РЎЗИ ҚОРИ ДОМЛА

IMG_686960297941083 - копияРЎЗИ ҚОРИ ДОМЛА

(1858-1933)

Водийнинг Андижонида дунёга келган аҳли илмлардан яна бири улуғ устоз Рўзи қори домла ибн Муҳаммад Толеъ роҳимаҳуллоҳдир. Бул зот 1858 йили Андижоннинг Асака шаҳрига қарашли Қизилоёқ қишлоғида таваллуд топганлар.

Рўзи қори илм излаб Тошкентга борадилар ва Шайҳ Хованди Тоҳур авлодидан бўлмиш, машҳур Ашрафхон ва Машрабхон қозилар хонадонида Қуръони каримни тўлиқ  ҳифз қилган. Сўнгра Қўқонга келади ва шу ердаги мадрасада мударрислик қила бошлайди.

Рўзи қори домла оила қуриб бир фарзанд кўргач аҳлияси вафот қилади. Шундан кейин 1888 йили 31 ёшида дўсти Пирмуҳаммад қори билан ҳаж сафарига отланишади. Шу сафари билан Рўзи қори домла ҳарами шарифда 4 йилча қолиб кетадилар. Илмга чанқоқ Рўзи қори шунча муддат давомида Маккалик уламолардан таҳсил олади ва ўз даврининг етук алломалари қаторига қўшилади. Маккада асосий устозлари Шайҳ Ҳасан бўлган. Шайҳ Ҳасан Макка шаҳрида 70 йил мударрислик қилган ва 136 ёшида вафот қилган эканлар.

Шунингдек, Рўзи қори домла ҳижрий 1325 санада Маккалик шайх Абдуллоҳ Қорий ал-Ҳанафий ал-Чиштий роҳмаҳуллоҳдан Қуръони каримнинг етти хил қироъатида  тиловат қилиш ва таълим беришга ижоза оладилар. Хозирда ушбу ижозатноманинг асл нусхаси Рўзи қори домланинг набиралари бўлмиш устоз Неъматуллоҳ қори акада сақланиб келмоқда.

Рўзи қори домла Маккада юрган чоғларида бир кун тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрадилар. Ул зот Рўзи қори домлага ватанга қайтиб таълим-тадрис ишларига бел боғлашни амр қилардилар. Шу башорат ила устоз Маккадан Бухорога қайтиб, Масжиди Калон ва Мадрасаи дастурхонда толиби илмларга сабоқ бера бошлайдилар.

Рўзи қори домла ўз даврида беқиёс тақво ва зўҳд соҳиби, дунё матоҳларидан этак силтган, қўлда борига қаноатли, камтаом, риёзатли инсон эди. Қуръони карим ҳурматидан оёқларини узатмас, ҳамиша чўккалаб ўтирардилар. Дастурхонларида оғизни намлаб олиш учун чой ва нафсни алдаб қўйиш учун андаккина майиз бўларди холос. Тўй-маъракаларга таклифномалар тахланиб кетарди, аммо устоз бормай: “мени ўрнимга бирор фақир-муҳтожни тўйдиринг”—деб узр айтардилар. Ҳар йили барот кечасида юз ракат намоз ўқирдилар. Устоз жуда озғин бўлсаларда тишлари то умрларининг охиригача бус-бутун эди.

1920 йили рус босқинчиларининг Бухорои шарифга бостириб келишлари Ислом ва мусулмон халқи учун катта офат бўлиш баробарида Рўзи қори домланинг ҳам ҳаётини остин-устин қилиб юборди. Дин душманлари ўша даврда Бухородаги барча олиму-фузалоларни қатли ом қилишга қарор беришади ва Когон ташқарисида 500 нафар олим, ҳофиз ва аҳли илмларнинг бошларини узиб катта чоҳга бекафан, бежаноза кўмиб юборишади. Мана шундай алғов-далғов кунларда Аллоҳнинг ҳифзи ила, қолаверса Рўзи қори домлага бир вақтлар талаба бўлган ва айни дамда рус босқинчиларига хизмат қилиб турган домланинг собиқ шогирди сабаб бўлиб Рўзи қори домла қатлиомдан омон қолади.

Рўзи қори домла босқинчилар тақибидан қутулгач, 1922 йил она ватани Андижонга қайтади. Ва шаҳар марказида жойлашган “Жоме” масжид-мадрасасида бироз, ундан кейин эса Миркомилбой мадрасасида мударрислик қила бошлайди. Рўзи қори домланинг Андижондаги илмий фаолияти баракали бўлиб, бир қанча йил толибларга Қуръон ўргатди ва юзлаб қориларни етиштириб чиқардилар. (Асли Андижонда туғилиб кейинчалик Тошкентда яшаган Абдулазиз қори дада ҳам худди шу даврда Рўзи қори домланинг қўлида қори бўлган).

Советлар зулми Андижонга ҳам етиб келди. Динсизлар бу ерда ҳам аввало дин пешволарини таъқиб остига олишди. Иложсиз қолган Рўзи қори домла 1929 йили она Ватани Андижондан Қашқарга ҳижрат қилишга мажбур бўлади. Анйи ўша даврда шарқий Туркистон кофирларнинг қонли қўлларидан омонда, минглаб мусулмонлар у ердан паноҳ топишаётган эди. Аллоҳнинг фазли ила ўша даврларда Қашқар аллома ва машҳур қориларнинг маконига айланди. “Ширин калом” китобининг муаллифи Собитхон домла Рўзи қори домлага нисбатан мислсиз эҳтироми туфайли ўзлари Маккада бўлгани ҳолда Қашқардаги ҳовлиларини Рўзи қори домлага туҳфа қиладилар. Рўзи қори домла Қашқарда тасаввуф тариқатида машҳур, пири комил зот Қосим ҳожига мурид бўлади ва ул зотдан тасаввуф сирларини ўзлаштира бошлайди.

Ўз даврида Туркистон қориларининг устози саналмиш Рўзи қори Муҳаммад Толеъ ўғли 1933 йил 75 ёшида Қашқарда боқий дунё сари риҳлат қилдилар. Аллоҳ охиратларини обод қилсин!

Ботиржон қори ТИИ сиртқи бўлим, 1-босқич талабаси.

Элмурод ҚЎЗИЕВ Андижон тумани, «Холдорбой Ҳожи» жоме масжид имом-хатиби.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *