Сирожиддин ал-Билқиний

Lotin alifbosida

(724-805/1324-1403)

Сирожиддин Абу Ҳафс Умар ибн Руслон ибн Носир ибн Солиҳ ибн Шиҳоб ибн Абдулхолиқ ибн Абдулҳаққ ал-Канноний ал-Асқалоний ал-Билқиний ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ Мисрнинг Асқалон шаҳарчасига қарашли Билқина қишлоғида Каннона қабиласига мансуб зиёлилар оиласида 724 йил шаъбон ойи (1324 йил июль)да таваллуд топганлар. Унинг зеҳни ниҳоятда ўткир бўлгани учун етти ёшида Қуръонни тўла ёд олади, ўша пайтдаги барча дарслик китобларни, жумладан, “Шотибиййа”, “ал-Муҳаррар”, “ал-Кофия аш-Шофия”, “Мухтасар” каби тажвид, фиқҳ, наҳвга оид китобларни ёдлайди.

Оталари уни ўн икки яшарлигида 736/1336 йилда Қоҳирага – Жалолиддин ал-Қазвиний (вафоти 739/1338) раҳимаҳуллоҳ, Тақийуддин ас-Субкий (1284-1355) раҳимаҳуллоҳ каби таниқли олимлар олдига олиб келади ва дуоларини олиб беради.

738/1338 йилда балоғат ёшига энди қадам қўяётган Сирожиддин ал- Билқиний раҳимаҳуллоҳ Қоҳирага илмини ошириш мақсадида келадилар ва унда бутун умр яшаб қоладилар. У аҳли суннат ва жамоатнинг етук вакили, таниқли шофеъий олими Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳдан сабоқлар олади, у билан фиқҳ борасида баҳслар олиб боради. Жамолиддин ал-Аснавий (вафоти 772/1370) раҳимаҳуллоҳ, Ибн Адлон (1266-1342) раҳимаҳуллоҳ, Зайниддин ибн ал-Каттоний (1255-1337) раҳимаҳуллоҳ каби ўндан ортиқ устозлар қўлида таҳсил оладилар. Ўша давр ҳадис олимларидан олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламини тўла ўқиб чиқадилар ва булардан дарс беришга ижозатлар оладилар.

У зот икки марта ҳажга борганлар. 793/1390 йилда Ҳалабга келадилар ва Султон Зоҳир Барқуқнинг (1390-1399) ҳурматига сазовор бўлади. Баҳоуддин ибн Ақил (1298-1367) раҳимаҳуллоҳдан сўнг “аз-Зовия” мадрасасида бош мударрис бўладилар. Ундан олдин Макка мадрасасида бир оз муддат дарс берганлар. “Ибн Тулун жомеъси”да ҳам дарс берганлар. Бир оз муддат қози аскар бўлганлар.

Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳ ҳар куни асрдан шомгача одамларнинг саволларига жавоб бериш билан машғул бўлганлар. Ибн Ақил раҳимаҳуллоҳ: “Фатво беришга энг лаёқатли одам удир!” деган эдилар.

Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳ бир неча марта Миср қози ал-қузотлигига таклиф қилинадилар, лекин қабул этмайдилар. Бироқ, илмининг, тақвосининг буюклиги сабабли мажлисларда энг катта, энг обрўли қозилардан ҳам юқори ўтирар эдилар. Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Бадриддин Муҳаммад ал-Билқиний (1356-1389) раҳимаҳуллоҳ қозиликка сайланган. У ўз бойлигига мадраса қурдирган.

Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳ битта ҳадисни бомдоддан пешингача шарҳлаб битказа олмаганлигига олимлар бир неча марта гувоҳ бўлганлар. Бундай олим юзлаб китоблар ёзиши мумкин эди. Бироқ, талабалар ва фатво сўраб келувчиларнинг кўплиги, улар билан жуда кўп вақтининг сарф этилганлиги сабабли кўп асар ёза олмаганлар, ёзганларининг ҳам аксариятини тугата олмаганлар. Унинг баъзи асарлари қуйидагилардир:

1. “Маҳосин ал-истилоҳ” (“Гўзал истилоҳлар”). Фиқҳ, калом, ҳадисшуносликка оид истилоҳларга изоҳлар берилган асари.

2.“Тазмину китоби Ибн ас-Салоҳ” (“Ибн ас-Салоҳ китобига тазмин”). Усул ал-ҳадисга бағишланган Ибн ас-Салоҳ (1181-1246) раҳимаҳуллоҳнинг асари асосида янги маъно-мазмун билан бойитилган асари.

3.“Тасҳиҳ ал-Минҳож” (“ал-Минҳож”ни тўғрилаш”). Имом ан-Нававий (1233-1277) раҳимаҳуллоҳнинг “Минҳож ат-толибин” номли фиқҳга оид асарига изоҳлардан иборат.

4.“ал-Кашшоф ъала ал-Кашшоф” (“ал-Кашшоф”га очувчи”). Маҳмуд аз-Замахшарий (1075-1144) раҳимаҳуллоҳнинг тафсирга оид “ал-Кашшоф” номли китобига ёзилган шарҳ. Шарҳини тугата олмаганлар, фақат “Бақара сураси”нинг ўрталаригача шарҳ қилинган бўлиб, шунинг ўзи 3 жилд бўлган.

5.“ал-Файз ал-Борий ъала Саҳиҳ ал-Бухорий” (“Саҳиҳ ал-Бухорий”га Борий таолонинг файзи”). Имом ал-Бухорий (810-870) раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, фақат бошланишида 20 дан ортиқ ҳадислар изоҳ қилинган, шунинг ўзи бир китоб бўлган.

6.“ат-Тадриб фи-л-фиқҳ” (“Фиқҳ ҳақида ўргатмоқ”). Жуда катта ҳажм бўлиши кутилган, лекин охирига етмаган асари. Фиқҳнинг фуруъот қисмига оид.

7.“ат-Таъдиб мухтасар ат-Тадриб” (“ат-Тадриб”нинг қисқартмаси “Одоб ўргатиш”). Муаллифнинг “ат-Таъдиб” асари катта ҳажмли “ат-Тадриб” асосида яратилажак мухтасар фиқҳий матн бўлиши мўлжалланган. Бироқ, бу ҳам охирига етмаган.

8.“Манҳаж ал-усулиййин” (“Усулчилар услуби”). Усул ал-фиқҳ соҳасига оид асари бўлиб, тўрт мазҳабнинг усул ал-фиқҳга оид қарашлари қиёсий таҳлил этилган.

9.“ал-Мансус ва-л-манқул ъан аш-Шофиъий фи-л-усул” (“Усул борасида Имом аш-Шофеъийдан нақл қилинган ва далил топилганлар”). Имом аш-Шофиъий (767-819) раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Умм” (“Она”) асари асосида унинг усул ал-фиқҳга оид қарашлари тўпланган.

10.“ал-Арф аш-шазий ъала Жомиъ ат-Термизий” (“ат-Термизий тўпламига кучли ҳушбўйлик”). Машҳур муҳаддис ат-Термизий (824-892) раҳимаҳуллоҳнинг “Жомиъ ас-Сунан” (“Суннатлар тўплами”) асарига ёзилган шарҳ, лекин тугата олмаган.

Ибн Қози Шеҳба (вафоти 851/1448) раҳимаҳуллоҳ “Табақот аш-шофиъийа” асарида Сирожиддин ал-Билқиний раҳимаҳуллоҳни аср мужаддиди деб мақтаганлар. У зот 805 йил 21 зулқаъда (1403 йил 12 май)да вафот этганлар ва ўзи қурдирган мадрасага дафн этилган.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...