Ҳизбут-таҳрир оқими

Lotin alifbosida

Ҳизбут-таҳрир оқими охирги асрда Ислом душманлари томондан мусулмон жамиятларини парчалаб ташлаш учун қурилган диний-сиёсий оқимдир. Раҳнамолари асосан ғарб мамлакатларидан паноҳ топувчи бу тоифанинг муассиси Тақиюддин Набҳоний (1909-1977) бўлиб, у 1948-йили гуруҳга асос солган.

Оқим аъзоларининг эътиқодлари бир-биридан ажабтовур даражада  фарқ қилади. Мазҳабсизликка қаттиқ берилишган. Асосий мақсадлари—Ислом халифалигини қайта тиклашга уриниш ва шу ҳаракатда бирлашишга тарғиб қилишдир. Бу уларнинг энг зарур ақидавий ва амалий машғулотлари бўлиб, гўё улар учун халифалик тузиш намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом арконларидан ҳам муҳимроқдек тус олган.

Халифаликни зое қилган сабабларни ўрганиб унинг муолажаси ва ўз нафсларининг ислоҳоти билан шуғулланиш ўрнига, давлат тўнтариши, султонга қарши чиқиш, мавжуд тузум раҳбариятига бўйсунмаслик, халқни давлатга қарши гиж-гижлаш каби ишларга зўр беришади.

Ҳизб учун сиёсатдан бошқа соҳалар ҳатто диний бўлса ҳам, доим иккинчи даражали бўлиб келган. Хатиб ва даъватчилари ҳам халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилишади. Халқда норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга кўпроқ урғу беришади. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби Исломда асосий ўрин тутган фанларда нўноқ эканликларини яшириб келишади.

Ҳизбчиларнинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар  қизиққон ёшларни сафларига жалб қилишга муваффақ бўлишган. Уларнинг  сиёсат  илмида ҳам нўноқ бўлишлари кўпдан кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди. Шундоқ ҳам қўл остидаги мусулмонларни йўқотиш ҳақида бош қотириб, қулай фурсат кутиб турган ғараз ниятли кучларга ҳизбут-таҳрирчилар ўша фурсатни икки қўллаб тақдим қилишди. Натижада Ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар холос.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *