Абу Мансур ал-Мотуридий

Lotin alifbosida

Абу Мансур ал-Мотуридий (257-333/870-945)

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида тахминан 257/870 йилда таваллуд топган. Вафоти йили эса барча манбаларда бир хил айтилади, яъни аллома 333/945 йилда вафот этган.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёти борасида маълумотлар жуда оз. Борлари ҳам бир-бирларини такрорлайди. Абул Муин ан-Насафий (942-1114) ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида Мотуридий вафот этганида унинг шогирдларидан Абул Қосим Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 342/954) унинг қабр тошига мана бу битикларни ёздирганлигини айтади:

“Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини у илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазовор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир”.

Абу Мансур ал-Мотуридий ўзининг калом мактабини Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767)нинг калом йўналиши асосида ишлаб чиқди ва аҳли суннат вал-жамоа эътиқодининг асосий икки устозидан бири бўлиб қолди.

Абу Мансур ал-Мотуридий ўз даврининг ҳанафийлик мазҳаби олимлари – Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий (вафоти 248/862), Насир ибн Яҳё ал-Балхий (вафоти 268/881), Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжоний (IX аср охири), Абу Наср ал-Иёзий (IX аср охири) кабилардан дарс олган. Лекин, Имом ал-Мотуридий баъзи адабиётларда тахмин қилинганидек 257/870 йилда туғилган бўлса, унда Ибн Муқотил ар-Розийдан дарс олмаган бўлиб чиқади. Ўз навбатида у Абул Ҳасан ар-Рустуғфаний (вафоти 350/961), Абул Қосим Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 342/954), Абул Юср Абудулкарим ал-Паздавий (вафоти 390/999) каби ўз даврининг етук олимларига устозлик қилган. Бундай таниқли олимлар устозларининг таълимотларини давом эттирганлари учун ҳанафийлик мазҳаби ичида каломга оид Матуридиййа йўналиши вужудга келди ва ҳозиргача давом қилмоқда.

Имом Мотуридийнинг барча асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим.

Қуйида Абу Мансур ал-Мотуридийнинг баъзи асарларини кўрсатиб ўтамиз:

  1. “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (Суннат аҳлининг изоҳлари). Мазкур асар тафсир илмига бағишлангани учун “Таъвилот ал-Қуръон” деб ҳам аталади. Саккиз жилддан иборат бўлган бу китобида Абу Мансур ал-Мотуридий исломий ақидага нисбатан турли қарашларни баён этиб, уларга аҳли сунна ақидаси асосида баҳо беради ва шу орқали Қуръони каримни тафсир қилади. Афсуски, мазкур асарнинг баъзи жилдлари нашр этилган бўлса-да, бироқ тўла чоп қилинмаган.
  2. “Китоб ат-тавҳид” (Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби). Мазкур асар Мотуридиййа калом мактаби аъзоларининг бирламчи манбаларидан бўлиб келган ва аҳли суннат вал жамоа эътиқодини баён этишда, ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
  3. “Баёну ваҳм ал-мўътазила” (Мўътазилаларнинг гумонларининг баёни). Асарда мўътазилийлик оқими вакилларининг фикрлари келтирилиб, уларнинг бу фикрлари нотўғрилиги кўрсатиб берилади.
  4. “ар-Радду ъало ал-қаромита” (Қарматийларга раддия). Асарда Қарматийлик оқими вакилларига раддиялар берилади.
  5. “Радду авойил ал-адилла. (ал-Каъбийнинг “Аввалги далиллар” асарига раддия). Асарда мўътазилийларнинг пешволаридан бири Абул Қосим Абдуллоҳ ал-Каъбий (вафоти 319/931)нинг “Авойил ал-адилла фий усул ад-дин” (Дин асосларида аввалги далиллар) номли китобига раддия берилган. Ал-Каъбий Самарқандга яқин шаҳарлардан Балхда туғилиб ўсган ва шу ерда вафот қилган мўътазилийларнинг таниқли имомларидан, каъбия йўналиши намояндаси эди. Абу Мансур ал-Мотуридий унинг яна “Ваид ал-фуссоқ” (Фосиқларни қўрқитиш) ва “Таҳзиб ал-жадал” (Музокараларни тўғрилаш) каби асарларига ҳам раддия берган.
  6. “Радд ал-имомат ли баъз ар-равофиз” (Рофизийларнинг баъзисига имомат масъаласида раддия). Рофизийлар шиаликнинг бир оқими бўлиб, улар диний ҳокимият ва маросимлар бошқарувини Ҳазрати Али (600-661) ва Фотима (605-633) авлодларига тегишли деб эътиқод қилар эдилар. Бундай эътиқоднинг тўғри эмаслигини Имом ал-Мотуридий мазкур асарида ақлий ва нақлий далиллар билан исбот қиладилар.
  7. “Радд ал-усул ал-хамса” (“Бешта асос” асарига раддия). Абу Умар Саид ибн Муҳаммад ал-Балхий (IX аср охири – X аср боши)нинг “Бешта асос” асарига раддия бўлиб, унда исломнинг беш устуни бўлмиш имон, намоз, закот, рўза ва ҳаж масъалалари баён этилган. Бу шофиъийлик мазҳабида бўлган, мўътазилий эътиқодидаги ироқлик Муҳаммад ал-Боҳилий (вафоти 321/933)нинг шу номдаги асарига раддия бўлиши ҳам мумкин. Имом ал-Мотуридий асардаги баъзи нотўғри талқин ва фикрларга раддиялар берган. Баъзилар Абу Муҳаммад Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ал-Боҳилий (вафоти 750/1349)нинг “Бешта асос” асарига ёзилган раддия деб нотўғри ёзишган.
  8. “Маъхаз аш-шаройеъ” (Шаръий йўлларнинг манбаси). Ушбу асар фиқҳга оид бўлиб, ҳанафийлик фиқҳига бағишланган.
  9. “Китоб ал-жадал” (Баҳс-мунозара китоби). Асарда баҳс ва мунозара қилиш қонун-қоидалари, услублари баён этилган. Абу Мансур ал-Мотуридийга нисбат қилинадиган “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Энг катта фиқҳ”га шарҳ), “Китоб ал-усул” (Асослар китоби), “Рисола фи-л-ақойид” (Ақидалар ҳақида китоб), “Иршод ал-мубтадеъин” (Бошловчиларга йўлланма), “Рисолаи жонивордорий” (Жониворларни асраш ҳақида рисола) каби асарлар ҳам борки, улар ҳам ҳозиргача етарлича таҳқиқ қилинмаган.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг калом илмига қўшган ҳиссасини эътиборга олиб замондошлари ва кейинги замонлар аҳли уни “Имом ал-ҳудо” (Ҳидоятга элтувчи имом), “Қудвату аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна пешвоси), “Мусаҳҳиҳу ақойид ал-муслимин” (Мусулмонлар ақидасини ислоҳ этувчи), “Имом ал-мутакаллимин” (Калом илми эгаларининг имоми), “Рабибу аҳл ас-сунна” (Аҳли сунна вал жамоа тарбиясини олган) каби илмий унвонлар билан атаганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *