Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ Ашъарий олимидир!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Тарихда Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ номи билан танилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муофирий ал-Андалусий ал-Ашбилий (468-543 ҳ./1076-1148 м.) раҳматуллоҳи алайҳи таниқли ҳофиз, ҳадисшунос олим, моликий мазҳаби фақиҳларидан бири, илмда мужтаҳидлик даражасига етишган зотдир. Оталари билан 485/1092 йилдан бошлаб Шарқ мамлакатларини кезиб, илм олганлар. Шу жумладан, Шомда Абу Бакр Муҳаммад ат-Тартуший раҳимаҳуллоҳдан, 489/1095 йилда эса Ҳижозга борганида, азиз ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший раҳимаҳуллоҳ, исломнинг ҳужжати Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ кабилардан илм олиб, ушбу икки зотнинг улуғ шогирдлари қаторига қўшилган. Мисрда бир муддат бўлиб, улуғ шайх уламолардан ҳам сабоқ олган. Сўнгра, 493/1099 йилда юрти Андалусияга қайтиб бориб, қозилик билан машғул бўлган.

Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ даврида Андалусияда унинг баробаридаги олим бўлмаган, ундан олдин ҳеч ким Андалусияга унинг келтирган илмичалик илмни келтирмаган эди. Андалусия халқи унинг адолатли қозилиги ҳамда илми-ирфонидан узоқ йиллар баҳраманд бўлишган.

Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунан ат-Термизий”га битган “Оризат ал-аҳвазий” асари шуҳрат қозонган. Беш жилдлик тафсир китоблари, шунингдек, “Аҳком ал-Қуръон”, “ал-Авосим мин ал-қавосим” номли асарлари ҳам маълум. Унинг Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Муватто” асарига битган шарҳи ҳам нашр қилинган. Унинг 20 жилдли “ал-Инсоф фий масоил ал-хилоф” номли фиқҳий асари ҳам бўлган.

Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ моликий мазҳабига амал қилувчи, эътиқодда ашъарий таълимотига суянувчи олим ҳисобланади. Унинг ашъарий эканлигини “Сунан ат-Термизий”да келтирилган қуйидаги иборалардан аниқлашимиз мумкин:

Ашъарийлик ва мотуридийликда муташобеҳ сифатларни таъвил қилиш жоиз бўлгани боис Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ: “Мен ҳам таъвил қиламан!”, деб айтганлар:

و اختلف الناس فى هذا الحديث و أمثاله على ثلاثة أقوال فمنهم من ردّه لأنه خبر واحد و رد بما لا يجوز ظاهره على الله و هم المبتدعة و منهم من قبله كما جاء و لم يتأوله و لا تكلم فيه مع إعتقاده أن الله ليس كمثله شئ و منهم من تأوله و فسره و به أقول. لأنه معنى قريب عربى فصيح

“Бу ҳадис борасида одамлар турли фикрга келганлар. Унга ўхшаш муташобеҳ маъноли сифатларда уч хил фикрга келинган. Улардан биринчиси сифатларни тамоман рад қилган. Уни аҳод хабар дейишган. Зоҳирий маъносини Аллоҳга айтиш ҳам жоиз бўлмаган гап сабабли сифатларни рад қилганлар. Улар бидъатчилардир. Иккинчиси уни келганидек қабул қилганлар тоифаси. Таъвил ҳам қилмаганлар, у ҳақида гапирмаганлар. Шу билан бирга Аллоҳ таолони ҳеч нарсага ўхшамаслигига эътиқод қилганлар. Учинчи тоифа эса уни таъвил қилиб, тафсир қиладилар. Уни мен ҳам айтаман! Чунки, у арабчага яқин фасоҳатли маънодир”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Оризат ал-аҳвазий би-шарҳ Саҳиҳ ат-Термизий. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 234).

У зот “ямин Аллоҳ” иборасини шарҳлар экан, бундай деганлар:

و قال بعض علمائنا هما صفتان و قال بعضهم يرجع ذلك الى القدرة و ما يترتب عليها من الأفعال و الخلق و التقدير فعبر بها عنها لما كان تصرف ما يكون بها

“Айрим уламоларимиз у икковини сифат, деганлар. Айримлари эса уни қудратга ва феъл, яратиш ва тақдир қилиш каби маъноларига қайтарганлар. Уни унда тасарруф қилиш мумкин бўлган маъно борлиги учун шундай таъбир қилганлар”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Оризат ал-аҳвазий би-шарҳ Саҳиҳ ат-Термизий.11-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 172).

  Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “яд” сифати ҳамда “ядайн” деб келтирилган сифатлари ҳақида унинг “тақдир”, “иродат” деган маъноларда таъбир қилиш мумкинлигини айтадилар:

و ذلك عبارة عن التقدير و التدبير الصادر عن الإرادة فعبر عن القدرة و الإرادة باليدين اللتين تتصرفان بحسب العلم اللواتى لا تقوم الا بالذات الحيّة و هى قواعد عقائد الإلاهية. فأصل الخلقة للقدرة ترتيب الصفات عليها بالإرادة و هذه طريقة من تأوّل و إن شئت أن تقف على طريقة أبى عيسى فى الإيمان و التسليم مع التنزيه عن التكييف و التعظيم فاما أحسنهما جميعا طريقة و اما أسلم الثانية للعامة

“Бу тақдирдан ва иродадан содир бўлувчи тадбирдан иборат. Уни қудрат деб таъбир қилинган. Фақатгина тирик зот билангина барпо бўладиган илм сабабли тасарруф қилинадиган “ядайн” сифатини ирода билан таъбир қилинган. У хилдаги таъбир илоҳий ақоид қоидаларидир. Қудрат учун хилқатнинг асли унга ирода сифатининг ҳам юзага келиши ҳисобланади. Бу таъвил қилувчининг йўли. Агар хоҳласанг, Абу Исо ат-Термизийнинг имон ҳақидаги ва кайфиятдан поклаш билан бирга таслим бўлиш борасидаги йўлида тургайсан. Бу таъзим жиҳатдан энг гўзал йўл. Бироқ, иккинчиси омма учун саломатлироқ”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Оризат ал-аҳвазий би-шарҳ Саҳиҳ ат-Термизий. 11-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 174).

Ҳаддан ошган, мушаббиҳаларнинг (яъни, Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатувчилар) йўлини тутган мубтадеълар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони осмонда дейдилар. Уларнинг зоҳирий далилларидан бири “нузул” ҳадиси ҳисобланади. Уларнинг бу гапларини катта жаҳолатдан бошқа нарса эмаслигини Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ айтиб ўтганлар:

أما إنه قد تعدى اليه قوم ليسوا من اهل العلم بالتفسير فتعدوا عليه بالقول بالتكثير قالوا فى هذا الحديث دليل على أن الله فى السماء على العرش من فوق سبع سموات قلنا هذا جهل عظيم

“Аммо, бир гуруҳ кимсалар бу борада тафсир қилиб ҳаддан ошган бўлиб, улар илм аҳлидан эмаслар. Бу борада гапни кўпайтириб ҳаддан ошганлар. Улар бу ҳадис борасида: “У Аллоҳнинг етти осмон тепасида Арш устида осмонда эканлигига далилдир”, дейдилар. Биз айтамизки, бу жуда катта жаҳолатдир!”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Оризат ал-аҳвазий би-шарҳ Саҳиҳ ат-Термизий. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 234).

Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ бу гапларини Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Муватто” асарига битган шарҳи “ал-Қабас”да ҳам айтиб ўтганлар. У зот Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврининг машҳур мужтаҳидларидан бири Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг сифатларни таъвил қилишда ўрнак бўлганлигини айтиб ўтганлар:

و أما الأوضاعى و هو إمام عظيم فنزع بالتأويل حين قال و قد سئل عن قول النبى صلى الله عليه و سلم ينزل ربّنا فقال يفعل الله ما يشاء فتح بابا من المعرفة عظيما و نهج الى التأويل صراطا مستقيما

“Имом ал-Авзоъий улуғ имомдир. У зот таъвил билан гапириб ўтганлар. У зотдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Раббимиз “нузул” қилади”, деган гаплари борасида сўралганида, “Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини қилади”, деганлар. Бу билан у зот маърифатдан улуғ бир эшикни очганлар ва тўғри йўл бўлмиш таъвилга бир услуб топганлар”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Китоб ал-Қабас фий шарҳ Муватто Молик ибн Анас. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1992. – Б. 288).

Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ шу ернинг ўзида “шариат” деб туриб, шариатнинг асил ҳукмини келтирганлар. У қуйидагичадир:

شريعة: إن الله سبحانه منزّه عن الحركة و الإنتقال لأنه لا يحويه مكان كما لا يشتمل عليه زمان و لا يشغل حيّزا كما لا يدنو الى مسافة بشئ و لا يغيب بعلمه عن شئ متقدس الذات عن الآفات منزه عن التغيير و الإستحالات إله فى الأرض اله فى السموات و هذه عقيدة مستقرة فى القلوب ثابتة بواضح الدليل

“Шариат: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳаракатдан ва кўчишдан покдир. Чунки, у зотни худди замонлар қамраб ололмагани каби маконлар ҳам иҳота қила олмайди. Бирор тарафни ҳам эгалламайди. Бу худди у зот бирор нарсанинг масофасига яқин бўлмайдигани кабидир. Унинг илмидан бирор нарса ғойиб бўлмайди. Зоти офатлардан муқаддасдир.  У маҳолликлар ва ўзгаришлардан покдир. У зот ерда ҳам, самода ҳам илоҳдир. Бу қалбларда қарор топган ва равшан далиллар билан собит бўлган ақидадир!”. (Абу Бакр ибн ал-Арабий. Китоб ал-Қабас фий шарҳ Муватто Молик ибн Анас. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1992. – Б. 289).

ХУЛОСА

Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг буюк ва таниқли имомидирлар. У зот ўз даврида ва ўз юртида ашъарий таълимоти ва моликий мазҳабининг ривожланишига улуғ ҳисса қўшган олим ҳисобланади. Ашъарийлар худди мотуридийларга ўхшаб Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “муташобеҳ” деб аталган сифатларини таъвил қилиш йўлидан борганлар. Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ бу йўлни “тўғри йўл бўлмиш таъвил услуби” деб атаганлар. Шу билан бирга ўзлари ҳам таъвил қилишини бу тариқа алоҳида фахр билан таъкидлаганлар: “Учинчи тоифа эса уни таъвил қилиб, тафсир қиладилар. Уни мен ҳам айтаман! Чунки, у арабчага яқин фасоҳатли маънодир”.

Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг маконсиз эканлигини таъкидлаб, уни осмонда деювчи тоифаларни танқид қилганлар. “Аллоҳни етти осмон тепасида Арш устида осмонда”, дейдиган тоифаларнинг бу хилдаги гапларини “жуда катта жаҳолат”, деб баҳолаганлар! Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди аҳли суннат ва жамоатнинг барча ҳаққоний уламоларининг ақидаси сингаридир. Яъни, Аллоҳни маконлар иҳота қила олмайди, бирор томонни ҳам эгалламайди. Аллоҳ бирор маконда ҳам, бирор томонда ҳам эмас!

Юқоридаги маълумотлардан биз Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳнинг ашъарий-моликий эканлигини далиллар орқали кўрсатиб бердик. Ҳозирги кундаги бемазҳаб сохта “салафий”лар, ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар деб сафсата сотиб келадилар. Ҳолбуки, бутун ислом оламига ўз илми-ирфони ила буюк хизматлар қилиб кетган Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ сингари зотларнинг барчаси ашъарий ва мотуридий бўлганлар. Ҳақиқий аҳли суннат ва жамоат бу ашъарийлик ва мотуридийликдир. Ундан юз ўгириш, ашъарий ёки мотуридийликни ўзича танқид қилиб, хатога чиқариш аҳли суннат ва жамоатдан мосиво бўлиш эканлигида шак-шубҳа йўқ! Биз Қози Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ каби улуғ имомларнинг йўлларида бўлишимиз лозим! Замонамиздаги “билимдон”лар эса бизни ушбу тўғри йўлдан оғиштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Аллоҳ таоло бизни ҳақиқий аҳли суннат ва жамоат йўлида мустаҳкам айласин. Аллоҳ таоло бизни адаштирмасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *