Абу Абдурраҳмон ан-Насоий (215-303/830-915)

1397493182_old-baghdadАбу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Али ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ машҳур муҳаддис олим бўлиб, баъзи манбаларда Аҳмад ибн Шуайб ибн Али деб зикр этилган. У 215/830 йилда Хуросоннинг Насо шаҳрида туғилган. Баъзилар 214 ҳижрий йилда туғилган дейдилар. Ёшлиги Насо шаҳрида ўтган, сўнг 240/855 йилдан бошлаб Хуросон, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз, Жазира ўлкаларига сафар қилиб, Қутайба ибн Саид (765-854), Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (778-853), Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий (817-906) каби ўнлаб муҳаддислардан сабоқ олган. Кейинчалик Мисрда қандилфурушлар маҳалласида яшаб қолган. Икки кунда бир рўза тутар, доим яшил чопон кийиб юрар эди. Тўртта хотини билан аҳил яшаганлиги манбаларда алоҳида қайд этилган.

Баъзилар унинг ҳадиснинг шартларига қўйган талаби Бухорий (810-870) ва Муслим (821-875) шартларидан қаттиқроқ, деб билишган. Муҳаддис ад-Дорақутний (вафоти 385/995): “У ўз даврида Миср машойихларининг энг фақиҳи, ҳадис ва унинг ровийларини энг кўп билгувчисидир”, деган. Шунинг учун унинг “Сунан” тўплами олтита энг саҳиҳ ҳадис тўпламлари қаторидан муносиб ўрин олган.

Миср уламолари билан келиша олмай, 302/914 йилда Дамашққа кетади. Бу пайтда у таниқли муҳаддис сифатида ўзининг ҳадисга оид барча асарларини битган, чаҳорёрлардан Ҳазрати Али (600-661)нинг фазилатлари ҳақида асар ёзган эди. Унга улуғ саҳоба ва халифалардан Муовия ибн Абу Суфён (598-680) ҳақида асар битишни айтишганида кўнмайди, натижада ғазабланган оломон уни ярадор қилиб қўйишади. Шундан Фаластиннинг Рамла шаҳрига чиқиб кетади, ундан Маккага кўтариб кетадилар. Сафо ва Марва тоғлари орасида саъй қилаётган вақтида вафот этади. Бу воқеа 303 йил 13 сафар (915 йил 28 августь)да юз беради. Баъзилар шу йили шаъбон ойи (1916 йил февраль)да вафот этган дейдилар.

 Абу Абдурраҳмон ан-Насоийнинг ўнлаб асарлари бор, аксарияти нашр этилган. Асрлар давомида асарларига шарҳлар қилинган, мадрасаларда ўқитилган. Улардан баъзилари қуйидагилар:

1.“ас-Сунан ал-кубро” (Катта суннатлар тўплами). Мисрда вақтида битган ҳадислар тўплами. Унда 11770 та ҳадиси шариф зикр этилган.

2.“ас-Сунан ас-суғро” (Кичик ҳадислар тўплами). Рамла амирининг илтимосига биноан “ас-Сунан ал-кубро” сини қисқартириб, “ал-Мужтабо” (Танланган) номи билан битган. У “ас-Сунан ас-суғро” номи билан шуҳрат қозонди ва олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламидан жой олди.

3.“ал-Хасойис” (Хусусиятлар). Тўла номи “ал-Хасойис фий фазли Али ибн Абу Толиб ва аҳли байт” дейилган бу асарида муаллиф Ҳазрати Али ва авлодлари, оиласи ҳақида сўз юритган. Асосан, Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)дан қилган ривоятлари тўпланган.

4.“Фазойил ас-саҳоба” (Саҳобаларнинг фазилатлари). Жуда кўпчилик саҳобаларнинг фазилатлари ҳақидаги асари.

5.“Табақот” (Табақалар). ан-Насоийнинг саҳобаларнинг ҳадис ривоятидаги табақа ва даражалари ҳақидаги асари.

6.“Китоб аз-Зуафо ва-л-матрукин” (Заиф ва ҳадислари тарк этилган ровийлар ҳақидаги китоб). Ушбу асари ҳадисшуносликда муҳим асарларидан бири бўлиб, унда ровийларнинг даражалари, асосан ривоят этган ҳадислари заиф ҳисобланувчи ва, умуман, ривоят қилган ҳадислари тарк этилиши керак бўлган ровийлар ҳақидадир.

7.“Маносик ан-Насоий” (Насоийнинг ҳаж амалиётлари). Ушбу асарида муаллиф ҳажнинг расм-русумлари, қандай адо этилиши кераклиги борасида сўз юритиб, бу ҳақдаги ҳадисларни жамълаган.

8.“Асмоъ ал-муҳаддисин” (Муҳаддисларнинг исмлари). Мазкур асарида Насоий ўзигача бўлган муҳаддислар ҳақида, уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталган.

9.“Муснаду Анас ибн Молик” (Анас ибн Моликдан ривоят этилган ҳадислар тўплами). Мазкур асарда машҳур саҳобий Анас ибн Молик (610-712) ривоят этган бутун ҳадисларни тўплашга ҳаракат этилган.

10.“Муснаду Али ибн Абу Толиб” (Ҳазрати Алидан ривоят этилган ҳадислар тўплами). Мазкур асарда машҳур саҳобий Али ибн Абу Толиб (600-661) ривоят этган бутун ҳадисларни тўплашга ҳаракат этилган.

Абу Абдурраҳмон ан-Насоийни аллома аз-Заҳабий (1274-1348) учинчи юз йиллик бошидаги ҳадис соҳасидаги мужаддидлардан, деган.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *