Абу Бакр ал-Боқилоний

Lotin alifbosida

(338-403/950-1013)

Абу Бакр Муҳаммад ибн ат-Таййиб ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн ал-Қасам ал-Боқилоний ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ 338/950 йилда Басрада туғилган машҳур мутакаллимдир. У Ашъария калом мактаби намояндаларидан бири, унинг ривожланишига улуғ ҳисса қўшган олим ҳисобланади.

Абу Бакр ал-Боқилоний кўкатлар етиштириб, унинг савдоси билан шуғуллангани боис ал-Боқилоний нисбасини олганлар.

Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ асосан Боғдодда яшаганлар, бир муддат қози ал-қузот ҳам бўлиб турганлар.

Замонасининг энг таниқли алломаларидан бири бўлмиш Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ дунёқарашининг кенглиги, мунозаралардаги ҳозиржавоблиги билан шуҳрат қозонган эди. Унинг Абу Саид ал-Ҳоруний (вафоти 413/1022) раҳимаҳуллоҳ билан узоқ давом этган мунозаралари манбаларда зикр этилган. Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ одамларга бундай дейди: “Эй, одамлар! Сизлар гувоҳ бўлиб туринглар, агар Абу Саид бошқанинг эмас, айнан менинг айтганларимни такрорлаб қўйса, мен унга жавоб бериб ўтирмайман!”. Шунда Абу Саид ал-Ҳоруний раҳимаҳуллоҳ: “Эй, одамлар! Сизлар гувоҳ бўлинглар, агар Абу Бакр ўзининг айтганини ўзи такрорласа ҳам менга таслим ва мағлуб бўлган бўлади”, деган экан. Бу ҳикоятдан Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳнинг илм-маърифати жуда юксаклиги, ақл ва сўзга бойлигини билса бўлади.

Хатиб Бағдодий (1001-1071) раҳимаҳуллоҳ ёзишича, Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳни халифа Бувайҳийлардан Азуд ад-давла (978-983) Румга элчи қилиб юборади. Рум подшоси олдига аъёнлар ва одамлар эгилиб киришар, унинг олдида ер ўпишар экан. Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳнинг мусулмонларнинг улуғ олими эканини, унга эгилмаслигини билган подшоҳ ҳийла ишлатмоқчи бўлибди. Эшикдан киришдан то подшоҳ тахти олдигача юқорига тахта осибдилар. Токи мажбуран эгилиб кирилиши учун. Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ орқасини қилиб, эгилиб юриб кирибдилар ва тахт олдига келганда бошини кўтариб, подшоҳга айланиб қарабдилар. Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳнинг Рум саройидаги насронийлар билан қилган мунозаралари жуда машҳур.

Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳни “Тазкират ал-ҳуффоз”да Ироқ олими, илм сандиқларидан бири, дейилган. “Табақот аш-шофиъийа ал-кубро”да уни “сайф ас-сунна, лисон ал-умма” (Суннатнинг қиличи, умматнинг тили) деб улуғланган.

Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ рамазон ойида 30 кун 20 ракъат таровеҳни уйида ҳам, сафарга чиққанида ҳам тарк қилмаган. Ҳар куни хуфтандан сўнг 35 варақ нарса ёзишни одат қилган эканлар. Эрталаб шогирдлари тўпланганда, бирларига ёзганларини ўқиттирар, қолганларига қўшимчалари билан имло қилдириб ёздирар эканлар. Шундай қилиб, вафотигача 70 минг варақ ёзганлар ва ёздирганлиги нақл қилинган.

Абу Бакр ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳнинг асарлари жуда кўп. Унинг рофизий, мўътазилий, жаҳмий, хавориж сингари оқим вакилларига қарши ёзган асарлари бор. Унинг асарларидан баъзиси қуйидагилар:

1.“Иъжоз ал-Қуръон” (“Қуръоннинг мўъжизалиги”). Ушбу асарда Қуръоннинг мўъжизакорлиги, унинг балоғати, ундаги гўзал бадиий санъатлар ҳақида сўз юритилади.

2.“ал-Инсоф”. Ушбу асарда калом фанининг нозик масалалари ҳақида сўз юритилган бўлиб, инсоф юзасидан қаралганда қайси ақида тўғрироқ эканлиги борасида тўхталинади.

3.“Тамҳид ад-далойил” (“Далилларга тайёргарлик”). Мазкур асар яна “ат-Тамҳид фи-р-радди ъала ал-мулҳида ва-л-муътилла ва-л-хавориж ва-л-мўътазила” деб ҳам аталади. Мазкур асарида муаллиф мўътазила, хавориж, мулҳид каби оқимларнинг фикрларига қарши далиллар келтиради.

4.“Маноқиб ал-аимма” (“Имомларнинг маноқиблари”). Ушбу асарида муаллиф тўрт мазҳаб имомларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритади.

5.“ал-Милал ва ан-ниҳал” (“Миллат ва эътиқодлар”). Мазкур асарда ислом динидаги мазҳаб, оқим ва таълимотлар ҳақида сўз юритилади.

6.“Дақойиқ ал-калом” (“Калом илми нозикликлари”). Калом илмидаги нозик масалалар, дақиқ ўринлар ҳақида гап боради.

7.“ал-Баён ъан ал-фарқ байн ал-мўъжизот ва-л-каромот” (“Каромат ва мўъжиза орасидаги фарқлар баёни”). Мазкур асарда муаллиф мўъжиза, каромат, одатдан ташқари ишлар ҳақида, уларнинг орасидаги фарқлар, кимлар бундай нарсаларни кўрсата олиши ҳақида сўз юритган.

8.“ат-Тақриб ва ал-иршод” (“Тўғри йўлланма ва яқинлаштириш”). Усули фиқҳ соҳасига оид ушбу асарни аз-Заркаший (вафоти 794/1392) раҳимаҳуллоҳ “Бу фандаги энг улуғ китоб” деганлар.

9.“Ҳидоят ал-муршидийн” “(Муршидлар ҳидояти”). Мазкур асарда тўғри йўлга кирмоқчи бўлганларга соф ақидавий таълимотлар кўрсатиб берилган.

10.“Кашфу асрор ал-ботинийа” (“Ботинийларнинг сирларини очиш”). Мазкур асарда ботинийлик оқими вакилларининг қарашлари, нотўғри фикрлари очиб ташланади.

Абу Бакр ал-Боқилоний 403 йил 23 зулқаъда ойи (1013 йил 6 май)да шанба куни кечқурун Боғдодда вафот этганлар. Унга ўғли Ҳасан жаноза ўқиган.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...