, залолатдан воз кечиш уятли иш эмас. Аксинча Аллоҳ таолога энг маҳбуб ҳодисалардандур.
• Ҳадиси шарифда келишича, Аллоҳ таоло банданинг тавбасидан худди туясини, зоди-роҳиласи билан бирга чўлнинг ўртасида йўқотиб қўйиб, кейин ҳаётидан умидни узиб, зора ўлиб қолсам деган ҳаёлда уйқуга кетган, бир вақт кўзини очса туясини барча нарсалари билан теппасида турганини кўрган ва шодликда эсанкираб: «Аллоҳим! Сен қулимсан мен эса Роббингман!», дея тиллари ҳам чалкашиб кетган банданинг қувончидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади, дейилган.
• Шундай экан мен ҳизбдан қайтганимдан ҳурсандман, қароримга заррача ачинмайман. Чунки мен диндан қайтганим йуқ, аксинча динга қайтдим, соф Исломга, Аҳли Сунна вал Жамоага қайтдим!
• Бу эса бебаҳо саодат ва юксак шарафдир.
• Мени ва ўйлайманки, ҳизбдан қайтмоқчи бўлган, аммо бунга журъати етмаётган ҳар бир биродарни фақат бир саволнинг жавоби жиддий ўйлантиради, изтробга солади.
— У ҳолда йиллар давомида берилган қурбонлар аҳволи нима бўлади?!
— Ахир савоб умидида қилинган шунча ишлар, кўрсатилган сабр-бардошлар барчаси бесамар-абас кетадими?!
— Ахир биз нима қилган бўлсак Аллоҳ таоло розилиги учун қилган эдикку?!
— Аммо хато йўлдан кетган бўлсак энди уларга ажр оламизми, йўқми?!…
• Билмадим!
• Аммо менга айрим ҳодисалар умид бағишлайди.
• Масалан: Ҳадиси шарифда: «Кимга илмсизлик билан фатво берилган бўлса-унинг гуноҳи фатво берувчидадур», дейилган. Яна бир ҳадисда: «Агар имом пешволарингиз тўғри иш қилишса, сизни ҳам, ўзларини ҳам фойдасигадир. Агар хато қилсалар сизларни фойдангизга, ўзларининг зиёнигадир», дейилган.
• Шуларга кўра, «Ҳизбут-таҳрир»нинг йўли энг тўғри йўл деб фатво берилганида, ҳақиқатни текширишга имкони бўлмагани учун, тўғри йўл шу бўлса Аллоҳ ва Унинг Расули биз мўминлардан шуни талаб қилган бўлса, қабул қилдим, деб ҳизб йўлини танлаган биродарларга амалларининг ажр савоби зоя қилинмайди деб, умид қиламан.
• Аммо бу — ўша танлови хато бўлганлиги баён қилинганидан кейин, дарҳол ундан тийилган тўғри йўлга қайтган мўъминлар тўғрисидаги гумоним бўлиб, ҳидоят равшан бўлганидан кейин ҳам саркашлик қилиб, ўз фикрларида туриб олган биродарларга бунинг кафолатини бера олмайман.
• Аксинча бундайлар «Нисо» сурасидаги қуйидаги оят ҳукми остига тушиб қолишларидан чўчийман!
• Аллоҳ айтади: «Кимда ким ҳидоят равшан бўлганидан кейин ҳам Расулга тескари туриб олса, ҳамда мўъминлар йўлидан бошқасига эргашиб кетса, уни ўзи яхши кўрган йўналишида тек қўямиз ва жаҳаннамга олиб бориб тиқамиз. У қандоқ ёмон жой!»
• Демак ким ҳидоят-ҳақ йўл аниқ кўринганидан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яъни у зотнинг суннатларига, ҳадисларига хилоф туриб олган, ҳамда саҳобаларнинг ва уларга яхшиликда эргашган мўъминларнинг йўлидан бошқа йўлни танлаган бўлса, унинг оқибати жуда аянчлидир, Аллоҳ сақласин!
• Юқорида айтиб ўтилган барча сўзлардан келиб чиқиб, ҳозирга қадар ҳизб ғояларини ушлаб турган биродарларимга мурожаат қиламан:
— Ҳурматли биродарлар! Сизларни ғайбдан Аллоҳ учун яхши кўраман ва доим яхшиликни соғинаман.
Айни сабабдан келиб чиқиб мени ўзига амир деб билганлардан талаб қиламан, олим деб билганларга тавсия бераман, шунчаки Аллоҳ йўлида севган ва ҳурмат қилганларга насиҳат қиламанки, ишонч-ваколатигизни менга топшириб, «Ҳизбут-таҳрир» ғоялари нотуғри эканлигини тан олиб, ҳизбдан чиқинг!
• Бунинг масъулиятини тўлалигича ўз зиммамга оламан.
• Бундан буён динига ғаюр, жиддий мусулмонлар ўлароқ ақида масалаларида ҳам, амал, аҳлоқ, илм ва тариқат борасида ҳам фақат Қуръон ва Суннатни пухта билиши, илмига ҳиёнат этмай амал қилиши, умматга доим яхшиликни соғиниб, уни соф Исломга даъват этиши билан танилган юртимиздаги Аҳли Сунна вал Жамоа уламоларига эргашинг!
• Шу вазиятимизда ушбу олимлар этагидан тутсангиз, мўъминларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган ва буюрган ҳамда шуни бажарган мухлислардан бўласизлар.
• Умрингизни, меҳнатингизни, берган қурбонларингизни зое бўлишини истамасангиз «Ҳизбут-таҳрир» ғояларидан воз кечишни пайсалга солмай, ҳизбдан чиққанингизни дарҳол эълон қилинг!
• Унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу дин осон – енгилдир. Кимда ким уни қийинлаштирмоқчи бўлса, дин уни ўзини енгиб қўяди.
• Бас, содда ақидаси, тўғри ва енгил амаллари, гўзал аҳлоқи, бехато тариқати билан яққол зоҳир бўлиб турган соф Исломга қайтинг! Исломни ўзинггизга машаққат ва мусибатлар манбаи қилиб олманг!
• Ушбу мурожаатни уммат олдидаги маъсулиятимни, илм омонатини чуқур англаган, чин кўнглимдан, шахсий қаноатимдан келиб чиққан ҳолда қилябман.
Сўзларим ростлигига Аллоҳ гувоҳ, гувоҳлик учун Унинг Ўзи кифоя!
• Охирги дуойим – Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин!
• Бизга ҳидоят йўлини кўрсатган уламоларни Аллоҳ раҳматига олсин, тирикларини Ўз паноҳида асрасин ва илмларидан бизни неъматлантирсин!
• Омин!
• Омин!
• Омин!

(Тамом)

Ҳафизуллоҳ НОСИР

Ҳафизуллоҳ Мужоҳидович Носиров «Ҳизбут таҳрир» жамоасининг Ўрта Осиё бўйича амири бўлган, шу айблов билан йигирма йил атрофида маҳбус ётган ва бу жамоанинг ботил эканини илмий асосда исботини кўрган ҳамда онгли равишда тушуниб етиб, жамоани тарк қилган, кейинги ҳаётида жуда кўп адашган ёшларни бу ботил жамоадан қайтишларига сабабчи бўлган инсон.

• Сиз ҳам бу даъват карвонига қўшилинг, адашиб юрган биродарларимизга етиб бориши учун ушбу #ЭЪТИРОФ ни тарқатинг! Зора кимнидир бу ботил йўлдан қайтишига сабабчи бўлсак!

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *