Имом Термизийнинг ўткир зеҳни ва мустаҳкам хотираси

Lotin alifbosida

Муҳаддислар ислом оламидаги энг зеҳни ўткир, қувваи ҳофизаси кучли, хотираси мустаҳкам зотлар бўлганлар. Улар юз минглаб, балки миллионга яқин ҳадисларни хотирасида умрларининг охирларигача бирдек сақлай билганлар. Ана шундай буюк хотира соҳиби ватандошимиз Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ эдилар.

Имом ат-Термизийнинг зеҳнлари ўта кучли, одатдан ташқари бўлгани борасида ҳам китобларда бир қатор ривоятлар учрайди. Жумладан, тадқиқотларда икки воқеа ривоят қилинган (Шамсуддин аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 13-жилд. – Байрут: Муассаса ар-Рисола, 1992. – Б. 273; Абдулазиз ад-Деҳлавий. Бўстон ал-муҳаддисийн. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. – Б. 84):

Имом ат-Термизийга бир устоз томонидан ёзма ҳолатда икки “жуз”да ҳадис етибди. Маълум бир мавзуга бағишлаб тузилган рисолалар “жуз” дейилади. Ҳадис ривоят қилишнинг бир неча усуллари бор. Биринчиси, устоздан ёзиб олинади ёки устознинг ўзи ёзиб беради. Иккинчиси, оғизма-оғиз эшитиб ҳадис ёд олинади. Устоз хотирасидаги ҳадисларни айтади, бир-икки марта такрор қилагни заҳоти шогирдлар уни ёдлаб олишади. Оғизма-оғиз ҳадис эшитиш ҳадисларни ёзма шаклда олишдан кўра кучлироқ ҳисобланади.

Хуллас, Имом ат-Термизий бир сафарларида мазкур дафтарни ёзиб юборган шайхни учратиб қолибдилар ва ундаги ҳадисларни оғизма-оғиз ўтказиб олмоқчи бўлибдилар. Зеро, юқорида айтганимиздек, оғизма-оғиз эшитиш китобатан ҳадис эшитгандан кўра кучлироқ ҳисобланади. Шайхнинг ҳузурига бориб, оғзаки ижоза олишни хоҳлаётганларини айтганларида, мазкур шайх рози бўлиб, “Ўша юборилган саҳифаларни келтириб, ўқиб бера қол!”, дейдилар. Имом ат-Термизий юкларининг орасидан ҳалиги дафтарни излаб тополмасдан бир оқ қоғозни олиб келиб, унга қараб ёддан ўқий бошлайдилар, гўёки ўқиб бераётгандек. Бироз ўтиб шайх буни сезиб қоладилар ва “Уялмайсанми, мени масхара қилаяпсанми?”, деб ранжийди. Шунда, Имом ат-Термизий бўлган воқеани айтиб, менга ёзиб юборган ҳадисларингиз ҳаммаси ёд олинган, уларни ҳеч камчиликсиз айтиб бера оламан, дейдилар. Шайх бу гапга кўниб, “Қани, айтиб кўрчи”, деб рухсат берадилар. Имом ат-Термизий мазкур ҳадисларни ва яна худди шу мажлисда эшитган ҳадисларни ёддан санади билан айтиб берадилар. “Санад” ҳадисларни ривоят қилган ровийлар силсиласи бўлиб, битта ҳадисда шайхдан то Пайамбаримиз алайҳиссаломгача учтадан етти-тўққиз нафар ровийлар занжири қатнашиши мумкин. Шайх: “Сен буларни олдинроқ ёдлаб олган бўлсанг керак?”, деб ажабланганида, Имом ат-Термизий: “Ундай бўлса, яна янги ҳадислар айтсангиз, уларни ҳам эшитиб, қайта айтиб берардим”, деган эканлар.

Шайх рози бўлиб, ўз хотираларидан Имом ат-Термизий олдин эшитмаган қатор ҳадисларни айтганларида, уларни ҳам санадлари билан ҳеч бир сўзини қолдирмасдан айтиб берган эканлар. Шунда мазкур шайх: “Сенга ўхшаганни кўрмагандим!”, деб у зотнинг зеҳнларига тасанно ўқиган.

Имом ат-Термизийнинг зеҳнлари ўткир бўлгани, хотираси кучли бўлганига яна бир воқеани келтириш мумкин. Имом ат-Термизийнинг кўзлари умрлари охирида ожиз бўлиб қолади. Ҳажга уловлари устида кетаётиб, йўлда бир жойдан энгашиб ўтадилар. Шогирдлар таажжубланиб, бунинг сабабини сўрашганда, “Шу ерда дарахт бўлиши керак, шохларига бошим тегмасин деб, эгилиб ўтдим”, деб жавоб берибдилар. Шогирдлар бу ерда ҳеч қандай дарахт йўқлигини айтишади. Имом ат-Термизий: “Бир пайтлар ёшлигимда шу ердан ўтганимда бир дарахт бўларди, унинг шохлари эгилиб йўловчиларга халал берарди, ўшанда эгилиб ўтгандим. Атрофдаги уйларда яшовчи аҳолидан сўраб келинглар,  агар шу ерда дарахт бўлмаган бўлса, менинг хотирамга “тағайюр” етган – ўзгариш содир бўлган  бўлади ва менга бугундан эътиборан ҳадис айтиш жоиз бўлмай қолади”, деган эканлар. Шогирдлар атрофда яшовчи одамлардан суриштириб, дарҳақиқат, шу жойда бир пайтлар шохлари эгилган дарахт бўлганлиги, отлиқ йўловчиларга халал беравергани учун кесиб ташлангани ҳақида маълумот беришган эканлар. Имом ат-Термизий буни эшитиб, “Алҳамдулиллоҳ, зеҳним ҳали заифлашмабди”, дейдилар.

Зеҳнда ўзгариш содир бўлишини ҳадис фанида “ихтилот” дейилади. Бундай кишилардан қилинган ривоятнинг даражаси пасаяди.

Хуллас, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ туғма, одатдан ташқари бир ғаройиб зеҳн соҳиби бўлганлар. Аслида, бу Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлиб, ўз шариатини сақлаш учун мана шундай зотларни чиқариб қўйгандир.

Ботирхон Абдуллаев,

ЎзР ФА ШИ етакчи мутахассиси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *